muslim.uz

muslim.uz

Среда, 13 Февраль 2019 00:00

Дарахт воқеаси

Бир одамнинг тўртта ўғли бор эди. Шошилиб қарор чиқармаслик, фикрлар юзаки бўлиб қолмаслик борасида ҳаётий дарс ўргатиш учун ота уларни узоқ водийда жойлашган катта дарахтни кўриб келишга юборди.

Тўнғич ўғил қиш фаслида, иккинчиси баҳорда, учинчи ўғил ёзда, кенжа эса кузда борди. Барчалари дарахтни кўриб келишгач, оталари улардан “Қани, ҳар бирингиз кўрган дарахтингизни бирма-бир шарҳлаб берингчи” деди.

 Тўнғич ўғил “Дарахт жуда ҳунук ва қуриган экан” деди. Кейингиси “Дарахт ям-яшил баргли экан” деди. Учинчиси “Дарахт хушбўй гуллар билан қопланган экан” деди. Кенжа эса “Дарахтнинг мевалари кўп экан” деди.

 Буларни эшитган ота “Ҳар бирингиз тўғри гапирдингиз. Чунки сизлар турли фаслларда бордингиз. Аммо шуни билингларки, битта дарахтга бир фаслнинг ўзи билан ҳукм чиқармаслик керак. Агар қишдаги кўринишига суяниб, “Дарахт фақат қуруқ” десангиз, унинг баҳордаги яшиллигини, ёздаги гўзаллигини,  куздаги ширин меваларини инкор қилган бўлиб қоласиз. Худди шунингдек, бир шахс ҳақида ҳам битта вазиятдан, битта бурчакдан туриб, биргина одамнинг гапи билан ҳукм чиқарманглар. Унинг ҳамма томонини ўрганиб чиқиб, кейин хулоса чиқаринглар” деди.  

 

 

“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Среда, 13 Февраль 2019 00:00

Лондондаги имом

Лондондаги масжидларнинг бирида хизмат қиладиган имом бир неча йиллардан бери уйидан масжидга автобусда қатнарди. Манзилига оз қолганда, кўпинча ўзи ва ҳайдовчи қоларди. Бир куни у йўл кира ҳақини берганда, ҳайдовчи унга 20 пенс кўпроқ қайтим бериб юборди. Шунда имом ичида ўйлади: “Мен бу ортиқча пулларни ҳайдовчига қайтариб беришим керак. Чунки булар менинг ҳаққим эмас”.

Бироз вақт ўтиб ичида: “Бу ишни эсингдан чиқар. Озгина миқдордаги пулга ҳеч ким эътибор ҳам бермайди. Автобуслар ширкати йўловчиларни ташиш орқали катта миқдорда пул ишлайди. 20 пенс билан уларнинг пули камайиб қолмайди. Демак, мен бу пулларни ўзимда қолдираман ва уларни Аллоҳдан ҳадя деб биламан” деб ўйлади-да, жим бўлиб қолди.

Манзилига етиб, автобусдан тушаётганда виждони йўл қўймай, “Мана буни олинг. Менга қайтимни кўп бериб юборибсиз” деб, ортиқча пулларни ҳайдовчига узатди. Ҳайдовчи пулларни олар экан, табассум билан “Сиз шу минтақанинг янги имоми эмасмисиз? Мен бир қанча вақтдан бери масжидингизга кирмоқчи ва динингизни яқиндан ўрганмоқчи эдим. Шунинг учун “Қани, нима қилар экан?” деб, сизга атайин ортиқча пул қайтиб бергандим” деди.

Бу гапларни эшитган имом автобусдан тушди-ю, оёқларида мадор қолмай, ерга йиқилиб тушай деди. Дарҳол ўзига яқин бир устунга суяниб олди ва нигоҳини осмонга қаратиб, йиғлаган ҳолда: “Ё Аллоҳ, динимни 20 пенсга сотиб юборишимга сал қолдия” деди.  

Азизлар, доим ҳалол, омонатдор бўлайлик! Ўз хатти-ҳаракатларимиз ва тасарруфларимиз билан бошқаларга ибрат бўлайлик! 

 

“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Аллоҳ таоло ўзининг каломида айтади:

“Ахир, Биз унга икки кўз, тил ва икки лаб пайдо қилмадикми?”.

Балад сураси 8-9-оятлар

Имоми Аҳмаддан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Банданинг қалби тўғри бўлмагунича иймони тўғри бўлмайди, тили тўғри бўлмагунича қалби тўғри бўлмайди” дедилар.

Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мўмин одам тана қилувчи, лаънатловчи, фаҳш гапларни гапирувчи тили бемаза бўлмайди” дедилар.

