Ўзбекистон янгиликлари

Ажойиб лойиҳа: китоб харид қилганларга китоб совға қилинди

Бўка тумани ёшларига харид қилган ҳар бир китоб учун ташкилотчилар яна биттадан китоб совға қилди. Шунингдек, тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар вакилларидан бир гуруҳига ҳамда Бўка агросаноат касб-ҳунар коллежи кутубхонасига 50 дона китоб тақдим этилди. 

Бу эзгу иш Тошкент вилоятининг Бўка туманида “Ўқилган китоб – бойлик” шиори остида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир доирасида амалга оширилди. 

Вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси вилоят ҳамда туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда ташкил этган тадбирда шоир-ёзувчилар, нашриёт ходимлари, ёшлар қатнашди. 

Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши соҳада туб ислоҳотларни амалга оширишда муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, аҳоли, айниқса, ёшларнинг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. 

Тадбирда “Шарқ юлдузи“ журнали бош муҳаррири С.Раупов, “XXI аср“ газетаси бош муҳаррири Н.Жалилов, “Наврўз“ нашриёти директори И.Халилов ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Китобхонликнинг ҳаётимизда тутган ўрни хусусида фикр юритилди. 

Тадбир якунида туманда ўтказилган иншолар танлови ғолиблари ҳам китоблар билан тақдирланди. 

 

Аваз Худойқулов

Манба: ЎзА

2955 марта ўқилди

Янгиликлар

Top