muslim.uz

muslim.uz

Среда, 01 Март 2017 00:00

Дунёдаги энг катта ярим ой

Истамбулдаги “Чамлижа” масжидининг 72 метр баландликдаги гумбази устига ярим ой рамзи ўрнатилди. Дунёдаги энг баланд бўлган ушбу гумбаз устига ўрнатилган ярим ойнинг баландлиги 7 метр 77 сантиметрни ташкил этади.

Ушбу масжид қурилиши тўрт йил илгари бошланган бўлиб, шу йилнинг ёз ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Дунёдаги энг йирик масжидлар қаторига кирувчи “Чамлижа” масжиди 60 минг намозхонни ўз бағрига сиғдира олади.   

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Среда, 01 Март 2017 00:00

Қари шер

Неча йиллар олдин бир шер бўлган экан. У қариб ҳайвонларни тутиб ея олмайдиган даражада кучдан қолибди. Очликдан қийналиб, охири бир ҳийла ўйлабди. Ҳайвонлар шоҳи шер касал бўлди, деб жониворларга эълон қилиб, ўзи бир ғор ичига бориб ётибди. Ҳайвонлар навбат билан уни кўргани кела бошлашибди. Шер эса ғорга кирган ҳайвонларни тутиб ея бошлабди. Бу воқеа тезда ўрмонга тарқалибди. Ҳайвонлар нима қилишни билмай қолишибди. Шернинг зиёратига борай, дейишса, борганлардан бирортасининг қайтганини кўришмабди, бормай, деса, шер тузалиб қайтса, унинг ғазабидан қўрқишибди. Шунда тулки: "Мен бориб гап нимада эканини билиб келаман", дебди ва ғорга қараб кетибди. Ғор оғзига бориб ичкарига мўралабди, қараса, шернинг қариганидан юришга ҳам кучи қолмабди. Уни кўрган шер: "Кел, эй тулки, олдимга кир, мен билан бироз суҳбат қил", дебди. Тулки эса: "Шоҳим, жон деб кирардиму, лекин оёғим остига қарасам, ҳайвонларнинг ғорга кирган изларини кўряпман, қайтиб чиққан изларини эса кўрмаяпман, шунинг учун мени маъзур тутасиз", деб орқасига бурилиб кетиб қолибди. Келиб ҳайвонларга кўрганларини айтиб, уларни тинчлантирибди.

Эй инсон, билгинки, тирикчилик шерни ҳам тулки қилади. Лекин тирикчилик учун ўйлаган режанг атрофингдагиларга зиён етказмаслиги лозим. Акс ҳолда, сен ҳам шернинг кунига тушиб қолишинг мумкин. 

Акбаршоҳ Расулов

Среда, 01 Март 2017 00:00

Маймуна бинти Ҳорис

Маймуна розияллоҳу анҳо ҳижратдан олдин (мелодий беш юз тўқсон тўртинчи йили) туғилганлар.

Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳонинг отасининг исми: Ҳорис ибн Ҳазн ибн Бужайр ибн Ҳазм ибн Рувайбаҳ ибн Абдуллоҳдир.

Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳонинг онасининг исми: Ҳинд бинти Аъвф ибн Зуҳайр ибн Ҳаммаатоҳ ибн Журшдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳога ҳижрий еттинчи йилнинг охирларида уйландилар. Бу муборак турмуш Маккаи Мукаррамада, Умратул Қазо арафасида бўлган эди.

Маймуна розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги уйланган аёлларидир. Маймуна розияллоҳу анҳо ўзининг тақводорлиги ва сер ибодатлиги билан машҳур эди. Ойиша розияллоҳу анҳо унинг хақида: “Маймуна бизларнинг орамиздаги Аллоҳга энг такводорроғимиз ва қариндошлар билан алоқаси энг кўпроғимиз эди”, дейди.

Маймуна розияллоҳу анҳо ва опа-сингилларининг иймони бақувват эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари гувоҳлик берганлар.

Табук жангида Маймуна розияллоҳу анҳо ярадорларга ёрдам кўрсатар, беморларга ҳамдардлик билдирар эди.