Тил – инсоннинг жисман кичик, аммо масъулият ва вазифа жиҳатидан энг эътиборга молик аъзосидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) айтадилар: “Тилдан кўра бошқа бирон нарса тутқунликда ушлаб туришга ҳақли эмас. Унинг мисоли йиртқич ҳайвонга ўхшайди, маҳкам тутмасанг, ўзингга душманлик қилади”.

Носир Хисрав айтадилар:

Одам тилидадир балонинг бари,

Тилда ҳар кимсанинг фойда-зарари.

Сўфи Оллоҳёр айтадилар:

Ёмон тил икки дунё зарардир,

Гоҳи исён, гоҳи хавфу-хатардир.

Ёмон тил шумлиги жонга ургай,

Гоҳи жондан ўтиб иймонга ургай.

Инсонни иймондаан ажраб қолишига ҳам тилни ёмонлиги сабаб бўлади.

Анвар Ҳожиаҳмад айтадилар:

Сўз борки бошларга бало келтирар,

Сўз борки дардларга даво келтирар.

Сўзингни ўйламай гапирма ҳеч,

Ёмон сўз охири жазо келтирар.

Қатода (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг замони саодатларида бир киши - Аллоҳим, агар мени охиратда азобламоқчи бўлсанг, азобни шу дунёда бергин деб дуо қилар эди. Ўша одам бемор бўлиб патлари юлинган қушдай ночор бўлиб қолди. Бунинг хабари Расулуллоҳ (с.а.в.)га берилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) кўргани бордилар, бемор бошини кўтарди, мажолсиз ва ҳаракатсиз эди. Шунда саҳобалар эй Аллоҳнинг расули бу одам мана шундай дуо қилади деб беморни қиладиган дуосини айтишди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Эй, одам боласи албатта сен Аллоҳ таолонинг азобларига тоқат қила олмайсан, эй Аллоҳим, бизларга дунёда яхшиликларни бергин, охиратда яхшиликларни бергин, дўзах азобидан асрагин!” деган дуони ўргатдилар. Бемор шу дуони ўқиб тузалиб шифо топган экан.

Ҳадисда зикр қилинган кишининг бемор бўлиб ётиб қолишига ҳам шифо топишига ҳам ўзининг сўзи сабаб бўлди.

Луқмони ҳакимдан сўрашган экан беморга нима нарса едирайлик деб, аччиқ сўздан бошқа ҳамма нарса едираверинглар деб жавоб берибдилар.

Ҳозирги пайтда кўпинча гапирганда сўкиниб, фаҳш гапларни гапирадиган, лаънат сўзини кўп ишлатадиган, мўмин одамни кофир дейдиганларнинг гувоҳи бўламиз.

Расулуллоҳ (с.а.в.): “Фаҳш гапларни гапирувчиларга жаннат ҳаром” дедилар.

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: “Бир кишининг ридосини шамол тортиб кетди, у одам шамолни лаънатлади. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Шамолни лаънатламагин, чунки у буюрилган. Кимки лаънатга сазовор бўлмаган нарсани лаънатласа, ўнинг ўзига қайтади” дедилар.

Ибн Нажм (р.а.): “Бир кишини кофир дейишга тўқсон тўққизта далил бор, мўмин дейишга битта далил бор, шундай пайтда тўқсон тўққиз далил тарк қилиниб, бир далил олиниб кофир дейилмайди” дедилар.

        

Юсуф Хос Хожиб айтадилар:

Киши сўз туфайли бўлади малик,

Ортиқ сўз қилади бу бошни эгик.

Тилингни авайла омондир бошинг,

Сўзингни авайла узаяр ёшинг.

 

 

 

Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани

“Обидхон Махдум” масжиди имом-хатиби

Атамуродов Абдужалил

Ўзбек давлатчилик тарихи ва маданияти шаклланишида ўзининг моҳирона сиёсати ва бой шеърий мероси билан ўчмас из қолдирган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг фақат юртимиз тарихида эмас, Ҳиндистон халқлари тариҳида ҳам юксак ўринда туради. Улуғ аждодимизнинг тарихи ва маънавий мероси бир қанча ҳамюрт олимларимиз ва чет эллик тарихчилар томонидан турли жиҳатлардан ўрганилган.

Қуйидаги мақолада ана шу машҳур тарихнинг кам эътибор қаратилган жиҳатларидан бири-Мирзо Бобурнинг тасаввуфий қарашлари ҳақида сўз юритамиз.

Тарихга назар солсак, ХIII ва ХV асрларда, хусусан, Бобур яшаган даврда Мовароуннаҳр ҳудудида тасаввуф таълимотлари кенг тарқалган ва ривожланган эди. Бунинг натижасида мазкур ҳудудда истиқомат қилган халқлар турмуш тарзида сўфийларнинг ўрни аҳамиятли бўлиб, ўша давр ижтимоий ва сиёсий жараёнларида фаол иштирок этишган ва оддий халқ орасида ўзига хос ҳурмат ва мартабага эга бўлишган.

