Ўзбекистон янгиликлари

Жумадан жумагача

Ассалому алайкум! Бугун ноябр ойининг 2 куни ҳафтанинг эса муборак жума куни.

Ҳафта давомидаги янгиликлар ва сара мақолалар билан Жумадан жумагача рукни орқали ҳабардор бўлинг 

Умра мавсуми бошланди

28 октябрь куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг замонавий самолётларида Умра ибодатоларини адо этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар. Аввал хабар қилганимиздек энди фуқароларимиз Умра сафарига йил давомида боришлари мумкин.

Қуръони карим маънолари таржимаси ва тафсири лотин алифбосида чоп этилди

Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари томонидан имом Аъзам мазҳаби доирасида изоҳланган, янги мукаммал таржиманинг лотин алифбосидаги шакли ҳам нашрдан чиқди. Мазкур нашр бугунги кунда нафақат исломшунослик йўналишида таҳсил олаётган талаблар учун, балки ижтимоий-гуманитар соҳаларда изланишлар олиб бораётган тадқиқотчиларга ҳам қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.

“Вақф” фондига янги раҳбар тайинланди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқаруви раҳбари лавозимига Искандар Халилов тайинланди. Фонднинг аввалги раҳбари Жалолиддин Ҳамроқулов ўз ихтиёрига кўра, ушбу вазифадан озод этилди. Маълумот ўрнида, Искандар Халилов 1995 йилда Тошкент ислом институтини тамомлаган ва узоқ йиллар давомида мударрислик ҳамда имом-хатиб лавозимида фаолият юритган.

Янги масжидга тамал тоши қўйилди

2018 йил 29 октябрь куни Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманидаги “Ҳазрати Ғоиб ота” масжидининг эски иморати ўрнига янги биноси учун ЎМИ вилоят вакиллиги ва  Хоразм вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда тамал тоши қўйилди.

Ўзбекистонда «Мурувват куни» белгиланди

Пойтахтимиздаги Шайх Зайниддин жоме масжидида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита билан жисмоний имконияти чекланган фуқароларимиз ўртасида очиқ мулоқот ташкил этилди. Тадбирда ҳар ойнинг биринчи якшанбаси “Мурувват куни” сифатида белгиланиб, бу кунда жисмоний имконияти чекланган фуқароларимиз билан доимий учрашувлар ташкил этилиши йўлга қўйиладиган бўлди.

Ўзбекистонлик имомлар Чимкентга борди

29-30 октябр кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият олиб бораётган имомлар делегацияси Тинчлик, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик, шукроналик, ватанга муҳаббат, мусулмонларнинг бўлинмасликлари, мазҳабсизлик мавзуларида суҳбатлар ўтказиш учун Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрига ташриф буюрдилар.

"Энг маърифатли имом" мусобақасининг пойтахт ва Тошкент вилояти босқичи ғолиби маълум бўлди

Октябр ойининг 30-санасида "Энг маърифатли имом" мусобақасининг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди. Кўтаринки кайфиятда ўтказилган тадбир сўнгида муносиблар аниқланиб кейинги босқичга йўлланмани қўлга киритишди.

Тошкент ислом институтида сиртқи бўлим талабалари учун ўқув машғулотлари бошланди

Тошкент ислом институтида Жорий йилнинг 29 октябридан 2018-2019 ўқув йили Махсус сиртқи бўлим талабаларининг 1-семестр ўқув жараёнлари бошланди. Махсус сиртқи бўлимда ўқиш муддати 3 йил бўлиб, унга ҳужжат топширмоқчи бўлганлар ўрта махсус ислом таълим муассасасини тугатган, Ўзбекистон мусулмон идораси тизимида 5 йилдан кўп муддат давомида фаолият олиб бораётган бўлиши талаб этилади.

“Вақф” хайрия жамоат фонди кўнгилларга шодлик улашишда давом этади

“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Тошкент шаҳар 7-сонли клиник шифохонасига 2 та ногиронлар аравачаси ҳамда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги 125-сонли ихтисослаштирилган имконияти чекланган болалар мактаб-интернатига қишки иссиқ спорт костюмлари ва анжомлари етказиб берилди. Фонд мурувват соҳибларини ҳамкорлик қилишга таклиф этади.

Ислом фиқҳи академияси анжумани бошланди

28-31 октябр кунлари Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида Халқаро Ислом фиқҳи академиясининг 23 сессияси бўлиб ўтди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари ҳам мазкур анжуманда иштирок этди. Анжуманда бугунги кунда Ислом олами дуч келаётган иқтисодий ва ижтимоий масалалар муҳокама этилган.

Доҳа Ислом ёшлари маркази пойтахти сифатида танланди

Қатар давлатининг исломий ёшлар ривожида қўшган ҳиссаси учун 2019 йилда Доҳа шаҳри Ислом ёшлари пойтахти номига сазовор бўлди. Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти қошидаги Мулоқот ва Ҳамкорлик учун Ислом ёшлари форуми ушбу мукофотга Доҳа шаҳрини лойиқ деб топган. 

Энди эса хафта давомида тақдим этилган танланган мақолаларнинг қисқача анонси билан танишинг: 

“Кимки тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”. Ушбу ҳадис шархи билан Бахтнинг сири нимада? Номли мақола орқали танишасиз.

“Қачон ётоғингдан жой олмоқчи бўлсанг, намозга қиладиганингдек таҳорат қил. Сўнг ўнг томонинг билан ёнбошла...” ҳадиси шарҳи орқали уйқу одоблари ҳақида батафсил маълумотга эга бўласиз.

“Тик турганда таом еб, сув ичиш ошқозон ички деворлари бўйлаб тарқалган асабларнинг кучли рефлексига олиб келади”. Бу ҳақда батафсил Таомни тик туриб емайлик! Мақоласида танишасиз.

Аллоҳ таоло: “Менинг азаматим учун бир-бирларини дўст тутувчиларга нурдан бўлган минбарлар берилади. Уни кўрган набийлар ва шаҳидлар ҳавас қилишади”, деди”. Ушбу ҳадис ва холис дўстлик савоби ҳақида Аллоҳ йўлида дўстлашишнинг мукофоти мақоласида танишасиз.

 

 

Унутманг муслим.уз жамоаси сизни комиллик сари етаклайди.

 Биз сиз учун ижод қиламиз.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2469 times

Янгиликлар

Top