muslim.uz
“Чунки бандага ишонч йўқ”
Ҳазрат Сулаймон алайҳиссалом дарёнинг бўйида ўтирарди. Нигоҳи бир дона донни дарё томон кўтариб бораётган чумолига тушди. Сулаймон алайҳиссалом чумолини кузатишда давом этди. Чумоли донни сув бўйигача судраб борди. Шу пайт сув ичидан қурбақа пайдо бўлди ва оғзини катта очди. Чумоли дони билан қурбақанинг оғзига кириб кетди. Қурбақа оғзини ёпди ва сувга шўнғиди. Бир муддат ўтгач, қурбақа сувга шўнғиган жойидан пайдо бўлди ва оғзини яна очди. Ичидан чумоли ўрмалаб чиқди. Аммо бу сафар буғдой дони йўқ эди.
Сулаймон алайҳиссалом чумолини ёнига чақирди ва ўз амали асрорини сўзлаб беришни сўради. Чумоли тилга кирди:
– Эй Аллоҳнинг пайғамбари! Дарёнинг қаърида ичи бўш бир тош ётибди. Ўша тошнинг ичида бир қурт яшайди. Худо қуртни ўша ерда яратган. У дарёдан ташқарига чиқа олмайди. Менга унинг насибасини етказиб туриш вазифаси юклатилган. Қурбақага эса мени сувнинг тубига олиб тушиш амр этилган. Мен ҳар куни бир буғдой донасини дарё бўйига келтираман. Қурбақа мени оғзига солиб, сув остига, тош ёнига қадар олиб тушади. Мен у ердаги тешик орқали буғдой донини қуртнинг оғзигача олиб бораман. Сўнгра, қурбақа мени яна оғзига олиб қирғоққа қадар чиқариб қўяди.
Ҳазрат Сулаймон алайҳиссалом чумолига деди: – Буғдой донасини қуртга элтганингда ундан бирор гап эшитганмисан?
Чумоли жавоб берди: – Ҳа. У доимо шундай дейди: “ – Эй менинг ризқимни дарё тубидаги тош ичига қадар етказиб беришни унутмайдиган Худо! Иймонли бандаларингга нисбатан бўлган раҳматингни унутма”.
***
Сулаймон алайҳиссалом бир чумолини кўриб ундан:
- Бир кунда қанча буғдой ейсан? - деб сўрабдилар. Чумоли:
- Бир дона, деб жавоб берибди.
Сулаймон алайҳиссалом унинг олдига бир дона буғдойни қўйибдилар-да, устидан бир косани ағдариб: "Кунлик ризқингни мен келтириб тураман!" дебдилар.
Эртасига келиб, косани олиб қарасалар чумоли бир дона буғдойнинг ярмини еб, қолган ярмини ушлаб ўтирганмиш. Сулаймон алайҳиссалом чумолига:
- Менга, бир дона буғдойни бир кунда ейман, деган эдинг. Ярми ортиб қолибди-ку, дебдилар. Чумоли у зотга қараб:
- Ризқим Аллоҳнинг зиммасида экан, У Зот менга кунлик ризқимни етказишни унутмайди. Бунга ишончим комил. Лекин куним сизга қолгач, эсингиздан чиқиб қолсам-чи, деган хавотир билан ярмини олиб қўйдим. Чунки бандага ишонч йўқ, – деб жавоб қилибди.
***
Муҳаммад ибн Баҳрин аш-Шажиний шундай деган:
– Мол-мулким кўплигига қарамай, фақирликдан жуда қўрқар эдим. Кунлардан бир куни Абу Ҳафс Ҳаддод менга: “Агар пешонангга фақирлик ёзилган бўлса, ҳеч ким сени бой қила олмайди”, деди. Бу гапни эшитганим заҳоти фақирлик қўрқуви қалбимни тарк этди.
***
Алихонтўра Соғуний шундай деганлар:
Ҳеч кимса энг сўнгги ризқини еб тугатмагунча дунёдан кетмас,
Ризқи тугамаган банданинг ўлиши мумкин эмас,
Унинг ризқини озайтириш ёки кўпайтириш ҳеч кимнинг қўлидан келмас. Бандага ризқ келиши ҳар қанча кечикиб қолса ҳам,
Яна унга ўлчанган ризқи етмай қолмас.
Ҳалоллик билан касб қилинса,
Ҳалол ризқ етказишликка Аллоҳ кафилдур.
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Тошкент шаҳридаги "Новза" жоме масжиди (фотожамланма)
Диний идора вакили Россия бош муфтийси билан учрашди
24 октябрь куни Россия Федерациясида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими мудири Муҳаммад-Акмалхон Шакиров халқаро анжуман доирасида Россия мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий Талъат Тожуддин жаноблари билан учрашди.
Мулоқотда Муҳаммад-Акмалхон Шакиров бош муфтий Талъат Тожуддинга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг саломларини етказди. Ўз навбатида, Талъат Тожуддин Ўзбекистон делегациясининг халқаро анжумандаги иштирокини юқори баҳолади.
Ўзаро суҳбатда бош муфтий жаноблари Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олган даврларни хотирлаб, табаррук устозлардан сабоқ олгани, хусусан, Юсуфхон тўра Шокирхон ҳазратларидан дарс олганларини алоҳида қайд этди.
