muslim.uz
Нишонга урилган гаплар: “Инсоннинг асли қандайлигини билмоқчи бўлсанг, ўзидан заифроқ билан қандай муомала қилишига қара, ўзидан юқорироқ билан эмас”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Одамлар ҳақида гапирган кимни кўрсам, йиқилган, қулаган эди.
Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ
*****
Бир шахс ҳақида, унинг ҳолатини бошингдан кечирмай туриб, ҳукм чиқарма.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ҳўкизга олд тарафдан, эшакка орқа тарафдан, аҳмоққа эса ҳеч бир тарафдан яқинлаша кўрма.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Айрим оммавий ахборот воситалари маълумотларни беришда ёлғонни кўп ишлатади. Ҳатто об-ҳаво маълумотларида ҳам.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Инсоннинг асли қандайлигини билмоқчи бўлсанг, ўзидан заифроқ билан қандай муомала қилишига қара, ўзидан юқорироқ билан эмас.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ҳамма жаннатга боришни хоҳлайди, лекин ҳеч ким ўлишни хоҳламайди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Шундай кишилар борки, асаблари таранг бўлиб, ғазаблари тошиб турган бўлса ҳам, сизга одоб билан гапирадилар. Улар эҳтиром қилишга лойиқ кишилардир.
“Ҳаётнинг нариги юзи”
*****
Ичи ифлос кимса пок инсонларнинг борлигини ўзига сиғдиролмайди.
Аҳмад Дийдот раҳимаҳуллоҳ
*****
Ризқ топиш учун меҳнат қилаётганингда кийиминг кир бўлса, хижолат бўлма. Бу ҳол башанг кийиниб олиб, бошқалар берган таомни ейишингдан афзалдир.
“Маданият” журнали
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Борига шукр, йўғига сабр қилайлик
Инсон дунёда саодатли ҳаёт кичириши учун Аллоҳ таоло ер юзини яшашга қулай қилиб яратди. Унда турли хил ўт ўлан, тоғ-тошларни, денгиз-дарёларни, ҳайвонот оламларини ва яна кўплаб неъматларини яратиб, барчасини бани башарга бўйсундириб қўйди. Биз Роббимиз берган бу неъматларни санаш билан саноғини тугата олмаймиз. Инсон фақатгина Аллоҳ таъоло берган барча неъматларни эътироф этиб, у неъматлар учун шукр қилса, Аллоҳга ҳақиқий бандаликни бажо келтирсагина, шокир бандалар сафидан жой олади. Ҳар бир инсон Аллоҳ таоло берган неъматлари учун шукр қилиши керак. Ношукрлик куфрони неъматдир. Мўмин-мусулмонликка зиддир. Шукр қилиш билан бирга солиҳ амалларни кўпроқ қилишга, ота-онага, қариндош-уруғларга, қўни-қўшниларга яхшилик қилиб, Аллоҳнинг розилигини ахтаришга ҳаракат қилиш мўминга хос гўзал хислатлардандир.
Аллоҳ таоло: “Агар шукр қилиб, иймонли бўлсангизлар, Аллоҳ сизларни нега азобласин?! Ахир Аллоҳ (бандаларининг тоат-ибодатларига савоб ато этиш билан) шукр қилувчи ва билувчи бўлган зот-ку?!” (Нисо, 147 оят) Бу муборак оят орқали Аллоҳ таоло шукр иймонга боғлиқ фазилат эканлигини маълум қилади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васаллам барча гўзал амалларни ўзларида мужассам этган зот эдилар. Шукр қилишда ҳам у зотга етадиган бирор бир киши топилмаслигига шубҳа йўқ. Сабаби, Аллоҳ таолога дуолари ижобат бўладиган киши бўла туриб, У зотдан кўп мол дунё беришини сўрамаган эдилар. Балки, Аллоҳ берган ризққа қаноат қилиб яшаганлар. Очликдан қоринларига тош боғлаб юрганларини биламиз. Шукрнинг фазилатларидан яна бири шуки, инсон шукр қилса ризқи яна зиёдалашади. Бу ҳақида Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Неъмат шукрга боғлангандир, шукр зиёдаликка боғлангандир. Шукр кесилмагунча, зиёдалик кесилмайди”, деганлар.
