muslim.uz

muslim.uz

Ар-Раҳмон – Аллоҳнинг гўзал исмларидан бири. Сурада Аллоҳ таоло инсонларга, жинларга берган беҳисоб неъматлари эслатилган, ўттиз бир марта: “Парвардигорингизнинг қайси бир неъматини инкор этасизлар?!” – деб хитоб қилинган.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлар олдига чиқиб, Ар-Раҳмон сурасини бошидан охиригача ўқиб бердилар. Саҳобалар қироатга қулоқ солиб жим ўтираверишди. Бу ҳолни кўрган Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам жинлар қандай жавоб қайтарганини айтдилар: жинлар билан учрашилган тунда у зот Ар-Раҳмон сурасини ўқиб берганлар. Ҳар сафар “Парвардигорингизнинг қайси бир неъматини ёлғонга чиқарасизлар?!” оятидан ўтилганда, жинлар: “Парвардигоро, Сенинг биронта ҳам неъматингни инкор қилмайсиз. Барча мақтовлар Сенгагина хос!” деб жавоб қайтаришган.

Ҳар нарсанинг зийнати бўлади. Қуръоннинг зийнати – Ар-Раҳмон сураси. Бу сурада дунё ва охират неъматлари, жаннат аҳлининг келинлари бўлмиш ҳурлар васф этилган, уларнинг зеб-зийнатлари ҳақида маълумот берилган.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ҳар бир нарсанинг келини бор. Қуръоннинг келини Ар-Раҳмон сурасидир” (Имом Байҳақий ривояти).

Фотима розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда: “Ҳадид, Воқеа, Ар-Раҳмон сураларини ўқийдиган қори осмонлару ер малакутида “Фирдавсда яшовчи” деб чақирилади”, дейилган (Имом Байҳақий ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Индонезиянинг машҳур «INDOZONE» ахборот порталида "Самарқанд – Ўзбекистонда ислом шон-шуҳратининг шоҳиди, шунингдек, Имом Бухорийнинг мангу оромгоҳи" номли мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Гап Самарқанд шаҳри ва унинг тарихий диққатга сазовор жойлари – Регистон майдони ва Шоҳи-Зинда мажмуаси ҳақида бормоқда.

Самарқанд сафари чоғида Имом Бухорий мажмуасидаги зиёратни ўтказиб юбормаслик лозимлиги алоҳида таъкидланади.

"Имом Бухорий ҳижрий 194 йилнинг 13 шаввол куни ёки 810 йилннгн 21 июль куни Ўзбекистоннинг Бухоро шаҳрида туғилган", - дейилади мақолада. - Самарқанд шаҳрида жойлашган Имом Бухорий мажмуаси бугунги кунда дунё мусулмонлари жамоаси учун энг машҳур сайёҳлик масканларидан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, Имом Бухорий мақбарасини мусулмон сайёҳлардан ташқари, турли мамлакатлардан келган мусулмон бўлмаган сайёҳлар ҳам зиёрат қилишади".

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ҳадислар тўпловчи Имом Бухорий ўзининг "Саҳиҳ Бухорий" деб номланувчи "Ал-Жомий ас-Саҳиҳ" номли монументал асарида 7275 тача ҳадис ёзди, - деб таъкидлайди «INDOZONE».

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Понедельник, 18 Апрель 2022 00:00

