muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 28 март куни Тошкент шаҳридаги "Шайх Зайниддин" масжидида имконияти чекланган шахслар иштирокида тадбир ўтказилди. Тадбирнинг ўзига хос жиҳати шундаки ушбу тадбирда ногиронлиги ва эътиборнинг сустлиги сабабли миссионерлик гуруҳлари домига тушиб қолган имконияти чекланган шахслар иштирок этдилар. Уларга муқаддас Ислом дини ҳақида сурда таржимонлар ёрдамида маълумотлар берилди.

“Мен дин йўлида қаттиқ адашганлигимни билдим, иймон келтириб ҳақ динга қайтиш ниятим бор!”- дея кўзларига ёш олган бу йигитнинг сўзлари қалб тубидан чиққан эди. Қўлини юраги устига қўйиб, имо-ишора билан “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” калимасини келтирар экан, кўзларида ёш билан ўз миннатдорчилигини билдирди.

Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсинки, 2 ойдан бери имконияти чекланганлар (кар, соқов) билан олиб борилаётган тадбирларда 50 яқин аёл-эркаклар миссионерликдан ислом динига қайтишди.

2018 йил 28 мартда ўтказилган тадбирда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов имконияти чекланганлар билан уларни қийнаётган муаммолар ҳақида суҳбат олиб борилди. Муаммолар борасида ёшларни иш билан таъминлаш, араб тили грамматикасини ўрганишни ҳохловчиларга курслар очиш, тиббий операциялар учун моддий ёрдам бериш каби масалалар кўрилди.

Имконияти чекланганлар орасидан сўзга чиққанлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятига, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва “Аёллар маслаҳат марказ”ларига, Тошкент шаҳар вакиллигига ўз миннатдорчиликларини билдиришди. Олиб борилаётган тадбирларда уларга ҳам бошқа инсонларга ўхшаб эътибор берилаётгани, суҳбатлар натижасида оилавий низоларнинг барҳам топаётгани, асосийси ислом дини ҳақида етарли илм олаётганликларини изҳор қилишди.

ЎМИ Матбуот хизмати

25 март куни муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари намозхонлар билан мулоқот қилиш, имом-домлаларни фаолликка чақириш ва диний соҳадаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида, Наманган ва Фарғона вилоятларида бўлдилар. Ушбу икки вилоятдаги диний ходимлар, имом-домлалар ва мударрислар иштирокидаги ўтказилган йиғилишларда муфтий ҳазратлари иштирок этиб, нутқ сўзладилар.
Муфтий ҳазратлари ушбу вилоятлардаги йиғилишларда муҳтарам Президентимиз бошчиликларида ўтган бир ярим йил давомида барча соҳаларда улкан ижобий ўзгаришлар қилингани, диний соҳасида ҳам талайгина ислоҳотлар амалга оширилгани тўғрисида сўз қилиб, бунга жавобан шукр қилиш, аҳил бўлиб ишлаш зарурлигини таъкидладилар. Мўмин-мусулмонларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш бўйича ҳамкор ташкилотлар билан бирга-бирга тинимсиз меҳнат қилинаётганини алоҳида қайд этдилар. Бундан ташқари, бугунги кунда имом-хатиблар олдида турган долзарб вазифалар ҳақида тўхталиб, аввало ўзиларининг илмий савияларини, касб-маҳоратларини мунтазам ошириб бориш орқали халқимизнинг диний саводхонлигини юксалтириш ҳақида муфтий ҳазратлари алоҳида тўхталдилар.
Ушбу икки вилоятда бўлиб ўтган йиғилишларда ҳудудларда эътиборсиз қолаётган ҳолатлар ва имом-домлалар фаолиятидаги хато-камчиликларга танқидий баҳо берилди. Жумладан, интернет тармоғидаги диний ходимлар ёки ташкилотлар ҳақида тарқатилаётган бўҳтон, асоссиз хабарларга имомлар томонидан муносабат билдирилмаётгани, воқеа-ҳодисаларга ҳозиржавоблик етишмаётгани ва жойлардаги “Мушкулкушод”, “Азайимхонлик” каби бидъат маросимлар ҳалигача давом этиб келаётгани танқид остига олинди. Бугунги кун имом-хатиби ҳар бир воқеа-ҳодисага ҳозиржавоб бўлиши ва иллатларга қарши курашчанликни янада ошириш зарурлиги таъкидланди.
Сўзга чиққан нотиқлар имом-хатиблар ўртасида ўзаро жипслик, бирдамлик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ҳимоя қилиш каби фазилатлар камайиб бораётгани айтиб ўтилди. Имом-хатиблар ҳар соҳада халқимизга ибрат бўлишлари, дини мубинимиз қандай гўзал эканини ўзларининг юриш-тиришлари, муомала маданиятлари орқали намоён этишлари лозимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ҳаловатини йўқотган юрт

