Ўзбекистон янгиликлари

Бугундан эътиборан барча ҳудудларида мактаб ярмаркалари бошланади

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълумотига қараганда, 10 сентябрга қадар жами 1325 та мактаб ярмаркаларидан умумтаълим мактаблари ўқувчиларини асосий турдаги ўқув қуроллари, дарсликлар, мактаб формаси, кийим-кечак ва пойабзаллар сотиб олиш мумкин бўлади.

Мактаб ярмаркаларининг 931 таси умумий ўрта таълим мактабларида ташкил этилиб, уларга 5941 та мактаблар бириктирилган. Бу ярмаркалардан 3 млн. нафардан ортиқ ўқувчилар, 293 та аҳоли гавжум бозорлар ҳудуди ва атрофларида ташкил этилган 528 та йирик савдо комплекслари ва дўконларда эса 2 млн. нафардан ортиқ ўқувчилар фойдаланиши режалаштирилган.

Республикадаги барча мактаб ярмаркаларида 26 турдаги зарурий ўқув қуроллари ва жиҳозлари сотуви ташкил этилади.

Мактаб ярмаркалари фаолиятини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида маҳаллий ҳокимликларда мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳлар тузилган.

Жойларда ташкил этиладиган мактаб ярмаркаларига асосий турдаги маҳсулотларни аниқланган эҳтиёж асосида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, “Ўзчармсаноат” уюшмаси, “Ўздавкитобсавдотаъминоти”, “Шарқ” компанияси ва “Шарқ зиёкори” МЧЖ етказиб беради. Етказиб берилган маҳсулотларнинг сақланиши, уларни ёнғиндан сақлаш, санитария ҳолатини яхшилаш ҳамда бошқа зарурий хавфсизлик чоралари тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилади. 

Маҳаллий ҳокимликлар, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда мактаб ярмаркаларида савдоси ташкил этилаётган маҳсулотларнинг Ўзбекистон Республикасидаги амалдаги стандартлар талабларига жавоб беришини ҳамда уларнинг сифатини назорат қилади.

Мактаб ярмаркаларида сотиладиган маҳсулотлар нарх-наволарининг сунъий равишда ошиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда уларда тўлов терминалларининг узлуксиз ишлашини йўлга қўйиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан доимий назорат йўлга қўйилган, дейилади вазирлик маълумотида.

 

ЎзА

3010 марта ўқилди

Янгиликлар

Top