Фитналардан огоҳлик

Ҳалиям фитна қилишдан тўхтамадингларми? Аллоҳга осий бўлишдан хали ҳам тўхтамадингларми?! Наҳотки сизлар ҳалиҳам тўнтарамиз, революция қиламиз деб ҳаракат қилиб, ўзларингча тўпланиб юрипсизлар. Қачонгача ўзларингни алдаб юрасизлар. Одамларни фикрини ўзларингга жалб қилмоқчисизлар. Лекин бариси бефойда эканини тушуниб етмаяпсизлар. Сизлар бариларингиз фитначисизлар. Сизлар худди Усмон разияллоҳу анҳуни тушунмасдан у кишини шаҳид бўлишига сабабчи бўлган тўртта жоҳил, ақидапарастсизлар. Яна Аллоҳ таоло: «Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланинг. Ва билинки, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир», деган.Ушбу ояти каримадаги «фитна» сўзи бошқа оятлардаги каби синов ва бало маъноларини англатади. Қайси бир жамоада золимлар зулм қилганда бошқалар қараб турса, ҳамма–зулм қилганлар ҳам, қараб турганлар ҳам баробар балога гирифтор бўладилар.«Зулм» деганда бир шахснинг иккинчи шахсга тажовуз қилишигина англанмайди, балки бу сўзнинг маъно қамрови кенг бўлиб, ҳамма ноҳақликлар, гуноҳлар унинг ичига киради. Хусусан, динни тарк этиш, Аллоҳнинг амрига юрмаслик, давлатда адолат ўрнатаман деб турли кризисларни пайдо бўлишига сабаб бўлиш, нормал ҳолатда давом этаётган турмушни бузиб ағдар-тўнтар қилиш, одамларнинг илм олишига халақит бериб фикрини чалҳитиш катта зулм ҳисобланади. Қайси бир жамиятда ана шундоқ зулмлар содир этилса, ўша жамиятнинг барча аъзолари; зулм ишларни қилганларию, уларга бефарқ қараб турганлари биргаликда фитнага-оммавий бало-офатга гирифтор бўладилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзига иймон келтирган бандаларини бундан огоҳлантириб, ушбу хитобни қилмоқда:
«Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланинг».Яна, эй зулм қилаётганлар:«...билгинки, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир».Зайнаб бинти Жаҳш разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салам уйқудан юзлари қизарган ҳолда уйғониб: «Лаа илаҳа иллаллоҳу. Батаҳқиқ, яқинлашган ёмонликдан арабларнинг ҳолига вой бўлсин! Бугун Яъжуж ва Маъжужнинг тўғонидан манабунча очилди», дедилар.
Суфён қўлини букиб тўқсон ёки юзни кўрсатди. «Ичимизда солиҳлар туриб ҳалок бўламизми?» дейилди. Ҳа! Қачон фисқи фужур кўпайса», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Кишилар ичида фисқи фасод кенг тарқалса Аллоҳ таоло. уларни агар ичларида аҳли солиҳ кишилар бўлса ҳам ҳалокатга дучор қилар экан. Сизларга мурожаат қиламан. Кўпчилик бўлиб фисқи фасодга қарши туриш лозим. Ўз ватанига хиёнат қилганларга, қарши илм билан, агар илм билан бўлмаса фикр билан қарши туриб курашиш керак.

Манбалар асосида Жамалов Нуруллоҳон тайёрлади

Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга биринчи нозил қилган ваҳийси, Қуръони каримнинг энг аввалги оятларидаёқ бутун инсониятни ўқиш, илм олиш ва ёзишга буюриб: «Ўқинг (Эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди», деган (Алақ сураси, 1-5-оятлар).


Бугун юртимизда илму маърифат равнақи йўлида улкан ишлар амалга оширилаётгани ҳам мана шу оятларга ҳамоҳанг тарзда Аллоҳнинг амрига итоаткорликдир. Айниқса, таълимни ривожлантиришга берилаётган эътибору ғамхўрлик бу ишларнинг энг хайрлиси ва савоблиси бўлмоқда.


Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятининг йўлга қўйилиши ислом маърифатини кенг ёйиш, буюк аждодларимизнинг бой меросини, авваламбор, халқимизга, Қолаверса, дунё ҳамжамиятига етказиш ва ёш авлодни улуғ алломалар асарларида акс этган эзгу таълимотлар руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.


