muslim.uz

muslim.uz

Бугунги кунда она табиатга инсон томонидан етказилаётган зарар билан боғлиқ муаммолар ҳаммани ташвишга солмоқда. Дарҳақиқат инсоният олдидаги долзарб вазифалардан бири, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиатга оқилона муносабатда бўлиш, уни асраб-авайлаш ҳисобланади

Ҳозирда  Ватанимизда фуқаролар орасида табиатги асраш юзасидан олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ, албатта.

Бугунги кунда яшил оламни сақлаш ва кўпайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини пухта тайёргарлик билан бошлаш ташаббуси илгари сурилди.

Халқимизга хос бўлган қадрият ва ананаларимиздан бири, кўчат экиб боғ яратишдир. Чунки инсон ҳаёти ва саломатлигини сақлашдада ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиб, экологик муаммоларни бартараф этишда экилаётган дарахтлар муҳим ўрин тутади.  Дарахтлар биз нафас орқали чиқараётган зарарли карбонат ангидрид моддасини нафас олишимиз учун зарур бўлган кислородга айлантириб беради. Чанг-тўзонларни ўзида ютиб, ҳавони тозалайди.  Иссиқ кунларда инсонларга салқинлик беради. Мевалари эса мирқиб истеъмол қилинади.

 Ислом динида ҳам дарахт экиб боғ яратиш савобли амаллардан муҳими ҳисобланади.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан кўчат экишга тарғиб қила туриб шундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Бухорий ва Аҳмад ривояти).

Яна, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар бир муслим банда кўчат ўтқазса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади” (Имом Муслим ривояти), деб марҳамат қилганлар. Демак табиатни асраш , унинг софлигини сақлаш йўлида эзгу амаллар қилиш ҳар бир иймонли инсоннинг бурчидир.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган.  Юртимиз бўйлаб амалга оширилаётган бу ташаббусни  Чилонзор тумани фуқаролари якдиллик билан қўллаб-қувватлаб   кўтаринки руҳда амалга оширишмоқда..

 12-Ноябр куни гўзал шаҳримиз Тошкентнинг барча туманларида бўлгани каби Чилонзор тумани  Бешқўрғон МФЙ     ҳудудида ҳам “Кўчат экиш халқ ҳашари”  бўлиб ўтди . Унда Туман ҳокими, сектор раҳбарлари , маҳалла йигини жамғарма раиси ва тумандага маҳалла раислари, нуронийлар ҳамда маҳалла ҳудудида жойлашган  “Бўтабува” жоме масжиди қавмлари иштирок этдилар. Ҳашар иштирокчилари кўкаламзорлаштириш учун мўлжалланган ерга мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазишиб, савобли ишга ўз ҳиссаларини қўшишди.

Бу лойиха халқимизни, ҳусусан ёшларимизни. Атроф муҳитни мухофаза қилиш ва яшил майдонларни кўпайтириш ва уларни сақлаш мевали ва манзарали дарахтлар ва она заминга бўлган эътиборини оширади.Атроф муҳитни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш йўлида қилинган ҳар қандай иш энг аввало, халқ манфаати йўлида қилинган савобли эзгу амалдир. Президентимиз томонидан олға сурилган ушбу ташаббус ва шунинг орқасида амалга оширилаётган ишларнинг барчаси яқин 10-20 йиллар ичида ўз самарасини кўрсатишига, ватанимизда янгидан янги боғлар пайдо бўлишига ва юртимиз чиройига янада чирой қўшишига сабаб бўлади.

“Бўтабува” масжиди имом –хатиби:

З.Мирсодиқов

 

Бизнинг қадимий ва саховатли заминимизда кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келган. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва том маънодаги бағрикенглик бизнинг халқимизга доимо хос бўлган ва унинг менталитети асосини ташкил этади”.