Ўзбекистон ҳукумати ва ўзбек халқи ҳар доим қўшни Афғонистон давлатига ва жафокаш афғон халқига хайрихоҳ бўлиб келган. Геосиёсий ўйинларга бу муаззам мамлакат тинчлик ва хотиржамлигини бой берганига қирқ йил тўлибди. Қирқ йилда бир марта туғилар йигит дейдилар. Яъни инсоннинг ҳам жисмонан, ҳам маънан вояга етиши учун шунча йил керак бўлар экан. Яна баъзилар айтадики, одамга бир иш қирқ кунда одат бўлар экан, Афғонистонда биродаркушлик бошланганига қирқ йил бўлибди. Улар отишмаларга-портлашларга ўрганиб ҳам қолгандир, дейди.

Асло ундай эмас. Афғон халқи ана ўтган қирқ йилнинг ҳар сониясида тинчликни, хотиржамликни орзу қилиб яшаб келмоқда.

Нафсиламри, геосиёсий ўйинлар афғон халқининг ҳаётини издан чиқарган бўлса, бошқа қардош халқларга ҳам кўпдан-кўп мусибатлар ёғдирди. Хусусан, бизнинг Ўзбекистонимиздан ҳам уйидан соппа-соғ чиқиб кетган аскар болаларнинг баъзилари Афғонистонга бориб тобутда қайтиб келди, баъзилар майиб-мажруҳ бўлиб қайтди. Улар ҳали-ҳамон тушларида қўрқиб уйғонади. 

Ўзбекистон ташаббуси билан пойтахтимизда 26-27 март кунлари ташкил этилган «Тинчлик жараёни хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги халқаро конференцияда нутқ сўзлаган Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев “Жафокаш Афғонистон заминидаги бу тўқнашув қарийб 40 йилдан буён давом этмоқда ҳамда «уруш олови» афғон халқига четдан тиқиштирилди, бу афғон халқининг танлови эмас. Ана шу йиллар мобайнида юз минглаб тинч аҳоли уруш қурбонига айланди, миллионлаб инсонлар ўз уйларини ташлаб кетишга ва бошқа мамлакатлардан бошпана излашга мажбур бўлди”, дея таъкидлади.

Президентимиз  халқаро ташкилотлар ва хорижлик сиёсий кучлар аралашгани билан ҳали ҳам Афғонистонда халқаро террорчи гуруҳлар сонининг кенгайиб бораётгани, зўравонлик ва қон тўкишлар, наркобизнеснинг барҳам топмаётгани - буларнинг барчаси бу мамлакатдаги вазият жаҳон жамоатчилиги томонидан инкор этилишига йўл қўйиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлади.

Ҳақиқатан, ўтган қирқ йиллик воқеалар ривожига назар ташлар экансиз, бу мамлакат бошқарувига, сиёсатига аралашган давлатлар бу ерда тинчлик ўрнатилишидан манфаатдор эмасмикан деб ўйлаб қоласиз. Чунки Афғонистон геополитик жиҳатдан, Марказий Осиёнинг бир қисми (ғарблик геополитиклар Марказий Осиёга Афғонистонни ҳам қўшиб катта Марказий Осиё деб аташади) ҳамда Хитой билан Ҳиндистонга чегарадош макон саналади...

Ҳосили калом, Афғонистонда тинчлик ўрнатилишидан афғон халқи ва унинг азалий қўшнилари манфаатдордир. Негаки, ҳақиқий мўмин-мусулмон киши қўшнисининг уйида нотинчлик бўлиб турганда, қўшнисининг аҳли-аёли, фарзандлари оғир шароитда қийналиб қолганда уларни ўйлаб тунлари ухлай олмайди. Илло, бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кун барака кетади, деганларидан хулоса қилинса, қирқ йил жанжал бўлган юртнинг баракаси нима бўлади. Бундай юртнинг қўшнилари қўлидан тутмаса ким унга ёрдам қилади?