Мирзо Бобур тасаввуф, ундаги тариқатлар ва вакилларини ҳурмат қилган. Буни биз ўша даврдан қолган ёзма манбалар ҳамда яқн ўтмишда қилинган тадқиқотларда ҳам кўришимиз мумкин. Туркиялик етук олим Маҳмуд Асъад Жўшон ўзининг “Ислом, тасаввуф ва ахлоқ” асарида: “Темурийлардан Заҳириддин Муҳаммад Бобур улуғ шайх Саид Амир ибн Мавлоно Жалолиддин Хожаги Косоний Махдуми Аъзам ҳазратларини ўзига маънавий пир деб билганлар, у кишига қўл бериб, насиҳатларига амал қилганлар” – деб ёзади[1].

Яна бир олим Б.Тўраев Махдуми Аъзамни нафақат Мовароуннаҳр ёки Хуросон, балки Ҳиндистонда ҳам ўзига пир деб билувчилар кўплаб топилиши, темурий шоҳлар ичида Заҳириддин Муҳаммад Бобур бу улуғ зотга мурид бўлганлигини алоҳида таъкидлаб, юқорида келтирилган маълумотни қувватлайди[2].

Ўз навбатида Махдуми Аъзам ҳам Мирзо Бобурга алоҳида ҳурмат билан қараган ва унга бағишлаб “Бобурия” номли риола ҳам ёзган. Олимнинг мазкур асари аслида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Хожа Аҳрор Валийнинг “Рисолаи волидия” асари ҳақидаги хатига жавоб эди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Хожа Аҳрор Валий ва у кишининг авлодларига ҳам катта ҳурматда бўлган. Мирзо Бобурнинг исмини ҳам Ҳожа Аҳрор айтгани ҳақида тарихий маълумотлар ҳам мавжуд. Хожа Аҳрор ҳазратлари ва Бобур ўртасидаги муносабатлар унинг шоҳ асари бўлмиш “Бобурнома”нинг ҳам бир қанча жойларида ўз аксини топган. У ҳаёти давомида Нақшбандия тариқати пир ва муршидларининг ўгитларига амал қилган.

1528-1529 йилларда пирининг “Рисолаи Волидия” асарини шеърий усулда ўзбек тилига таржима қилади. Мазкур таржимада Бобур Хожа Аҳрорга берган таърифи орқали у зотга қанчалик даражада ихлос ва эҳтиромда бўлганини билиб олишимиз мумкин.

Нақшбандия тариқатига Мирзо Бобурнинг кейинги авлодлари ҳам ҳурмат ва эҳтиромда бўлишиб, насиҳат ва ўгитларига амал қилганлар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг сиёсат юритишида диний эътиқодлар ва тасаввуф таълимотларига амал қилган. Бу орқали давлатдаги турли миллат вакиллари ўзаро тинч-тотув яшаши, ижтимоий ҳамкорлик, диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик таъминланган. Мазкур диний сиёсат ўзида исломий қадриятлар ва маданиятнинг устунлигини намоён қилиши билан бирга бошқа дин ва эътиқодларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни ҳам тақозо этади. Шу сабабли у фақат ўз ҳукмдорлиги давридагина эмас, балки 300 йилдан ортиқ ҳукмронлик қилган бобурийлар сулоласи давридаги жамият, маданият, цивилизация, динлар ва диний эътиқодларга нисбатан бағрикенглик, сабр-тоқатлилик қадриятларининг тамал тошини қўйиб кетган эди.

 

Абдуллоҳ Абдувоҳидов,

Ўзбекистон халқаро Ислом академияси 2-курс магистранти

 

 

 

 

[1] Маҳмуд Асъад Жўшон. Ислом, тасаввуф ва ахлоқ. -Т.: 1999. - Б. 236.

[2] Тўраев Б. Саййид Аҳмад ибн Мавлоно Жалолиддин Хожагий Косоний рисолати. -Т.: 1995. - Б. 20

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Ҳақиқий дўстлар ўз муҳаббатларини бахтиёр лаҳзаларда эмас, қийин лаҳзаларда кўрсатадилар.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ҳаётингга кўплаб инсонлар кирадилар ва чиқадилар. Аммо ҳақиқий дўстларгина қалбингда яхши из қолдирадилар.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Бир кун безовта бўлиб яшаш инсонни бир ҳафта ишлагандан кўра кўпроқ чарчатади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Фақирлик – олийжаноб нафсларни хор қилолмайди. Бойлик – пасткаш нафсларни олийжаноб қилолмайди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Агар сочларинг ададича дўстларинг бўлса ҳам мақтанма. Уларга ишинг тушса, ўзингнинг сочсиз одамлигингни билиб оласан.

“Фикр дурдоналари”

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Янгиликлар

Top