muslim.uz

muslim.uz

(1-мақола): Бизга миллий мафкура – халқ мафкураси керак

Миллий истиқлол мафкураси давлатимиз фуқароларини улуғ мақсад йўлида қалбан бирлаштиришга кўмаклашиши керак. Ислом Каримов[1]

Мустақил Ўзбекистон тараққиётининг узлуксизлигини таъминлаш учун халқни бир мақсад йўлида бирлаштириш муҳим аҳамиятга эгадир.

Ўзбекистон мустақилликка эришиши билан собиқ советлар тузумининг мафкуравий ақидаларидан воз кечиш лозим эди. Совет мафкураси коммунистик партиянинг ғояларига таянувчи ва совет тоталитар режимининг ғоявий таянчи функциясини бажарар эди. Бу мафкура қадимий ва бой тарихий маънавий қадриятларга эга халқнинг манфаатларига мос келмайдиган мафкура эди. Шу сабабли ундан воз кечилди. Мустақиллик мафкурасининг концептуал асослари ҳали яратилмаган. Бунинг устига халқимизнинг миллий менталитети мустамлакачилик даврларида жиддий деформацияга учраганди.

Бундай шароитда, яъни амалдаги мафкурадан воз кечилган, янги мафкуранинг концептуал тамойиллари ишлаб чиқилмаган бир шароитда изчил оилавий тарбия кўрмаган, ўзлигини англаб олишга улгурмаган айрим ёшларимиз онгида мафкуравий бўшлиқ (вакуум) ҳукм сурарди. Бундай ёшларни бегона мафкуралар таъсиридан ҳимоялаш ҳам долзарб вазифа бўлиб қолди.

Мустақиллик арафасида (ошкоралик даврида) ва мустақилликнинг илк даврида турли экстремистик оқимлар ва диний-конфессионал йўналишдаги миссионерлик ташкилотлари мафкуравий қадриятлари шаклланмаган соддадил ёшларимизни ўз сафларига қўшиб олишга ҳаракат қилишди ва бунга эришишди ҳам. Бу мамлакатимиз мафкуравий мустақиллигини сақлашга, мамлакатда барқарор тинчликни таъминлашга қарши катта хавф эди. Айниқса, кўп миллатлар ва элат вакиллари яшайдиган, турли дин ва диний конфессияларга эътиқод қиладиган бизнинг юртимизда миллатлараро, динлараро можаролар бошланиб кетиш хавфи кескинлашиши мумкин эди. Бунинг устига халқимиз 70 йиллик курашчан атеизм ҳукмронлиги даврида мусулмончилик анъаналаридан ҳам бирмунча бегоналашган эди. Мустақиллик муносабати билан мамлакатимизда диний эътиқод эркинлигига кенг йўл очилди. Бу масалада Ўзбекистоннинг биринчи Президенти И.А.Каримов 1992 йил 2 июлда сўзлаган нутқида шундай деган эди: “Динга, диний ташкилотларга кенг йўл очиб берилди. Буюк ҳажга илгари нари борса беш-олти киши борарди. Энди ҳар йили минглаб одамлар муқаддас жойларга эмин-эркин зиёратга боришяпти. Дин одамзодни ҳеч қачон ёмон йўлга бошламайди. Дин бу дунёнинг ўткинчи эканини, охиратни эслатиб туради, одам боласини ҳушёр бўлишга, ҳаром йўллардан узоқ юришга, яхши бўлишга, яхши из қолдиришга ундаб туради. Биз динга бундан кейин ҳам барча шарт-шароитларни яратиб берамиз. Диний расм-русумларга, байрамларга, диний тарбия ва таълимга доимо жиддий эътибор берилади”[2]. (Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти илгари сурган бу ғоялар бугунги кунда Ш.М.Мирзиёев муваффақиятли равишда амалиётга тадбиқ этмоқда).

