muslim.uz

muslim.uz

Швейцариянинг Луи Муане («Louis Moinet») бренди ўзининг Шайх Зайд масжиди тасвири туширилган қўл соатини тақдим этди.

Ушбу 200 минг АҚШ доллари қийматидаги соат шу йилнинг май ойида нишонланадиган Бирлашган Араб Амирлигининг биринчи президенти Шайх Зайд ибн Султон ан-Нахаяннинг юз йиллик юбилейи муносабати билан тайёрланган.

Соатнинг корпуси ҳалқасида Қуръони карим оятларидан бири ёзилган. Бундан ташқари у 68 та бриллиант билан безатилган, унинг корпуси эса 18 карат оқ олтиндан тайёрланган. Уммон султонлигининг шайхи ушбу антиқа соатнинг биринчи харидори бўлди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Среда, 28 Февраль 2018 00:00

Мўминнинг сифати – ҳалолликдир

Вилоятларда ҳеч қачон ёнмаган свет учун аҳолидан дўқ-пўписа қилиб пул тўлатиб олиб ўша пулларни туя қилиб кетиш кўп йиллардан бери урф бўлганини ҳамма билади. Аммо буни қарангки, совуқ сувнинг тўлов пули ўзлаштириб кетилиши ҳам бор экан. Ана, нуроталик шоввоз, оз эмас, кўп эмас, нақд 71 кишининг ичимлик суви учун давлат ғазнасига тўлаган маблағини ўзлаштириб олибди.
«Сувоқава» давлат унитар корхонаси Нурота тумани филиалининг собиқ назоратчиси Э.Ҳ. туманнинг Нурфахр, Янгиобод, Эшон Судур ва Бўдиқ маҳаллаларида яшовчи 71 нафар фуқарони чув туширди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. У аҳолининг ичимлик суви учун тўланган жами 5 миллион 300 минг сўмдан зиёд пулини ўз шахсий эҳтиёжи учун сарфлаб юборгани аниқланган.
Хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб халқнинг давлат хазинасига тушиши керак бўлган ёки давлат хазинасидан халққа етиб бориши зарур бўлган пулни ўзлаштириб олиш адлия ва банк ходимлари, солиқчилар, газчилар, светчилар, божхоначилар, бозор маъмурлари, автотураргоҳларда ниҳоятда кўп учрайди. Ҳатто бунга одамлар ўрганиб ҳам қолган. Ана шу жойларга иши тушмаслигини сўраб Аллоҳга дуо қилиб юради-ю, мабодо иши тушиб қолгудек бўлса ҳам ғайриихтиёрий равишда чўнтак кавлаб уларнинг “насиба”сини ажрата бошлайди. Аммо Аллоҳ таоло Аллоҳ таоло:


يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا

“Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо, 29-оят), деб қўйибди.
Модомики, шундай экан, халқдан олиб давлатга етказмаган ёки давлатдан олиб халққа етказмаган одам шариат ҳуқуқшунослиги ва жиноят кодекси бўйича бир неча жиноятни содир этган бўлади. Улар: хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш, товламачилик, ёлғончилик, ўғрилик, фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини ўзлаштириш, шу усулда давлат мулкига чанг солиш ва ҳоказолар. Ана шу санаб ўтилганларнинг биттасининг ўзи ҳам унинг устидан жиноий иш очишга асос бўлади. Бунга жамиятнинг маънавий ҳаққи бор. Чунки Расул алайҳиссалом ҳадиси шарифида: “Ҳар бир фирибгарда қиёмат кунида хоинлик ёрлиғи бўлади. Муслимлар у ҳақда: «Бу Шайтоннинг хоинидир», дейишади" (Саҳиҳ ал-Бухорий), деб уларнинг хабарини бериб қўйганлар. Шайтоннинг хоини бўлган одам жазоланмаслиги мумкинми! Бундайларни жазоламаган давлат парокандаликка юз тутиши, жамиятнинг эса боши жабру зулмдан чиқмаслиги муқаррар бўлиб қолади.
Динимиз инсонларга фириб бермасликни, уларни алдамасликни тарғиб қилади. Ўғрилик қилиш, ёлғон гапириш мўмин-мусулмонга ярашмайди.
Мўминларнинг сифати: ҳалоллик, самимият, вафодорлик, Ватанга муҳаббат, касбга садоқат кабилардир. Мўминлар ана шундай раҳмоний фазилатлар билан безанса; ёлғончилик ва фирибгарлик, ўғрилик, муттаҳамлик каби шайтоний иллатлар чекинади ва жамият покланади. Зотан, давлатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳам бош мақсади шу эмасми ўзи!

