Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги муҳташам “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида ҳаж амалларини адо этишга ҳозирлик кўраётган юртдошларимизнинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан билан суҳбатлари давом эттирилмоқда.
Муфтий ҳазратлари сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳалар қаторида муборак ҳаж сафарини намунали ўтказиш борасида бир қатор хайрли ислоҳотлар амалга оширилаётганини гапириб, ҳаж қилувчилар сони етти минг икки юз нафардан зиёд бўлгани, шарт-шароитлар йилдан йилга яхшиланиб бораётганини баён этдилар. Шунингдек, ҳаж улуғ ибодат экани, бундай улуғ шарафга етказаётгани учун Аллоҳ таборака ва таолога шукроналар келтириш, ҳар бир зиёратчи ҳожилик мақомига муносиб бўлиш йўлида юксак ихлос, гўзал одоб ва ниҳоятда оҳисталик билан ҳаракат қилиши зарурлигини муфтий ҳазрат алоҳида қайд этдилар. Мана шундай сифатларга эга бўлган ҳожи, албатта, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат қилганларидек, “Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдир” деган улуғ ажрга эришишини баён қилдилар.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари, “Ҳаж-2018” мавсуми ишчи гуруҳи раиси Нуриймон Абулҳасан сўзга чиқиб, ҳаж тадбирларини ташкил этиш борасида муҳтарам Президентимиз томонларидан жуда катта қулайликлар ташкил этиб берилаётгани, ҳукуматимиз зиёратчиларимиз учун барча шарт-шароитларни муҳайё этаётганини изоҳлади. Шунингдек, зиёратчиларимиз риоя этиши лозим бўлган тартиб-қоидалар, уларга кўрсатилаётган хизматлар ҳақида батафсил маълумотлар берди.
Тиббиёт гуруҳи раҳбари Алишер Саатов эса зиёратчилар диққат қилиши лозим бўлган тиббий масалалар ва саломатликларини сақлаш йўлида амал қилиши лозим бўлган тавсияларни билдирди.
Йиғилиш якунида зиёратчиларнинг қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.
Ҳар куни мана шундай учрашувлар бўлиб ўтмоқда.
“Ҳаж – 2018” мавсуми ишчи гуруҳи
ЎМИ матбуот хизмати