Ушбу муассасага мамлакатимизнинг ислом маданиятида тутган ўрнини, буюк алломаларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини кўрсатиб беришга қаратилган илмий тадқиқотлар олиб бориш, бугунги глобаллашув даврида юртимизда ислом динининг ҳақиқий мақомини жамоатчиликка тушунтириш ҳамда тарғиб қилиш вазифалари юклатилган.


Айни кунда марказда илмий изланишлар олиб борилаётгани, аждодларимизнинг асарлари тадқиқ қилиниб, таржималар амалга оширилаётгани Ўзбекистонда Учинчи Ренессансга мустаҳкам пойдевор қўйилаётганидан даракдир.


2018 йил 15 июнь Рамазон ҳайити куни Президентимиз Ислом цивилизацияси маркази Пойдеворига тамал тоши қўйиб, ушбу Илм-маърифат масканининг ички ва ташқи кўриниши, безатилиши ҳақида долзарб фикр-мулоҳазаларини билдириб, заминимиз асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган яхлит мажмуага айлантириш бўйича зарур топшириқлар берган эди. Ўтган давр мобайнида амалга оширилган барча саъй-ҳаракатлар ана шундай эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришга сафарбар этилмоқда.


Президентимиз Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биноси қурилиш жараёнлари билан танишиш учун бир неча бор ташриф буюриб, бунёдкорлик ишларини доимий кузатиб келмоқда.


Жорий йилнинг 8 апрель куни муборак Paмазон кунларида давлатимиз раҳбари ушбу марказга яна бир бор келиб, мажмуани кўркам ва сифатли қилиб қуриш билан бирга, унинг мазмунига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази халқимизнинг маънавий қудрати қай даражада эканини кўрсатиши кераклигини ҳам қайд этди.
Дарҳақиқат, Ислом цивилизацияси маркази уч қаватли, маҳобатли, қадимий обидаларимиз шаклида барпо этилаётгани, бу иш қарийб тўрт йилдирки, кенг кўламда давом этаётгани унинг нақадар улкан лойиҳа эканидан далолатдир. Мажмуанинг яқин йиллардан иш бошлаши халқимиз учун ҳам, бошқа мусулмон ўлкалар учун ҳам улкан воқеага айланиши, шубҳасиз. Зеро, бу бунёдкорликлар замирида илму маърифат тарқатишдек эзгу ниятлар мужассамдир.


Иншааллоҳ, тез кунларда муҳташам марказнинг очилишини кўриш барчамизга насиб этсин, омин.


Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Бугун, 16 апрель куни фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилувчи «Исломга бағишланган умр» номли ҳужжатли фильмнинг тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Бу ҳақда islom.uz сайти батафсил хабар берди.

Тарғибот тадбирига юртимизнинг таниқли уламолари, жумладан, Исҳоқжон домла Бегматов, Муҳаммад Шокир домла Умарали, Исмоилжон домла Муҳаммад Содиқ, Аброр Мухтор Алий домла, Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид, Муҳаммад Одил Ҳамид, спорт шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов, Qur’on ТV илмий-маърифий онлайн телеканали бадиий раҳбари Жамшид Назаров, «Najot ta’lim» ўқув маркази раҳбари Темур Адҳамов, медиа оламидаги таниқли блогерлар, мухлислар, шогирдлар ташриф буюрдилар.

Тадбир анъанага мувофиқ Қуръони Карим тиловати билан бошланиб, устозлар томонидан дуолар қилинди.

Сўнгра анжуманни очиб бериш учун мезбон сифатида Исмоил домла Муҳаммад Содиқ сўзга чиқдилар ва ташриф буюрган барча меҳмонларга ташаккур изҳор этдилар.

Кейин устоз Исҳоқжон домла сўзга чиқиб, ушбу ҳужжатли фильмни кенгроқ оммага тарғиб қилиш, интернет оламини юртимиз уламоларининг диний-маърифий аудио, видео, матн кўринишидаги маълумотлари билан янада бойитиш, бу йўлда хизмат қилиш, зеро, ёшларимизни турли оқимлар таъсирига тушиб қолишдан сақлашда ушбу хизмат жуда катта аҳамиятга эга эканини таъкидлаб ўтдилар.

