Ўзбекистон янгиликлари

Эҳтиёжманд оилаларга янги уйлар калити топширилди

Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида кам таъминланган, уй-жойга муҳтож 10 оилага янги уйларнинг калити тантанали равишда топширилди. 

 

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда эҳтиёжманд фуқаролар ва кам таъминланган оилалар ҳамиша давлатимиз эътиборида экани, уларнинг ҳар бири жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида етарли шароитга эга бўлишига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

 Мирзаобод туманидаги "Боғистон" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янгиланган лойиҳа асосида қурилган 10 та замонавий уй “Жавоҳир Фарҳод ҳамкор сервис” хусусий корхонаси қурувчилари томонидан бунёд этилди. Уйларда индивидуал иситиш тизими, иссиқ ва совуқ сув, табиий газ ва электр таъминоти барча техник талабларга кўра жиҳозланган.

 – Янгиланган лойиҳалар асосида барпо этилган ушбу уй-жойнинг умумий лойиҳа қиймати 1 миллиард 130 миллион сўмдан иборат, – дейди “Жавоҳир Фарҳод ҳамкор сервис” хусусий корхонаси раҳбари Азим Исмоилов. – Хонадонларда барча қулайликлар яратилди. 2 сотих ер майдони, 2 яшаш хонаси, ювиниш хонаси, ички ва ташқи ошхона замон талабларига тўла жавоб беради. Айниқса, тандир-ўчоқ ҳам борлиги уй бекаларини ғоят хурсанд қилди.

II гуруҳ ногирони Муҳайё Ҳусанова янги уй соҳибаларидан биридир.

 – Биз эру хотин 4 фарзандимиз билан ижарада яшар эдик, – дейди Муҳайё Ҳусанова. – Бугун ҳаётимдаги энг қувончли кунлардан бири. Боиси, ҳам уйли, ҳам ишли бўлдим. Ишли бўлдим дейишимнинг сабаби тикув машинаси ҳам беришди-да. 

 Сирдарё вилоятида жорий йилда 112 та, 2019 йилда эса 200 та эҳтиёжманд оилага уй берилиши режалаштирилган.

 Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева, Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.

 

 

А.Қаюмов

Манба:  ЎзА

3282 марта ўқилди

Янгиликлар

Top