Шукр қилувчи кишида меҳр-мурувват, инсоф-диёнат, қаноат, сабр каби ахлоқлар мавжуд бўлади. Бу ахлоқлар эса инсонни дунё ва охират саодатига бошлайди.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ: “Ҳар бир инсон ўз ҳолига, ҳаётига, қисматига, тақдирига рози бўлишни, шукр қилишни ўрганиши керак. Чунки, бу ҳаётни унга Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло раво кўрди ва шундай бўлишини ирода қилди. Шунинг ўзи катта марҳамат, шунинг ўзи катта бир неъмат. Шукр қилсак Аллоҳ бундан ҳам зиёда қилиши мумкин. Аммо ношкурлик қиладиган бўлсак, бошқа ҳаётларга ҳавас қиладиган бўлсак, ўзимиздаги боридан ҳам маҳрум бўлиб қолишимиз мумкин”, деганлар.
Инсон кўп гуноҳларга ношкурлиги сабабидан қўл уриб, турли жиноий кўчаларга кириб қолади. Натижада Аллоҳнинг ғазабига учраб, охират ҳисоб-китобини унутади. Оз муддатли бу умрни залолатда ўтказмасдан, фақат яхшилик қилиб, элга нафи тегадиган киши дунёда хотиржам, охиратда саодатли ҳаёт кечиради.
Зоир Остонов
Бухоро вилояти “Ҳазрат Билол” жоме масжиди имом-хатиби
Масжид – Аллоҳнинг уйи, унга тажовуз қилиш Аллоҳга қарши боришдир
Кейинги йилларда айрим хорижий юртларда бузғунчи кимсалар ўртасида масжидларни портлатиш, ибодат қилаётган одамларни ўққа тутиш ёки уларнинг устига бульдозер билан бостириб бориш ҳолатлари кузатилаётгани мўмин-мусулмонларнинг нафратини қўзғамоқда. Айниқса, масжиднинг ичида одамлар намоз ўқиб турган пайтда намозхонларни ўққа тутиш, масжидга зарар етказиш ҳамда уни бузиш, инсонлар умрига хавф туғдириш инсонийликка мутлақо тўғри келмайдиган иш.
Масжид – Аллоҳ таолога ибодат қилинадиган покиза маскан. Асри саодатдан бери масжидлар Ислом динининг ўзига хос маърифий марказлари сифатида инсоният ҳаётида муҳим ўрин тутади.
Масжид – инсонларнинг Аллоҳ таолога тоат-ибодат қиладиган табаррук жойи бўлгани боис “Байтуллоҳ” – “Аллоҳнинг уйи” дейилади. Шунинг учун масжидга бирор зарар етказиш Аллоҳ таолонинг уйига зарар етказиш билан баробардир. Демак, бу Аллоҳ таолога қарши бориш деганидир. Ҳақ таолога қарши борувчиларнинг ҳоли нима кечиши ҳаммага аён.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло айтади: “Еримдаги уйларим масжидлардир. Ундаги Менинг зиёратчиларим масжидларни обод қилувчилардир” (Абу Нуайм ривояти, заиф ҳадис).
Масжидни обод қилиш деганда, Аллоҳ таолога холис ибодат қилиш, амру маъруф, наҳйи мункар қилиш каби амаллар тушунилади. Булар масжидларни маънавий обод қилиш саналса, озода ва бус-бутун сақлаш зоҳирий обод қилишдир. Масжидларнинг қадрини пасайтирувчи ҳар қандай иш ёки хатти-ҳаракат макруҳ.
Халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрларида ҳам инсоннинг дин ва эътиқод эркинлигига дахл қилиш, ҳаётига хавф солиш тақиқланади. Ислом динида ҳатто бошқа дин вакилларининг ибодатхоналарига зарар етказиш, уларни бузиш ёки ибодат қилувчиларнинг ҳаётини хавф остида қолдириш мумкин эмаслиги айтилган.
Қуръони каримда:
“Улар ноҳақдан, фақатгина «Роббимиз Аллоҳ» деганлари учун ўз диёрларидан чиқарилгандирлар. Агар Аллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан даф қилиб турмаса, узлатгоҳлар, канисалар, ҳавралар ва Аллоҳнинг номи кўплаб зикр қилинадиган масжидлар вайрон қилинган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ Ўзига ёрдам берганларга ёрдам берур. Албатта, Аллоҳ кучли ва ғолибдир.”