 

 

Ён қўшни ­– жон қўшни

Ўзбекистон 2002 йилдан буён Афғонистонга электр энергиясини етказиб бермоқда. Сурхон-Пули-Хумри янги электр тармоғининг ишга туширилиши билан Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш ҳажми кескин ортади, дейилади ЎзА хабар бермоқда.

«Биз биргаликда яна бир стратегик лойиҳани амалга ошириш таклифини илгари сурмоқдамиз. Бу ўзбек мутахассислари томонидан қурилган ва ҳозирги кунда фаолият кўрсатаётган Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўлини Ҳиротгача давом эттириш лойиҳасидир», – деди давлатимиз раҳбари.

Бу лойиҳа Афғонистон иқтисодиётини тиклаш учун аниқ ва амалий чора бўлиб, шу асосда қанчадан-қанча янги иш ўринлари яратилади, мамлакатнинг транзит салоҳияти ошади. Афғонистонликлар етиштирган маҳсулотларини экспорт қилиш, импортга товар олиб кириш ва бошқа масалаларда катта қулайликлар пайдо бўлади.

«Бугун биз ҳам давримизнинг энг ўткир, ҳам минтақавий, ҳам глобал муаммолардан бири – Афғонистондаги қарама-қаршиликни ҳал этишни муҳокама қилиб, биргаликда умумий бир ечим топишга қодирмиз», деб таъкидлади Президентимиз.

 

Халқаро экспертлар фикрлари

Барча тинчликпарвар инсонлар ана шундан умидвордир. Зеро, АҚШ ҳам Ўзбекистон раҳбариятининг Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Тошкентдаги халқаро конференцияда иштирок этган АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннон маълум қилди.

– Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида муҳим ўрин тутади, – дейди Томас Шэннон. – Президент Шавкат Мирзиёевнинг минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, ўзаро қўшнилик алоқаларини мустаҳкамлаш, чегара, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ масалаларга тезкор ечим топиш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз.

Дарҳақиқат, эзгуликка йўғрилган ишни ҳар доим соғлом ақл эгалар қўллаб-қувватлаб келган. Бугун Президентимиз қабулида бўлган Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғли ҳам айнан шундай фикрда эканини маълум қилдилар.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг нутқида «Энг ёмони Афғонистондаги қуролли қарама-қаршилик ва зўравонлик шароитида бутун бир авлод вояга етди. Лекин бу, айрим экспертлар андишасизларча таъкидлаётганидек, «бой берилган авлод» эмас. Улар уруш, муҳтожлик ва қийинчиликлардан чарчаган одамлар, холос. Улар ўзаро низога чек қўйиб, тинч ҳаётга, ўз мамлакатини тараққиёт ва фаровонликка олиб борадиган бунёдкор меҳнатга қайтишни хоҳлайди ва шунга интилади», дейилади.

Ҳақиқатан, кўп йиллик уруш-низолар афғон халқининг тинка-мадорини қуритди. Бу халқнинг одамлари ҳам қўшни давлатлар аҳолисига ўхшаб тунлари тинчгина ором олишни, ёшлари ҳам таълим-тарбия олишни, ўзларининг интеллектуал салоҳиятини намоён этишни орзу қилади. Кўпчилик инсонлар, хусусан, сиёсатчилар Тошкент конференцияси оддий инсонларнинг ана шу орзуларининг амалга ошишига хизмат қилади, деган умиддалар.

 

 

Тошкент деклорацияси имзоланди

Конференция иштирокчилари анжуман якуни бўйича Тошкент декларациясини имзоладилар. Мазкур ҳужжатда минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, аҳил қўшнилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш каби эзгу мақсадлар кўзда тутилган.

Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги Тошкент конференциясининг йигирмадан ортиқ давлат ҳамда Европа Иттифоқи ва БМТ имзолаган 24 банддан иборат декларациясида: минтақавий иқтисодий ҳамкорлик Афғонистон ва бутун минтақада тинчлик ва фаровонликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этиш; Афғонистон ҳукумати ва "Толибон"ни сиёсий музокараларга киришишга; барча мамлакатларни Афғонистоннинг ички ишларига аралашмасликка чақириш; БМТнинг Глобал аксилтеррорчилик стратегияси ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларига мувофиқ терроризмга барҳам бериш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг муҳимлигини қайд этиш; Афғонистонга хавфсизлик соҳасидаги кўмак Афғонистон ҳукумати орқали тақдим этилиши лозимлигини тасдиқлаш;   Афғонистонни Марказий Осиёни Жанубий Осиё ва бошқа минтақалар билан боғловчи табиий кўприк сифатида эътироф этиб, транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга оширишда охирги пайтларда эришилган муваффақиятларни қўллаб-қувватлаш каби долзарб масалалар киритилди.

 

Сиёсатчилар муносабати

Афғонистон давлати раҳбари Ашраф Ғани: “Биз Марказий Осиё давлат раҳбарларининг ҳаракатлари ва сиёсий иродаси туфайли ушбу минтақанинг ажралмас бир қисмига айланаётганимиздан хурсандмиз. Айнан Афғонистон орқали ғарбга, шарққа ва жанубга энг қисқа йўл ўтади. Афғонистон орқали Ҳинд океанига қисқа йўл билан чиқиш мумкин. Марказий Осиё мамлакатлари табиий захираларга бой бўлса, Жанубий Осиё айни хом-ашёга муҳтождир. Афғонистон эса бу борада кўприк бўлиш имконига эга”. 

Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Мубашар Жавод Акбар Афғонистонда инсон ҳуқуқлари ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилмай, ижобий натижага эришиш қийин масала эканини билдирди: «Тошкент кўчасида кўрганимиз – эмансипация (жабр ва зулмдан озод бўлиш, қарамлик ва бидъатлардан қутулиштаҳр.) Кобул кўчасида ҳам пайдо бўлмоғи лозим.

Биз Афғонистон билан турли соҳаларда, жумладан, таълим, транспорт-логистика, енгил саноат ва хорижий сармояларни олиб кириш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Биз Афғонистонда йўқолган шароитларни қайтаришимиз лозим».

Шунингдек, Тошкент конференциясида иштирок этган бошқа давлатлар вакиллари ҳам конференция ишидан қониқиш ҳосил қилганини ва яқин келажакда афғон заминида ҳам тинчлик ва хотиржамлик ўрнатилишидан умидвор эканини қуйидагича изҳор этдилар:

Рольф Вилли Хансен, Норвегия ташқи ишлар вазирлигининг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили

– Мен, энг аввало, ўзбек халқига меҳмондўстлик ва ўзаро дўстона муносабатлар учун миннатдорлик билдираман. Норвегия ҳукумати Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни ва сиёсий ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.

Биз Афғонистон муаммоларини ҳозирга қадар ҳам бир неча марта муҳокама қилган эдик. Истанбул, Кобул учрашувлари бунга мисол бўла олади.

«Толибон» ҳаракати вакиллари музокаралар столига ўтиришга ўзида куч топиши керак. Замонавий тараққиёт даврида муаммоларни дипломатик музокаралар билан ҳал қилиш ўрнига уруш майдонида «қаҳрамонлик» қилишнинг нима кераги бор.

Норвегия ҳар икки тарафни музокаралар столига ўтиришини ва муаммоларни ҳал қилишини сабр билан кутади.

Бир нарсани билишларингизни истайман, Афғонистон ҳам гуллаб-яшнашга, обод мамлакатга айланишга ҳақли. Бунинг учун улар ўзаро келишиб олиши керак. Ҳар бир афғон ўзини уруш оловидан ҳимоя қилишга куч топа олса, уларни дунёдаги барча ҳамкорлари қўллаб-қувватлайди.

Жон Манза, НАТО бош котибининг операциялар бўйича ўринбосарининг ёрдамчиси

– Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича жуда кўп гапирилган. Бу борада НАТО Афғонистон билан кўп йиллардан ҳамкорлик қилиб келади. Мазкур мамлакатдаги тузилмамиз альянси Афғонистон аскарларига кўмак кўрсатаётир. Кейинги бир неча ўн йилликда хавфсизлик масаласи бўйича миллиардлаб доллар маблағ сарфланган.

