muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 31 Январь 2022 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллар диний-маърифий соҳада самарали хизмат қилиб келаётган, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай домла Турсуновнинг волидаи муҳтарамалари вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Табаррук ёшда охират сафарига кузатилган ҳожи она эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган кўплаб фарзанду набираларни ўстирдилар, чиройли тарбияладилар.

Аллоҳ таоло ҳожи онанинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.

Ҳақ таоло марҳума онахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Абдулҳай домлага ва у кишининг оила аъзолари, фарзандлари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Понедельник, 31 Январь 2022 00:00

Афв эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган, жазо муддатини ўтаётган 63 нафар фуқаро афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 44 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади. Шунингдек, 19 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади.

Афв этилганларнинг 2 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар ташкил этади. Фармоннинг тўлиқ матни www.uza.uz сайтида эълон қилинади.

Шайх Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ

Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Малайзия Ислом цивилизация институти ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида «Мусулмон дунёси алломаларининг жаҳонда тутган ўрни» мавзусига бағишланган халқаро илмий-амалий онлайн форум ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Тадбирда Малайзия Миллий университети, Малайзия Ислом цивилизацияси институти, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий Халқаро илмий тадқиқот маркази, Ўзбекистон Халқаро Ислом академиясининг олим ва тадқиқотчилари ўз маърузалари билан иштирок этди.

Анжуман давомида жаҳон илм-фани ва Ислом цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган мусулмон дунёсининг буюк алломаларининг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Жумладан, Муҳаммад Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Ҳафс Насафий, Ибн Ал-Ҳайсам каби мутафаккирлар фаолияти бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Жаҳон илм-фани ва муқаддас Ислом дини тамаддунига муносиб ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини тадқиқ қилиш ва тарғиб этиш борасида Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар анжуман иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди.

Тадбир якунида Малайзия ҳамда Ўзбекистоннинг илмий ва ўқув муассасалари ўртасида қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, илмий алмашув йўналишидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва пандемия билан вазият барқарорлашганидан сўнг ўзаро ташрифларни ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.

Онлайн форум Малайзия Ислом цивилизация институтининг «Facebook»даги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри узатилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

“Экстремизм” бугун қулоғимизга энг кўп чалинаётган сўзлардан бири. У лотинча “extremе” сўзидан олинган бўлиб, ўта кескин чора-тадбирларни, фикр-қарашларни ёқловчи назария ва амалиётни англатади. Диний экстремизм — диний ташкилотлардаги ўта мутаассиб гуруҳларнинг ашаддий реакцион фаолияти бўлиб, ҳатто диннинг ўзига ҳам зарар келтиради. Уларнинг асосий мақсади – динни ниқоб қилиб, ҳокимиятни қўлга олиш, диний талабларнинг илк даражасига хос “софлиги”ни қайта тиклаш, диний талабларга мос сиёсий тузумни барпо этишдан иборат.

Экстремизм ва терроризм одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончига путур етказибгина қолмай, халқаро миқёсдаги муаммоларни, жумладан турли диний эътиқод вакиллари бўлган халқлар, тамаддунлар (цивилизация) орасидаги ўзаро ишончга соя ташламоқда, жаҳон тараққиётининг тамал тоши бўлган халқаро иқтисодий ва маданий ҳамкорликнинг ривожланишига тўсиқ бўлмоқда.
Экстремизм, муқаддас динимиз, хусусан, энг мўътадил мазҳаб бўлмиш ҳанафий мазҳаби ақидаларига зид келади. Қуръони каримда таъкидланади: “Шундай қилиб, Биз сизларни ўрта уммат қилдик!” (Бақара сураси: 143-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ишларнинг энг яхшиси ўртача (мўътадил) бўлганидир” дея марҳамат қилганлар. Набий алайҳиссаломнинг ҳаётларига ибрат назари билан қарайдиган бўлсак, у зотнинг нақадар мўътадил, бағрикенг инсон бўлганларини кўрамиз. Расулуллоҳ алайҳис салом даврларида диний бағрикенглик сиёсати ўзининг бор кўринишида намоён бўлди. Ҳижратнинг тўққизинчи йилида Нажрон насоролари делегацияси уларнинг катта епископи Абулҳорис бошчилигида Мадинаи мунавварага келади. Набий алайҳиссаломнинг кўрсатмалари билан уларнинг барчасига катта иззат-ҳурмат кўрсатилиб, уларга Мадина масжидида ўз ибодатларини адо этишлари учун шароит қилиб берилади. Набий алайҳиссалом амал қилган диний бағрикенглик сиёсати кейинчалик хулафои рошидин даври (Абу Бакр, Умар, Усмон, Али розияллоҳу унҳумлар ҳукмронлик йиллари)да ҳам давом этди.

