muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 05 Февраль 2018 00:00

09.02.2018 й. Оила-муқаддас даргоҳ

Муҳтарам жамоат! Оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, у оқибатда чуқур таназзулга юз тутади. Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади. Чунки, ўзаро меҳрли бўлган ота-оналарнинг фарзандлари ҳам бир-бирларига меҳрибон бўладилар. Бу хусусда Пайғамбаримиз с.а.в.дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:

عَنِ الْمُغِيْرَةِ بْنِ شُعْبَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: خَطَبَتُ اِمْرَأَةً فَقَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: هَلْ نَظَرْتَ إِلَيْهَا؟

قُلْتُ: لَا قَالَ: فَانْظُرْ إِلَيْهَا فَإِنَّهُ أَحْرَى أَنْ يُؤْدَمَ بَيْنَكُمَا

(رواه الإمام الترمذي)

яъни: Ал-Муғира бин Шуъба р.а. айтадилар: Мен бир аёлга совчи қўйдим. Расулуллоҳ с.а.в. менга: “Уни кўрдингми?” – дедилар. Мен: Йўқ, дедим. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Уни кўргин, кўриб (билиб) турмуш қуришлик ўртангизда улфат ва муҳаббат пайдо бўлишига сабаб бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Оилада юксак маънавий муҳитни ташкил этиш жуда муҳим. Бунда оила аъзоларининг, айниқса, эр ва хотиннинг ўзаро муроса-мадорага бориши, ғазаби келганда уни енгиши ва ширин сўзли бўлиши, шу билан бирга, оилавий сирларни кўчага олиб чиқмаслиги сингари бир қатор омиллар жуда катта аҳамият касб этади.

قَالَ أَبُو الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ لِزَوْجَتِهِ: إِذَا غَضِبْتُ فَرَضِّنِي وَإِذَا غَضِبْتِ رَضَّيْتُكِ وَإِلَّا لَمْ نَصْطَحِبْ

яъни: Абу Дардо р.а. аёлига шундай деган: “Ғазабим келганда мени рози қилишга урун, сенинг ғазабинг келганда мен сени рози қилишга урунай. Акс ҳолда бирга яшай  олмаймиз”.

Муҳтарам биродарлар! Кейинги пайтларда оила мустаҳкамлиги, келин-куёвнинг бахтли, туғилажак зурриётларнинг соғлом бўлишини ўйлаб никоҳ олдидан келин-куёвни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳам жорий этилди. Авайлаб-ардоқлаб вояга етказган қизини не-не умидлар ва катта харажатлар билан турмушга узатган, қизлари туфайли куёвли бўлган, набираларни орзу қилган ота-она тўйдан кўп ўтмай куёвининг бедаво дардга йўлиққанини билса, қай аҳволга тушишини бир ўйлаб кўринг. Ёки олган келинингиз бедаво хасталикка чалинган бўлсаю, ота-онаси буни яшириб, узатиб юборишган бўлса-чи? Ана шундай кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш, оила ва фарзандлар иқболини ўйлаб, соғлом оила ва турмушни барпо этиш мақсадида жорий этилган бу тадбирнинг келин-куёвга ҳам, уларнинг яқинларига ҳам фақат фойдаси бор. Пайғамбаримиз с.а.в. мўмин-мўминга фириб беришлиги, уни алдаши мумкин эмаслигини таъкидлаб шундай деганлар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه  أَنَّ رَسُولَ اللهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:

 مَنْ غَشَّ فَلَيْسَ مِنِّي

(رواه الإمام مسلم)

яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в.: “Ким фириб берса, у мендан эмас”, дедилар (Имом Муслим ривояти). Бошқа бир ҳадисда,

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَاِلكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ خَادِمِ رَسُولِ اللهِ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى يُحِبَّ لِأَخِيْهِ مَا يُحِبُّ لِنَفْسِهِ

(رواه الإمام البخاري والإمام مسلم)

яъни: Расулуллоҳ с.а.в.нинг ходимлари Анас бин Молик р.а.дан ривоят қилинади, Пайғамбар с.а.в. дедилар: “Ҳеч бирингиз ўзига яхши кўрган нарсасини биродарига ҳам яхши кўрмагунича мўмини комил бўла олмайди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

         Оиланинг тинч, фарзандларнинг бахтли бўлишлигида эр-хотиннинг ҳар иккиси ҳам оиладаги ўз бурчларини астойдил адо этишга интилишлари муҳимдир. Эр ўз ўрнини йўқотган, хотин эса, эрнинг мавқесига даъвогарлик қилган оилаларда нафақат нотинчлик бўлади балки, эл-юрт, маҳалла кўй орасида ҳам бундай оиланинг ҳурмати бўлмайди. Оилани бошқариш масъулиятини Аллоҳ таоло Қуръони каримда эркакларнинг зиммасига юклаган.

