Ўзбекистон янгиликлари

Президент қарори: “Ипак йўли” туризм халқаро университети ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ипак йўли” туризм халқаро университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” туризм халқаро университетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Қуйидагилар Университет фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

замонавий инновацион ва илмий-педагогик технологияларни, фан
ва техниканинг энг янги ютуқларини қўллаган ҳолда, туризм соҳасида юқори малакали профессионал кадрларни миллий ва халқаро таълим стандартларига мувофиқ сифатли тайёрлашни таъминлаш;

таълимнинг тегишли йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув-методик адабиётларни яратиш, ёш талабалар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар олиб бориш, туризм соҳасида таълим тизимига етакчи хорижий таълим муассасалари тажрибасини жорий қилиш;

туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга қаратилган янги таълим дастурларини ҳамда ўқитишнинг инновацион шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

истиқболли ёш битирувчиларни чет эл олий таълим муассасаларига
ва илмий-тадқиқот марказларига магистратура ҳамда докторантурада ўқишга мунтазам равишда юбориш орқали Университетнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириш, педагогик технологиялар ва ўқитиш услубларини фаол такомиллаштириш;

таълим ва илмий фаолиятнинг ишлаб чиқариш фаолияти билан узвий интеграциялашуви учун шарт-шароитлар яратиш;

туризм соҳаси субъектлари мутахассисларини қайта тайёрлашни
ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

туристик фаолиятни ва туризм соҳасида йўловчиларни ташиш фаолиятини амалга ошириш;

етакчи республика ва хорижий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни, жумладан, уларнинг мутахассис ҳамда экспертларини ўқитиш ва илмий тадқиқотлар ўтказиш жараёнларига жалб қилиш орқали ривожлантириш, туризм соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш бўйича халқаро илмий-амалий конференциялар, семинарлар ва симпозиумлар ташкил этиш.

Белгилаб қўйилишича:

Университет олий таълим муассасаси – юридик шахс шаклидаги Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланади, алоҳида мол-мулкка, мустақил балансга эга, ўз мажбуриятлари бўйича тасарруфидаги пул маблағлари ва мол-мулк билан жавоб беради;

Университетда ўқув-методик раҳбарлик ва таълим жараёнини юритиш илғор инновацион ҳамда илмий-педагогик технологиялардан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан таъминланади;

Университет Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ташкилий тузилмасига киради;

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси айни вақтда Университетнинг бош менежери ҳисобланади;

Университет ректори Университет профессор-ўқитувчиларининг таркиби тўлиқ шакллантирилгунга қадар Университетнинг Васийлик кенгаши томонидан сайланади, кейинчалик эса Университет уставида белгиланадиган тартибда профессор-ўқитувчилар таркиби томонидан ёпиқ овоз бериш орқали сайланади;

Университетда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб халқаро туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ўқитишнинг кредит тизими қўлланилади;

Университетда ўқиш ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади, бакалавриатда Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини ҳисобга олган ҳолда иккита чет тили: биринчиси – инглиз (француз, немис) тили, иккинчиси – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг расмий тилларидан (рус, хитой) бири ўқитилади;

Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат деб эътироф этиладиган, белгиланган намунадаги диплом берилади.

2018/2019 ўқув йилида Университет бакалавриатига қабул қилиш квотаси таълим йўналишлари юзасидан, қонун ҳужжатларига мувофиқ оширилган контракт ставкалари бўйича қўшимча қабул қилиш имконияти билан, 125 киши, жумладан, давлат грантларига кўра 42 киши этиб белгиланди.

Белгилаб қўйилишича:

а) 2018/2019 ўқув йилида Университетга абитуриентларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади;

б) абитуриентларни, чет эл фуқаролари бундан мустасно, Университет бакалавриатига қабул қилиш тест синовларини ўтказиш орқали амалга оширилади;

в) чет эл фуқаролари Университет бакалавриатига белгиланган қабул квотасидан ташқари суҳбат ўтказиш орқали тўлов-контракт асосида қабул қилинади;

г) 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:

Университетга талабаларни бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича қабул қилиш квоталари сони туризм соҳасида меҳнат ресурсларига бўлган талаб прогнозидан ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг мақсадли буюртмаларидан келиб чиққан ҳолда, Университетнинг Васийлик кенгаши томонидан белгиланади;

илғор, эътироф этилган халқаро имтиҳон тизимлари (TOEFL, IELTS, CEFR, SAT General, SAT Subject ва бошқалар) сертификатларига эга бўлган абитуриентларга тегишли фанлардан белгиланган тартибда энг юқори балл берилади ва келгусида улар ушбу фанлар бўйича тест синовларидан озод қилинади;

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг “Меҳмонхона хўжалигини ташкил қилиш ва бошқариш” ҳамда “Туризм (фаолият йўналишлари юзасидан)” таълим йўналишлари бўйича бакалавриат ва магистратурага қабул тугатилади.

ЎМИ Матбуот хизмати

3588 марта ўқилди

Янгиликлар

Top