Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда “ҲАЛОЛ” стандарти жорий этилган
Хўш, бундай стандартдан мамлакатимизга, аҳолига қандай наф бор?
 
“ҲАЛОЛ” белгиси билан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Канада, Хитой, Ҳиндистон, Лотин Америкаси давлатлари, Янги Зеландия ва Таиланд каби мамлакатларда алоҳида эътибор қаратилмоқда.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 ноябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, юртимизда ҳам “ҲАЛОЛ” стандарти жорий этилди.
 
Хўш, бундай стандартдан мамлакатимизга, аҳолига қандай наф бор?
 
Бу саволга Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги консультанти Жаҳонгир Имомназаров шундай жавоб берди:
 
– Дубай амирлиги буюртмасига кўра, АҚШнинг Thomson Reuters ва Dinar Standard тадқиқот - консалтинг компанияларининг ислом иқтисодиёти бўйича ўтказган тадқиқотлари, “ҲАЛОЛ” маҳсулот ва хизматлар бозори яқин йилларда йилига 6,5 фоиздан ўсишини ва 2020 йилда 2,6 триллион долларни ташкил қилишини кўрсатди.
 
Янада аниқ билиш учун қиёслайдиган бўлсак, “ҲАЛОЛ”, яъни таркибида ислом динида истеъмол қилиш таъқиқланган маҳсулотлар бўлмаган озиқ-овқат ва ичимликлар бозорининг ҳажми 2015 йилда 1,17 триллион долларга тенг бўлган эди. Бу кўрсатгич, 2021 йилга бориб 1,9 триллион долларга етиши кутилмоқда. Ҳисоб-китобларга қараганда бугунги кунда “ҲАЛОЛ” пардоз-андоз ва дори-дармон маҳсулотлари бозорининг ҳажми 134 миллиард долларга тенг бўлиб, 2021 йилга бориб, 213 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
 
Келинг, шу ўринда дунёдаги йирик компанияларнинг “ҲАЛОЛ” маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасидаги фаолиятига назар ташлайлик. Мисол учун, Nestlé (Швейцария) компаниясининг Малайзиядаги шуъба корхонаси 1 миллиард доллардан зиёд товар айланмаси билан “ҲАЛОЛ” маҳсулотлар ишлаб чиқаришда етакчилик қилмоқда. 1912 йилда иш бошлаган компания, “ҲАЛОЛ” маҳсулотлар бозори истиқболини ўз вақтида англаб етиб, 1994 йилдан ана шу белгидан фойдаланишни бошлади ва ўзининг “ҲАЛОЛ” сифат марказини ташкил қилди. Ҳозирда 5 мингдан зиёд иш ўрни яратилиб, 300 турдан ортиқ “ҲАЛОЛ” маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.
 
Бруней ҳукуматига тегишли “Ghanim International” компанияси 2011 йилдан буён Буюк Британияга Bruneihalal белгиси остида “ҲАЛОЛ” маҳсулотлар етказиб бермоқда. Бу маҳсулотлар Британиянинг савдо тизимлари, жумладан, машҳур TESCO орқали сотилмоқда. 2016 йилдан эса “Ghanim International” Британиянинг Бирмингем шаҳрида “ҲАЛОЛ” гўшт маҳсулотлари фабрикасини ишга туширди.
 
Япония ҳам бу масалада илгарилаб бормоқда. Масалан, Аичи префектураси мусулмонларга бағишланган меҳмондўстлик қўлланмаси нашр қилди. Япон тилидаги қўлланма япон тадбиркорлари учун тайёрланган бўлиб, унда мусулмонларга нисбатан қандай муомалада бўлиш кераклиги, мусулмонларга нима таклиф қилиш мумкин ва нима мумкин эмас каби масалалар ёритилган. Албатта, бу қўлланма мусулмонларга ҳурмат билдириш учун эмас, балки Японияга ташриф буюраётган мусулмон туристларда яхши таассурот қолдириш ва кейинчалик уларни яна Японияга келишини таъминлаш учун тайёрланган.
 
Ҳозирга қадар бир нечта МДҲ мамлакатлари (Россия Федерацияси, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон) ўз маҳсулотларини Саудия Арабистони, Бирлашган араб амирликлари, Эрон, Иордания, Миср, Баҳрайн, Омон каби мусулмон мамлакатларига “ҲАЛОЛ” белгиси остида экспортга чиқариб ҳам улгурган.
 
Шу ўринда энг қизиқ факт – “ҲАЛОЛ” стандарти талабларига жавоб берувчи маҳсулотларни экспорт қилувчи асосий мамлакатлар мусулмон давлатлари эмас, балки АҚШ, Бразилия, Австралия, Германия каби давлатлар эканлигини айтиб ўтмоқчимиз. Аҳолиси асосан мусулмонлардан иборат Индонезия, Туркия, Покистон, Миср каби давлатлар эса “ҲАЛОЛ” турдаги маҳсулотларни (биринчи навбатда гўштни) катта миқдорда импорт қилади.
 

 

Сайёра Шоева, ЎзА
3400 марта ўқилди

Янгиликлар

Top