         Яна бир муҳим масала, бу – қурилган оилани бус-бутун сақлаб қолиш. Динимизда оила қуришга тарғиб этиш билан бирга, уни яхшилик билан тутишга буюрилган. Агар эр-хотин ўзаро келиша олмаган тақдирларида ислоҳ қилиш учун ҳар икки томондан ҳакамлар жалб этиш лозим бўлади. Қуръони каримда шундай дейилган:

وَإِنْ خِفْتُمْ شِقَاقَ بَيْنِهِمَا فَابْعَثُوا حَكَمًا مِنْ أَهْلِهِ وَحَكَمًا مِنْ أَهْلِهَا إِنْ يُرِيدَا إِصْلَاحًا يُوَفِّقِ اللَّهُ بَيْنَهُمَا

 إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيمًا خَبِيرًا

 (سورة النساء /35)

яъни: “Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор зотдир” (Нисо сураси, 35-оят). Зеро, эр-хотиннинг орасини ислоҳ қилиш энг савобли амал саналади.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, оилаларимизни фаровон, фарзандларимизни баркамол бўлмоқларини насибу рўзи айласин. Омин!

Муҳтарам жамоат! Мавъизанинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида намозни бузувчи амаллар  ҳақида суҳбатлашамиз.

Намозда озми, кўпми дунёвий сўзни сўзлаш, хоҳ ихтиёрий, хоҳ беихтиёр бўлсин, намозни бузади.

Бирор кишига янглишиб салом берса ҳам намози бузилади. Саломга алик қайтариш  ҳам  хоҳ  қасддан,  хоҳ  янглишиб бўлсин,  намозни  бузади.

Бирор нарса ейиш ёки ичиш намозни бузади.

Қибладан бошқа томонга бурилиш намозни бузади.

Намоздаги бир рукнни бажариш асносида уч марта ортиқча ҳаракат қилиш (масалан: кийимни тўғрилаш, қашиниш ва ҳоказо)  намозни бузади.

Ўзи эшитадиган даражада кулиш намозни бузади,  аммо ёнидаги эшитадиган даражада кулса, таҳорати ҳам, намози ҳам бузилади.

Дунёвий ташвиш туфайли “уф” тортиш,  “оҳ-воҳ” дейиш ва йиғлаш намозни бузади, аммо охиратни ўйлаб, жаннатдан умидвор бўлиб, дўзахдан қўрқиб йиғласа намози бузилмайди. 

Узрсиз томоғни қириш ёки йўталиш ҳам намозни бузади (масалан: атайлаб йўталиш).

Акса   уриб “Алҳамдулиллоҳ” деган кишига “Ярҳамукаллоҳ” дейиш намозни бузади.

Бирор хабарга жавоб бериш гарчи Қуръон ўқиб бўлса ҳам намозни бузади (масалан: ”Фалончи вафот этди”, дейилса, намоз ўқиётган киши: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”, деб жавоб берса намози бузалади).

Таяммум билан намоз ўқиётган киши сувнинг борлигини сезиши намозни бузади.

Бомдод намозини ўқиётганида қуёшнинг чиқиши намозни бузади.

“Аллоҳу акбар” лафзидаги “а” товушини чўзиш намозни бузади.

Қуръонга қараб қироат қилиш намозни бузади.

Одамлардан сўраса бўладиган нарсани намозни ичида Аллоҳдан сўраб дуо қилиш намозни бузади (масалан: “эй Аллоҳ, менга кўп мол бер”).

(“Мухтасарул виқоя” ва “Нурул ийзоҳ” китобларидан)

ЎМИ Матбуот хизмати

Понедельник, 05 Февраль 2018 00:00

Адоват ва нафратдан йироқ бўлайлик

Аллоҳ таоло барча инсонларни бир ота-онадан яратганини билдириб: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик” (Ҳужурот сураси, 13-оят) дейди.

Ўзгаларга нисбатан фикр-ўйларимизда гина-кудуратнинг мавжудлиги зараримизга хизмат қилади. Айни ҳолат ўз хоҳишимиз билан тоқатимиз етмаган юкни кўтаришдек гап. Қуруми тўлиб қолган печни кўз олдингизга келтиринг. Қурумнинг оловнинг ёнишига қай даражада халал беришини тасаввур қилинг. “Банда агар бирор гуноҳ қилса, унинг қалбида қора нуқта пайдо бўлади. Агар у гуноҳини тарк қилиб, истиғфор айтиб тавба қилса, қалби сайқалланади. Агар гуноҳга қайтса қора нуқта катталашади. Ҳаттоки қалбини эгаллаб олади” (Термизий ривояти). Ҳадисни янада қувватлаш учун ушбу оятни келтирамиз: “Балки уларнинг дилларини ўзларининг қилмишлари (гуноҳлари) қоплаб олгандир” (Мутоффифун сураси, 14-оят).

