muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 08 Май 2018 00:00

Ўзимиз ибрат бўлайлик

Болалигимизда катталар ёнидан ўтсак, юзимизга қараб: “Ҳой, шошмай тур, сен фалончининг ўғлимисан”, дейишарди. Улар бизни қандай танийди, деб ҳайрон қолардик. Катта бўлгач, бунинг сабабини билиб олдик. Кексалар феълимизда, юриш-туришимизда ё юз-кўзимизда ота-онамизни кўришар экан. Албатта, ҳар бир болада ўзи улғайиб ўсган муҳит таъсири катта бўлади. Ота-онада бор сифат албатта болага ўтади. Оддий мисол: ота-она фарзандини китобга ошно қилишни хоҳласа, уйда китоб жавони бўлиши, болалар ота ё онанинг китоб ўқиётганини доим кўриши керак.

Ёши элликларни қоралаган бир акамиз билан шу мавзуда суҳбатлашиб ўтирсак, бошидан ўтган воқеани айтиб берди:

«Мен олти ойлигимда ота-онам турмушлари бўлмай, ажрашган экан. Мени онам ёлғиз катта қилдилар. Раҳматли имон-эътиқодли аёл эди. Менга бирор марта отам тўғрисида ёмон гап айтмаган. Уйланадиган куним имом домла “фалончининг ўғли” деб отамнинг исмини айтиб никоҳимизни ўқиди. Ўшанда отанинг ҳурмати қанча баланд эканини яна бир бор ҳис қилдим.

Орадан йиллар ўтди. Бир ҳолат мени ҳайратга соларди. Ётар пайтим ёстиқдан ташқари бирор дўмбоқ нарсани бўйним остига ҳам қўйиб оламан. Шундай қилмасам, ҳеч уйқум келмайди. Бу одат менда қачон пайдо бўлган – билмайман.

Бир гал отамнинг тез-тез касал бўлаётганини эшитдим. Зиёрат қилиб, дуоларини олиб келсам майлими, деб онамдан сўрадим. Онам: “У киши отангиз, хоҳиш ўзингизда”, деди. Отамни кўргани бордим, у киши даҳлизда ўтирган эканлар. Салом бериб, кирдим. Йиғлаб кўришдик, анчагача суҳбатлашиб ўтирдик. Ҳаққимга узоқ  дуо қилди. Толиққан эди, ўрнига олиб кирдим. Ёпинчиқни очсам, ўралган сочиқ турибди. Ҳайрон бўлиб отамга қарасам, изоҳлаб: “Шуни бўйнимга қўйиб ётмасам, ҳеч уйқум келмайди...” деди. Таажжубдан қотиб қолдим».

Дарҳақиқат, фарзандлар ота-оналарини такрорлашади. Ҳар бир сифатимиз, феълимиз, ҳатто айрим одатларимиз ҳам улар назаридан четда қолмайди. Оилада муомаламиз қанча чиройли, маънавиятимиз гўзал бўлса, фарзандларимиз ҳам эсли-ҳушли, одобли, диёнатли бўлиб камолга етади.

 

Усмонхўжа САИДОВ,

Ўзбекистон тумани

“Ҳидоят” журналидан

 

Мўминлар онаси Хадича бинти Хувайлиднинг  жияни Ҳаким ибн Ҳизом ибн Хувайлид Каъбаи муаззама ичкарисида туғилган ягона инсондир. 

* * *

Ҳаким ибн Ҳизом обрўли, бадавлат оилада оқил, яхши хулқли бўлиб улғайди. Қавми уни ҳурмат қилиб, рифодат (жоҳилия даврида муҳтож ҳожиларга овқат улашувчи) мансабини беришган эди.

Ҳаким ибн Ҳизом Муҳаммад Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам билан пайғамбарлик келмасидан олдин қалин дўст эди. Беш ёш катта бўлса ҳам оламлар Сарвари уни ўзларига яқин тутар, дўстлигига дўстлик, муҳаббатига муҳаббат билан жавоб қилардилар.

