Рамазон-2019

Рўзани бузувчи амаллар

Қуйидаги амаллар орқали рўза бузилади ва фақат қазо рўза тутиш вожиб бўлади:

  1. Рўзани сафарга чиқиш, касаллик, ҳайз-нифос ва ақлдан озиш каби сабаблар билан бузилса;
  2. Одатда танаввул қилинмайдиган нарсалар, масалан, қоғоз ва лой кабиларни истеъмол қилинса;
  3. Тош, темир, олтин, кумуш ва бошқа қаттиқ жисмларни ютилса;
  4. Зўрланганлик оқибатида еб-ичилса;
  5. Ҳали тонг отмади деб ўйлаб еб-ичиш ёки жинсий алоқа қилиб қўйилса-ю, аслида тонг отиб бўлган бўлса ёҳуд кун ботди деган гумон билан оғизни очиб қўйса-ю, бунинг акси бўлиб чиқса;
  6. Оғиз ёки бурунни чайишда эҳтиётсизлик туфайли сувни ичкарига киритиб юборса;.
  7. Қасддан кўнгилни айнитиш туфайли оғиздан тўлиб қайд қилса;
  8. Қор ёки ёмғир оғизга тушса;.
  9. Тутунни қасддан ҳидласа;
  10. Тишлар орасида қолган нўхот ва ундан катта ҳажмдаги овқат қолдиғини ютса;
  11. Рўзани унутиб еб ёки ичиб қўйгач, энди рўзам очилиб кетди деган гумон билан танаввулни давом эттирса;
  12. Тундан ният қилмагани учун рўзани бузса;
  13. Кун ярмидан кейин сафарга чиқиб, рўзани очиб юборса;
  14. Ният қилмай кун бўйи емоқ ва ичмоқлардан тийилиб юрса;
  15. Қулоққа томизилган ёғ ёки сувнинг мазасини ҳалқумида сезса;
  16. Бурунга дори томизса;
  17. Клизма қилса;
  18. Аёлини қучиш ёки ўпиш туфайли маний чиқса;.
  19. Қориндаги ярага қўйилган дорини ошқозонга ва бошдаги ярага қўйилган дорини димоғга етса;

 Ушбу юқорида санаб ўтилган амаллардан бирини қилган киши Рамазоннинг ҳурмати учун куннинг қолганини ўзини тийиш билан ўтказиши зарур бўлади ҳамда бир кунига бир кун рўза тутиб беради.

  1. Қуйидаги амаллар орқали рўза бузилади ҳамда қазо ва каффорат вожиб бўлади:
  2. Қасддан таом ейиш ёки ичиш.
  3. Узрсиз дори-дармонларни қабул қилиш.
  4. Қасддан жинсий яқинлик қилиш.
  5. Оғизга тушган ёмғирни қасддан ютиш.
  6. Донни чайнагандан сўнг бўлса ҳам ютиш.
  7. Кунжут донини ютиш.
  8. Туз истеъмол қилиш.
  9. Чекиш.
  10. Одатланиб қолган инсонни тупроқ ейиши. Агар ўрганиб қолмаган бўлса, каффорат талаб қилинмайди.

 Масалан:

Туз еса, фақат қазо рўза вожиб бўлади. Аммо туз еб юриш одати бор одам бўлса, ҳам рўзани қазо қилади, ҳам каффорат беради. Туз еган рўзадорга ҳам қазо, ҳам каффорат вожиб бўлади, деган фатволар мавжуд. Бинобарин, бунда эҳтиёткорлик лозим бўлади (“Фатовойи Оламгирия”, “Хулоса”, “Шарҳи ниҳоя”).

 Бировнинг мажбур қилиши сабабли ёки рўзалиги эсида бўла туриб, эҳтиётсизлик билан (масалан таҳорат ёки ғусл қилаётганида) томоқдан сув ўтиб кетса, қазонинг ўзи вожиб, каффорат лозим эмас.

 Кундузи ухлаётган рўзадор уйқусираб, сув ичиб қўйса, рўзаси очилади. Каффоратсиз, фақат қазосини тутиб беради (“Фатовойи Оламгирия”, “Қозихон”).

Рўза ниятлари

 Тонг отиб қолгандир, деб шубҳаланадиган вақтга қадар саҳарлик қилиш макруҳдир. Рамазон ойида саҳарлик қилиш рўза нияти ўрнига ўтади. (“Фатовойи Оламгирия”). Қуёш ботгандан сўнг эртанги кун рўзаси учун ният қилиш мумкин (“Имом Сарахсийнинг “Мабсут” китобидан”).

 Рамазон рўзасининг ниятини кун ярим бўлай дегунча, яъни пешин намози вақти киргунча қилиш мумкин.

 Қазо ва каффорат рўзаларнинг ниятини тонг отгунча қилиш лозим. Тонг отгандан қуёш ботгунча ўтган вақт кун ҳисобланади, рўзанинг вақти ҳам шу оралиқ билан белгиланади.

 “Каффорат” ҳақида тушунчаси

 Каффорат уч турли бўлади:

  1. Қул озод қилиш. Лекин ҳозир қулчилик бекор бўлгани сабабли буни бажаришнинг иложи йўқ.
  2. Кетма-кет 60 кун рўза тутиш. Бу рўзани тутишда орасини узмаслик шарт қилинади. Шунинг учун икки ҳайит ва ташриқ кунларига тўғри келиб қолмаслиги керак.
  3. Инсон ўзи истеъмол қиладиган таом каби егуликлар билан 60 та мискинни овқатлантиради. Бунда каффорат бераётган шунга аҳамият бериши керакки, мискинлар орасида ота-онаси, хотини ва фарзандларига ўхшаш яқинлари бўлмаслиги лозим. Шунингдек, ҳар бир мискинга ярим соъ (тахминан 2 кг.) буғдой ёки уни бир соъ арпа ёки хурмо кабилардан ёҳуд улардан бирининг қийматини бериш ҳам мумкин.

 Саиджамол МАСАЙИТОВ, 

ЎМИ Мутахассиси 

32506 марта ўқилди

Мақолалар

Top