 Ш.Мирзиёев

 

Динлараро бағрикенглик ғояси хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир ватанда, олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади. Дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади, у ҳалоллик, тинчлик, яхшилик ва дўстлик каби бир қанча эзгу фазилатларга таянади. Инсонларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва бағрикенгликка даъват этади.Юртимизда қадимдан турли эътиқодга мансуб миллат ва элатлар истиқомат қилиб келган. 130 дан зиёд миллат фарзандларининг ҳур ва озод диёрда, тинчлик ва осойишталик кайфиятида яшашлари ватанимизнинг бағрикенглик ўлкаси эканлигининг ёрқин намунасидир. Уларнинг ўзаро ҳамжиҳатликда, аҳил-иноқликда бир-бирларининг эътиқодларини ҳурмат эҳтиром руҳида яшаб келишларининг ўзи Яратганнинг халқимизга берган улкан неъматидир. 

Конституциямизнинг 18-моддасида: "Ўзбекистон Республикасада барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар", деб кўрсатилган. Бу Асосий қонунда шунчаки белгиланмасдан, амалда ҳам намоён бўлмоқда. Буни нафақат жамиятнинг ҳар бир фуқароси ҳис қилмоқда, айни пайтда жаҳон ҳам жамияти эътироф этмоқда, ўзбек моделининг мазкур масаладаги тажрибасидан намуна олмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки мамлакатдаги тинчлик ва барқарорликнинг асосий омилларидан бири муроса тамойили бўлган диний бағрикенгликдир.

Минг йиллар мобайнида Марказий Осиё ғоят хилма-хил динлар, маданиятлар ва турмуш тарзлари туташган ва тинч-тотув яшаган марказ бўлиб келди. Этник сабр-тоқат, бағрикенглик ҳаёт бўронларидан омон қолиш ва ривожланиш учун зарур табиий меъёрларга айланди. Ҳатто бу ҳудудларни босиб олганлар ҳам Марказий Осиё халқларининг маданияти олдмда бош эгибгина қолмай, унинг энг қимматбаҳо анъаналарини, шу ҳудудда мавжуд бўлган давлатчилик анъаналарини авайлаб қабул қилганлар". Буларнинг барчаси жуда қадимдан аждодларимиз ўзаро муносабатларда ўзига хос шарқона муроса тамойилларига амал қилганини кўрсатади. "Сўнги икки аср давомида ҳам ўзларини "маданиятли" ва "маърифатли" хисоблаб келган давлатлар оммавий қирғинлар ва диний таъқиблар билан ўзларига доғ туширган пайтда Ўзбекистон замини халқлар ва маданиятлар тинч бирлашган жойгина бўлиб қолмай, балки қувғин қилинган халқларга бошпана ҳам берди".

Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмонларни ўзларига тажовуз қилиб, уруш очмаган ўзга дин вакилларига яхшилик қилишга қизиқтириб шундай марҳамат қилади: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севади” (Мумтаҳана сураси, 8-оят). 

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин ва эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиш, ҳақларига риоя этишнинг олий намунасини кўрсатибгина қолмай, умматни ҳамиша ана шу йўлдан боришга даъват қилишдан чарчамадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда: «Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳлига наф берувчироғидир», дейилган (Баззор ривояти). 

 Ислом дини бошқа дин вакилларининг тирикларини ҳурмат қилиш билан чекланиб қолмади, уларнинг ўликларини ҳам эҳтиром қилди. “Саҳиҳи Бухорий”да Жобир разияллоҳу анҳудан қуйидаги воқеа ривоят қилинади: “Бир куни олдимиздан бир жаноза ўтди. Шунда Набий алайҳиссалом бу жаноза учун ўрниларидан турдилар ва биз ҳам (ул зотга эргашиб) ўрнимиздан турдик. Биз: “Ё Расулуллоҳ, бу яҳудийнинг жанозаси!” дедик. Шунда ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон жанозани кўрсангиз, ўрнингиздан туринг!” дедилар”. 

Пайғамбарнинг саллолаҳу алайҳи васаллам аҳли китобдан қўшнилари бўлган. Улар билан яхши қўшничилик қилар, ҳадя бериб, улардан қабул этардилар. Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни масжидга тушириб, ўзлари зиёфат бериб, хизмат қилдилар. У зот шу куни бундай деганлар: “Булар асҳобимизга икромли эдилар, мен ўзим уларни икром этмоқни хуш кўраман”. 

