muslim.uz

muslim.uz

Айни дамда барча соҳалар қатори диний соҳада ҳам кўплаб ўзгаришу янгиликлар бўлмоқда. Айниқса, ходимлар малакасини оширишга, касбий билим ва кўникмаларини янгилашга қаратилган кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилаётирки, бу ўз навбатида, мутахассисларнинг иш фаолиятида яхшигина асқотмоқда.


Хусусан, жорий йилнинг 30 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳуқуқшунослик бўлими томонидан Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси лойиҳасидаги янгиликлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги ва Тошкент шаҳар масжидларининг иш юритувчилари ҳамда ходимлар билан ишлаш бўйича масъул мутахассислар иштирок этди.


Йиғилишни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳуқуқшунослик бўлими мудири в.в.б. Жаҳонгир Хатамов ва бўлим етакчи мутахассиси Элёр Миноваров олиб борди. Тадбирда мазкур лойиҳанинг бугунги ҳаётимиздаги аҳамияти ҳақида батафсил тушунча берилиб, унда ўзгаришларга алоҳида тўхталиб ўтилди.


Учрашувда таъкидланишича, мазкур лойиҳада сўнги йилларда соҳага оид қабул қилинган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳисoбгa oлгaн ҳoлдa индивидуaл мeҳнaт мунoсaбaтлaри вa жaмoaтчилик мунoсaбaтлaрини тaртибгa сoлиш билaн бoғлиқ бўлган ҳуқуқий меъёрлaр эътиборга олинган бўлиб, Мeҳнaт кoдeксининг қoидaлaрини xaлқaрo ҳуқуқ меъёрлaригa, шу жумлaдaн, Ўзбeкистoн Рeспубликaси тoмoнидaн рaтификaция қилингaн xaлқaрo шaртнoмaлaргa, фуқaрoлик, oилaвий вa бoшқa бир қaтoр ҳуқуқ сoҳaлaри тўғрисидaги қoнун ҳужжaтлaригa мувoфиқлaштирилмоқда.


Қайд этилишича, ушбу ҳужжат мазкур соҳадаги қатор муаммоларни, меҳнат бозоридаги вазиятни инобатга олиб, бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиққан ҳолда, қонуний ҳал қилишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.


Йиғилиш сўнгида иштирокчилар мавзу доирасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Аллоҳдан рамазон ойига соғ-саломат етказишини ҳамда Рамазон рўзасини тутишга мушарраф этишини сўраб дуо қилинг.
Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ражаб ойи келса, Аллоҳга “Ё Аллоҳ, бизга Ражаб ва Шаъбон ойларини хайрли қилгин ва Рамазонга етказгин”, деб дуо қилар эдилар. Шунингдек, саҳобийлар ҳам муборак Рамазон ойи келмасидан олдин “Аллоҳ бизни рамазонга етказ”, деб дуо қилишга одатланганлар.

Рамазон ойининг ҳар бир кунининг режасини тузинг.
Рамазон – ғанимат ойдир. Унинг ҳар бир сониясидан унумли фойдаланиш лозим. Аллоҳ таоло Рамазон ойининг ҳар бир кунини бандалар савобларини кўпайтириб олишлари бошқа кунлардан кўра афзал қилган.

Рамазон рўзасини тутишга холис ният қилинг.
“Ҳаво жуда иссиқ, рўза тутишга кучим етмайди” каби турли баҳоналар билан бу ойнинг фазилатларидан бебаҳра қолманг! Агар рўза тутишни холис Аллоҳ учун адо этишни ният қилсангиз, Аллоҳнинг ўзи енгиллик, барака ато этади.