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Ҳакимнинг аммаси Хадича бинти Хувайлидга (розияллоҳу анҳо) уйланганларидан кейин ўрталаридаги алоқа қариндошлик билан янада мустаҳкам бўлди.

* * *

Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васаллам Ҳакимдек эсли-ҳушли, ақл-фаросатли одамнинг ишларидан ҳайрон бўлардилар. У ва у каби бир неча кишиларнинг тез кунда Исломни қабул қилишига умид боғлардилар.

Макка фатҳидан бир кун олдин Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам  саҳобаларга:

– Маккада тўрт киши бор, уларнинг мусулмон бўлмай, мушриклигича қолиб кетиши ақлга сиғмайди, – дедилар.

Саҳобалар:

– Улар кимлар, ё эй Аллоҳнинг Расули? – деб сўрашди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Аттоб ибн Усайд, Жубайр ибн Мутъим, Ҳаким ибн Ҳизом ва Суҳайл ибн Амр, – деб жавоб бердилар.

Аллоҳнинг фазли билан барчаси Исломни қабул қилди.

* * *

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳ этилганидан сўнг ҳам Ҳаким ибн Ҳизомга ҳурмат кўрсатдилар ва жарчиларга бундай дейишни буюрдилар:

“Ким шериги бўлмаган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг қули ва элчисидир, деб гувоҳлик келтирса, молию жони омонда.

Ким Каъбага кириб, қуролини топширса, молию жони омонда.

Ким уйига кириб, эшигини беркитиб олса, молию жони омонда.

Ким Абу Суфённинг уйига кирса, молию жони омонда.

Ким Ҳаким ибн Ҳизомнинг уйига кирса, молию жони омонда...”

Ҳакимнинг уйи Макканинг қуйи, Абу Суфённики эса юқори қисмида эди.

* * *

Ҳунайн ғазотидан сўнг Ҳаким ибн Ҳизом Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига бориб, ўлжадан улуш сўради. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам  сўраганини бердилар. Яна сўради. Сарвари олам яна улуш ажратдилар. Сўрай-сўрай Ҳакимнинг улуши юзта туяга етди. Шунда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам:

– Эй Ҳаким, дунё ширин ва мафтункор. Ким ундан қаноат билан фойдаланса, баракага эришади. Очкўзлик билан ҳаракат қилган, ундан маҳрум бўлади. Тепадаги қўл пастдагисидан яхшироқдир, – дедилар.

Буни эшитган Ҳаким:

– Ё Расулуллоҳ, Буюк Зотга қасам, энди ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамайман, – деди ва умрининг охиригача шу сўзида турди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврида бир неча  марта хазинадан улушини олишга чақиришди, аммо у ҳеч нарса қабул қилмади.

 “Ҳидоят” журналидан

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўткир зеҳн – заковат, фаҳм – фаросат, юксак фазилат эгаси бўлганлар. У зотнинг ўта аниқ ва теран фикрларидан кўплаб одамлар хабардор эди. Кунлардан бирида кечга яқин бир киши Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурларига келиб ўзининг шикоятини арз қилди:

  • Мен пулларимни қаерга беркитиб қўганимни унутиб қўйдим. Илтимос, менга пулларимни топишимда ёрдам беринг, - деди.
  • Шунда Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ:
  • Яхши, аслида бу иш билан шуғулланиш менинг вазифам бўлмаса-да уруниб кўраман, - деб жавоб бердилар.
  • Сўнгра, узоқ ўйлаб Абу Ҳанифа бундай дедилар:
  • Уйингизга бориб Аллоҳнинг ибодати билан тонггача машғул бўлинг, ажаб эмас шунда Аллоҳнинг инояти ила пулларингизни қаерга қўйганингиз ёдингизга тушса.
  • Ҳалиги киши Абу Ҳанифа айтганларидек уйга бориб эндигина намоз ўқишни бошлаётганида бирдан пулини қаерга қўйгани ёдига тушди. Тезда намозини ўқиб, пулини олиш учун шошилиб чиқиб кетди. Эртаси куни яна Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурларига ўзининг қувончи ва ташаккурини изҳор қилиш учун ташриф буюрди. Абу Ҳанифадан қандай қилиб намоз ўқишни бошлаганда пулини беркитган жой ёдига тушишлигини билганлиги ҳақида қизиқиб сўради. Шунда Абу Ҳанифа:
  • Шайтон сени то тонггача намозда қоим туришда кўришни истамайди, шу сабабли, намозни тезда тугатишинг учун сенга пулингни турган жойини эслатди, сен эса намозни тарк этиб пул томон шошиб кетдинг, деб жавоб бердилар.