Баъзида рақиб томон қилган ишидан хафа бўламиз-да унинг юришидай жавоб қайтариш мақсадида, у қилган хатони такрорлаб қўямиз? Бу билан биз бир қадам орқага кетган бўламиз. Инсон ўз жаҳлини тия оладиган даражада кучли бўлсагина ўзи ва ўзгаларга яхшиликда бардавом бўлади.

Кимлардир мол-дунёси кўплигидан, насл-насаби, миллати билан такаббурланиб, ўзларини бошқалардан устун қўйиб мақтанади. Аслида эса улар тупроқдан яратилганини унутади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида: “Аллоҳ таоло бандаларининг мол-дунёсига, кийган кийимига эмас, пок қалбига ва қилаётган амалларига қарайди” дейилган. Ҳар бир қилган хатти-ҳаракатимизни кўриб-ёзиб турувчилар бор. Охиратда савол-жавоб бор.

Аллоҳ таоло: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси, 208-оят) деб огоҳлантирган.

Сал нарсага асабийлашиш инсонни ҳар томонлама заиф ва бемор қилади. Кичкинагина нарсаларга ҳам жиддий эътироз ва норозилик билан қарамоқ танадаги ҳужайраларининг бир-бири билан кескин реакцияларининг вужудга келишига сабаб бўлади. Бу эса инсондаги илғор фикр ва ғояларнинг йўқолишига замин яратади. Инсон Аллоҳ таолонинг яратганлари орасида ажойиб мўъжизадир. Ҳар бир соғлом инсонда юқори салоҳият, ихтирочилик ҳамда ўз ҳаракат тезлигига қараб комиллик, юзага келади. Дангасалик, эринчоқлик бизни йўлимиздан тўхтатиб қўяди ёки орқага тортади. Бир-биримизга азоб бериб, бировни камситиб, хатоларга эргашганимиз билан яхшиликка эришиб бўлмайди.

Фикримизни тасдиғи сифатида бир ҳикояни мисол тариқасида келтирамиз:

Бир одам донишманднинг ҳузурига келиб:

– Сиз мудом яхши кайфиятда юрасиз ва ҳеч қачон жаҳлингиз чиқмайди. Менга ҳам ўзингиз каби инсон бўлишимга ёрдам беринг, – дебди.

Донишманд бироз ўйланиб унга картошка ва қоп олиб келишини буюрибди. У қопни олиб келгач:

– Мабодо бирор кимса сени хафа қилгудек бўлса, ундан ғазаблансанг, ўша одамнинг исмини картошкага ўйиб ёзда, ўша картошкани қопингга солиб қўй”, – дебди.

– Бор йўғи шуми? – ажабланибди у.

–  Йўқ, бу ҳали ҳаммаси эмас, ўша одамларнинг исми битилган картошкалар солинган қопни ўзинг билан бирга олиб юришинг керак! Маслаҳат сўровчи донишманднинг ҳузуридан кетаркан ўзидаги иллатдан қутилиш учун унинг айтганларини сўзсиз бажаришга жазм қилди. Шундан сўнг орадан бир оз вақт ўтди. Кунлар ўтган сари унинг қопи картошкалар билан тўлиб оғирлашиб қолди. Қопни доим ўзи билан олиб юриш ниҳоятда ноқулайлик туғдириб, ўйиб исмлар ёзилгани сабабли картошкалар ачий бошлади. Ана шундан сўнг бадбўй ҳид анқиётган картошкалардан фориғ бўлишнинг чорасини излаб яна донишманднинг ҳузурига бориб: 

– Бу картошкалардан қандай қутулишни билолмаяпман. Биринчидан қоп жуда оғир, иккинчидан, картошкалар ачий бошлади. Бошқа бирон нарса таклиф қилинг? – дебди.

Бироқ донишманд унинг гапига унамабди,

– Кўрдингми, инсонларнинг қалбида ҳам худди шу ҳолат вужудга келади, аммо биз буни илғамаймиз. Ишларимиз кўникишларга, кўникишлар феъл-атворга, феъл-атворимиз эса қабиҳ одатларни ўзлаштирувчи инсон бўлишимизга сабабчи бўлади. Мен сенга шу ҳодисани ўз кўзинг билан кўришинг учун замин ҳозирладим. Аразлаш ёки бировни хафа қилишдан олдин мана шу ҳодисани кўз олдингга келтир, – деб унга сабоқ берибди.

Қалбимиздаги гина-кудуратлар картошка мисоли қалбимизга оғир юк ва бадбўйлик олиб келмасин.

