Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ислом тараққиёт банки президентининг Фан, технология ва инновациялар бўйича маслаҳатчиси профессор Ҳаят Сулаймон Синди билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Музокаралар давомида қишлоқ хўжалиги бўйича аъзо давлатларининг ҳамкорликдаги ҳаракати концепциясини ишлаб чиқишда ИТБ имкониятларидан фойдаланиш ҳақида музокара олиб борилди. Шунингдек, юқори ишлаб чиқариш қувватига эга олтита компьютер марказларидан бирини Ўзбекистонга жойлаштириш бўйича лойиҳани амалга ошириш доирасида банк билан ҳамкорлик ўрнатиш ва шу марказ базасида Ёш олимларнинг халқаро ислом марказини яратиш масаласи кўриб чиқилди. Бундан ташқари, Ал-Хоразмий ёш математиклар халқаро олимпиадасини ташкил этиш учун молиявий-техник ва консультатив кўмак бериш ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида ҳам тажриба-инновацион, илмий-тадқиқот ишлари бўйича лойиҳаларни амалга ошириш имконияти хусусида тўхтаб ўтилди.
Синди хоним Инновация вазирлиги томонидан таклиф қилинган лойиҳаларни кўриб чиқиб, уларнинг муҳимлигига эътибор қаратар экан, ИТБ томонидан кредитлар, заёмлар, грант ёки бошқа махсус маблағлар ажратилиши мумкинлигини айтиб ўтди. ИТБ маслаҳатчиси инновацияларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш, унинг асосида бизнес юритиш нафақат Ўзбекистон учун, балки аксарият мамлакатлар, жумладан, ИТБ аъзо-давлатлари учун янгилик эканини, ҳали кўпчилик инновацион технологияларга ҳам, новаторлик ғояларига ҳам қарши чиқишаётганини айтди. ИТБ томонидан тақдим этилаётган маблағлар мана шу тўсиқларини ёриб чиқишга кўмак беришини, новаторларни қўллаб-қувватлашга қаратилганини алоҳида таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда Ислом тараққиёт банкига 57 та давлат аъзо бўлиб, ташкилот мана шу аъзо-давлатларнинг ривожланишига кўмак бериб келмоқда. Молиявий кўмак самарасини кучайтириш мақсадида банк турли соҳаларга ўз эътиборини қаратиб келмоқда, жумладан инновацион ғояларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш ҳам алоҳида диққат марказда бўлган йўналишлардандир.
Ислом тараққиёт банки Engage деб номланган инновациялар билан бозор имкониятлари ва молия ресурсларига мувофиқлаштириш бўйича онлайн-платформани ишга туширган. Шу билан бир қаторда новаторлар, “старт-ап”чилар, корпорацияларга барқарор равишда молиявий маблағларни йўналтириш мақсадида махсус Transform жамғармаси ташкил этилган. Мазкур 500 миллион АҚШ долларига эга жамғарма жаҳон ривожланишининг глобал муаммоларининг инновацион ечимларини топишга қаратилган.
ЎзА