Ўзбекистон янгиликлари

Макка ва Мадина зиёратчиларимизни кутмоқда

Мана, жонажон диёримиздан муборак ҳаж сафарига отланаётган юртдошларимиз орзиқиб кутган кунлар ҳам етиб келди. Эртага тонгдан улар ҳаж сафарини адо этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетишади.
Ҳаж зиёратига боришни ният қилган фуқароларимиз сони йилдан йилга ошиб бораётганини инобатга олиб, ўтган йилдан ўзбекистонлик фуқаролар учун Ҳаж квотаси 7200 нафар қилиб белгиланди. Бу ҳам юртимиз мўмин-мусулмонларига бўлган эътиборнинг яққол намунасидир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, муборак Ҳаж зиёратига бораётган юртдошларимиз учун Макка ва Мадина шаҳарларида барча шароитлар муҳайё қилинди.
Бир неча кундан буён Ўзбекистон ҳаж ишчи гуруҳининг 10 нафари Саудия Арабистонинг Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчиларни муносиб кутиб олишга пухта тайёргарлик кўриш ишларини амалга оширишмоқда. Жумладан, Мадина шаҳридаги ҳожиларимиз жойлашадиган “Жавҳарат ар-Рашид” номли меҳмонхонада барча шарт-шароитлар муҳайё қилиб қўйилди. Ҳожиларимизни тартибли равишда кутиб олиш мақсадида, Мадина халқаро аэропорти билан боғлиқ ҳужжатларни ҳам расмийлаштириш ишлари якунига етиб қолди. Макка шаҳрида ҳам зиёратчиларимиз учун ажратилган “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида тайёргарлик ишлари авжида.


“Ал-Ҳидоя” ҳамкор ширкати раҳбарияти билан Ўзбекистон ишчи гуруҳи вакиллари ўртасида мулоқотлар ўтказилиб, барча қилинадиган ишлар келишиб олинди. Ҳамкор ширкат раҳбарлари томонидан мавсумни муваффақиятли ўтказиш учун барча шарт-шароитлар яратилгани, тайёргарлик ишлари қизғин давом этаётгани ва бошқа зарурий чоралар кўрилаётгани таъкидлаб ўтилди.
Шу ўринда, бу йил ҳожиларимиз Макка шаҳрида қўним топадиган меҳмонхона ҳақида икки оғиз сўз: қуриб битирилиб, юртимиз зиёратчиларига хизмат кўрсатишга топширилган замонавий ва осмонўпар меҳмонхона, мана уч йилдир-ки, Ҳаж мавсумида фақат ўзбекистонлик зиёратчилар хизматида. Ушбу меҳмонхона Макка шаҳрининг «Азизия» даҳасидаги кўркам, 23 қаватли, ҳашаматли «Аброж ал-Ҳидоя» меҳмонхонасидир. Айни кунда, зиёратчилар ибодатларини чиройли ва мукаммал адо этишлари учун меҳмонхона тоза ва озода ҳолга келтирилиб, барча шарт-шароитлар муҳайё қилинмоқда. Ушбу қўнимгоҳ жуда ҳашаматли бўлиб, Макка шаҳрининг узоқ-узоқ чеккаларидан ҳам кўриниб туради.

Меҳмонхонанинг кенг зали киши диққатини ўзига тортади. У ерда янги, қулай ўриндиқлар жойлаштирилган бўлиб, кўчадан чарчаб келган одам учун салқинланиб олишга мўлжалланган.
Зиёратчи ўз хонасига кўтарилмоқчи бўлса, ҳар бирига 21 нафардан одам сиғдира оладиган бир нечта лифтлар мавжуд. Бу лифтлар шундай дастурланган-ки, битта тугма босилса, сиз турган жойга энг яқин лифт дарров етиб келиб, истаган қаватингизга олиб чиқади.
Ҳар бир хона 4 кишига мўлжалланган бўлиб, ётоқхонада ҳали охори тўкилмаган кўрпа-ю чойшаблар тўшаб қўйилган. Хонадаги телевизор орқали Каъбаи муаззама ёки Масжидун Набавийни тўғридан-тўғри томоша қилиб ўтириш мумкин.



Шунингдек, ҳар бир хонада кийим жавони, ёзув столи, совутгич ва музлатгич ҳам мавжуд. Хоналар ўзгача дид билан безатилган. Маккадаги Ҳаж ишлари бўйича ҳамкорларимиз айтганидек: «Мақсад – ҳожилар роҳатлансин!». Меҳмонхона маъмурияти меҳмонхонанинг 2-қаватида жойлашган. Сабаби, 2-қават барча биноларда масжид ва ишчи хоналардан иборат қават ҳисобланади. Ишчи гуруҳи томонидан меҳмонхонанинг 1 ва 3-биносининг масжид қаватида тиббиёт бўлими ва 3-бинонинг шу қаватида Ўзбекистон Ишчи гуруҳи штаби ташкил этилди. Тиббиёт бўлими ҳам керакли ўриндиқ ва ётоқ мебеллари билан таъминланди.
Бир сўз билан айтган-да, бу йил ҳам олдинги йиллар сингари зиёратчиларимизга барча шарт-шароитлар, қулайликлар муҳайё қилинган, фақат зиёратчиларимиз у ерга бориб жойлашгач, шарт-шароитлар шукронасини қилиб, чиройли, кенг ва озода хоналарга жойлашиб, ибодат ҳаловатини тотиб, юртимиз, Президентимиз, халқимиз ҳақига дуои хайрлар қилишлари қолди, бу эса, нақадар улкан бахт эканини юракдан ҳис қилиб турипмиз!
Шу ўринда, Ҳаж сафарига отланаётган юртдошларимизни Аллоҳ таоло ибодат ва дуоларини қабул қилиб, сафарларини бехатар айласин, деймиз!

Ўзбекистон ишчи гуруҳи,
Макка ва Мадина шаҳри

5396 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top