Сохибқирон Амир Темур “Тузук”ларида: “Менинг қўл остимдаги қирқ аймоқ хаммасини тенг кўрдим. Барлосни татардан, татарни наймандан, наймани юздан устун қўймадим. Барча муваффақиятларим гарови шундадир” деб ёзган.

Инсонни, аввало, инсонлиги учун ҳурмат ва эҳтиром қилиш башариятнинг кўп минг йиллик тарихидан мерос бўлиб келаётган олижаноб фазилатларнинг энг муҳимларидан бири ҳисобланган – бағрикенглик, ўзаро тотувлик, динлар аро ҳамжиҳатлик тамойиллари асосида фаолият олиб борган инсон давримизнинг ҳам муқаддас динимизнинг ҳам талабларини бажарган бўлади.

Ҳар бир инсон, бутун жамият ўзаро муносабатларни халқларнинг турли-туман урф одатлари, маданияти ва қадриятларини тан олган ҳолда бағрикенглик асосига қуриши зарур. Зеро, тинч-тотувлик, бағрикенглик тараққиёт гаровидир.

 

Одилжон Нарзуллаев

Янгийўл туман “Имом Султон’’

 жоме масжиди имом хатиби

Среда, 16 Ноябрь 2022 00:00

Халқаро бағрикенглик куни

 

"Ориат доно" радиоканали
"Зиё" медиа маркази
“Зиё чашмаси” дастури

Дастур меҳмони: Аброр АЛИМОВ,
Тошкент шаҳар “Ҳувайдо” жоме масжиди имом-хатиби

Бугун, 4 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари жума намозини мўмин-мусулмонлар билан бирга адо этиш ва мавъиза қилиш учун Тошкент шаҳридаги Ҳастимом даҳасида жойлашган "Ҳазрати Имом" жомесига ташриф буюрадилар.

Жума намозидан аввал гўзал қироат ва Муфтий ҳазратларининг файзли суҳбатларидан баҳраманд бўламиз, инша Аллоҳ.

 Мўмин-мусулмонларни мазкур маърифий суҳбатга таклиф этамиз.

Ташриф ва жума мавъизаси ижтимоий тармоқларимиз орқали онлайн узатилади:

Youtube орқали томоша қилиш

Facebook орқали томоша қилиш

Instagram орқали эшитиш

Telegram voice орқали эшитиш

ITV орқали томоша қилиш 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

 

Динимизда инсон хоҳ тирик, хоҳ ўлик бўлсин – мукаррам мавжудот саналади. Унинг қадр-қимматини сақлаш вожиб, унга тажовуз қилиш ҳаром саналади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

"وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ" (الإسراء:70)

“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик” (Исро сураси, 70-оят).

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган кишининг эҳтироми ҳақида шундай деганлар:

"كَسْرُ عَظْمِ الْمَيِّتِ كَكَسْرِهِ حَيًّا" (رواه الإمام أبو داود)

яъни: “Вафот этган кишининг суягини синдириш – тирик кишининг суягини синдириш билан баробардир” (Имом Абу Довуд ривояти).

Лекин замон тараққиёти сабабли турли жиноятларни аниқлаш ёки тиббиёт олий ўқув юртларида ўқувчиларга таълим бериш ва уларда малака ҳосил қилиш учун вафот этган кишининг қорнини ёриб кўрилишига эҳтиёж пайдо бўлади. Динимиз нуқтаи назаридан ушбу эҳтиёжни қондиришга, мурдаларни қорнини ёриб кўришга қандай қаралади?

Қадимги фуқаҳоларимизнинг фиқҳий манбаларида айни ушбу мавзуга тўхталиб ўтилмаган. Лекин унга яқин бўлган икки масала ёритиб ўтилади.

