muslim.uz
Лондонда 423 масжид ва 100 шариат суди фаолият юритади
"Буюк Британия пойтахти аҳолисининг аксари мусулмон бўлган кўпгина мамлакатларнинг пойтахтидан Исломийроқдир", дейди Мавлоно Саид Ризо Ризви. Бу ҳақда Saudi Gazette хабар берди.
Бугунги кунда Лондонда 423 масжид фаолият кўрсатмоқда, 100 шариат суди эса мусулмонларга никоҳ масалалари, мол-мулк ва мерос масалаларида ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Лондоннинг айрим туманларида масжидлар черковлар билан ёнма-ён жойлашган. Масалан, Авлиё Георгий черкови 1230 кишига мўлжалланган, аммо бу ерга атиги ўн икки киши келади. Яқин ўртада жойлашган масжид эса 100 кишига мўлжалланган ва ҳар доим тўла бўлади.
Тахминларга кўра, 2020 йилга бориб Лондонда масжидларга борувчилар сони 683 мингга етади, ҳар ҳафталик ибодат учун черковларга борадиганлар сони эса 679 мингга тушиши кутилмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати
Қозоғистондаги масжидлардан бирига садақа учун терминал ўрнатилди
Оқтўба шаҳридаги бош масжид биноси ёнига эҳсонларни қабул қилиш учун тўлов терминали ўрнатилган эди. Ҳозирча масжид киравериши фақат битта электрон терминал билан жиҳозланган.
islam-today.ru сайтига кўра, мослама фойдаланувчига махсус ҳисобга маблағларнинг тушиши тўғрисидаги квитанцияни беради, бу тафтиш комиссияси аъзолари томонидан кузатиб борилади.
Агар шаҳар аҳолисига эҳсон қилишнинг ушбу тури маъқул келса, бундай терминалларнинг сони ошади.
Хабар берилишича, шу йилнинг саккиз ойи мобайнида терминалга 10 миллион тенге садақа келиб тушган.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Масжид биносига биринчи ғишт қўйилди
Ҳақ Таолога шукрки, юртимизда янги масжидларни бунёд этиш, мавжудларини замонавий шаклда қайта барпо қилиш ишлари давом этмокда. Тошкент вилояти Бекобод шаҳар аҳолисининг бир неча йиллик янги жомега кўчиб ўтиш борасидаги орзу-ниятлари амалга ошадиган бўлди. Бекобод шаҳрида жойлашган “Нўъмон ибн Собит” жоме масжидининг янги биноси аҳоли учун жуда қулай бўлган жойга кўчирилиб, замонавий лойиҳа асосида қайтадан қуриш ишлари бошлаб юборилди.
Куни кеча бўлиб ўтган хайрли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари иштирок этиб, масжиднинг биринчи ғиштини яхши тилак ва хайрли дуолари ила қўйиб бердилар. Маросимда масжид қавми, маҳалла фаоллари ва мўйсафид отахонлар иштирок этдилар. Шунингдек, нуронийлар ва эзгу ниятда йиғилган қалби пок инсонлар ҳам бирин-кетин пойдеворга ғишт қуйдилар.
Бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишмоқда. Зеро, масжид қуришнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган. Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”. Мана шундай савобли ишларга мухлис халқимиз масжид биноси қурилишида фаол иштирок этмоқдалар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Бекобод шаҳридаги “Оқ масжид” номли жомега ҳам ташриф буюриб, унинг фаолияти ва олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишдилар ҳамда иш фаолиятини ривожлантириш бўйича тавсиялар бердилар.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ҳалимликда намуна эдилар
Кўп йиллар дини мубинимиз йўлидаги хизматлари билан танилган, муҳтарам устоз, таниқли уламо Абдураззоқ ҳожи Юнусов табаррук 70 ёшда вафот этди.