Аммо Афғонистонда тинчлик ўрнатиш осон иш эмас. Мамлакатдаги нотинчлик халқаро терроризм билан боғланган. Барчамиз бу хавфни қоралаймиз. Бироқ унга барҳам бериш учун ҳали кўп иш қилиниши керак.

Урушга барҳам беришнинг энг самарали йўли келишувга эришишдир. Мана шу мақад учун зарур қадамлар қўйилиши керак.

Буюк Британия бош вазирининг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Гарет Бэйли:

– Афғонистонда тинчликни таъминлаш учун керак бўладиган даражада кўмак бериш, сармоя киритишга ҳамиша тайёрмиз. Хусусан, электр энергияси етказиб беришни ҳам кўллаб-қувватлаймиз.

Афғон аскарлари ва давлати барча кучини тинчликни сақлаш ва таъминлашга сарфлаши керак. Биз бу ҳақда Кобул жараёни халқаро учрашувида ҳам қайд этган эдик.

Биз Афғонистондаги барча овозларни эшитишимиз, уларнинг истакларини инобатга олишимиз шарт. Бунинг учун эса албатта, терроризмга, турли зўравонликларга барҳам бериш керак.

Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанига ҳам бу борадаги ўз позициямизни бир неча марта маълум қилганмиз.

Биз Афғонистон келажагини яхши бўлишини, барқарорлик таъминланиб, турли муаммолар барҳам берилиши тарафдоримиз. «Толибон» билан ўзаро тил топиш ва мамлакатда тинчликни таъминлаш учун албатта, давлат раҳбари кучли сиёсатчи ва дипломат бўлиши керак.

Биз Афғонистон билан узоқ муддатли ҳамкорлик қилишга ҳамиша тайёрмиз. Бунинг учун эса барча муаммоларни ечимини хотиржамлик ва сабр билан ечишга ҳаракат қилишимиз шарт.

Виолен де Вильмор, Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

– Афғонистонда тинч, барқарор муҳит шаклланишидан барчамиз манфаатдормиз. Шу боис Ўзбекистон ва Афғонистон ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз. Франция Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари билан яхши муносабатда. Ўйлаймизки, бундан кейин ҳам алоқаларимиз мустаҳкамланиб боради.

Тошкент конференцияси жафокаш афғон диёрида тинчлик ўрнатиш, тараққиётини йўлга қўйиш йўлида қўйилган янги қадам бўлишига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. Афғонистонда тинчлик  ўрнатилиб, иқтисоди ривож топиши, халқи фаровон ва эмин-эркин яшашидан ҳаммадан кўра Ўзбекистон манфаатдор. Президентимиз табирлари билан айтганда, Ўзбекистон бу мамлакатга ҳар қандай дўстона ёрдамни беришга тайёр. Шу билан бирга Аллоҳ таъолодан бошланган ушбу хайрли ишларни ижобий якун топишини ҳамда минтақамиздаги барча халқлар учун манфаатли бўлиб қолишини сўраб қоламиз. 

ЎМИ Матбуот хизмати

Кувайтнинг Адлия ва дин ишлари вазири Доктор Фаҳад Ал-Афаси мамлакатнинг 9-халқаро Қуръон мусобақаси 10 апрель куни бошланишини эълон қилди. 

“KUNA” агентлигининг хабар беришича, халқаро мусобақа Амир Шайх Сабоҳ Ал-Аҳмад Ал-Жабир Ал-Сабоҳ ҳомийлигида ўтказилади. 

Мусобақадан кўзланган мақсад араб ва мусулмон давлатларида яшовчи Қуръони Каримни ёд олиш билан шуғулланганлар орасида ғолибларни аниқлаш, ёш авлодга Қуръон тиловати ва илмларини ўргатишда имомлар ролига эътиборни қаратиш, шунингдек, Қуръони Каримни ёд олувчиларни рағбатлантиришдан иборат эканини айтиб ўтган. 

Вазир Ал-Афаси жорий йилги мусобақадан кўпроқ одам манфаат кўрсин, деган мақсадда хориж давлатлардан имкон қадар Қуръонни ёд олган кўп вакил иштирок этишини таъминлашга ҳаракат қилинаётганини сўзига қўшимча қилган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top