Динга бундай демократик ёндашувни ўша даврда ҳамма ҳам тўғри қабул қилмасди. Юртимизда эътиқод эркинлиги қарор топиши билан халқимиз эмин-эркин ибодатларини давом эттира бошлашди, аммо, анъанавий диний ибодатлар билан фундаменталистик ғояларни ажрата олмайдиган баъзи ёшлар ва соддадил катталар динни бирёқлама тушуна бошлади. Бундай кишилар онгига диний қадриятлар сифатида турли хил диний ақидапарастлик ғоялари билан мутаассиблашган оқимларнинг бузғунчи ғоялар ҳам суқилиб кира бошлади. Бундай вазиятда миллий истиқлол ғояси ва мафкурасининг концептуал асосларини ишлаб чиқиш ҳаётий заруриятга айланди.

Ўзбекистоннинг биринчи Президенти мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ бу масалага алоҳида эътиборни қаратди. Ислом Каримовнинг жамоатчилик олдидаги чиқишларида миллий манфаатлар, миллий истиқлол, ватанпарварлик, миллий қадриятлар ва миллий менталитет масалаларига асосий эътибор қаратилган эди. Буни айрим сиёсатдонлар Ислом Каримовнинг миллатчиликка йўл очиши деб талқин эта бошлашди. Аммо ўзбек халқининг асрлар давомидаги эзгу нияти мустақил давлатчилигимизни ривожлантириш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш йўли билан амалга ошиши оддий ҳақиқат эди.

Халқни миллий манфаатлар ҳимояси йўлида бирлаштириш учун халқнинг мафкуравий концепциясини ишлаб чиқиши лозим эди. Бу ҳаётий заруриятни чуқур англаган И.А.Каримов ўзининг асарлар тўпламининг 1-жилдини “Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура” деб атади. Бу китобда Ўзбекистоннинг барча соҳалардаги миллий манфаатлари ўз ифодасини топган эди.

И.Каримов миллий мафкуранинг концептуал асосларини ишлаб чиқиш лозимлигига алоҳида эътибор бериб, Ўзбекистон Республикаси конституцияси қабул қилинган куннинг бир йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали мажлисда шундай деди: “Асосий қонунимизда ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривож-ланади, дейилган. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси мақомига кўтарилиши мумкин эмас. Бу конституциявий қоида бизнинг олдимизга миллий истиқлол мафкурасини яратиш вазифасини қўяди.

Миллий истиқлол мафкураси халқимизнинг азалий анъаналарига, удумларига, тилига, динига, руҳиятига асосланиб, келажакка ишонч, меҳр-оқибат, инсоф, сабр-тоқат, адолат, маърифат туйғуларини онгимизга сингдиришга хизмат қилиши лозимлигини ҳеч қачон унутмайлик“[3]. Ҳақиқатдан ҳам бу масала ниҳоятда долзарб масала эди. И.Каримовнинг кейинги мақолаларида, айниқса, “Тафаккур” журнали бош муҳаррири Эркин Аъзамов билан суҳбатда миллий мафкура масаласи бош мавзу сифатида муҳокама қилинди[4]. Бу суҳбатда мафкуранинг моҳияти, унинг асосий вазифалари, тоталитар мафкуранинг оқибатлари. Жаҳондаги мафкуравий жараёнлар, мафкуравий полигоннинг ҳар қандай ҳарбий полигонлардан хатарли эканлиги. Миллий мафкуранинг хусусиятлари ва унинг жамият тараққиётидаги ўрни, мафкуравий бўшлиқнинг вужудга келиш сабаблари, мафкуравий иммунитет ва унинг жамият барқарорлигини таъминлашдаги ўрни, миллий мафкурани ёшлар онгига сингдириш йўллари, мафкурасизлик, мафкуравий нигилизм ва бошқа масалалар бу суҳбатда муҳокама қилинган[5].

Бахтиёр ТЎРАЕВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари, фалсафа фанлари доктори, профессор

 

[1] Каримов И.А. Буюк келажагимизнинг ҳуқуқий кафолати // Биздан озод ва обод Ватан қолсин. 2-жилд. Т.: Ўзбекистон, 1996. Б.99.