Раббимизга қараб: “Менинг анча муаммо ва дардим бор”, дейиш ўрнига  дардимизга қараб: “МЕНИНГ БУЮК РАББИМ БОР!” дейлик. Шунда барчаси хайрли ечим топади, иншоаллоҳ!

Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

Машҳур муфассир, муҳаддис ва фақиҳ Зафар Аҳмад ибн Латиф  Усмоний Таҳонавий 1892 йил Ҳинд диёрининг Девбанд шаҳрида дунёга келган. Уч ёшида онасидан айрилган Аҳмадни ўз қарамоғига олган меҳрибон бувиси илм йўлида фидоий аёл эди. У набирасига ҳар томонлама яхши тарбия бериб, келажакда унинг етук олим бўлиб етишишига замин яратди. Беш ёшида Девбанддаги “Дорул улум” мадрасасида  ҳуснихат, тажвид каби бошланғич илмларни ўзлаштириб, етти ёшида урду, форс тилида ҳисоб ва риёзий китобларни ўрганади. Шундан кейин у Таҳона шаҳрига бориб, умматнинг ҳакими лақабини олган тоғаси  Мавлоно Муҳаммад Ашраф Али Таҳонавийдан  сарф, наҳв ва одобдан сабоқ олди. Орадан бир оз ўтгандан кейин тоғаси урду тилида “Баён ал-Қуръон” китобини ёзишга киришиб, Зафар Аҳмадни Конбурдаги ўзи асос солган “Жомиул улум” номли мадрасага ўқишга жойлайди. Мадрасада тоғасининг шогирдлари Муҳаммад Исҳоқ Бурдувоний ва Муҳаммад Рошид Канбурийлар қўл остида ҳадис илмини пухта ўрганади. Мазкур мадрасада Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий”, Имом Муслимнинг “Саҳиҳ Муслим”, Абу Довуд, Имом Термизий, Ибн Можжа ва Имом Насоийларнинг “Сунан” асарлари, “Мушкот ал-масобиҳ”, “Мусталаҳ ал-ҳадис” каби ҳадис илмига оид муҳим манбаларни ўрганди. Бу илм даргоҳида юқори натижаларга эришгач, иқтидорли талабалар қаторида 1910 йили Зафар Аҳмад Саҳоранфурдаги “Мазоҳирул улум” мадрасасига ўқишга бориб, “Базлул мажҳуд фи шарҳи сунани Абу Довуд” (Абу Довуднинг “Сунан”асари шарҳига бор куч-ғайратни сарфлаш) китоби муаллифи Мавлоно Халил Аҳмад Саҳоранфурий ҳузурида ҳадис илмидан сабоқ олди. Шунингдек, у диний илмлар қаторида мантиқ, ҳандаса ва арифметика каби дунёвий фанларни ҳам яхши ўзлаштириб олди.

Ноёб қобилият ва ўткир зеҳн соҳиби Зафар Аҳмад   мазкур мадрасага мударрис қилиб тайинланиб, у ерда етти йил фиқҳ, усул, мантиқ, фалсафа  каби фанлардан дарс берди.  

Илмда юқори натижаларга эришган ва умматнинг ҳакими деб танилган тоғаси унга “Эълоус сунан” (ҳадислар шаънини юксалтириш) асарини  ёзишга ижозат берди ва унга йигирма йил вақт сарфлади. Натижада ҳанафий фиқҳи бўйича  йигирма жилддан иборат энг муҳим манба вужудга келди.

Мазкур асар Абу Ҳанифага ва ҳанафийлик мазҳабига нисбатан қилинаётган бўҳтонларга барҳам берди. Абу Ҳанифа гўё ҳадис ва суннатни яхши билмаган, унинг мазҳабидаги ҳукмлар китоб ва суннатга асосланмаган, балки шахсий райълар асосида чиқарилган, ҳатто саҳиҳ ҳадислар зиддига ҳам райъга асосланган, деб нотўғри даъво қилувчиларга тўлиқ раддия бўлди. Шунингдек, “Эълоус сунан” асари орқали муаллиф ҳанафийлик мазҳабининг ҳукмлари  Қуръон, ҳадис, ижмоъ ва қиёсий далилларга асосланганини исботлаб берди.

Кейинчалик  Мавлоно Ҳаким буйруғига биноан Имом Абу Ҳанифа ва у кишининг шогирдлари ва шогирдларининг шогирдлари ҳақида “Инжаул-ватан анил-издирои би имомиз-замон” (Ватанни замон имоми билан таҳқирлашдан сақлаш) ҳамда Имом Жассоснинг “Аҳкам ал-Қуръон” китобига асосланиб “Далоил ал-Қуръон ала масаил ан-Нуъмон” (Нўъмон масалаларига Қуръон далиллари) китобларини таълиф қила бошлади. Бу китоб  икки жилддан иборат бўлиб, Нисо сурасининг охирида тугаллаган ҳамда фақиҳ ва  олимлар:  “Ан-назару фийҳи наъиймун муқиймун, ваз-зафару бимислиҳи фатҳун азиймун” (Бу китобга назар роҳатбахш ва ундан ўтказиб бир китоб ёзиш буюк ихтиродир) деб таърифладилар.