Биринчи масала: Ҳомиладор аёл вафот этсаю, ҳомиласи тирик экани аломати сезилса, табиблар ҳомилани ҳаётини сақлаб қолишга кўзлари етса, онасини қорнини ёриб олишлари жоиз бўлади. Ушбу масалада вафот этган онасининг ҳаққи поймол бўлсада, тирик боласининг ҳаётини сақлаш учун рухсат этилади. Аллома ибн Моза Бухорий “Ал-Муҳийтул Бурҳоний” номли китобида шундай дейдилар:

في «فتاوى أبي الليث» في امرأة حامل ماتت، وعليه أن ما في بطنها حي، فإنه يشق بطنها من الشق الأيسر، وكذلك إذا كان أكثر رأيهم أنه حي شق بطنها.

“Фатвои Абу Лайс китобида келишича, ҳомиладор аёл киши вафот этсаю, қорнидаги боласи тирик бўлса, аёлнинг чап томонидан қорни ёрилади. Шунингдек, боланинг тириклигига табибларнинг гумони ғолиб бўлса ҳам шундай йўл тутилади” (10-жуз, 194-бет). 

Ушбу масала аксинча кўринишда (яъни, она тирик, ҳомиласи ўлган) бўлганда ва бу ҳолат онанинг ҳаётига хавф туғдирганда, доя ҳомилани бирор асбоб билан бўлиб-бўлиб олишига рухсат этилади (Албатта, бунда ҳомиланинг ўлганига аниқ ишонч ҳосил қилинган бўлиши шарт). Ушбу ҳолатда ҳам гарчи ўлган боланинг жасадига тажовуз қилинаётган бўлсада, тирик онани ҳаётини сақлаб қолиш учун бунга рухсат этилган (Аллома ибн Моза Бухорийнинг “Ал-Муҳийтул Бурҳоний” китоби, 10-жуз, 194-бет).

Иккинчи масала: Бирор қимматбаҳо буюмни вафот этган киши тириклик пайтида ютиб юборган бўлса, ўша буюм аслида маййитнинг ўзини мулки бўлса, уни қорнини ёриб чиқариб олишга рухсат этилмайди. Чунки инсон гарчи вафот этган бўлсада, мол-мулкдан қадр-қиммати баланд, эҳтироми вожиб саналади. Агар ўша буюм бошқа кишининг мулки бўлиб, маййит бошқа мол-мулк қолдирган бўлса ҳам ҳукм шундай. Яъни, маййитнинг қорни ёрилмайди, қолдирган молидан тириклик пайтида ютиб юборган қимматбаҳо буюмнинг қиймати тўлаб берилади. Агар маййит ўзидан кейингиларга мол-мулк қолдирмаган бўлса, ана шу пайтда унинг қорни ёрилиб, бировнинг мулкини чиқариб беришга рухсат этилади. Чунки шариатда ўзганинг ҳаққи устун туради. Бу ҳақда Аллома Ибн Нужайм “Баҳрур роиқ” китобида шундай дейдилар:

وعن محمد رجل ابتلع درة أو دنانير لآخر فمات المبتلع ولم يترك مالا فعليه القيمة ولا يشق بطنه... ونقل الجرجاني شق بطنه للحال ؛ لأن حق الآدمي مقدم على حق الله تعالى.

“Имом Муҳаммаддан нақл қилинеишича, бир киши бошқа бир инсоннинг марваридини ёки динорларини ютуб юбориб, ўлсаю бирор мол-мулк қолдирмаган бўлса, ўша (марварид ёки динорлар) нинг қиймати ютуб юборган одамнинг зиммасида бўлади, унинг қорни ёрилмайди... Журжонийнинг нақл қилишича, ўша заҳоти вафот этган одамнинг қорни ёрилади. Чунки одамларнинг ҳаққи Аллоҳ таолонинг ҳаққидан муқаддам туради” (17-жуз, 248-бет).

Демак, қадимги фуқаҳоларимиз мана шу икки масалада вафот этган кишининг қорнини ёришга маълум шартлар асосида рухсат этишган. Ҳар иккисида ҳам катта зарарни кичик зарар билан даф қилишдан бошқа чора қолмаганда, ўша кичик зарардан фойдаланишга рухсат берилган.