Рамазон ойи келаётганидан хурсанд бўлинг.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазон ойи келса, бахтиёр ва хурсанд бўлиб кетар эдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Рамазон ойи келди. Рамазон ойи Аллоҳ рўза тутишни фарз қилган раҳмат ойидир. Бу ойда жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари беркитилади”, дер эдилар.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобийлари, тобеийлар бу ой келишини интизорлик билан кутишар эди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўта сахий зот бўлсалар-да, Рамазон кириши билан саховатлари, яхшиликлари янада ортиб кетар эди.
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил (алайҳиссалом) Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига тушадиган пайтларда – айниқса, зиёда бўларди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларга мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да тез эдилар”
(Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Муборак Рамазон ойига етказгани учун Аллоҳга ҳамд айтинг.
Чунки Аллоҳ сизни соғ-саломат бу ойга етказиб, ўзининг чексиз раҳмат ва марҳаматига лойиқ кўрди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Четверг, 31 Март 2022 00:00

Рамазон муборак!

Наманган шаҳри «Яҳёхон Тўра» жоме масжиди имом-хатиби

Нуруллоҳ қори Жамолов

Бу йилги Рамазон ойида ҳам анъанага айланганидек ўзбекистонлик қориларни хорижий давлатларда таровеҳ намозларини адо этиб бериш учун юбориш давом этади.

Бугун 31 март куни Россия Федерациясининг Приморск ўлкаси мусулмонлари диний идораси таклифига кўра, Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги “Садр ота” жоме масжиди имом-хатиби Исматуллоҳ қори Арипов Россия Федерацияси, Приморск ўлкаси, Владивосток шаҳрига жўнаб кетди.

Вакилимиз Рамазон ойи давомида Владивосток шаҳрида таровеҳ намозларини адо этиб, диний-маърифий суҳбатлар ўтказиб беради.

               

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 Халқаро алоқалар бўлими

 2022 йил 30 март куни «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» мажмуасида Қуръони Карим ходими Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид қаламига мансуб «Ўзбек қориларининг олтин силсиласи» номли китобнинг тақдимоти ўтказилди.

Тақдимотда юртимизнинг таниқли уламолари, хусусан, устоз қорилар, хориж олимлари, кўплаб аҳли илмлар, домлалар Қуръонга шайдо мухлислар иштирок этишди ва муслима аёлларимиз ҳам ташриф буюришди.

Тадбир Қуръони Карим тиловати билан бошланди ва устоз Яҳё қори домла дуо қилиб бердилар.

Тадбирни очиб бериш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков сўзга чиқдилар. «Ўзбек қориларининг олтин силсиласи» китобидаги ҳар бир маълумотлар илмий асос билан баён этилган», дея таъкидлайди Ҳомиджон домла Ишматбеков.

Кейин устоз қорилар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Видеороликдан сўнг «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жомеъ масжиди имом-хатиби, «Ҳилол нашр» нашриёти матбааси раҳбари Исмоил домла Муҳаммад Содиқ сўзга чиқдилар. Мезбон сифатида тақдимотга ташриф буюрган барча меҳмонларга ташаккур билдириб, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ шу каби ишларга шогирдларини доим тарғиб этиб, рағбатлантириб келганларини эслаб ўтдилар. Хусусан, шайх ҳазратлари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси бўлган вақтларида ўзбек қориларининг олтин силсиласини тикланишига илк қадамни қўйиб берганлар, дейди Исмоил домла Муҳаммад Содиқ. 1992 йил 31 март куни шайх ҳазратлари ўзбек қорилар силсила борасидаги фармонни чиқарган эканлар.

Сўнгра Тошкент шаҳри «Убай ибн Каъб» жомеъ масжиди имом-хатиби, «Qur’on TV» илмий-маърифий онлайн телеканали раҳбари, устоз Абдулҳаким қори Матқулов сўзга чиқдилар. Устоз Абдулҳаким қори мазкур китобнинг аҳамияти ва юртимизда Қуръони Каримга бўлган муҳаббат доим юқори даражада бўлганини таъкидлаб ўтдилар.

Кейин Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчиси, доктор Абдуманнон домла Исматуллаев «Қироат ва тажвид илми тарихи» мавзусида суҳбат қилиб бердилар.