     Бундай мисли кўрилмаган бағрикенглик, ҳатто кўпгина ғарб шарқшунослари томонидан эътироф этилган. Жумладан француз шарқшуноси Жозеф Франсуа Мишон “Салиб юришлари тарихи” китобида қуйидагиларни ёзади: “Ислом – бағрикенглик дини. У патриархларни, руҳонийларни ва уларнинг ходимларини ҳар қандай солиқлардан озод қилган, ибодатга берилганлари учун уларни урушда ҳам ўлдиришни ман қилган. Умар ибн Хаттоб Қуддусни фатҳ қилгач, насороларга тегмаган. Салибчилар эса мазкур шаҳарни босиб олишганда мусулмонларнинг ва яҳудийларни аёвсиз қатл этишган эди”.

Мазкур шарқшунос ўзининг “Шарқ сари диний саёҳат” номли бошқа китобида насронийлар бағрикенглик ва олийжанобликни, ўзгалар билан ҳусни муомалани кўп ҳолларда мусулмонлардан ўрганганликларини ёзади: “Насронийлар таомул руҳини ва ҳусни муомала фазилатларни мусулмонлардан ўзлаштирганлар. Мана шуларнинг барига мусулмонлар ўз Пайғамбарлари Муҳаммад алайҳиссаломнинг таълими туфайли эришганлар”.

Бугунги кунда динни ўзига ниқоб қилиб, ҳокимиятни қўлга олишга интилаётган турли оқим ва ташкилотлар ўз чиркин ғояларни тарғиб этишда ҳар қандай илғор услуллардан, хусусан интернет сайтларидан, турли ижтимоий тармоқлардан фойдаланётгани ҳеч биримизга сир эмас.

Зеро, бугунги кунда Ислом ниқоби остида ўз ғояларини амалга оширишга интилаётган ғаразли кимсаларнинг мақсад ва амаллари муқаддас динимизда илгари сурилган эзгулик, бағрикенглик ғояларига тамомила зиддир. Зеро, динни ниқоб қилиб қабиҳ ишларни амалга ошираётган бир гуруҳ мутаассиблар ер юзидаги бир ярим миллиарддан ортиқ мусулмоннинг дунёқарашини белгилай олмайди. Диний экстремизм қандай кўринишда бўлмасин, қандай ном билан аталмасин, Исломнинг асл моҳиятига заррача алоқаси йўқлигини ҳар биримиз яхши англаб етмоғимиз лозим.
Исломнинг чинакам ахлоқий асосларини англаб етган кишининг шафқатсизлик, ваҳшийлик, зўравонлик тарафдори бўлишини тасаввур қилиш қийин. Шунинг учун огоҳлик, ҳушёрлик, илму маърифат ҳосил қилиш экстремизм ва террорчилик балосини таг-томири билан тугатишнинг энг самарали йўли ҳисобланади. Ислом жаҳолатнинг ҳар қандай кўринишига қарши. У одамлар қалбига тартибсизлик, душманлик, бузғунчилик, ёвузлик ва нафрат уруғини сочадиган кимсаларнинг хатти-ҳаракатларини ҳеч қачон қўллаб-қувватламайди.

 

О.Рўзметов

Боғот тумани “Хўжа бобо” масжиди имом-хатиби

Янгиликлар

Top