Даврон НУРМУҲАММАД

Аввал хабар берганимиздек, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурбек Акрамов бошчиликларидаги гуруҳ жойларда аҳоли билан бирма-бир суҳбат қилиш, намозхонлар билан самимий мулоқотлар ўтказиш ишларини Наманган вилоятида давом эттиришмоқда.
Бугун улар Наманган вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов ва туман ҳокими Дилмурод Қодиров ҳамроҳлигида Норин туманига ташриф буюриб, тумандаги “Норин” номли оромгоҳда аввалда адашиб, ҳозир тўғри йўлга қайтган 60 дан ортиқ фуқаролар билан бир пиёла чой устида дилдан суҳбат ўтказдилар.
Мулоқотда бугунги кунда давлатимиз Раҳбари томонидан олиб борилаётган дин соҳасидаги улкан ўзгаришлар, Яратган Парвардигорнинг бундай берган неъматларига шукрона келтириш, тўғри йўлга қайтган кишиларнинг ҳаётини яхшилаш ва муаммоларини бартараф этиш ҳақида сўз борди.
Учрашувда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мўмин-мусулмонларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан бош мақсад қилиб қўйилганини таъкидладилар. Шунингдек, кишиларнинг диний-маърифий саводхонлигини ошириш, имон-эътиқодини мустаҳкамлаш, Ислом динининг эзгу таълимотларини тарқатиш асосий мақсад эканини таъкидладилар.
Муфтий ҳазратлари бугунги доно сиёсатни кенг тарғиб этиш ва динимиз, она-Ватанимизни ҳимоя қилишда ҳамма муносиб ҳисса қўшиши ҳам фарз, ҳам қарз эканини изоҳладилар. Ҳозирги кунда жадал ривожланаётган юртимизни гуллаб яшнашига барча баробар масъул эканини алоҳида айтиб, кенг имконият ва имтиёзлар бераётган Юртбошимиз ҳақларига дуои хайрлар қилдилар.
Шундан сўнг Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурбек Акрамов муҳтарам Президентимизнинг шу йил 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида бир қатор муҳим масалалар билан бир қаторда диний-маърифий соҳада ҳам жуда катта ўзгаришлар белгилангани, айниқса, “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти фаолиятини кенгайтириш, у ерни илм ўчоғига айлантириш, ҳудуддаги мўмин-мусулмонларнинг диний-маърифий билимларини ошириш борасида долзарб вазифалар топширилганини алоҳида қайд этди. Шунингдек, тўй, маърака маросимларни ихчам ва камчиқим қилиб ўтказиш, келажагимиз эгалари бўлмиш ёшларни ноқонуний йўллар билан четга чиқиб кетишларининг олдини олиш борасида ёшларга тушунтириш ишлари олиб бориш зарурлигини сўради.
Мулоқотда Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов бирдамлик, иттифоқчилик фазилати ҳақида гапириб, ўлкамиздаги барча мўмин-мусулмонлар Имом Аъзам Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиб, ўзаро аҳил-иноқ бўлиб яшашлари динмиз буйруқларига итоат ва мана шундай неъматларга муносиб шукроналик эканини айтиб ўтди. Шунингдек, вилоят бош имом-хатиби шу йил 16 апрель куни давлатимиз Раҳбарининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар, хусусан, “жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” ғояси диний-маърифий соҳада олиб борилаётган барча ислоҳотларнинг бош ғоясига айлангани, ёшларнинг таълим-тарбиясини яхшилаш, уларни бузғунчи кучлар таъсирига тушиб қолишдан асрашда дастуриламал бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Давра суҳбати якунида турли рўйхатлардан чиқарилган фуқароларнинг гап-сўзларига қулоқ тутилди. Жумладан, Азимов Сирожиддин, Бобажанов Муроджон, Иноятов Орифхон, Турғунов Музаффар, Ахмедов Аҳмадилло сўз олиб, катта эътибор учун миннатдорлик билдириб, муҳтарам Президентимизнинг ғамхўрликлари натижасида мана шундай эркин, фаравон кунларда турмуш кечиришаётганини билдиришди.
Учрашув дўстони ва самимий руҳда ўтди.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

