muslim.uz
Ўзбекистонда нақшбандия туризм фестивали бўлиб ўтади
Бугунги кунда юртимизда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дунёга машҳур гўзал шаҳарларимизда туризм инфратузилмасини барпо этиш, меҳмонлар учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш, республикамизнинг туризм салоҳиятини замон талаблари даражасига олиб чиқиш ва туризм брендини яратиш йўлини тинимсиз изланишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 7–14 ноябрь кунлари Ўзбекистонда Малайзиянинг “Умумжаҳон Сўфийлар ташкилоти” ташаббуси билан “Hilal travel” сайёҳлик ташкилоти ҳамкорлигида ҳамда бевосита Вазирлар Маҳкамаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Ўзбекистон Мусулмонлар идораси, шунингдек Ташқи ишлар вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида зиёрат туризми йўналишида “Нақшбанд туризм фестивали – 2018” номли халқаро тадбир ўтказилиши режалаштирилган.
Сўнгги пайтларда республикамизда Давлатимиз раҳбарининг бевосита кўрсатмаларига мувофиқ туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани ҳаммага маълум. Ушбу йирик тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам Ўзбекистондаги зиёрат туризми имкониятларини дунёга намоён этишдир. Ўз навбатида, Ўзбекистондан етишиб чиққан ислом дунёсининг йирик намоёдалари, инсоният тамаддунияга улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбандий каби буюк алломаларимизнинг табаррук қадамжоларига мухлис сайёҳларни кенгроқ жалб қилишдан иборатдир.
Фестивалда Нақшбандия тариқатининг 170 дан зиёд вакили, хусусан, Малайзия, Индонезия, Туркия, Буюк Британия, Янги Зеландия, Хитой, Ҳиндистон, Австралия, АҚШ, Замбия ва бошқа мамлакатлардан меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.
Зиёрат дастури доирасида меҳмонлар Бухоро ва Самарқанд шаҳарларининг эътиборга молик муқаддас қадамжоларида бўлишади. У ердаги мажмуаларни зиёрат қилишади.
Меҳмонлар Самарқанддан сўнг пойтахтдаги Ҳазрати Имом мажмуаси ва Ўзбекистон Мусулмонлар идорасига ташриф буюришади.
Шунингдек, фестиваль меҳмонларининг кун тартибидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан бунёд этилаётган “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” номидаги мажмуа ҳудудига ташриф ҳам ўрин олган.
Ўйлаймизки, «Hilal travel» туристик ташкилоти томонидан ташкиллаштираётган мазкур халқаро тадбир, юртимизда зиёрат туризми ривожига ўз ҳиссасини қўшишига ишонамиз.
Манба: Islom.uz портали таҳририяти
АҚШ конгрессига илк бор мусулмон аёллар сайланди
АҚШ конгрессига Миннесота ва Детройт штатларидан икки мусулмон аёл сайланди. Келиб чиқиши сомалилик бўлган миннесоталик Илхон Умар штат округларидан биридаги дастлабки сайловларда ғолиб бўлганди. У ўз оиласи билан Сомалидан фуқаролик уруши бошлангандан кейин қочиб кетган. У АҚШга кўчиб ўтишдан олдин 4 йил Кениядаги қочқинлар лагерида яшаган. Унинг ҳаёти тарихи ва машҳурлиги ошаётгани Трамп томонидан ўтказилаётган қатъий миграция сиёсати фонида айниқса жалб қилади. Ушбу миграция сиёсати туфайли Умар бугунги кунда АҚШда бошпана ололмаган бўларди.
Кun интернет нашрининг хабарига кўра, Детройтдан сайланган демократ Рашид Тлоибнинг рақобатчилари бўлмаган. Унинг ота-онаси Фаластиндан бўлиб, у мусулмон аҳолиси катта бўлмаган округлардаги праймеризда ғолиб бўлганди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Малайзиянинг «CSQLaw» компанияси Ўзбекистонда исломий банкинг хизматларини кўрсатади
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Малайзиянинг «CSQLaw» компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилди. Ушбу учрашувда «CSQLaw» компаниясининг филиалини Ўзбекистонда очиш бўйича музокаралар олиб борилган. Ушбу компания молиявий ва корпоратив хизматларни кўрсатади.
«CSQLaw» компанияси асосчиси Шамсул Камар бин Абд Рани таклиф ҳамда вазирлик фаолияти билан танишишда яқиндан ёрдам учун ўз миннатдорлигини билдирди.
Компания Қозоғистон, Тожикистон ва Афғонистонда исломий банкингни жорий қилишда кўмак кўрсатади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Инсоф - олийжаноблик белгиси
Кел эй комил камол этсанг диёнат
Кишиға қилмағил хар гиз хиёнат
Узатмас бўлсанг анга дасту алтоф
Нечук бўлғай мусулмонлиғда инсоф.
Сўфи Аллоҳёр
Динимиз инсонлар ўртасидаги муносабатларда ҳамиша инсоф, адолат, халоллик хукмрон бўлишини талаб этади ва мусулмонларни шунга чорлайди. Бу муносабатлар инсонни камолотга етаклайди.