Ривоят қилинишича, Маймуна розияллоҳу анҳо аёллардан биринчи бўлиб “тез ёрдам” гуруҳини тузган аёл эди. У жароҳатланганларга малҳам қўйиб, керакли кўмакларни етказишни йўлга қўйган эди. Жанг пайтида Маймуна розияллоҳу анҳо ярадорларга сув тарқатиб юрганида, унга душман ўқи тегиб, яраланади. Бироқ Аллоҳнинг инояти ва меҳрибонлиги ила у омон қолади. Маймуна розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Аббос розияллоҳу анҳунинг хотини Лубобаи Кубронинг синглиси, Абдуллоҳ ибн Аббоснинг холаси эди.

Маймуна розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан 76 та ҳадис ривоят қилганлар.

Ҳижрий эллик биринчи (мелодий олти юз етмиш учинчи) санада Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо, Маккаи Мукаррама зиёратига бориб қайтаётганда, вафот этдилар.

Манбалар асосида

Тожиддинов Абдуссомад  Абдулбосит ўғли тайёрлади

Қашқарё вилояти Китоб тумани “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юртида жорий йилнинг 28 февраль куни Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари, “Хожа Аламбардор” жоме масжиди имом хатиби Раҳимберди Раҳмонов билан маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда ҳурматли меҳмон билим юрти талабаларига одоб, ахлоқ ва илм талаб қилишнинг юксак фазилати, уламолар мартабаси ва уларнинг Аллоҳ таоло ҳузурида қадр-қийматлари ҳақида Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар, саҳобалар ва ўтга солиҳ аждодларимизнинг ҳикматли сўзларидан намуналар келтириб суҳбат ўтказди. Жумладан, талаба илм талаб қилиш билан юксак шарафга ва олий мартабага эришиш мумкинлигини билса, таълим олиш ва уни бошқаларга етказиш йўлидан юришга, шаръий одоб билан ҳулқланишга янада кўпроқ ҳаракат қилиши, натижада Аллоҳ таоло наздида унинг мартабаси ва фазилати зиёда бўлиши, инсонлар орасида қадр-қиймати ошиши ҳақила сўзлаб берди. Талаба илм йўлига кирар экан, уни ўзи учун эмас, балки юрти, миллати, халқи, ва динининг манфаатлари учун бўлишини мақсад қилиб олиш кераклиги ва бу йўлда устоз ва мураббийларнинг ҳурмат эътиборини қозониб, уларнинг дуосини олиш кераклигини таъкидлади.

Ўтказилган давра суҳбати устоз ва талабаларга катта таассурот қолдириши билан бирга илмга бўлган қизиқиш ва муҳаббатларини янада оширди. 

Азамат УСМОНОВ

“Хожа Бухорий” ўрта махсус  ислом билим юрти АРМ мудири

Вторник, 28 Февраль 2017 00:00

Зиёратчиларимиз миннатдор

Собиқ мустабид тузум даврида ота-боболаримизга Ислом динининг бешинчи аркони бўлмиш ҳаж амалини адо этиш армон бўлган. Ўша даврда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасидан атиги  4-5 нафар киши борар эди. Ҳозирги кунга келиб ҳар йили 11 мингдан ортиқ фуқароларимиз ҳаж ва умра зиёратига бормоқда. Бу эса ўз навбатида истиқлолимизнинг самараси ва  буюк ютуғи саналади. Бунинг учун Яратганга чексиз шукурлар қилишимиз даркор.

Шу йилнинг 20 февраль куни  “Умра-2017” баҳор мавсумининг ишчи гуруҳи аъзолари, ошпазлар, шифокорлар, гуруҳ раҳбарлари ва зиёратчилардан иборат 230 нафари умра арконларини бажариш мақсадида Саудия Арабистонига 1-рейс билан жўнатилди.

