Ўзбекистон янгиликлари

“Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил қилинди

Муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни фондга фойдаланиш учун ижарага бериш тартиби ҳам белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинганини хабар берган эдик.
 
Фармон билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил қилинди ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
 

  • фуқароларнинг диний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш;
  • масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
  • тарихий-меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳларни сақлаш, таъмирлаш, ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини янада ривожлантириш;
  • диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш, уларнинг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш;
  • масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимларини, хусусан имом-хатиблар, имом ноиблари, мутаваллилар, муаззинларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш;
  • ислом илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимиз, замонамизнинг етук олим ва уламолари қаламига мансуб диний-маърифий асарларни чоп этиш ва аҳолига етказишга кўмаклашиш;
  • юртимиздаги муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжоларнинг мусулмон дунёсидаги нуфузини янада ошириш, бу масканларга маҳаллий ва хорижий фуқароларнинг зиёратларини уюштириш, зиёратчилар учун зарур шароитлар яратиш;
  • аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш.

 
Вазирлар Маҳкамасига 2018 йил 1 июлга қадар ўрганиш натижалари асосида муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни “Вақф” хайрия жамоат фондига фойдаланиш учун ижарага бериш ҳуқуқи билан бириктириб беришни назарда тутувчи қарорни қабул қилиш топширилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

5784 марта ўқилди

Янгиликлар

Top