muslim.uz

muslim.uz

ЎМИ Матбуот хизмати

Расмлар муаллифи Шаҳзод Шомансур

Аввал хабар берганимиздек, ўзбекистонлик қорилар  Россия Федерациясининг турли ўлкаларида бўлиб, муборак ой давомида таровиҳ намози ва хатми Қуръонларда иштирок этадилар. Бугун 7 май куни ўзбекистонлик яна беш нафар қори Москва шаҳрига етиб бордилар. Бугуннинг ўзида қориларимиз Москва шаҳрида Россия мусулмонлари жамияти раиси, муфтий Альберт ҳазрат Крганов қабулида бўлдилар. Муфтий ҳазрат ўзбекистонлик диний уламолар, қорилар кўп йиллардан буён Россия мусулмонларининг ихлоси, эътирофига сазовор бўлиб келаётгани, диний идоралар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик самарали натижалар бериб бораётганлиги ҳақида сўзлаб берди. Ўз навбатида қориларимиз ҳам ўзларига билдирилаётган ишончни оқлаб, Аллоҳ қодир қилганича бор билимларини бериб, мусулмонларга исломий маърифатни етказишда астойдил ҳаракат қилишларини  билдирдилар.

Шундан сўнг қориларимиз ўзлари тақсимот қилинган ҳудудларга йўл олдилар. Жумладан:

  • Тошкент шаҳар “Саид Ваққос ота” жоме масжиди имом ноиби Фазлиддин Мамадалиев, “Абдуллоҳ ибн Ҳузофа” жоме масжиди имом-хатиби Абдуллатиф Рустамжонов, Тошкент вилояти “Абдужалилбоб” жоме масжиди имом-хатиби Илёс Шокировлар Чувашия Республикаси, Чебоксары шаҳрида;
  • Тошкент шаҳар “Яҳё қори” жоме масжиди имом ноиби Абдулбосит Абдуллаев Москва вилоятига қарашли Звенигород шаҳрида;
  • Тошкент шаҳар “Тинчлик” жоме масжиди имом-хатиби Иброҳим Нурмуҳаммедов Ханти-Мансийск округидаги Сургут шаҳридаги масжидларда таровиҳ намозларида хатми Қуръон ўтказиб берадиган бўлишди.

Хорижда фаолиятларини давом эттираётган қориларимиз ҳақида порталимиз орқали хабар бериб борамиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Вторник, 07 Май 2019 00:00

Ғийбатчининг тавбаси

“Мен ҳеч кимни ғийбат қилмаганман” деб кимдир айта оладими? Йўқ, аникки, ўзимиз истаган ё истамаган ҳолда, кимнидир, албатта, ғийбат қилганмиз ва қилмоқдамиз.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ғийбат нималигини биласизларми?” дедилар. “Аллоҳ ва Унинг расули билувчи”, дейишди. “Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг”,  дедилар. “Биродаримда мен айтган сифат бўлса-чи?” дейишди. “Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, агар бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Бир танишим ўта тушкун кайфиятда ўзини қийнаётган масалани шундай ҳикоя қилди: “Ўзимни қаттиқ тафтиш қилиб, қилган ишларимни эслаб, чин кўнгилдан афсусдаман. Ва ҳеч қачон олдинги хатоларимни, қилган ғийбатларим, хазил-мутойибаларимни қилмасликка аҳд қилдим.

Ҳаммани устидан ҳажв қилиб кулиб юрардим. Ғийбат мен учун оддий кундалик машғулот эди. Ота-онаси ўлганларнинг баъзи давраларда кулганларини кўриб: “Бемеҳр одам экан ота-онасидан, икки қанотидан айрилса ҳам кулиб, ҳаёт ташвишларини қилиб юрибди”, дердим.

Кунлар ўтиб онаизоримдан, ҳар тонг ва кечда мендан хабар олгувчи меҳрибонимдан айрилдим, аммо кулаяпман. Ҳар кулганимда ўзгаларни иғво қилиб, ғийбат қилганим эсимга тушиб: “Қандай кулаяпсан, онанг ўлганку?”, деган овоз келаверади ичимдан. Яшаса, кулса бўларкан. Аллоҳ мусибатига яраша сабр ва кўникиш туйғуларини ҳам инсонга бераркан.

Боласи ўлганларни кўриб қандоқ яшаяпти жигар порасини қора ерга топшириб деб таъна қилардим.... Оҳ мени ўйламасдан гапирган сўзларим ўз бошимга дўл каби бирин-кетин ёғилиб келди.

Йиллар ўтиб, юрагимнинг бир парчаси, кўзимнинг оқу-қораси болажонимдан айрилдим, лекин яшаяпман. Юрагимга бир мушт уриб: наҳот тирикман усиз?! Қалбимда айрилиқ азобининг изи ҳали ҳам кетмаган. Бировни гапириш жуда осон экан, оғзимнинг бир чеккасидан чиқиб кетган бир қатор сўзларнинг қанчалик оғир эканини энди ич-ичимдан ҳис қилмоқдаман”, деб кўз ёшларини тўхтатолмади, бечора.

Мен унга далда бериш учун Аллоҳ таолонинг ушбу оятини эслатдим: “Албатта, Аллоҳ чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара сураси, 222-оят).

ИМРОН

Муҳтарам Юртбошимизнинг 2019 йил 24 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони бугунги доруломон кунларимизга муносиб ҳисса қўшган нуронийларга кўрсатилаётган юксак ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Шу кунларда жойларда қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийларининг жасорати ва матонати давлатимиз ва халқимиз томонидан қадрланиб, уларга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб келинмоқда.

Муборак Рамазон ойи ҳамда Хотира ва қадрлаш куни арафасида Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳри “Тегирмонбоши” жоме масжиди имом-хатиби Нурбек Мамасолиев 2-жаҳон уруши фронт орти қатнашувчиси, 1925 йилда туғилган, Ҳамидуллоҳ ота Бобомуродовнинг хонадонида бўлди. Шунингдек,  Булунғур тумани “Ниёзмат” жоме масжиди имом ноиби Аззамқул Бегматов “Ниёзмат” маҳалласида яшовчи, иккинчи жаҳон уруши қатнашувчиси Ўразали ота Пирмановнинг хонадонига йўқлаб борди. Жасорат эгаларининг жангоҳ хотиралари суҳбатдошлари қалбини тўлқинлантириб юборди. Бугунги осуда кунларимизни қанчалик қадрлаш, шукрона ила яшаш ҳақидаги ҳаётий ўгитлари хотираларга муҳрланди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Янгиликлар

Top