“Ал-Ҳидоя” ширкати томонидан Маккаи мукаррамада “Масжид ал-Ҳаром”дан 600 метр узоқликда жойлашган тўрт юлдузли “Аброж ал-Кисва” ва Мадинаи мунавварада “Мавадда Нур” меҳмонхоналарида зиёратчиларимизга юқори савияда хизмат кўрсатилмоқда. Маккадаги “Аброж ал-Кисва” меҳмонхонасининг “РR” қаватида масжид мавжуд бўлиб, унда “Ҳарами шариф”га чиқишга қийналадиган, кекса ва имконияти чекланган зиёратчилар кундалик 5 вақт намозларини адо этиб бормоқдалар. Меҳмонхонанинг “R” қаватида 550 ўринлик ошхона мавжуд бўлиб, зиёратчиларимиз учун ҳар куни ўзбекистонлик ошпазлар томонидан тайёрланган эрталабки нонушта, икки маҳал иссиқ овқат, мева, сув, шарбат, қатиқ ва бошқа озиқ-овқатлар ҳамда узлуксиз иссиқ чой тақдим этилмоқда. Меҳмонхонанинг 23 қаватида ишчи гуруҳи штаби ва тиббиёт бўлими ташкил этилган.

24 февраль куни 1-рейс билан жўнаб кетган зиёратчиларимиз умра ибодатини бажариш мақсадида замонавий автобусларда Маккаи мукаррамага йўл олишди. Зиёратчиларимизни Жидда аэропортидан Мадина шаҳрига олиб бориш, Мадина шаҳридаги қадамжоларига олиб чиқиш, ундан Макка шаҳрига ташиш ва у ердаги зиёратгоҳларга олиб чиқишда шинам автобусларда хизмат кўрсатилмоқда.

   Меҳмонхоналарга жойлашгач, юртдошларимизга моҳир ошпазларимиз томонидан тансиқ миллий таомларимиз тақдим этилмоқда. Шунингдек, ҳар бир зиёратчига адашиб қолмаслиги учун меҳмонхона маълумотлари акс этган билак тасмаси ва меҳмонхона карталари тарқатилди.

Зиёратчиларимиз Мадина шаҳридаги “Қубо” ва “Қиблатайн” масжидлари, Уҳуд тоғи каби муборак жойларга зиёратга олиб чиқилиб, мазкур қадамжолар тарихи билан таништирилмоқда. Шунингдек, уларни Маккаи мукаррамада “Нур” тоғи, “Мино”, “Муздалифа” ва “Арофот” водийсига олиб чиқиш режалаштирилган. Зиёратчилар ўз ибодатларини эмин-эркин, кўтаринки руҳда адо этмоқдалар. Улар умра ибодатини бажариш давомида 3 кун Мадинада ва 7 кун Макка шаҳрида бўлишади.

     Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара шаҳарларидаги меҳмонхоналарда эркаклар ва аёллар учун алоҳида тиббиёт марказлари ташкил этилган бўлиб, мурожаат этишни истаган умрачиларимизга тиббий ёрдам шу ернинг ўзида кўрсатилиши имконияти тўла таъминланади.

“Умра–2017” мавсумининг баҳор мавсуми зиёратчиларини кутиб олиш ишлари шу йилнинг 2 мартидан 11 апрелига қадар ташкил этилиши режалаштирилган. Зиёрат чоғида юртдошларимиз муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларида умра ибодатини адо этишлари давомида кўзда ёш билан яратиб берилган имконият ва шароитлардан мамнун бўлиб, Юртбошимиз, ҳукумат раҳбарлари ҳамда ишчи гуруҳи аъзолари ҳаққига хайрли дуолар қилмоқда.

     25 йиллик тарихга эга истиқлолимиз шарофати билан умра амалларини адо этиш йўлида мол-дунё сарфлаб, довонлар ошиб, муқаддас диёр — Маккаи мукаррамада Каъбаи муаззамани тавоф қилиш бахтига муваффақ бўлган азиз юртдошларимизни жонажон Ватанига, ота-она, фарзандлари бағрига соғ-саломат қайтишларини Аллоҳ таолодан сўраб, Яратган зиёратингизни қабул этиб, гуноҳларингизни мағфират айласин, деб қолгаймиз.

   

                                                         ЎМИ ходими Илёс Аҳмедов

тайёрлади

Янгиликлар

Top