Абдураззоқ Миржалол ўғли Юнусов домла 1948 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Абдураззоқ домла ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетини ва Тошкент Ислом институтини тамомлаган. 1970-75 йиллари «Совет Шарқи мусулмонлари» журналида адабий муҳаррир, 1975-1994 йиллари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасида халқаро алоқалар бўлими референти, масъул котиб, 1994-1997 йиллари «Ислом нури» газетаси бош муҳаррири, 1997 йилдан бошлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси раис муовини (бироз вақт маслаҳатчи) бўлиб ишлади. Исломий ахлоқ ва амри маъруф, наҳйи мункар мавзуида уч юз элликдан ортиқ мақоласи, бир неча китоблари чоп этилган.
Абдураззоқ Юнусов домла ўсмирлик чоғларида замонасининг таниқли маърифатпарварларидан бўлган бобоси мулла Юнус ўз хонадонида уюштирган илмий мажлисларда қатнашиб, даврининг атоқли уламолари – шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон, Фозилхўжа Содиқхўжаев, Шорасул Қорабоев (Нофеъ домла), Шоикром Шоисломов ва бошқаларнинг суҳбатларидан баҳра олди. Ана шу суҳбатлар илмга ташна йигит қалбидаги динимизга муҳаббатини янада зиёда қилди, эътиқодини мустаҳкамлади, дин хизматига чорлади. Ўрта мактабни тамомлаганидан сўнг, 1964 йили у ўша вақтдаги Тошкент давлат университетининг ўзбек филологияси факультетига ўқишга кирди ва 1969 йили уни муваффақиятли битирди.
Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон телевидениесида жамоатчи мухбирликдан бошлади. Дин хизматига бўлган муҳаббат ва катта иштиёқ уни Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасига етаклаб келди. Абдураззоқ Юнусов дастлаб 1970-75 йилларда диний бошқарма нашри бўлган “Совет Шарқи мусулмонлари” журналида адабий муҳаррир бўлди. Сўнгра 1976-1994 йиллари қарийб 18 йил Диний бошқарманинг Халқаро алоқалар бўлими ходими сифатида фаолият кўрсатди. Диний идорада ишлаган кезлари бошқарма раиси, муфтий Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон, муфтий ноиби Исмоил махдум Саттиев, идоранинг масъул ходимлари Юсуфхонтўра Шокиров, Абдулғани Абдуллаев, Абутуроб Юнусов, Салоҳиддин Муҳиддинов, Абдулазиз Мансур каби устозлардан таълим олди, уларга эргашди ва тажрибаларидан унумли фойдаланди.
Устоз Абдураззоқ Юнусов домла диний идорадаги фаолияти чоғида Саудия, Арабистони, АҚШ, Австрия, Россия, Озарбойжон, Тожикистон, Қозоғистон каби мамлакатларда ташкил этилган халқаро илмий-амалий анжуманларда қатнашиб, турли маърузаларда чиқишлар қилди. Мамлакатимиздан ҳаж ва умра зиёратига борувчи мусулмонларга мунтазам равишда хизмат қилиб, уларнинг ибодатлари тўкис ва кўнгилдагидек ўтишига ҳисса қўшди.
Абдураззоқ Юнусов диний идора раисининг муовини сифатида фаол хизмат қилди, турли анжуманларда мусулмонларнинг манфаатларини ҳимоя этди, идоранинг халқаро алоқаларини мустаҳкамлаш ишида алоҳида фидойилик кўрсатди. Абдураззоқ домламиз бутун умрини дин ишига бағишлаб, фарзандларини ҳам шу шарафли вазифага рағбатлантирди.
Бинобарин, Аллоҳ таолонинг илмини ўргатиб, шогирдлар етиштирган, фарзандлар вояга етказган банданинг ҳақиқий дунёдаги ҳаёти ана шу ортида қолдирган шогирдлари, солиҳ фарзанду аржумандлари воситаси ила гўзал бўлади, иншоаллоҳ!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ислом – ватанпарвар дин
Ислом – ватанпарвар дин. У фақат ўзини ўйлайдиган, жамиятнинг тараққиёти ёки ҳалокатига эътибор бермайдиган худбин дин эмас. У меҳр-оқибат, шафқат, сийлаи раҳм динидир. Исломда ватанпарварлик олий туйғу сифатида эътироф этилади. Ўтган алломаларнинг ўгитлари, панд-насиҳатларида ҳам бунга алоҳида урғу берилган.