(Ёхуд ноёб китобни ноёб олтинга алмашмаган ноёб одам ҳақида)

2018 йилнинг 5 май куни Ўзбекистон миллий кутубхонасида Отатурк халқаро университети доценти, таниқли туркийшунос олим, адабиётшунос ва таржимон, доктор Ҳусейн Байдемир билан учрашув бўлди. Ҳусайн афанди шу қадар таъсирчан шаклда бир ҳикоя айтдики, уни салкам бир соат ҳеч ким қулоқ қоқмай тинглади. Жумладан, мен ҳам. Таассуротларим зўр эди, афсуски, қоғозга қуруқ-беҳис тушди. Ҳеч бўлмаса, эсдалик сифатида қадрли бўлар, деган ниятда сизларга ҳам илиндим.

Китоб ўқиш хасталиги – оғир хасталик

1857 йил Туркиянинг Диёрибакр кентида бир болакай туғилади. Унга Али деб исм берадилар. Эсини танигани чоғдан у бир хасталикка – “мутолаа хасталиги”га чалинади. Бола улғайгани сари бу “хасталик” ҳам кучая боради. Бир вақт келади – ўсмирнинг кўзлари хира тортади, кўриши қийин бўлиб қолади. Унга ташхис қўйган табиблар “Борди-ю ўғлингиз китоб ўқишни тўхтамаса, бутунлай кўрмай қолади”, дея қатъий огоҳлантирадилар. Аммо Али Амирийга бу сўзлар заррача кор қилмайди.
Ташвишга тушган оилабошилари ўйлай-ўйлай бир чора топадилар. Шаҳарда мато дўкони очиб, унинг савдо-сотиғини Али Амирийга топширадилар. 
Шундан сўнг тахминан мана бундай манзара ҳосил бўлади:
Дўконга харидор кириб, матонинг нархини сўрайди. Сотувчи ўрнидаги Али Амирий шундай жавоб қилади: “Матонинг метри фалон лира, анави ердан газни олинг-да, ўлчаб, пулини қўйиб кетаверинг”. Ўзи эса отасидан бекитган китобини ўқишда давом этади... Бу хил савдо-сотиқда барака бўлганини кўрган борми? Олти ойда Али Амирий дўкони касодга учрайди.
Оилабошилари яна машварат ўтказади ва улғайиб қолган Али Амирийни бирор давлат идорасига ишга жойлаштириш қарорига келадилар. Зора, шундан сўнг унинг “хасталиги” ортда қолса – мутолаадан чалғиса.
Али Амирий эса шу қадар оғир “хаста” эдики, янги ишидан ҳам шу йўлда фойдаланади. У нима қилади? Диёрибакрдаги бори китобни ўқиб бўлган Али Амирий ўзини бошқа шаҳарга ишга жўнатишларини илтимос қилади. Ўттиз ёшлардаги Али Амирий Арзирум шаҳрига боради. Ҳам ишини қилади, ҳам китобини ўқийди. Икки-уч йилда бу шаҳарда ҳам у ўқимаган китоб қолмайди. Шундан сўнг Али Амирий тағин бошқа шаҳарга ишга тайинлашларини сўрайди.