Зафар Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ яшаган даврда урду тилида таълиф қилган “Ал-матин фил-ихфааи би омин”, (намозда Фотиҳа сурасининг охирида “омин” калимасини махфий ичида айтиш бўйича матн) “Шаққул-ғайн ан рафул-йадайн” (намозда икки қўлни кўтариш борасида ҳаддан ошиш), “Роҳматул-Қуддус фи таржимати баҳжатин-нуфуус”, “Фатиҳатул-калам фи қироати халфал-имом” (Имомнинг ортидан қироат қилиш масаласи бўйича кириш сўзи) номли китоблари ҳанафийлик мазҳаби ҳукмлари асосли эканини исботлаб берди

Бирма давлатидаги “Ранкун” мадрасасида икки йил ишлаб, катта мажлисларда маърузалар қилди. Шундан сўнг яна Таҳона Буҳунга қайтиб, фатво бериш ва уларни одамларга тушунтириш ишлари билан шуғулланди ҳамда  “Далоил ал-Қуръон” деган асарини давом эттирди.

Сўнгра Покистоннинг Докҳа шаҳридаги университетга ҳадис, фиқҳ ва усул фанлари бўйича мударрис лавозимига тайинланди. Мазкур университетда саккиз йил ишлаб, мударрислар  саййиди унвонига мушарраф бўлди. Шарқий Покистонда Қуръон, ҳадис, фиқҳ ва бошқа илмлар бўйича “Ал-жомиату ал-Қуръанияту ал-арабийя”  мадрасасига асос солди.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи мазҳаби фиқҳининг фидокор ҳимоячиси Зафар Аҳмад ат-Таҳонавий  мана шундай сермаҳсул умр кечириб, умрининг охирида оғир хасталикка йўлиқди ва саксон икки ёшида вафот этди.  Аллоҳ таоло у кишига ўз раҳмати ва ризоси ёнидан жой берсин.

 

Муҳаммадсиддиқ Усмонов тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати 

Мовароуннаҳрда илк ақида ва фиқҳ мактабларининг шаклланиши жараёнида ўзга хос ихтилофлар бўлган. Бунда асосан муайян даврдаги мавжуд эътиқодий, каломга оид қарашлар асосий ўринни эгаллаган. Шуниси эътиборга лойиқки, калом китобларида тортишилган ва қарашлари танқид этилган бундай гуруҳларнинг деярли барчаси аслида Мовароуннаҳрда бўлмаган. Шунга қарамасдан, маҳаллий уламолар томонидан бундай гуруҳлар танқид остига олинган ва халқни булардан эҳтиёт бўлишга чақирган. Аммо аҳли раъй ва аҳли ҳадис гуруҳлари ҳақиқатан Мовароуннаҳрда бўлган ва тарафдорлари ўртасида турли мунозарали ҳолатлар юзага келган. Бу ихтилоф уларнинг маиший ҳаётларига ҳам ўз таъсирини ўтказган.

Масалан, Самарқандда аҳли раъйдан бўлган Абу Бакр ал-Жузжоний қизини аҳли ҳадис бўлган кишига беришдан бош тортган[1]. Бухорода Абу Ҳафс ас-Сағир даврида аҳли ҳадис ва аҳли раъй ўртасида низолар кучайган. У аҳли ҳадисларга раддия сифатида “Ар-радд ало аҳл ал-ҳаво” деган китоб ёзган. Бунда у аҳли ҳадисларнинг Абу Ҳанифа ҳақидаги қарашларини рад этиб, Абу Ҳанифанинг илмий даражаси юқорилигини кўрсатиб беришга ҳаракат қилган. Шу сабабли ушбу китоб “Зикр маноқиб Абу Ҳанифа” деб ҳам аталади. Абу Ҳафс ас-Сағир даврида Абу Ҳанифа ва Шофеъийнинг устунлиги борасида турли қарашлар бўлган. Абу Ҳафс ас-Сағир устозларининг сонини кўрсатиш билан устунликни аниқлашни таклиф қилади. Санаб кўришса, Шофеъийнинг устозлари 80 та, Абу Ҳанифанинг устозлари 4000 та бўлиб чиқади. Абу Ҳафс ас-Сағир шунда “бу устунликни билдирадиган энг очиқ мисолдир” деб айтади[2].