[2] Каримов И.А. Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат мафкура. 1-жилд. / И.А.Каримов; [нашр учун масъул К.Бўронов]. – Тошкент: Ўзбекистон, 1996. Б. 18.

[3] Каримов И.А. Буюк келажагимизнинг ҳуқуқий кафолати  // Биздан озод ва обод Ватан қолсин. 2-жилд. Т.: Ўзбекистон, 1996. Б.98.

[4] Каримов И.А. Жамиятимиз мафкураси халқни –халқ, миллатни миллат қилишга хизмат қилсин (“Тафаккур” журнали Бош муҳаррири саволларига жавоблар). – Т.: Ўзбекистон, 1998.

[5] Қаранг: Каримов И.А. Жамиятимиз мафкураси халқни –халқ, миллатни миллат қилишга хизмат қилсин (“Тафаккур” журнали Бош муҳаррири саволларига жавоблар) // Биз ўз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Асарлар тўплами, 6-жилд. Т.: Ўзбекистон, 1999. Б.47-55.

 

Ўзбекистонда экспорт ва туризмни ривожлантириш мақсадида мақбул агрокультура амалиёти (Global G.A.P.), “ҳалол” ва “кошер” стандартлари қабул қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22 январдаги Фармони билан тасдиқланган “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида кўрсатиб ўтилган. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳозирга қадар юртимизда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги экинлари учун «ҳалол» стандарти қўлланилмаган. 

ЎзАда хабар берилишича, юртимиз ишлаб чиқарувчилари қўшни давлатлардан, хусусан, Россиядан бундай сертификатни олиб, маҳсулотларига белги қўйиб келаётган эди. 

Эътибор қилганлар биладики, юртимизга хориждан келтирилган озиқ-овқат маҳсулотларининг айримларида олти бурчакли юлдуз белгиси ва “ҳалол” ёзуви бор. Мисол учун, Украинада ишлаб чиқарилган қандолат маҳсулотларида бу белгини учратамиз. 

“Ҳалол” стандартининг ишлаб чиқилиши тадбиркорларимизга ўз маҳсулотларини мусулмон давлатларига бемалол экспорт қилиш имконини беради. Шунингдек, Ўзбекистонга келган сайёҳлар ҳам бу маҳсулотларни бехавотир истеъмол қилиши мумкин бўлади. 

“Кошер” стандарти яҳудий дини талаблари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур стандартнинг жорий этилиши Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни бу диндаги халқлар истиқомат қиладиган ҳудудларга экспорт қилишда қўл келади. 

Энди ишлаб чиқариш жараёнида таъмни кучайтирувчи, сақлаш муддатини узоқлигини таъминловчи Е гуруҳидан қай тарзда фойдаланиш ҳам қайта кўриб чиқилади. Бу жараёнда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда органик ўғитлардан тартиб асосида ва кенг фойдаланиш ҳам тавсия этилмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

Четверг, 25 Январь 2018 00:00

Ибратли ҳикоя: Дуонинг кучи

ЎМИ Матбуот хизмати

Ҳайит тонги Салимга отаси икки тилла танга бериб, тайинлади: “Бирига ўртоқларинг билан ширинлик олиб егин, иккинчисига укаларингга ҳолва келтир”.

Аммо Салимнинг нафси ҳакалак отиб, бир тилла танга ёнимга қолса фойда, деб ўйлади ва ўртоқларига:

– Отам ҳайитлик деб берган тангаларини йўқотиб қўйдим. Сизларни ҳолва билан сийламоқчийдим, – деб ёлғон гапирди ва ўзини афсуслангандек кўрсатди.

Салимнинг кўнгли тоза Ҳасан исмли дўсти бор эди. У Салимни юпатиб, “Бу гал сенда бўлмаса, менда бор-ку”, деб баққолнинг дўконига бошлади.