Китоблар “оиласи”

1908 йилларда Али Амирий Истанбулга келади.
Бу вақтда ёши элликдан ошган китоб “фанат”и на оила қурган, на мол-давлат орттирган, аксинча, топган-тутганига китоб олиш одатини канда қилмасди. Уйидаги кутубхонасида 16 мингта китоб йиғилган, шунинг 4 ярим минги ноёб қўлёзма эди.

Али Амирий эса ҳамон бўш қолди дегунча китоб дўконларини айланар, нотаниш китоб топса, харид қилмагунча тинчимасди. Шу боис ҳам шаҳардаги барча саҳҳоб бу китоб ишқибозини яхши танишар, қўлларига илинган ноёб китобларни аввал унга кўрсатиб олишарди.
1910 йилнинг баҳор кунларидан бирида Али Амирий яна китоб дўконларини айланади. Бир вақт Бурҳон исмли саҳҳоб уни дўконига чорлайди. Унинг қўлида араб имлосида битилган, муқовалари бармоқ қалинлигидаги қўлёзма бор эди. Али Амирий синчковлик билан кўздан кечиради. Қўлёзманинг варақлари алмашган, йиртилган, ўчган – қандай асар эканлигини дабдурустдан англаб бўлмайди. Саҳҳофга уч лира берган Али Амирий қўлёзмани ёлғиз шогирди Рифатга кўрсатмоқ, агар сотиб олишга арзиса, саҳҳобга қўшимча ҳақ тўламоққа қарор қилади.
Устоз-шогирд икки кун қўлёзма саҳифаларига тартиб берадилар. Маълум бўладики...

Шу вақтга қадар илм аҳли орасида Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк” асари машҳур бўлса-да, унинг номигина бор, жисми йўқ эди. Умрини китобга бағишлаган Али Амирий афанди ҳақли равишда ўша жисми номаълум қўлёзмани қўлга киритиб турган эди!
Ҳикоя шу билан тугабди-да, дейсизми? Мутлақо! Қизиғи шундан сўнг бошланади.

Аллада азиз қўлёзма

Тирноққа зор киши элликдан сўнг фарзанд кўрса, зурриётини еру кўкка ишонмайди. Али Амирий учун ҳам “Девону луғотит-турк” ана шундай арзанда бўлиб қолади. Қўлёзмани кимсага бермайди, бериш не – кўрсатмайди ҳам.

Бир оқшом Али Амирийнинг кулбаси эшиги тақиллайди.

– Кимсиз?

– Зиё Кўкалпман. (Ҳа, бу ўзбек халқининг миллий уйғониш даврида фаол иштирок этган ўша машҳур Зиё Кўкалп эди).

– Хизмат?

– Маҳмуд Кошғарийнинг ноёб асарини бир боргина кўрсам дегандим...

– Йўқ! Орадан бир кун ўтади. Тағин Али Амирий афандининг эшиги тақиллайди.
– Ким?

– Афандим, – яна Зиё Кўкалпнинг овози эшитилади. – Имкон беринг, ўша асарни бир боргина дунё кўзи билан кўрай, бир боргина тавоф этай...
– Йўқ!

“Йўқ!” Бу қатъий сўз кимларга айтилди экан яна? Ахир, зиёлиман дегани борки, ҳаммасининг орзуси эди ўша қўлёзма!

Ҳатто Бош вазирга ҳам “Йўқ!”

Чорасиз қолган Зиё Кўкалп ўша вақтдаги Туркия бош вазири Талъат пошонинг ҳузурига бориб, бўлган воқеадан хабардор қилади.
– “Девону луғотит-турк” топилдими? – ҳайратланади бош вазир.

– Бир ҳафта бўлди топилганига.

– Нега биз бехабармиз? – Бош вазир барибир Бош вазир-да!

– Қўлёзма соҳиби уни кимсага кўрсатмаяпти.