Тақдимот жараёнида Тошкент ислом институтининг «Таҳфизул Қуръон» кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов «Ўзбек қориларининг олтин силсиласи» китоби ҳақида маълумотлар бериб ўтдилар. Китобда Ўзбек қориларининг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бевосита туташган санади, яъни қироатни нақл қилган ровийлар силсиласи илмий асосда аниқлаб чиқилган. Бу билан минглаб ўзбек қорилари, улардан таълим олган кишилар, жумладан, Қирғизистон, Қозоғистон, ҳатто Россиядаги кўплаб мусулмонларнинг Қуръондан олган таълими санадга эга экани ўз исботини топган. Уларнинг силсиласи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга боғлиқлиги очиқланган. Шунингдек, китобнинг арабча қисми юртимизда яшаб ўтган устозларни араб оламига таништириш билан бир қаторда ўзбек қориларининг олиб борган тарихий ислоҳотларидан бохабар қилади. Шу билан бирга, уларнинг юртимизда Қуръони Каримга қанчалар эътибор берилгани, халқимизнинг Қуръонга ихлоси, хизмати ҳақидаги тасаввурларини ҳам кенгайтиради. Хусусан, Қуръони Карим устози Абдулбоқий ибн Мулла Рўзи ибн Муҳаммад Толеъ Андижоний ҳамда Қуръони Карим муаллими Муҳаммад Мубин ибн Аминжон махдум Андижонийнинг имом Ҳафс имом Осимдан ривоят қилган қироатлари бўйича Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга туташган санадлари шулар жумласидандир. .

Тақдимотга Имом Мотуридий роҳимаҳуллоҳнинг ҳаёт йўллари, ижодий фаолиятлари ва мотуридийлик таълимоти борасида мўътабар асарлардан бўлган «Саддус суғур» китоби муаллифи, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази устози, мисрлик Аҳмад Даманҳурий ҳафизаҳуллоҳ ташриф буюриб, юртимиздаги диний ислоҳотларни эътироф этдилар. «Ўзбек қориларининг олтин силсиласи» китоби ҳақида самимий фикр-мулоҳазалар билдирдилар. Хорижлик меҳмон ўз сўзида: «Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Пайғамбарлар ҳақида гапирганда «Истифо» (танлаб олиш) феълини ишлатган бўлса, Қуръон ҳомиллари, Қуръонни ҳифз қилувчилар ҳақида гапирганда ҳам «Истифо» феълини ишлатган», деб қориларнинг ва Қуръонга хизмат қилувчиларнинг мақоми юксаклигини алоҳида эътироф этиб ўтдилар.

Сўнгра Муҳаммад Айюб қори бошчилигидаги «Жаннат булбуллари» гуруҳи томонидан Қуръони Каримга бағишланган гўзал нашидалар ижро этилди.

Шундан сўнг «Ўзбек қориларининг олтин силсиласи» китоби муаллифи, имом ноиб, Қуръони Карим ходими Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид сўзга чиқдилар. Муаллиф китобнинг ёзилиш тарихи, бу борада олиб борилган изланишлар ҳақида гапириб, презентация тақдим этдилар.

Ҳа азизлар «Ўзбек қориларининг олтин силсиласи» китобидаги санадларнинг илмий равишда исботланиши юртимиз мусулмонлари, хусусан, қорилари учун тарихий ҳодиса бўлди, иншааллоҳ, диний-илмий жиҳатдан юксак аҳамият касб этади. Бу ўз навбатида яқинлашиб келаётган Қуръон ойи моҳи Рамазонга туҳфа бўлди.

Тақдимот сўнгида устоз қориларга, фахрий ёрлиқлар, Қуръон ходимларига ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалар улашилди.

Тадбир якунида устозлар томонидан дуолар қилинди.

Китоб тақдимоти «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жомеъ масжидида ҳам катта экранда намойиш этиб борилди.

Шунингдек, ахборот ҳамкорларимиз muslim.uz, AlQuran.uz, Azon.uz ва AzonTV, Qur’on TV илмий-маърифий онлайн телеканалларида онлайн тақдим этиб борилди.

«Ўзбек қориларининг олтин силсиласи» китобини «Hilol nashr»нинг китоб дўконларидан харид қилишингиз мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Янгиликлар

Top