Диққатга сазовор жойи шуки, Абу Ҳафс ас-Сағир ушбу асари Мовароуннаҳрда Абу Ҳанифанинг манқибаларни ёзишга туртки бўлади. Кейинчалик Абдуллоҳ ал-Устоз ал-Ҳорисий ас-Субазмуний (ваф. 951 й.) «Кашф ал-осор фи маноқиб Абу Ҳанифа» деган асар ёзган. Бу асар мазкур соҳадаги илк манбалардан бўлгани учун бобларга ажратилмаган. Унда Абу Ҳанифа ҳақидаги фикрлар холислик билан ёритилгани, бошқа маноқиблар каби ҳаддан ошириб бўрттириб кўрсатилмагани учун кейинги олимлар томонидан танқидга учрамаган.

Ундан сўнг кўзга кўринган асарлардан Абу-л-Муайяд ал-Хоразмийнинг «Маноқиб Абу Ҳанифа» асарини кўрсатиш мумкин. Шу билан бирга унинг «Маноқиб Абу Ҳанифа» ва Абу-л-Муайяд Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад ал-Хоразмийнинг (ваф. 1266 й.) «ал-Жомиъ ал-масонид» («Муснадлар мажмуи») китобларида Абу Ҳанифанинг буюклигини кўрсатувчи мавзуъ (тўқима) ҳадислар учрайди[3]. Жумладан, «Абу Ҳанифа умматимнинг чироғи…», «…умматимнинг олими»[4], «Умматимдан бир киши бўлади, унинг исми Нўъмон ибн Собит, куняси Абу Ҳанифа, у Аллоҳнинг динини ва суннатимни тирилтиради»[5] ва шу каби мазмундаги бошқа ҳадислар ислом оламида тан олинган тўққизта саҳиҳ тўпламларда учрамайди.

Буларнинг барчаси Абу Ҳанифанинг мақомини юқори кўтариб, аҳли ҳадислардан ҳимоя қилиш бўлган.

Бухорода ҳадис билан боғлиқ низолар кучайган вақтда Бухоро олимларининг раиси Абу Ҳафс ас-Сағир аҳли ҳадисларнинг кўзга кўринган вакили Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийни чақириб, бир масала бўйича мунозара қилади. Шундан сўнг у Бухорода танқидга учраб, шаҳардан чиқариб юборилади[6].

Аҳли ҳадис бўлган Муҳаммад ал-Бухорий ўзининг “Ат-тарих ал-кабир” асарида Абу Ҳанифанинг муржиий бўлганини ҳамда раъйи ва ривоят қилгани ҳадисларининг тарк этилишини таъкидлаган[7] ва “Ат-тарих ас-сағир” китобида Абу Ҳанифани танқид этадиган хабарларни келтирган[8].

Ҳатто имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” китобида Абу Ҳанифанинг қарашлари ҳақида 122 жойда “баъзи инсонлар айтдиларки” шаклида баҳс юритиши аҳли ҳадис ва аҳли раъй ўртасидаги низоларнинг кенглигини кўрсатади[9].

Аҳли ҳадислар қуйидаги таклифлар билан чиқишган:

– шаръий масалаларнинг барчаси нассга боғланиши керак;

– Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган барча ривоятлар қатъий текширилиши (жарҳ ва таъдил) лозим;

– агар бундай текширувдан ўтмаса ёки муҳаддисларнинг тўпламида бўлмаса уларни диний аҳамиятга эга эмас деб эълон қилиш керак;

– бу тартибда иш юритмайдиганлар шахсий истаклари бўйича иш кўраётганлар (аҳли ҳаво) деб баҳоланиши лозим.

Шу билан бирга Мовароуннаҳрда Ироққа асосланувчи аҳли раъй вакилларини қуйидагиларда айблашган:

– ақлга кўп суянишда. Шу сабабли уларни аҳли раъй деб аташган;

– эътиқодий қарашлари жиҳатидан муржиийликда;

– диний маросимларга оид тартиб-қоидалари[10].

Аҳли ҳадисларнинг асосий қисмини араб миллатига мансуб бўлган кишилар ташкил қилар эди. Жумладан, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн ал-Ҳусайн ал-Бадиний ал-Бухорий (в. 167/783 й.), Абу Исҳоқ Иброҳим ибн ал-Ашъас ал-Бухорий (II/VIII аср), Абу Муҳаммад Будайл ибн Нахшал ал-Бухорий (в. 205/820 й.), Абу Ҳузайфа Исҳоқ ибн Бишр ал-Бухорий (в. 206/821 й.), Исҳоқ ибн Ҳамза ал-Аздий ал-Бухорий, Баён ибн Амр ал-Бухорий (в. 222/837 й.), Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Жуъфий ал-Маснадий (в. 229/844 й.), Абдуллоҳ ибн Сурайж аш-Шайбонийларни (III/IХ аср)[11] кўрсатиш мумкин. Мавлолардан Исо ибн Мусо ал-Ғунжор ат-Таймий (в. 186/802 й.), Муҳаммад ибн Саллом ал-Пайкандийлар (в. 225/839 й.) ҳам аҳли ҳадис бўлганлар. Аҳли ҳадислар асосан тижортчилар бўлган. Бу уларнинг турли шаҳарга бориб ҳадис тўлашларига имкон берар эди. Фақиҳлардан иборат бўлган аҳли раъй эса асосан муайян шаҳарда муқим бўлган.

