muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 28 Июль 2016 00:00

Галдаги вазифалар

Юрт мустақиллиги шубҳасиз тинчлик ва фаровонлик, тараққиёт ва ривожланиш омили бўлди. Биз бугун ҳақли равишда Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари билан фахрлана оламиз.

Бугун қаерга борманг, шаҳарми ёки чекка бир қишлоқми қурилиш, яратиш, яшнатишндан қалбингиз қувончга тўлади. Аср мўъжизаларидан бири денгиз сатҳидан 2.200 метр баландликда еттита мураккаб тоннелдан иборат «Ангрен-Поп» темирйўлининг ишга тушиши оламшумул воқеа бўлди. Яқин вақт ичида ушбу темирйўл орқали тадбиркорлик янада ривожланади. Кўплаб янги иш ўринлари яратилади. Жаҳон ҳамжамиятининг эътибори юртимизга қаратилаётгани бежиз эмас. Яратувчилик, янгиланишлар, ўзгаришлар замирида оқилона сиёсат, халқимизнинг азму шижоати, бирдамлиги, келажакка ишонч билан қараши мужассам.

Ютуқ ва муваффақиятлар бизни янада янги марралар, зафарлар сари элтади. Галдаги вазифа эса бундан-да масъулиятли. Олиб борилаётган ислоҳотларни янада теранроқ англаб, юрт тараққиёти ва гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшиш.

Нуриллоҳ ЖАМОЛОВ,

Наманган шаҳридаги Яҳёхон тўра

жоме масжиди имом-хатиби.

Среда, 27 Июль 2016 00:00

Имом Абу Довуд

Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас ибн Исҳоқ ал-Аздий Сижистоний ҳужжат билан ҳукм қилувчи, ҳуффозларнинг саййиди, ҳадисларни таҳлил этувчи «Китоби Саҳиҳ» деб тан олинган олти муҳаддиснинг биридурлар. Нисбатлари Басра қишлоқларининг бири бўлган Сижистонгадир.

 Бу зот 202  ҳижрий сана Басрада таваллуд топдилар. Ҳадисларни тўплашда Ироқ, Хуросон, Шом, Миср, Арабистон Жазираси каби юртлардаги уламолар ҳузурида бўлиб чиқдилар. 221 ҳижрий санада Куфага сафар қилдилар ва ана шу ердаги кишилардан ҳам ҳадисларни эшитиб ривоят қилдилар.

 Уламолар бу зотда бўлган сифатларни кўп зикр қилишади. Амр ибн Али Боҳилий: «Имом Абу Довуд дуоси ижобат бўлувчи кишилардан эдилар»-деб айтади. Муҳаммад ибн Саъд Зуҳарий: «Бу зот обид, тақволи, фозил, солиҳ, пок кишилардан эдилар»-деб айтади. Абу Ҳотим ар-Розий: Бу зотдек тазарруъли ва бу кишидек ҳужжати ишончли кишини кўрмаганман» - деган.

 Абу Довуднинг «Сунан» китоблари тўғрисида ҳам уламолар ғоятда мақтов фикрлар билдиришган: Закариё Соний айтади: «Қуръон Исломнинг асли, «Сунани Абу Довуд» Исломнинг аҳдидир». Улуғ зотлардан Хаттобий: «Бу китоб иккита саҳиҳ китобдан кўра фақиҳроқ ва ҳадис илмида бунинг сингари китоб тасниф этилмаган» -деб айтади.

 Имом Абу Довуд ҳаммаси бўлиб 50000 ҳадис ривоят қилиб, булардан 4800-та саҳиҳ ҳадисни «Сунан» китобларига киритдилар. Имом Абу Довуднинг «Сунан» китобларига кўплаб шарҳ ва мухтасарлар ёзилди.
Бу зот ҳадисларни Муслим ибн Иброҳим, Сулаймон ибн Харб, Абу Умар Ҳавзий, Абу Валид Тайолисий, Абу Муаммар ал-Муаққад, Абдуллоҳ ибн Маслама ал-Қаънабий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Усмон ибн Шайба, Амр ибн Авн, Ҳишом ибн Аммор Димашқий, Рабийъ ибн Нофиъ Ҳалабий, Аҳмад ибн Солиҳ Мисрий ва бошқа бир нечта жамоат кишилардан эшитдилар.
Имом Абу Довуддан Термизий, Насаий, ўғиллари Абдуллоҳ, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳорун, Али ибн Ҳусайн ибн Абд, Муҳаммад ибн Муҳаммад ад-Даврий, Исмоил ибн Муҳамад Саффор, Аҳмад ибн Салмон Нажжор ва бошқа бир неча кишилар ривоят қилишди.

