Ўзбекистон янгиликлари

НАМОЗ ТАҚВИМИДА НАМОЗ ВАҚТЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИЛИШИ МУМКИН

Куни кеча 9 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бир қатор масъул ходимлари, ТИИ устозлари ва Ўзбекистон Фанлар Академияси Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти мутахассислари ўртасида намоз вақтларини белгилаш масаласи юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Диний Идорадан Фатво бўлими мудири Ҳомиджон Ишматбеков, Котибият бўлими бош мутахассиси, устоз Муҳаммад Аюб Ҳомидов, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти устозлари Фарҳод Жўраев, Фахриддин Маманосиров, Яҳё Раззоқов, ёш тадқиқотчилардан Ҳасанхон Абдулмажидов биргаликда Юнусобод туманида жойлашган расадхона (Обсерватория) биносига ташриф буюришди. У ерда меҳмонларни еткачи мутхассис Собитхон Илёсхонов бошчилигидаги соҳа вакиллари кутиб олдилар.
 
Йиғилишда янги тақвимда намоз вақтларини қайд этишда қабул қилинган илмий асосларга таянган ҳолда асосан бомдод, аср ва хуфтон намозларининг вақтини янада аниқроқ белгилаш масаласи ўртага ташланди.

Собитхон Илёсхоновнинг таъкидлашича, у бир гуруҳ тадқиқотчилар билан бирга бир йил давомида тонг отиши ва шафақ ғойиб бўлиш вақтини ўлкамизнинг турли минтақаларидан туриб кузатган. Улар ушбу кузатувлар ва бошқа илмий манбалардан келиб чиққан ҳолда намоз вақтларини Қуёшнинг Ер сатҳига кўра градусига қиёслаган ҳолатда уч хил вақтда белгилаб чиқишган. Ушбу вақт белгилари йиғилишда очиқ муҳокамага қўйилди ва мавзу устида баҳс қилинди. Кўпчилик бир овоздан 15 градус деб белгилашни мақъул топди.

Шунингдек, аср намозининг вақти ҳам қайта кўриб чиқилди. Шунга кўра, бу йилги намоз тақвимида бомдод, аср ва хуфтон намозларининг вақтида бироз ўзгариш қабул қилинади. Аниқроғи, уларнинг вақти фаслга қараб ўзгариб туриш хусусиятига эга бўлади.
 
Ушбу йиғилиш тафсилоти ва хулосалари ҳақида мутахассислар тарафидан алоҳида мақола ва тушунтиришлар эълон қилиниши кўзда тутилмоқда.



Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

4709 марта ўқилди

Янгиликлар

Top