Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ва Туркия президентлари телефон орқали мулоқот ўтказишди

Кеча, 8 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўртасида телефон мулоқоти ўтказилди.

Мулоқотда давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари юқори суръатларда ривожланиб бораётганини чуқур мамнуният билан қайд этишган.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати берган хабарга кўра, давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг томонларни қизиқтирган долзарб масалаларини муҳоқама қилдилар, шунингдек, бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини кўриб чиқишган.

«Мулоқотда давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини, кенг кўламли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини яна бир бор тасдиқладилар», дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг биринчи ярмида ўзаро товар айирбошлаш қарийб ўттиз фоиздан зиёд ошган. Туркиянинг етакчи саноат компаниялари ва банклари билан биргаликда мамлакатимиз ҳудудларида, аввало, юқори технологик ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, энергетика, транспорт-коммуникация, логистика ва туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, шаҳарсозлик, банк-молия соҳалари ва бошқа устувор йўналишларда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

3470 марта ўқилди

Янгиликлар

Top