«Ватан» атамаси арабча сўз бўлиб, тилимизда «она юрт» деган маънони англатади. У ҳам кенг ва ҳам тор маънода қўлланилади. Бир халқ вакиллари жамул-жам яшаб турган, уларнинг аждодлари азал-азалдан истиқомат қилган ҳудуд назарда тутилса, бу кенг маънодаги тушунча, киши туғулиб ўсган уй, маҳалла, қишлоқ назарда тутилса, бу тор маънодаги тушунчадир.
Қуръони каримда Ватан, мамлакат, ер, диёр, яшаш манзили каби маъноларни англатадиган иборалар 47 марта такрорланган.
Бир ўринда «Эсланг, сизлардан «Бир-бирларингизнинг қонингизни тўкмайсиз, ўзларингизни (бир-бирингизни) юртингиздан бадарға қилмайсиз», – деган аҳдингизни олган эдик». Сўнгра сизлар яна ўша, ўзларингизни (бир-бирингизни) ўлдираяпсиз, бир қисмингизни юртларидан чиқариб юбораяпсиз, уларга қарши гуноҳ ва зулм ила ҳамкорлик қилаяпсиз», – дейилган (Бақара сураси, 84–85 оятлар).
Муфассирлар ушбу оятларнинг тафсиридан келиб чиқиб, қотиллик қилиш, сургун қилиш, бировларга озор етказиш улкан гуноҳлардан эканини айтиб ўтишган. Айрим ўринларда юртни ташлаб чиқиб кетиш, тарк этиш ҳам кишининг ихтиёридаги нарса эмаслигига эътибор қаратилган.
Пайғамбаримиз ўзлари туғилиб ўсган шаҳардан Мадинага ҳижрат қилаётганларида: «Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим», – деган эканлар.
Ушбу ҳадисдан билинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ватанни қўмсаганлар, уни севганлар. Буни бот-бот тилга олганлар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида Абу Бакр билан Билол иситмалаб қолишди. Мен уларнинг ҳузурига кириб: «Эй, падари бузруквор (яъни, Абу Бакр), эй, Билол, ўзингизни қандай ҳис этмоқдасизлар?» – деб сўрадим. Абу Бакр иситма зўриққанда:
«Уйимда бўлсайдим жон чиқар маҳал,
Пойабзал ипидан яқиндир ажал», – дедилар.
Билол эса, иситма бироз пасайганда, оғриқдан зўриқиб, йиғламсираб шундай деди:
«Тақдирим не эрур, билмасман э воҳ,
Бошимга ажалдан келурму сипоҳ?
Бир кеча бўлса ҳам, она водийим,
Қўйнида ётсайдим, меҳрибон Аллоҳ!
Қониб ичсам эрдим, шаффоф сувларин,
Қанийди, ташласам, унга бир нигоҳ!»
Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб бу ҳақда айтган эдим, у зот: «Ё, Аллоҳ! Бизга Мадинани Макка сингари ёқимли, балки ундан ҳам ортиқроқ суюкли қил! Ё, Аллоҳ! Унинг тошу тарозисига барака ато эт, унинг аҳлини ҳамиша саломат қил. Мана бу безгагни эса Жуҳфага кўчиргин!» – деб илтижо қилдилар» (Бухорий ривояти).
Келтирилган оят ва ҳадислардан маълум бўладики, Ватан инсон учун энг муқаддас, ардоқли, ҳеч бир нарса билан алмаштириб бўлмайдиган, ўз-ўзидан севилишга, ардоқланишга ва қадрланишга лойиқ туйғудир. Бу туйғу ҳеч кимни четлаб ўтмаслиги даркор.
Ҳикматларда “Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”, дейилган.
Аллоҳ барчамизни чин мусулмонлардан айласин. Ватанпарвар, халқпарвар, элу юрт корига ярайдиганлар сафини янада кенгайтирсин.
Фарҳод ЖУМАЕВ,
Бухоро шаҳридаги “Дилкушо” жомеъ
масжидининг имом хатиби
ЎМИ матбуот хизмати