Аҳли ҳадислар билан низо ҳанафийларни аҳли ҳадиснинг муайян унсурларини қабул қилишга ундаган. Масалан, илм олиш бўйича иснодлар пайдо бўлади, дарслар имло шаклида ўтилади ва имло қилинган китоблар юзага келади[12]. Шу билан бирга, ҳанафий мазҳабининг мазҳаб асосчиларидан келган масалаларини ишончли кишилардан нақл қилинганлар (зоҳир ар-ривоя) ва бу даражада бўлмаган кишилар нақл қилган қарашлар ёки китоблар (нодир ар-ривоя) шаклида таснифлаш юзага келади. Абу Ҳафс ас-Сағирнинг “Ар-радд ало аҳл ал-ҳаво” ва Абдуллоҳ ас-Субазмунийнинг “Кашф ал-осор фи маноқиб Аби Ҳанифа”, Муваффиқ ал-Хоразмийнинг “Маноқиб Аби Ҳанифа” асарлари ушбу анъана асосида ёзилган.

Ҳанафийлар муҳаддисларни фақиҳлар учун “манба” топиб берадиган кишилар сифатида баҳолашган. Абу-л-Ҳасан ар-Рустағфанийга шундай савол берилган экан: “Асҳоби раъй ва асҳоби ҳадисдан қайсиси яхшироқ?” Шунда у шундай жавоб берган экан: “Асҳоби раъй вазирларга ўхшайди, асҳоби ҳадис эса маълумот етказувчиларга (асҳоб ал-барид) ўхшайди. Асҳоб ал-барид хабарларни даражасига қараб кўтаришса, вазирлар уларни ўз жойларига қўйишади. Асҳоб ал-барид ҳатто уларнинг қаерга қўйилганлигини ҳам билмайди. Худди шунингдек, асҳоб ал-ҳадис дунё бўйлаб юриб, ҳадис тўплайди ва уларни бизларга тақдим қилади. Бизлар ушбу маълумотларни кўриб, фикр ва мулоҳаза қилиб, улардан ҳукм чиқарамиз ва уларни ўз жойларига қўямиз. Улар эса бу ҳақида билишмайди ҳам[13].

А.Мўминов ушбу икки гуруҳнинг ўзаро низоларида яна бир жиҳатга урғу беради: муҳаддислар ўзига тўқ кишилар, фақиҳлар эса ўрта ва кам таъминланган табақадан бўлган[14]. Буни аҳли ҳадиснинг “Ким аҳли ҳадисдан бўлганларнинг камбағал бўлиши кам учрайди” деган гапига жавобан ар-Рустағфаний камбағалларни ҳимоя қиладиган оятларни келтирган экан[15].

Муқаддасий аҳли ҳадиснинг бир неча гуруҳини санаб ўтади. Улар: авзоия, раҳувайҳия ва мунзирия бўлиб, саврияни юқолиб кетган гуруҳлар қаторига киритади[16]. Бу эса тадқиқотчиларни аҳли ҳадиснинг ўз мазҳабларини яратишга интилишган деган фикрга олиб келган. Уларнинг гуруҳлари секин йўқолиб кетганлиги учун улар кейинчалик ҳанафийларга сингишиб кетган. Муқаддасий ҳатто аҳли ҳадисни шофеъийлардан фарқли эканлигини кўрсатиб, улар қисман ҳанафийларга, қисман шофеъийларга, қисман шиа ва қарматийларга яқинроқ бўлган дейди[17]. Бу эса аҳли ҳадис деганда кўпроқ муҳиддислар, аҳли раъй деганда кўпроқ ё фақиҳлар ёки ҳанафийлар кўзда тутилган деган фикрга олиб келади.

Х.Халм эса Шарқда аҳли ҳадис деганда фақат шофеъийлар назарда тутилган дейди[18]. Аммо манбалар шофеъийларнинг Мовароуннаҳрда кам бўлганини кўрсатади[19]. Буни Абу Бакр ал-Форисий аш-Шофеъийнинг “Абу Ҳанифанинг юртида меҳмонмиз” деган гапи ҳам тасдиқлайди[20].

