Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев: Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим масала

Давлатимиз раҳбари Жиззах вилоятига ташрифи давомида Жиззах шаҳар ички ишлар бўлими 2-сон ички ишлар бўлинмасида бўлди. 

Юртимизда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Буни профилактика, тезкор-қидирув, тергов, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, қўриқлаш, патруль-пост хизматлари, алоҳида вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отрядлари қайта ташкил этилаётгани, ички ишлар органларининг моддий-техник базаси мунтазам мустаҳкамлаб борилаётганида ҳам кўриш мумкин. 

Ички ишлар органлари фаолиятини тартибга соладиган қонунчилик базаси мустаҳкамланмоқда. Сўнгги беш йилда "Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида", “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунлар қабул қилиниб, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунга замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. 

“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун қабул қилингани бу борадаги ҳуқуқий-меъёрий заминни янада мустаҳкамлади. Ички ишлар идораларининг фаолият самарадорлигини юксалтириш, маҳаллий ҳокимликлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 17 август куни ички ишлар идоралари билан видеоселектор йиғилишида Жиззах шаҳрида “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасини татбиқ этиш бўйича топшириқ берган эди. Ушбу топшириқ ижроси бўйича Жиззах шаҳар ички ишлар бўлими 2-сон ички ишлар бўлинмасида «Хавфсиз шаҳар» бошқарув ситуацион маркази ташкил этилди. Марказ йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, қўриқлаш хизмати, патруль-пост хизмати ва бошқа тармоқларни геоинформацион тизим орқали бошқаради.

Бозорлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, меҳмонхоналар, йўллар ва бошқа жамоат жойларига ўрнатилган видеокузатув ускуналари, замонавий сигнал узатиш техникаси бунда қўл келади. Бу жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш, уларни тез фурсатларда фош этишда муҳим аҳамиятга эга. Видеокузатув камералари ўрнатилгандан кейин ҳудудларда жиноятлар сони сезиларли даражада фоизга камайди. 

Давлатимиз раҳбари 2-сон ички ишлар бўлинмаси фаолияти билан танишди. 

– Бу каби видеокузатув мосламаларини шаҳардаги профилактика инспекторлари хонаси, мактабгача таълим муассасалари ва мактаблар атрофига ҳам ўрнатиш керак, – деди Президент. – Шунда ўқитувчи ва ўқувчиларда ҳам масъулият янада ошади.  

Бўлинма икки қаватли бинода жойлашган бўлиб, бу ерда "Заргарлик" маҳалла фуқаролар йиғини, маҳалла посбони, профилактика инспектори хоналари ўрин олган. 

Шавкат Мирзиёев маҳалла раиси ва профилактика инспектори билан аҳоли фаровонлигини ошириш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллада жиноятчиликнинг олдини олиш масаласида суҳбатлашди.  

Президентимизга ички ишлар бўлинмаси томонидан ишлаб чиқилган мобиль дастур ҳақида маълумот берилди. 

“Jizzax IIB” мобиль дастури аҳоли учун бепул бўлиб, фуқароларнинг мобиль телефонига юкланади. Ушбу дастур орқали фуқаролар қидирувда бўлган ва бедарак йўқолган шахслар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиши, профилактика инспектори фаолиятига оид маълумотларни олиши мумкин. 

Ходимларга тезкор ахборот етказиш мақсадида вилоятдаги уяли алоқа компанияси билан ҳамкорликда 2 мингда ортиқ телефон рақами тарқатилган. Мазкур қулайлик орқали тезкор ахборот етказиш имкони яратилмоқда. Яъни, навбатчилик қисмида мавжуд бўлган планшет орқали кунлик содир бўлган жиноятлар, йўл-транспорт ҳодисалари, эслатма ва янгиликлар ходимларга тезкорлик билан етказилади.  

Давлатимиз раҳбари тегишли мутасаддиларга ушбу тизимни янада такомиллаштириш юзасидан топшириқ ва кўрсатмалар берди. 

Шу ерда Президентимиз Жиззах шаҳрининг бир гуруҳ нуронийлари билан учрашди, самимий ва очиқ руҳда ўтган суҳбатда мамлакатимиз ва халқаро аҳамиятга молик масалалар ҳақида сўз борди. 

Президентимизнинг Жиззах вилоятига ташрифи давом этмоқда. 
 
ЎзА
3399 марта ўқилди

Янгиликлар

Top