Халқимиз орасида “Дунёни обод қиладиган ҳам, барбод қиладиган ҳам ИНСОН ! Инсонни одам қиладиган ҳам, адо қиладиган ҳам ИНСОФ !”, деган ажойиб хикмат бор. Инсоф хаддан ошмасликдир. Баъзан инсоф хақида гапирамиз-у, аммо асли инсофнинг нима эканлигини кўпчилигимиз яхши билмаймиз. Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Инсоф ила адл қасрини кур”деган ишорасида қанча маъно ва мазмун яширинган.
Хар бир инсоннинг инсофли бўлишида, аввалам бор, унинг оиласидаги муҳит, ота-она ва мактабдаги ўқитувчи устозларнинг таълим-тарбияси катта аҳамият касб этади. Инсонни хар бир ишда хам, гапда хам инсофли бўлиши керак. Инсоф бу фақат хақиқатни айтиш эмас, балки кишиларнинг кўнглини топа билиш ва уларга мехрибонлик кўрсатишдир.
Ҳукамолар айтадилар: “Ўн ҳислатни қўлдан бермаслик лозим: тўғрилик, халоллик, инсоф, мулойимлик, кексаларни хурмат қилиш, кичикларга шафқат қилиш, қаноатлик бўлиш, вафодорлик, иффат ва адолат”
Ислом дини кишиларни инсофга одатлантириш учун амалий бир услубни йўлга қўйган бўлиб, унинг асоси Қуръони каримда келганидек, мўминларнинг ўзаро ака-ука эканликлари, шунингдек, ҳадиси шарифларда айтилганидек, уларнинг ўзаро муносабатларида бамисоли бир тана каби эканликлари ҳақидаги ўгитлардан иборат. Жамият аъзолари бамисоли бир тана экан, улардан бирига нисбатан содир қилинган инсофсизлик ва зулм жамиятнинг бошқа аъзоларига ҳам таъсир қилиши муқаррар. Шу боис ҳам динимиз таълимотларида инсоф инсоний алоқаларни муҳофаза қилишнинг асосий воситаси қилиб белгиланган.
Ҳазрати Али каррмаллоҳу важҳаҳу ўз ўғиллари Имом Ҳасан разияллоҳу анҳуга инсоф борасида шундай ўгитлар билан насиҳат қилган эканлар: “Эй ўғлим! Ўзинг билан ўзгалар ўртасидаги муомалангда ўз нафсингни мезон қил. Ўз нафсинг учун яхши кўрган нарсангни биров учун ҳам яхши кўр. Ўз нафсинг учун ёмон кўрганинг ишни бировга нисбатан ҳам раво кўрма. Ўзингга зулм қилинишини ёқтирмаганинг каби бировга ҳам зулм қилма. Ўзингга (Аллоҳ томонидан) эҳсон-яхшилик қилинишини севганингдек, ўзгаларга ҳам эҳсон-яхшилик қил. Бировнинг хулқида хунук санаганинг ишни ўз хулқингда ҳам хунук санагин. Ўзганинг феълида гўзал санаганинг ишларни ўз нафсинг учун ҳам гўзал ва керакли деб бил. Билмаган нарсангни гапирма. Билган нарсангни гапир. Ўзингга қарата айтилишини ёқтирмаганинг сўзни бировга ҳам гапирма”.
Ҳазрат Али разияллоҳу анҳунинг бу сўзларида олам-олам маъно мужассам. Инсон ўзгалар билан муомаласида ўз нафсини мезон қилиши. Биров бизга ёлғон гапиришини, алдашини хоҳламаймизми? Демак, бошқаларга ёлғон гапирмайлик. Биров бирор нарсамизни ўғирлашини қабул қила олмаймизми? Демак, бировдан биз ҳам ҳеч нарса ўғирламайлик. Биров бизга кибр қилиб, ерга уришини истамаймизми? Демак, биз ҳам ўзгаларга таҳқиромуз ва такаббурона муомала қилмайлик. Шундай қилиб, ҳар доим ўзгаларга нисбатан қиладиган муомалаларимизда ўзимизга ўзимиз: “Мен шу муомалани ўзим учун бўлишига рози бўлармидим?!”, деган савол қўяйлик. Мана шу ИНСОФдир.
Инсоф, ҳалоллик, адолат ва виждонлилик тушунчалари динимиз Исломнинг барҳаёт таълимотларида бот-бот таъкидланган муқаддас тушунчалар бўлиб, уларга доимо риоя қилишимиз, одамлар билан амалга оширадиган барча муомала ва муносабатларимизда оғишмасдан амал қилишимиз лозим бўлган маънавий мезон ҳисобланади. Агар инсоф ва адолатни, ҳалоллик ва виждонни ўзимизга мезон қилсак, дунёю охират яхшиликларига эга бўламиз, жамиятимиз янада жипс ва мустаҳкам жамият бўлиб, гуллаб яшнайди. Аллоҳ таоло барчамизни Ўзидан қўрқадиган, инсофли, адолатли ва ҳалол инсонлардан бўлишимизни насиб айласин!
Одилжон Нарзуллаев
Зангиота туман “Имоми Аъзам”масжиди имом хатиби