Шунингдек, у Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси ўртасидаги дўстона муносабатлардан бағоят мамнун эканини билдирган. Келгусида ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда ривожлантириш учун барча саъй-ҳаракатларни ишга солишини билдирди. Келгусида таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш орқали Ўзбекистондаги диний таълим муассасаларида россиялик ёшларни ўқитиш ва диний соҳа ходимларининг малакасини оширишнинг йўлга қўйилиши жуда катта самара беришини қўшимча қилди.
Бундан ташқари учрашувда икки халқ ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда диний-маърифий соҳадаги ҳамкорликнинг ўзига хос ўрни борлиги, ўтган йиллар мобайнида Россиядаги дин пешволарининг юртимизга ташрифи ва ўзбекистонлик уламоларнинг Россия Федерациясига сафарлари ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиққанини алоҳида қайд этилди.
Анжуман тафсилотларини сайтимизда кузатинг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Қуръонни қалбга жо айлаб!
Жорий йилнинг октябрь ойи Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида "Қуръон ва тажвид ойлиги" деб эълон қилинган. Шу муносабат билан бугун 24 октябрь куни институтнинг талаба қизлари ўртасида "Қуръонни қалбга жо айлаб!" номли Қуръон мусобақаси уюштирилди. Мусобақани институт ректори У.Ғофуров кириш сўзи билан очиб берди.
Мусобақа қуйидаги 5 та шарт асосида бўлиб ўтди:
1. Ҳифз;
2. Тиловат;
3. Жамзурийнинг "Туҳфатул атфол" ва Жазарийниг "Манзуматул муқаддима" номли тажвидга оид асарларини ёддан ўқиш;
4. Шотибийда зикри келган етти қироат имомларининг хаётларини сўзлаб бериш;
5. Қуръонга оид саволларга жавоб бериш.
"Таҳфизул Қуръон" кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов, кафедра устозлари - Аҳмадхон қори Рашидов, Валихон қори Азимбоев, Зафар қори Маҳмудов ва Жаҳонгир қори Рўзиев ҳакамлар ҳайъати аъзолари сифатида иштирокчиларнинг чиқишларини баҳолаб бордилар.
Беллашув якунига кўра, қуйидаги натижалар қайд этилди:
1-ўрин: 3-курс "Сабиқот" жамоаси;
2-ўрин: 2-курс "Бушро" жамоаси;
3-ўрин: 1-курс "Убай ибн Каъб" жамоаси.
Мусобақа ғолиб ва совриндорларига қимматбаҳо совға ҳамда дипломлар топширилди.
Манба: https://islaminstitut.uz
Таомнинг таъми ва лаззати шундадир
Бу дунё ажиб бир дунёдир. Унда баъзилар еганини ҳазм қилиш учун бир неча мил пиёда юрса, бошқалари эса қорнини тўйдириш учун бир неча миллаб таом излайди. Бири берилган неъматни исроф қилса, бошқа бири берилган неъматни паст санаб ношкурлик қилади.
Доимо чанқаганимизда сув ёки бирор бир шарбатларни ичамиз. Оч қолганимизда эса бир неча хил таомларни тановул қиламиз. Бироқ, кўпчилигимиз аксар ҳолларда бу неъматларни ким яратганлиги ва қандай қилиб бизга насиб қилганини эслашни унитиб қўямиз.
Таомланишдан олдин “Бисмиллаҳ”ни ва еб бўлгач “Алҳамдулиллаҳ”ни унутиб, ўзимизни гўёки бу неъматлар ота-боболаримиздан бизга мерос қолгандай тутамиз.
Агар таомда таъм ва лаззатни ҳис қилишни истасак, аввало “Бисмиллаҳ” билан бошлашимиз ва “Алҳамдулиллаҳ” билан тугатишга одатланишимиз керак бўлади. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўлиб, шу билан бир қаторда ушбу кичик бир сўзда жуда кўплаб ҳикматллар ва фойдалар бор.
Инсон таом ер экан ҳар замон “Алҳамдулиллаҳ” деса, еяётган таоми ҳақида тафаккур қилади. Натижада фақирларни, етим-есирларни ва ночорларни эслаб, Аллоҳ таолога шукр қилади. Бу иши билан еяётган нарсасининг таъмини ва лаззатини ҳис этади.
Аммо ҳайвон каби шоша-пиша, кам нафас олиб ва пала-партиш ейдиган кимсалар эса, на ҳамд айтади ва на шукр қилади. Натижада одобсиз таомланиб, таомнинг таъмини ҳам, лаззатини ҳам ҳис қилмайди. Бу эса энг хунук ҳолатдир.
Демак, кимда ким сув ичар экан уни ким яратганини, таом ер экан уни ким ато қилганини тафаккур қилса, ўзга ҳаёт ва ўзга оламни ҳис қилади ҳамда руҳан таскин топади.
Хулоса шуки, агар тоамимизни таъми ва лаззатини топишни истасак, уларни яратган ва берган Зотни эслашимиз лозим бўлади.
Эй Роббимиз, бизни бу неъматга сазовор қилгин.
ТИИ ўқитувчиси, “Шайх Зайниддин” масжиди имом хатиби Абдурахманов Яҳё