ЎМИ матбуот хизмати

Туризм мамлакатнинг қиёфасини, одамларнинг турмуш тарзини, муомала маданиятини буткул ўзгартириб юборадиган ҳодиса.
Аввало, туристлар кўп келадиган мамлакат гуллаб кетади. Чунки сайёҳларга қулайликлар яратиш учун кўплаб меҳмонхоналар, боғлар барпо этилади, йўллар таъмирланади, кўприклар солинади. Одамларнинг муомаласи ўзгариб қаршисидаги киши билан очиқ чеҳрали тарзда мулойим гаплашишни одат қилади Узоқ-яқиндан келган меҳмонлар кўрганда уялиб қолмайлик деган андешада ҳамма жой топ-тоза қилинади, давлатга валюта тушуми ортади.
Зиёрат туризми эса, инчунун. Зеро, бунда зиёрат туризмига келган сайёҳлар ҳам, уларга хизмат кўрсатган мамлакатимиз аҳолиси ҳам савоб олади. Ўтган азизларнинг қаровсиз қолиб кетган қабрлари обод этилади. Ўша манзилларда ётган Аллоҳнинг дўстларини зиёрат этишга келганлар қабр қошида туриб тиловат қилар экан, қабристонда ётган мўмин-мусулмонларнинг ҳақларига ҳам дуо қилиб, Каломи шарифнинг фазилатидан жамики қабр аҳлининг руҳи баҳраманд бўлади.
Ушбу масала 22 февраль куни Президент раислигида ўтказилган туризмни ривожлантиришга бағишланган видеоселекторда қуйидагича таъкидлаб ўтилди: «Юртимизда ислом дунёсида тан олинган алломаларнинг мақбаралари, табаррук қадамжолар кўп. Масалан, турли вилоятларда Нақшбандия тариқатини тарғиб қилган 12 уламонинг қабри бор. Биз ҳозир уларнинг 8таси, яъни Бухородаги «Етти пир» ва Самарқанддаги «Хўжа Аҳрор Валий» зиёратгоҳларини обод қиляпмиз. Лекин Сурхондарёдаги Муҳаммад Зоҳид Бухорий, Алоуддин Аттор ва Қашқадарёдаги Муҳаммад Дарвеш, Муҳаммад Инганакий мақбаралари таъмирга муҳтож», деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимларига ушбу қадамжоларни ободонлаштириш, уларга олиб борувчи йўллар ҳолатини яхшилаш, зиёратчилар учун барча шароитлар яратиш бўйича топшириқлар берди. Ушбу азизларнинг қабрлари, қабристоннинг атрофи обод бўлиши, ўйдум-чуқур бўлиб ётган йўлларнинг текисланиши, сайёҳлар учун яратиладиган шароитлардан сайёҳлардан ҳам кўпроқ маҳаллий аҳоли фойдаланади. Сайёҳлик манзилларига турникетлар, видеокамералар ва йўл кўрсаткичлари ўрнатилади, ахборот марказлари ташкил этиб, уларда туристларни қизиқтирувчи хизматлар йўлга қўйилади. Хизматлар кўрсатилади, савдолар ташкил этилади, сантитария-гигиена шохобчалари очилади. Бу орқали давлат ғазнасига валюта тушуми кўпайтирилади ҳамда аҳолига ўз-ўзидан янги иш ўринлари, даромад манбалари пайдо бўлади.
Демак, зиёрат туризми маҳаллий аҳоли учун ҳам ҳар жиҳатдан катта фойда келтиради, кишиларимизнинг турмуш шароитини яхшилайди.
Йиғилишда зиёрат туризми бўйича мамлакатимизнинг салоҳияти жуда юқори экани, бу йўналишда зарур қулайликлар яратиш мақсадида Дин ишлари бўйича қўмита таркибида Зиёрат туризмини қўллаб-қувватлаш бўлими ташкил этилгани Малайзия, Туркия, Индонезия каби давлатлар учун визасиз режим жорий этилгани таъкидланди. Шунингдек, хориж давлатлардаги элчилар мамлакатимиз, миллий қадриятларимизнинг тарғиботчилари бўлиши, бунга чет элдаги ватандошларимиз ҳам ҳисса қўшиши зарурлиги таъкидланди. Туризм ривожи учун зарур шароитлар яратишга доир устувор йўналишлар белгилаб берилди.
Хорижга борган юртдошларимиз яхши билади: сайёҳлар кўп борадиган давлатлардаги эътиборли биноларга ёки шунга ўхшаш иншоотларнинг кўринарли жойига ушбу иншоотнинг қачон, ким томонидан барпо этилгани, қайси йилларда таъмирлангани, таъмирланганлик даражаси қанчалик даражада бўлгани ёзиб йирик-йирик ҳарфларда қўйилади. Бизда ҳам шу тажриба қўлланилса, бу – сайёҳлар учун яна бир қулайлик бўлиши баробарида уларга йўлбошловчилик қилаётганларга ҳам фойдаси тегарди.

ЎМИ матбуот хизмати

“Ростуризм” хабарларига кўра, 2017 йилда Россияга мусулмон давлатларидан деярли 9,5 млн турист ташриф буюрган. 

Айни пайтда “Ростуризм” сайёҳлик индустрия вакиллари билан биргаликда “Halal Friendly” лойиҳасини амалга ошириш устида иш олиб бормоқда. Меҳмонхоналар, ресторанлар ушбу лойиҳа доирасида ҳалол таомномани таклиф этишмоқда. 

“Экспертларнинг тахминига кўра, 2020 йилга келиб мусулмон давлатларидаги туристлар сони 156 миллион нафаргача ортади ва мусулмон туризм бозори 200 миллиард АҚШ долларини ташкил этади “, – дейди “Ростуризм” раҳбари Олег Сафонов. 

ЎМИ Матбуот хизмати

Юртимизда Ҳафтияки шариф чоп қилинди. Маълумотларга кўра, бу иш биринчи бор амалга оширилди. Бунга сабаб сифатида Ўзбекистонда "Ҳафтияк"нинг фақат Қозон нусхасидан фойдаланилган. Аксар ҳолда Қуръондан савод айнан Ҳафтияки шарифда чиқарилган.

Тошкент босмасининг энг асосий хусусияти, унда тажвид қоидалари ҳам берилган. Қоидалар кирилл алифбосига асосланган ўзбек ёзувида тушунтирилган.

Маълумотларга кўра, сифати ҳам Мадина босманикидан қолишмаслиги айтиб ўтилмоқда.

Аллоҳ Ўзининг Каломи хизматида бўлганларнинг авлодларидан Қиёматга қадар олиму, ҳофизи Каломуллоҳлар чиқарсин.

Қуръони каримнинг бир бўлаги бўлган Ҳафтияки шариф нашрини, юртимизда чоп этилажак Қуръони карим нашрларига муқаддима ўлароқ қабул қилсин!

ЎМИ Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top