Бош вазир Зиё Кўкалпни эргаштириб, йўлга тушади. Яна Али Амирийнинг кулбаси эшиги тақиллайди.

– Ким?

– Мен Туркия Бош вазириман. Ноёб қўлёзмани бир кўриш орзусидамиз.

– Йўқ!

Муддаосига эришолмай ортига қайтган Талъат пошо бошқа йўлга ўтади. Али Амирий ифторликка чақирилиб, унинг шарафига зиёфатлар берилади, кўнгил овлаш бошланади. Оқибат мақсадга ўтилиб, “Девону луғотит-турк” маърифатидан бошқаларни ҳам баҳраманд этишга изн сўралади.
Али Амирий бир шарт билан рози бўлади. “Бул шарт шундан иборатким, қўлёзмани фақат шогирдим Рифатга ишонаман. Фақатгина Рифат асарни таржима қилади”.

Шарт қабул қилинади. Хазинага тенг қўлёзма устида Рифат афанди иш бошлайди. Аммо янги ташвиш туғилади. Асарнинг тўғри-ю эгри ишқибозлари кўпайди, уни қандай асраш мумкин? Рифат афанди уйидаги ҳамма одамларни бир рўйхатга тиркайди: йигирма киши. Деворга мих қоқилади ва унга асар илинади. Ёнида эса бир киши узлуксиз пойлоқчилик қилади. Йигирма тўрт соат!

Асл айнимайди

Бу орада Али Амирийнинг эшиги яна тақиллайди. Келган киши Можористон (Венгрия) Фанлар академияси элчиси экан. «Девону луғотит-турк”ка харидор бўлиб келган бу одам қўлёзма эвазига 10 минг олтин ваъда қилади.

Али Амирийнинг жавоби шундай бўлади:
– Миллатнинг маданиятини сотиш хоинликдир.

Яна бир оқшом эшик тағин тақиллайди. Келган кимса Франция миллий кутубхонаси вакили эди. У қўлёзма учун нималар ваъда қилади? 1) машҳур Париж шаҳрида росмана қаср; 2) Франция миллий кутубхонасининг қўлёзма жойлаштирилган бўлимига “Али Амирий” отини бериш; 3) умрининг охиригача ҳар ойлик маош... ва унинг миқдорини Али Амирийнинг ўзига белгилатиш ҳуқуқи; 4) Али Амирийнинг хизмати учун хизматчилар.
Бу галги жавоб мазмунан аввалги жавобнинг давоми бўлиб янграйди:
– Мен ватан хоини эмасман! Даф бўлинг!

Дунёда ягона садақа

Бу орада Туркия ҳукумати ҳам Али Амирий хизматини тақдирламоққа аҳд қилади. Бироқ Талъат пошо номидан келган 300 олтинни Али Амирий афанди қабул қилмайди.

– Истанбул теграсида ночорлар бор, – дейди Али Амирий. – Улар нонга зор бўлганида бу олтинларни емоқ мен учун ҳаромдир.
Шундан сўнг олтинлар “Девону луғотит-турк” садақаси” номи билан истанбуллик муҳтожларга тортиқ қилинади. Ҳолбуки, дунёда бир асар номи билан тарқатилган садақа-хайрия ўша вақтга қадар кузатилмаган экан!
Бу орада Али Амирий умр шоми яқинлашади. Ўн минглаб китоб ва уларнинг жамидан ҳам зиёд ноёб қўлёзма тақдири нима бўлади эртага? Бу савол Али Амирийни ҳукуматга мурожаат қилишга ундайди: “Менга бир бино ажратинг, барча китобларимни, “Девону луғотит-турк”ни ҳам миллатимга ҳадя этаман!”

– Бугун “Девону луғотит-турк”нинг ўша якка-ягона нусхаси – Истанбулдаги Миллат кутубхонасида сақланади, – деб ҳикоясини якунлади профессор Ҳусейн Байдемир.

 

Отабек МУҲАММАДИЙ

қоғозга туширди.

 

Янгиликлар

Top