Тангалар ёнида қолгани, маза қилиб ҳолва еганидан хурсанд Салим отамга тангаларни йўқотиб қўйдим, дейман деб хаёл қилди. Уйга келганида эса, чиндан ҳам тангалар чўнтагидан тушиб қолган эди. Шунда отасининг: “Ким ёмон ниятда бир иш бошласа, охири вой”, деган гапи ёдига келди ва қилмишидан афсусланди.

Салим йўқотган тангаларни Шермат исмли бола топиб олди. У тангаларни кўриб, ўзида йўқ хурсанд бўлди, аммо фалокат босиб, йўлдаги каттагина ўрага тушиб кетди. Қанча уринмасин бировнинг кўмагисиз у ердан чиқиб кетишнинг иложи йўқ эди. Одамларни ёрдамга чақира бошлади:

– Ёрдам беринглар, ҳақига берадиган тилла тангаларим бор.

Шунда Салимнинг дўсти Ҳасан шу кўчадан ўтиб қолди ва дарров ёрдамга шошилди ва уни ўрадан чиқариб олди.

– Раҳмат, жўра. Сен бўлмаганингда, ҳолим нима кечарди. Мана бу тангаларни баққолнинг дўкони олдидан топиб олдим. Эгасини суриштирмай, ўзимники қилдим. Бировники буюрмас экан, ошна, – деб ваъда қилгани  тангаларни Ҳасаннинг қўлига тутқазди.

Ҳасан эса:

– Яхшилик эвазига пул олинмайди. Ёрдами учун бирор нарса тамаъ қилиш ёмон иш” – дея тангаларни рад этди.

Шермат унинг сўзлардан таъсирланди.

– Яхши бола экансан. Шу пайтгача кўп ёмон ишлар қилдим. Бундан кейин мен ҳам сенга ўхшаб яхши бола бўламан. Шу кунгача ҳеч кимга ҳайитлик бермагандим, – деб Ҳасанни баққолнинг дўконига бошлаб борди. Икки тиллалик холва олиб, Ҳасанга тутқазди ва: “Бу ҳайитлик сенга, қўлимни қайтарма”, деди.

Шунда Ҳасан отасининг: “Ким бировга холис яхшилик қилса, Аллоҳ, албатта, мукофотини беради”, деган гапларини эслади.

Қўлида совға билан уйига йўл олди, аммо Салимнинг пулини йўқотиб, хафа бўлгани ёдига тушди ва тўғри ўртоғининг уйига қараб юрди.

Бу пайт Салим дўстига, отасига ёлғон гапиргани, укаларига ҳайитлик олиб келмагани учун ўзини айблаб, хомуш ўтирарди. Ҳасан унга бўлиб ўтган воқеаларни бир-бир гапириб берганида, Шермат топиб олган тангалар ўзиники эканини билди. Ёмон ният қилгани учун жазоланганини ўйлаб, хижолат тортди. Аччиқ ва оғир бўлса-да, дўстига ҳақиқатни айтишга қарор қилди...

Ҳидоят ОЛИМОВА

тайёрлади

ЎМИ Маълумот хизмати

 

Ўзбекистонда ўтказилаётган Республика Қуръони карим мусобақаси «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» давлат дастурига киритилди.

Дастурга мувофиқ, Қуръони карим мусобақасининг низоми, йўриқномаси, баҳолаш мезонларидан иборат ташкилий-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш, мамлакатимиздаги нуфузли уламолар, имом-хатиблар, етакчи қорилардан иборат ҳакамлар ҳайъатини тузиш, Қуръон мусобақасининг туман, вилоят ва республика босқичларини ташкил этиш режалаштирилган.

Мусобақанинг ғолиб ва совриндорларини муносиб тақдирлаш билан боғлиқ тадбирлар амалга оширилиши ҳам қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018» Республикамизда биринчи маротаба ўтказилаётган 3 босқичли Қуръони карим мусобақаси бўлиб, ҳозирги вақтда ҳудудий саралаш босқичи бўлиб ўтмоқда.

 Манба: http://azon.uz

Янгиликлар

Top