Ушбу ояти каримада бошқа диндаги кишиларнинг ибодатхоналари ҳам мўмин-мусулмонларнинг масжидлари қаторида зикр этилиши диққатга сазовордир. Динимиз кўрсатмасига амал қилган мусулмонлар ҳеч қачон бошқа диний ибодатхоналарга тажовуз қилмайди. Шунингдек, бошқа динларда ҳам ўзга динларга ибодат қилувчиларнинг ибодатига халақит қилиш катта гуноҳ экани таъкидланган. Барча динларда диний шиорларга, ибодатхоналарга, шунингдек, масжидларга тажовуз қилиш улкан жиноят саналган ҳамда бундай ишдан қаттиқ қайтарилган.
Жаҳоннинг айрим ҳудудларида мўмин-мусулмонларнинг энг нозик ҳис туйғуларига зарба бериш орқали қарама-қаршиликлар келтириб чиқаришга хатти-ҳаракатлар бўлмоқда. Мана шундай вазиятда мўмин киши кескинлик билан қарор қилиш ўрнига, обдон ўйлаб кейин бир хулосага келиш керак. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин киши зийрак, ҳушёр ва оқил бўлади”, деган ҳадислари моҳиятини чуқур тушуниш лозим (Имом Дайламий ривояти, заиф ҳадис).
Шу ўринда Ислом тарихидаги Фил воқеасини бир эсга олайлик... Абраҳа бошчилигидаги фил эгаларидан Каъбатуллоҳни Аллоҳ таоло қандай ҳимоя қилган бўлса, бугунги кунда ҳам ибодат қилиш жойлари, масжидларни ҳам шундай ҳимоя қилади.
Аллоҳ таоло мусибатларга учраган мўмин-мусулмонларга сабру жамийл берсин, мусибатларининг ўрнини гўзал мукофотлар билан тўлдирсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ўқувчи Алишер ўзгарди
Алишер Самарқанд шаҳридаги 19-умумий ўрта таълим мактабида 7-синфда ўқийди. Устозларининг сўзларига қараганда, мактабдаги тарбияси оғир, ерга урса осмонга сапчигувчи ўқувчилардан бири. Бугун, 16 апрел куни мактабда белгиланган маърифий тадбир доирасида Самарқанд шаҳар “Лаҳутий” жоме масжиди имом-хатиби Ўткир Умирқулов Алишер ўқиётган синфга кириб, “Маърифатнинг асоси гўзал ахлоқдир” мавзусида маъруза қилиб берди.
Имом-хатиб ўқувчиларга сўнгги пайтда ўзлари кўп эшитаётган - маърифат сўзининг асл моҳиятини тушунтириб берди. Шундан сўнг исломдаги гўзал хулқлар ҳақида сўзлаб, Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламнинг башариятга ибрат ва раҳмат бўлган муборак хулқлари, одоб ва ҳаёлари ҳақида ҳадислардан мисоллар келтириб ўтди.
Ўтмишда ўтган улуғ зотларнинг ҳаётларида содир бўлган ибратли воқеаларни сўзлаб берди.
Қизиғи, 45 дақиқага мўлжалланган суҳбат икки соат давом этди. Ўқувчилар имом домлани берилиб тинглашар, мавзу тугаб қолишини ҳеч исташмас эди. Айниқса, ярим соат ҳам бир жойда тинч ўтира олмайдиган шўх Алишер ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ таъсирланди. Имом домланинг ҳар бир гапи қалбига қандайдир бир илиқлик, раҳмат бағишлаганини суҳбатдан сўнг ўзи айтиб берди.
Айниқса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаларидан: «Хўш, кимни энг кучли одам деб ўйлайсизлар?» деб сўрадилар. Саҳобалар: «Рақибини тезлик билан енгадиган, йиқитадиган киши энг кучли бўлади», деб жавоб беришди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, ундай эмас. Жаҳли чиққанда ғазабини ичига юта оладиган киши энг кучлидир», деб айтган ҳадислари унга катта сабоқ бўлажагини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими