muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳга шукрки, юртимизда янги масжидлар қуриш, мавжудларини замонавий кўринишда қайта барпо қилиш ишлари давом этмоқда. Республикамизнинг бир неча ҳудудларида жоме масжидлар миллий андозаларга усулда бунёд этилмоқда.
Бугун, 11 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Тошкент шаҳридаги “Оқ уй”, Тошкент вилоятидаги “Хўжа”, “Нодирхон қори” ва “Эрбўта қози” жоме масжидларининг қурилиши бошланишида қатнашдилар.
Муфтий ҳазратлари дастлаб Тошкент шаҳри Миробод туманидаги “Оқ уй” жоме масжиди пойдеворига биринчи тамал тошини яхши тилак ва хайрли дуолари ила қўйиб бердилар ҳамда масжиднинг кўркам, барча талаб ва эҳтиёжларга мос бўлишига доир фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Айниқса, намозхонлар учун масжид кутубхонасини ташкил этиш ва ташриф буюрадиган нуфузли дунё уламолари, мартабали меҳмонлар билан ўзаро мулоқот ўтказиш учун муносиб шарт-шароитлар ҳозирлашни алоҳида таъкидладилар.
Масжид бир вақтда икки мингдан ортиқ киши намоз ўқишига мўлжалланган. Масжид пойтахтимизга водий томондан кириб келиш манзили – Фарғона йўли кўчасида жойлашганини эътиборга олиб, йўловчилар учун алоҳида шарт-шароитлар ташкил этиш белгиланган. Шунингдек, масжид ёнида лойиҳада назарда тутилганидек, мўъжаз меҳмонхона ва мажлислар зали ҳам қад кўтаради.
Қурилиши бошланиши маросимида уламолар, маҳалла фаоллари ва нуроний отахонлар ҳам иштирок этдилар. Муфтий ҳазратдан кейин уламолар, нуронийлар ва эзгу ниятда йиғилган қалби пок инсонлар ҳам бирин-кетин пойдеворга ғишт қуйдилар.
Муфтий ҳазратлари Тошкент вилоятида барпо этилаётган янги масжидларда бораётган қурилиш жараёнлари билан танишиб, муҳим тавсияларини бердилар. Улардан бири Қуйи Чирчиқ туманидаги “Хўжа” жоме масжиди. Ўтган йили ушбу жомени қайта қуриш ишлари бошланган эди. Маҳалла аҳлининг саъй-ҳаракати ила масжид пойдевори янгидан тикланиб, 11 февраль куни муфтий ҳазратлари хайрли дуолар ила масжид биносининг биринчи ғиштини қўйиб бердилар. Янги масжид 500 кишини ўз бағрига сиғдирадиган хонақоҳ, таҳоратхона, хизмат хоналаридан иборат бўлади.
Муфтий ҳазратларининг навбатдаги ташрифлари Оққўрғон туманидаги “Нодирхон қори” жоме масжиди бўлди. Сиғими мингдан ортиқ кишига мўлжалланаётган мазкур жомега 2017 йил 9 ноябрь куни биринчи ғишт қўйилган эди. Ҳозирга келиб масжид биноси қад кўтариб, том қисми ёпилди.
Оққўрғон туманидаги яна бир қурилиши давом этаётган “Эрбўта қози” жоме масжидида ҳам муфтий ҳазратлари бўлиб, қурилиш ишлари билан яқиндан танишдилар. Бу жойда барпо этилиши лозим бўлган шарт-шароитлар юзасидан тавсиялар бердилар. Масжид намозхонасининг сиғими 500 кишилик бўлиб, шу йилнинг охирига тугаши кўзда тутилган.
Муфтий ҳазратлари янги бунёд этилаётган жоме масжидларга ташрифлари давомида мўмин-мусулмонлар учун ташкил этилган шарт-шароитлар, намозхонлар ибодат қилишлари учун яратилган қулайликлар ва жоме масжидларни ўзига хос услуб ва меъморчилик асосида бунёд этишга алоҳида эътибор қаратдилар.
Масжидларга жам бўлган нуроний отахонлар муҳтарам Президентимизнинг диний-маърифий соҳадаги улкан ислоҳотлари сабабидан халқимизга туҳфа этилаёган ана шундай муҳташам жоме масжидлар учун миннатдорлик сўзларини изҳор этиб, она-Ватанимиз ободлиги, халқимиз фаравонлигини тилаб муфтий ҳазратлари бошчиликларида дуои хайрлар қилдилар.
Бундай эзгу ишларга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишмоқда, саховатпеша инсонлар ўзларининг ҳимматларини кўрсатишмоқда. Зеро, масжид қуришнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган. Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.
Ҳақ таоло ушбу жоме масжидларнинг қад ростлаётган биносини файзу баракотли айласин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Индонезия Дин ишлари вазирлиги Ҳаж ва умра хизматлари бош мудири Рамазон Ҳариссменнинг маълум қилишича, 2015–2018 йиллар орасида олиб борилган тизимли ишлар натижасида Индонезияда ҳаж қийматини Малайзия, Сингапур ва Брунейдан кўра паст нархларда ушлаб туришга эришилган. Масалан, Индонезияда сўнгги йилларда ҳажнинг умумий нархи 2235 долларни ташкил этган. Бунга ҳукумат томонидан ҳожиларга +қўшимча 400 доллардан берилиши ҳаж харажатларининг қисқаришига олиб келган.

Маълумот учун, Индонезия аҳолиси сони 2017 йил ҳолатига кўра, 264 млн. нафарни ташкил этади. Аҳолисининг 87 % и мусулмонлардир. 2018 йилда Индонезиядан дунё мамлакатлари орасида энг кўп ҳожи, яъни 168 000 нафар киши ҳаж зиёратига бориб келган. Уларнинг ҳар бирига йўл ҳақи учун ҳукумат томонидан 400 доллардан ёрдам пули ажратилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Кардифф университетининг Ислом ва инглиз тадқиқотлари маркази ислом динига қизиқувчилар учун масофавий таълим курсларини йўлга қўймоқда. Бу ҳақда IQNA хабар берди.

Биринчи бор ташкил этилаётган “Англияда ислом: ўзгаришлар ва қийинчиликлар” мавзусидаги ушбу курслар жорий йилнинг 5 мартидан бошланиб, тўрт ҳафта давом этади. Дарсларни университетнинг исломшунос, тилшунос ва руҳшунос олимлари олиб боради. Курснинг асосий мақсади мусулмон бўлган кишиларга исломни яқиндан танитиш ва мусулмонларнинг ҳолати бўйича батафсил маълумот беришдан иборат. Шунингдек, Англияга илк кириб келган мусулмонлар, ислом давлатлари билан Буюк Британиянинг алоқалари, инглиз мусулмонларнинг жамият равнақи йўлида олиб бораётган ишлари ҳақида маълумотлар бериб борилади. Хоҳловичлар курсларга аъзо бўлиши мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Понедельник, 11 Февраль 2019 00:00

Мол-дунё ва бойлик одоблари

Бойлик инсоннинг ўз эҳтиёжидан ва оиласи эҳтиёжидан ортиқ пул, маскан, улов, асбоб-анжом ва турли неъматларга эга бўлишидир. У камбағалликнинг зиддидир.

“Мол“ сўзи арабча “мола-ямийлу“ феълининг ўзаги бўлиб, қийматга эга ва кўнгил майли тортадиган нарсани англатади.

Кўнгил майли тортадиган қимматли нарсаларнинг ҳаммаси - пул, тилла, кумуш, кўчмас ва кўчар мулк ва бошқалар мол дейилаверади. Бу нарсалар кўнгил тортиши, иштаҳа қилиши дейилади. Иштаҳа эса шаҳват маъносини англатади. Шунинг учун Қуръони каримда бундай нарсаларнинг барчаси “шаҳватлар“ деб аталган.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

“Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўп тўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, эски-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди. Булар дунё ҳаётининг матоҳидир. Ва Аллоҳ - ҳузурида гўзал қайтар жой бор Зотдир“ (14-оят).

Аллоҳ таоло Жумъа сурасида марҳамат қилади:

“Бас, намоз тугаганидан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз“ (10-оят).

Намоздан кейин ким савдосига, ким касал кўргани, ким илм талабига ва ҳоказо-ҳамма ўз ишига қайтиши мумкин.

“...ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг...“

Аллоҳнинг фазлини талаб қилиш давомида дунёга ҳаддан ташқари берилиб кетиб, йўлдан адашиш ҳам мумкин. Шунинг учун оятнинг охирида:

“...ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз“, дейилмоқда.

Мол-дунёга муҳаббат қўйиш инсоннинг табиатида бор. Бу муҳаббат бўлмаса, дунё обод бўлмайди.

Аллоҳ таоло Фажр сурасида марҳамат қилади:

“Ва молни кўп яхши кўрасизлар“ (20-оят).

Ислом инсон мол жамлаш орқали эришадиган турли фойдаларни инкор қилмайди. Балки Қуръони карим бир неча ўринда молни хайр - яхшилик деб атаган.

Мол жамлаш одобларига риоя қилиш.

Мол Аллоҳ таолоникидир.

Аллоҳ таолонинг розилиги учун мол неъматига шукр келтириш шартдир.

Мулкдор бўлиш оғир масъулиятдир.

Мол-дунё топиш йўлларига ва манбаларига аҳамият бериш ўта зарурдир.

Молу дунё ва бойлик одобларидан бири оила аъзолари ва қарамоғидагиларга нисбатан қизғанчиқ бўлмасликдир.

Давлатманд кишиларнинг зийнати сахийлик ва яхшилик қилишдир.

Мол-мулк эгаси зиммасида адо этилиши зарур бўлган кўп ҳақлар бор.

Мол-дунёда Аллоҳ таолонинг бир қанча ҳаққи бор:

  • Мазкур ҳақларнинг биринчиси Аллоҳ таолонинг ҳақларидан бўлмиш закотдир.
  • Молу мулкдаги Аллоҳ таолонинг ҳақларидан бири фитр садақасидир.
  • Мол-мулкдаги Аллоҳ таолонинг ҳақлари ичида турли каффоротлар ҳам бор.
  • Мол-мулкдаги Аллоҳ таолонинг ҳақларидан бири назрлардир.
  • Молу мулкдаги Аллоҳ таолонинг ҳақларидан бири ҳаж ибодатининг сарф-харажатидир.
  • Мол-мулкдаги бандаларнинг ҳаққига оила аъзоларининг, ота-онасининг, опа-синглисининг ва қўл остидагиларнинг вожиб нафақаси ҳам киради.
  • Мол-мулкда камбағал бандаларнинг ҳам мустаҳаб ҳақлари бор.
  • Молу мулкдаги бандаларнинг ҳақларидан бири қарз эгасининг ҳаққини қайтариб беришдир.
  • Мол-дунёдаги бандаларнинг ҳақларидан бири бировга молиявий талофат етказилганда, ўша етказилган талофатни тўлаб беришидир.
  • Молу дунёдаги бандаларнинг ҳақларидан бири бировларга берган ваъдага вафо қилишдир.
  • Сахийлик, мурувват кўрсатиш ва хайр-эҳсон маъносида, савоб умидида мол сарфлаш ҳам бандаларнинг мол-дунёдаги ҳақларидандир.
  • Мол-мулк эгаларининг энг юксак одобларидан бири тавозели бўлиш ва берганини миннат қилмасликдир.
  • Мол-дунё ва унга боғлиқ турли дабдаба-шуҳратлар инсон қадрининг ўлчови бўлолмайди.
  • Инсоннинг ихтиёридаги мол-дунё - омонат, инсон бир халифа (вакил), холос.
  • Тақводор мўмин-мусулмон одамнинг эътиқоди бўйича унинг қўлидаги мол-дунё Аллоҳ берган ризқдир, ўзи яратган нарса эмас.
  • Ислом дини таълимоти бўйича, инсоннинг қўлидаги мол унга Аллоҳ Ўз фазлидан берган омонатдир.
  • Якка мусулмонлар қўлидаги мол-мулк айни вақтда мусулмон жамоасининг ҳам мол-мулки ҳисобланади.

Ҳа, Ислом мол-мулкка шундай назар билан қарайди. Мусулмонлардан ҳар бири қўлидаги молнинг муҳофазасини жамоа аъзоларига топширади.

“Ижтимоий одоблар“ китобидан.

Понедельник, 11 Февраль 2019 00:00

Абу Зуръа Розийнинг вафоти

Буюк муҳаддислардан бўлган Абу Зуръа Розий раҳимаҳуллоҳнинг вафоти яқинлашганда, унинг ёнида шогирдлари Абу Ҳотим Розий ва Муҳаммад ибн Муслим раҳматуллоҳи алайҳимо бор эдилар. Улар Абу Зуръага шаҳодат калимасини талқин қилмоқчи бўлишди, аммо олимнинг ҳайбатидан бу ишга ҳаё қилишди. Чунки Абу Зуръа уларга ҳадисдан таълим берган устоз эди. Шунинг учун икковлари устоз олдида “Кимнинг охирги гапи ЛАА ИЛААҲА ИЛЛАЛЛОҲ бўлса, жаннатга киради” деган ҳадисни ўзаро музокара қилишга келишиб олишди. Шояд устознинг эсларига келиб, шаҳодат калимасини айтсалар деган умидда эдилар. 

Кейин Абу Зуръа раҳимаҳуллоҳнинг ёнига кириб, Муҳаммад ибн Муслим раҳимаҳуллоҳ: “Менга Заҳҳок ибн Махлад ҳадис айтиб берган. У Абдулҳамид ибн Жаъфардан эшитган экан, у эса Солиҳдан...” деди-да, вазият оғирилиги, устознинг аҳволига маҳзунлиги ва ҳаё қилганидан тили тутилиб, дудуқланиб қолди.

Кейин навбат Абу Ҳотимга келди. У: “Бизга Бундор ҳадис айтиб берган. Унга Абу Осим Абдулҳамид ибн Жаъфардан ривоят қилиб ҳадис айтган, у эса Солиҳдан...” деди-да, у ҳам шериги каби тили тутилиб, давом эттиролмади.

Шунда Абу Зуръа раҳимаҳуллоҳ: “Мени ўтқизиб қўйинглар!” дедилар. У кишини ўтқизиб қўйишгач, қаддиларини ростлаб, гап бошладилар: “Бизга Бундор ҳадис айтиб берган. У Абу Осим Абдулҳамид ибн Жаъфардан, у эса Солиҳ ибн Абу Ғарийбдан, у Касийр ибн Мурра ал-Махзумийдан, у Муоз ибн Жабалдан ривоят қилган. У (Муоз) бундай деган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг охирги гапи ЛАА ИЛААҲА ИЛЛАЛЛОҲ” деди-ю, Аллоҳ лафзи жалоласининг охирги “ҳ” ҳарфини айтиш билан бирга муборак руҳи ҳам чиқиб кетди”.

Аллоҳ у кишини раҳматига олсин! Охирги гаплари ЛАА ИЛААҲА ИЛЛАЛЛОҲ бўлди.

Умрлари шу калима устида ўтди. Шу калима асосида яшадилар ва шу калима устида жон бердилар.

Бу қиссани Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ ва бошқа алломалар ривоят қилишган.

 

 

Арабчадан Нозимжон Иминжонов таржимаси

Янгиликлар

Top