Замонамиз уламолари ва кўплаб фатво уюшмалари томонидан вафот этган инсоннинг жасадини ёриб кўришга қаттиқ зарурат юзага келганда, уни маълум шартлар асосида амалга ошириш жоиз эканига иттифоқ қилишган. Зеро, фиқҳий қоидага кўра:

الضرورات تبيح المحظورات

"Заруратлар таъқиқланган нарсаларни мубоҳ қилади".

Яъни, вафот этган инсонинг қорнини ёриш аслида бировнинг ҳаққига тажовуз қилиш бўлгани учун шаръан таъқиқланган амал саналади. Лекин ўлим сабабларини ўрганиш, бирор жиноятни фош этиб, жиноятчиларга тегишли чора кўриш, жамиятда адолатни таъминлаш учун унинг қорнини ёришга зарурат туғилганда, ушбу зарурат сабабли бунга рухсат этилади. Шу билан бирга яна бир бошқа фиқҳий қоидада шундай дейилади:

الضرورة تقدر بقدرها

“Зарурат ўз миқдорича баҳоланади”.

Яъни, зарурат сабабли шариатда таъқиқланган ишни амалга оширишда ўша зарурат миқдорича рухсат этилади. Бунда заруратдан ташқари ҳар қандай хатти-ҳаракатлар шаръан жоиз бўлмайди.

Вафот этган кишининг танасини ёриб кўриш масаласи Ислом Фиқҳи Академияси томонидан ҳижрий 1408 йил, 24-28 сафар ойи (1987 йил, 17-21 октябр) кунлари Маккаи мукаррамада бўлиб ўтган ўнинчи мажлисда уламолар томонида фиқҳий жиҳатдан ўрганиб чиқилган. Уламоларнинг муноқаша ва фикр алмашувларидан кейин Ислом фиқҳи академияси бир овоздан қуйидаги қарорларни қабул қилган:

Қуйидаги мақсадлар бўйича ўликнинг жасадини ёриш мумкин:

  1. Жиноий даъво бўйича текшириш олиб борилаётганда ўлимнинг ёки жиноятнинг сабабини билиш учун. Бунда ўлимнинг сабабини билишда бундан бошқа восита бўлмаслиги лозим.
  2. Маълум касалликларнинг олдини олиш чораларини кўриш мақсадида ва уни билиш учун ўликни ёришдан бошқа имкон бўлмаганда.
  3. Тиббий илимларни ўргатиш ва ўрганишга ҳожат тушганда.

Таълим мақсадида ўликни ёриш бўйича қуйидаги шартларга риоя қилиш лозимдир:

  1. Жасад маълум шахсники бўлса, у ўлимидан олдин ўзини таълим мақсадида ёришга рухсат берган бўлиши лозим. Шунингдек, меросхўрларнинг изни ҳам қабул қилинади.
  2. Ёриш фақат зарурат миқдорича бўлиши керак. Ўликнинг жасади ўйинга айланмасиги зарур.
  3. Аёлларнинг жасадини аёллар ёриши керак. Зарурий ҳолатлар бундан мустасно.
  4. Барча ҳолатларда ҳам ёрилган жасаднинг барча бўлаклари дафн қилиниши зарур.

Ислом фиқҳи академиясининг мазкур қарорини Иордания Фатво Кенгаши, Мисрнинг “Дорул-ифто” фатво кенгаши, Фаластиннинг Фатво Исломий кенгаши, Сурия уламолар уюшмаси ҳамда бошқа таниқли ислом уламолари томонидан қўллаб-қувватланган.

Хулоса қилиб айтганда, жиноят изини аниқлаш ёки инсон тана аъзоларининг функцияларини билишда ўлган инсоннинг танасини ёришга зарурат юзага келса, ушбу зарурат ўрнини бошқа омиллар билан бартараф этиш имконсиз бўлса, замонамиз уламолари томонидан юқорида таъкидланган шартлар асосида инсон танасини ёришга рухсат этилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази бош мутахассиси,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Турсунов Абдулатиф

 
Страница 27 из 1849

Янгиликлар

Top