 Имом Абу Довуд ҳижратнинг 275 йили, Шаввол ойининг 16-кунида Басрада вафот этдилар.

 

Байҳақий ва Дайламий Фотима онамизданривоят қиладилар: ««Ҳадид», «Воқиъа» ва «Ар-Роҳман»ни ўқувчи еру осмон фаришталари ичида «Фирдавсда яшовчи» деб чақирилади». 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бетоб бўлди. Уни кўриш учун Усмон розияллоҳу анҳу келди ва: «Нима шикоятинг бор?» деб кўнгил сўради. Абдуллоҳ: «Гуноҳимдан шикоят қиламан», деди. Усмон: «Нима истайсан?» деб сўради. Абдуллоҳ: «Роббимнинг раҳматини», деди. Усмон: «Табиб чақиртирайми?» деб сўради. Абдуллоҳ: «Табибнинг Ўзи мени бемор қилди», деди. Усмон: «Нима келтиришларини буюрайин?» деди. Абдуллоҳ: «Ҳеч нарса керакмас», деди. Усмон: «Ҳеч бўлмаса сендан кейин қизларингга...» деди. Абдуллоҳ: «Қизларимнинг фақир бўлиб қолишларидан хавотир оляпсанми? Мен уларга ҳар куни кечқурун «Воқиъа» сурасини ўқиб туришларини буюрдим. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким «Воқиъа» сурасини ҳар кеча ўқиса, унга ҳеч қачон йўқчилик етмайди», деганларини эшитганман», деди». 

«Агар нафсингда бирор васвасани сезсанг, 

هُوَ الْأَوَّلُ وَالْآَخِرُ وَالظَّاهِرُ وَالْبَاطِنُ وَهُوَ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ

 

«У Аввалдир, Охирдир ва Зоҳирдир ва Ботиндир. Ва У ҳар бир нарсани билгувчидир», («Ҳадид» сураси, 3-оят) дегин»[1]. 

Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳиссаломга ўқиб бердим ва ушбу: 

لَوْ أَنْزَلْنَا هَذَا الْقُرْآَنَ عَلَى جَبَلٍ ...

 

«Агар ушбу Қуръонни тоққа туширганимизда...» («Ҳашр» сураси, 21-оят) оятига етганимда, менга: «Қўлингни бошингга қўй! Чунки Жаброил алайҳиссалом буни менга олиб тушганида менга: «Қўлингни бошингга қўй, чунки бу ўлимдан бошқа ҳар қандай дардга шифодир», деган», дедилар».

 


 

[1] Абу Довуд Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан мавқуф ҳолда ривоят қилган.

 

Маълумки, Саудия Арабистонига ҳар йили миллионлаб мусулмонлар Ҳаж ва умра зиёратини амалга ошириш учун ташриф буюришади. Ҳаж ва Умра ишлари вазирлиги томонидан зиёратчилар ибодатларини тўла-тўкис адо этишлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинади. Уларнинг ибодатларига халал берадиган муаммолар ўз ўрнида бартараф этилади. Лекин сўнгги пайтларда айрим зиёратчилар тавоф пайтида ўзларини суратга туширишлари яъни селфи қилишлари оммалашиб бормоқда. Бу эса, кўпчилик зиёратчиларнинг ғашига тегмоқда. Шу боис, айрим зиёратчилар Ҳаж ва Умра ишлари вазирлиги мутасаддилари бу борадаги назорат ишларини янада кучайтиришса, мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлашмоқда.

Жумладан, зиёратчи Ҳасан Ҳамдий: “Кўпчилик инсонлар, тавоф пайтида ўзларини ёки яқинларини расмга тушириш учун тавофдан тўхтаб қолишади. Бу ҳолат тавоф қилаётганларга, айниқса, кекса ва ногирон инсонларга қийинчилик туғдирмоқда. Тавофни эса мукаммал адо этишга халал бермоқда”, деди.

Илҳом МАЪРУПОВ

таржимаси.

Янгиликлар

Top