Суҳбатдан сўнг «Исломга бағишланган умр» номли ҳужжатли фильмнинг тасвирга олиш жараёнлари акс этган «фильм ҳақида фильм» катта экранда тақдим этилди. Ушбу видеолавҳада ижодий гуруҳнинг уюштирган сафарлари, тайёрланиш жараёнидаги чеккан заҳматлари, шайх ҳазратларининг оила аъзоларидан олинган тавсия маслаҳатларини кўриш мумкин.

Сўнгра фильм режиссёрларидан Абдулҳай Жамшид сўзга чиқиб ўзининг ҳужжатли фильмнинг бошланиш жараёни ҳақидаги хотираларини йиғилганларга сўзлаб берди. У ўз нутқида ҳаяжонланиб шундай деди: «Фильмни суратга олишга киришишдан олдин Исмоил домла ва Фозил ака билан учрашдик ва фильм ҳақида маслаҳатлашдик. Ижодий жамоани йиғиш масъулияти менга топширилди. Ўша пайтда бу ишга биз муносибмикинмиз дея Аллоҳ таолога кўп дуолар қилдик. Ҳазратнинг китобларини ўқиб, ҳазрат Аллоҳ таолога қандай боғланган бўлсалар, биз ҳам шундай боғланайлик дедик. Бир куни тушимга ҳазрат кирдилар ва ижодий жамоа аъзоларининг номини бирма-бир айтиб чақирдилар».

Сўнгра Аброр Мухтор Алий домла нутқ қилдилар. У киши ўз сўзларида жумладан, ҳазратнинг оила аъзолари, айниқса жуфти ҳалолларининг ўрни беқиёс эканини таъкидлаб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий нозил бўлганда Хадийжа онамиз розияллоҳу анҳо тасалли бериб, далда бўлганларини ёдга олдилар. Худди шу ҳолат шайх ҳазратнинг ҳаётларида ҳам рўй берганини алоҳида урғу бердилар. Шунингдек, кино ижодкорларига «Саҳна ортидаги қаҳрамонлар» йўналишида ҳам фильм суратга олишни тавсия қилдилар.

Тадбир давомида блогер Икром Шариф фильм борасидаги фикрларини билдириб, фильмни кенг миқёсда тарғиб этиш кераклигига тўхталиб ўтди.

Сўнгра тадбирда фильм ижодкорлари саҳнага таклиф этилиб, уларга ташаккурнома ва эсдалик совғалар тақдим этилди.

2 соату 35 дақиқа давом этган тадбирда йиғилган барча меҳмонларнинг қалблари жунбушга келиб, кўзларига ёш олиб, илиқ таассуротлар билан ўтирдилар. Тадбирга ташриф буюрган азиз меҳмонларга безакли қутида «Исломга бағишланган умр» ҳужжатли фильмининг асл нусхаси жойланган диск тарқатилди.

Тадбир якунида дунё тан олган бир қатор уламоларнинг ҳазрат ҳақидаги эътирофлари акс этган видеолавҳа намойиш этилди.

Кўпчилик кино ижодкорлари «Исломга бағишланган умр» ҳужжатли фильмининг ижодий жамоасига чин юракдан ҳавас қилаётганларини эътироф этдилар.

Бизларни шайх ҳазралари билан замондош ва алломанинг илмий меросини давом эттирувчилар қилиб қўйган Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтамиз ва ҳазратнинг хизматларига улкан ажрлар ато қилишини Роббимиздан сўраб, умид қилиб қоламиз.

Тадбирни қуйидаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин:

Ушбу ҳаволалар орқали эса «Исломга бағишланган умр» ҳужжатли фильмининг тўлиқ шаклини томоша қилишингиз мумкин: 1-қисм      2-қисм

Янгиликлар

Top