Аҳли раъй ва аҳли ҳадис таснифига фиқҳий моҳиятга эга деган ёндашув билан Мовароуннаҳрдаги тортишувларни кузатадиган бўлсак, бу соҳада кўплаб китоблар ёзилганини кўриш мумкин. Бу туркумдаги китобларни А.Мўминов “мухталиф ар-ривоя” жанридаги китоблар деб таснифлайди[21]. Бу жанрда Мовароуннаҳрда ёзилган манбаларни А.Мўминов 15 та деб кўрсатса ҳам уларнинг барчасини ушбу жанрга киритиш тўғри эмас. Чунки Али ас- Суғдийнинг “Ан-нутаф фи ал-фатово” ва Абу-л-Лайс ас-Самарқандийнинг “Уйун ал-масоил” асарлари фатово жанрида ёзилган. Аслида олим уларни турли ихтилофларни ёритиб бергани учун киритган бўлса-да, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” ва бошқа китобларни бу туркумга киритиш лозим бўлади.

Алишер ЗИЁЕВ,   
Олмазор туманидаги “Абу Бакр Қаффоли Шоший”

 жоме масжиди муаззини

ЎМИ Матбуот хизмати

 

[1] Муминов А. Роль и место ханафитских улама в жизни городов Центрального Мавараннахра (II-VII/VIII-XIII вв.). Диссертация на соискание степени доктора истрических наук. –Ташкент. 2003. С. 143.[2] Абу ал-Муайяд ал-Муваффақ ибн Аҳмад ал-Маккий. Маноқиб Аби Ҳанифа. Т. 1. Б. 38[3] Қаранг: Жузжоний А. Ш. Ислом ҳуқуқшунослиги. Ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари. – Т.: Тошкент ислом университети, 2002. – Б. 124.[4] Абу ал-Муайяд ал-Хоразмий. Ал-Жомиъ ал-масонид. Т. 1. –Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1980. Б. 14.[5] Абу ал-Муайяд ал-Муваффақ ибн Аҳмад ал-Маккий. Маноқиб Аби Ҳанифа. Б. 18.[6] Муминов А. Роль и место ханафитских улама в жизни городов Центрального Мавараннахра (II-VII/VIII-XIII вв.). С. 143.[7] Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Ат-Тарих ал-кабир. –Байрут: Дор ал-фикр. Нашр йили кўрсатилмаган. Т.8. Б. 81.[8] Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Ат-Тарих ал-сағир. –Қоҳира: Мактабат дор ат-турос, 1977. Т.2. Б. 43, 100.[9] Sonmez Kutlu. Turklerin islamlasma surecinde murcie ve tesirleri. –Ankara: TDV, 2000. S. 259-260.[10] Муминов А. Роль и место ханафитских улама в жизни городов Центрального Мавараннахра (II-VII/VIII-XIII вв.). С. 144-145; Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Ануш ал-Ҳасирий ал-Бухорий. Ал-Ҳовий фи ал-фатово. Сулайманийа, Hekimoğlu Ali Paşa 402. В. 257б[11] Kurt H. Orta Asya’nın Islâmlaşma Sűreсi (Buhârâ őrneği). –Ankara: Feсr Yayınları, 1998. S. 290-297.[12] Муминов А. Роль и место ханафитских улама в жизни городов Центрального Мавараннахра (II-VII/VIII-XIII вв.). С. 210.[13] Аҳмад ибн Муса ал-Кашший. Мажмуъ ал-ҳаводис ва ан-навозил. Сулайманийа, Yeni Сami 547. В. 315а[14] Муминов А. Роль и место ханафитских улама в жизни городов Центрального Мавараннахра (II-VII/VIII-XIII вв.). С. 215.[15] Аҳмад ибн Муса ал-Кашший. Мажмуъ ал-ҳаводис ва ан-навозил. Сулайманийа, Yeni Сami 547. В. 315а[16] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Муқаддасий. Китоб Аҳсан ат-тақосим. Б. 37[17] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Муқаддасий. Китоб Аҳсан ат-тақосим. Б. 40[18] Halm, Heinz. Die Ausbreitung der šāfiitisсhen Reсhtssсhule von den Anfängen bis zum 8./14. Jahrhundert. Wiesbaden, 1974. Р. 109[19] Madelung W. The Spread of Māturīdism and the Turks // Aсtas IV Сongresso de Estudos Аrabes e Islāmiсos. Сoimbra-Lisboa 1 a 8 de Setembro de 1968. Leiden: E.J.Brill. 1971. Р. 124[20] Муҳаммад ибн Ибрахим ибн Ануш ал-Ҳасири ал-Бухари. ал-Ҳави фи-л-фатава. Сулайманийа, Hekimoğlu Ali Paşa 402. В. 273б[21] Муминов А. Роль и место ханафитских улама в жизни городов Центрального Мавараннахра (II-VII/VIII-XIII вв.). С. 87.

 

Янгиликлар

Top