МАҚОЛА

Таълим ва тарбия уйғунлиги

Инсон ҳаётда ўз ўрнини топиши, икки дунё саодатига эришиши, юртининг тараққиётига ҳисса қўшиши ва шу ватанга муносиб бир фарзанд бўлишини таълим-тарбиясиз тасаввур қилиб бўлмайди. Буни биз қушнинг икки қаноти бўлмаса осмонга кўтарилиб, кўкларга парвоз қила олмаганига қиёсласак бўлади.

Шунинг учун ҳам динимизда таълим-тарбиянинг бир-бири билан узвий боғлиқлигига ва фарзандни камол топтиришда бу икки нарсани уйғунликда олиб боришга алоҳида эътибор қаратилган.

Аллоҳ таоло “Таҳрим” сурасининг 6-оятида: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг”, деб марҳамат қилади. Инсон ўзини, аҳли аёлини ва ўзидан бино бўладиган аҳлларини қандай қилиб оловдан сақлаши мумкин? Бу сақлаш, аввало ўзидан сўнг аҳлларидан жаҳолатни кетказиб, дунё ҳаётида оқибати оловга олиб борадиган турли жинояту гуноҳлардан, нодонлигу бадхулқликлардан  таълим ва тарбия воситасида сақлаш билан бўлар экан.

Таълим-тарбиянинг ўртасида очиқ-ойдин фарқ бор. Таълим, тарбиянинг бир жузъи. Тарбия эса таълимни ўз ичига олади, аксинча эмас. Демак, тарбия ўз-ўзидан таълимга нисбатан комил ва кенг қамровлидир. Исломий тарбиянинг маъноси эса жамиятда ҳар тарафлама комил инсон шахсиятини барпо қилиш ва албатта, бу тарбия руҳий, ақлий ва жисмоний тарафларни ўз ичига олади. Зотан, Аллоҳ таоло инсониятни ер юзини обод қилиш учун яратган. Демак, у ўзининг вазифаларини адо этиши учун ҳар тарафлама комил ва етук бўлиши керак. Бунинг учун эса бизнинг динимиз Исломда барча кўрсатма ва имкониятлар мавжуд. Энг асосийси, инсон ўзининг олдига қўйилган вазифаларни бажариш асносида доимий ҳолда Аллоҳга юзланиб туриши тарбиядир.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ушбу оят нозил бўлгандан сўнг суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Эй Расулуллоҳ, ўз нафсимизни-ку сақлаймиз аҳлимизни қандай сақлаймиз?”, деб сўраган эканлар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар. Ана ўша уларни ўтдан сақлаш бўлади”, деб жавоб берганлар.

Дарҳақиқат Аллоҳнинг буйруқларини билмаслик ва қайтариқларидан қайтмаслик бу айни оқибати олов бўлган жоҳиллик ва нодонликдир. Жоҳиллик ва нодонликнинг кушандаси эса илм эгаллаш ва таълим-тарбия олишдир. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг “Ўзингизга ва аҳлингизга  яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар”, деганлари бунга яққол мисол бўла олади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, таълим комил тарбиянинг бир жузъидир. У эса ақлни ривожлантиради ва сайқаллаштиради. Натижада у ўз ҳаётида керак бўладиган илму маърифатни ашёлар тўғрисидаги турли маълумотларни, касбий маҳоратини ёки касб-ҳунарларга тегишли бўлган фанларни ўрганади. Лекин тарбияга ўхшаб кенг қамровли бўлаолмайди. Чунки таълим инсонни руҳий, ақлий ва жисмоний тарафларини бирдек қамраб ололмайди. Шунинг учун ҳам таълим-тарбия доимо бирга бўлиши талаб этилади.

Ҳасан Басрий айтадилар: “Кимники одоби бўлмаса, унинг илми йўқ”. Уларнинг бу сўзлари, инсон қанча илмга эга бўлмасин, агар унда одоб бўлмаса ўша инсонни илмига эътибор йўқ деганидир.

Ҳикматларда: “Одоб бамисоли бир дарахт. Илм эса ундаги бир мева. Агар дарахт бўлмаса, мева қаердан ҳам бўлсин”, деб айтилиши ҳам бежиз эмасдир. Агар аҳамият берилса ҳикматларда аввало тарбия кейин таълим ҳақида сўз боради. Тарбия энг аввал оиладан бошланишини ҳисобга олсак, инсон ҳаётида  таълим ва тарбия олиш масаласида ота-она масъулдир.

Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бирингиз бошлиқсиз ва ҳар бирингиз қўл остидагиларингиздан сўраласиз”, деб марҳамат қиладилар.

Баъзи ота-онлар фарзандлари томонидан содир бўлган хато-камчилик, беодобликларига, “Мактабда таълим-тарбия берилмаяпти”, деб мактаб ва устозларни айблашадилар. Бу албатта, нотўғри. Чунки  фарзанд учун биринчи мактаб бу оила бўлса, биринчи устоз эса ота-онадир. Фарзанд кўз очиб кўрдибдики, ота-она унинг ёнида, доим у билан биргаликда. Агар ота-она   илмли ва тарбияли бўлса, бу фазилат ўз-ўзидан фарзандга ўтади. Агар ота-онада тарбия, одоб бўлмаса, маданият бўлмаса, албатта буни фарзанддан ҳам кутиш қийин. Шунинг учун ҳам баъзи  руҳшунослар: “Сен фарзандингни тарбия қилма, ўзингни тарбия қил, шунда фарзандинг тарбияли бўлади”, дейишган.

Инсонда одоб ва тарбия бўлмаса таълим олиш масаласи жуда қийин. Агар илм бўлса-ю одоб, тарбия бўлмаса, у дунёда энг хафвли ва хатарли инсон. Чунки у инсонлар бошига турли кулфат ва балоларни келтириши мумкин. Шунинг учун ҳам динимизда энг аввло тарбияга катта эътибор қаратилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мен яхши ахлоқларни камолига етказиш учун Пайғамбар қилиб юборилганман” дедилар”, дейилади.

Ҳозирда баъзи жойларда бўлаётган хунрезликлар, ёшлар ва аёллар томонидан содир бўлаётган жиноятлар, тўс-тўполонлар бугун бутун дунёни ташвишга соляпти. Бунга сабаб уларнинг ота-оналари фарзандларини тарбияси билан машғул бўлмагани, уларни ўз ҳолларига ташлаб, эътиборсиз қолдирганликдандир. Мисол тариқасида оммавий маданиятни тарғиб қилгучи маданиятсиз, тарбиясиз ёшларни оламизми ёки  бўлмаса турли оқимларга аъзо бўлиб, ёт ғояларни қўллаб-қувватлаётган, ўз Юрти ва халқига, ақидасию ўз мазҳабига, миллий қадрияти-ю анъаналарига қарши чиқаётган, ўз халқини орасида турли низо ва бўҳтонларни тарқатишга ҳаракат қилаётган ёшларни келтирамизми, буларнинг ҳаммаси улардаги тарбия ва одоб тушунчалари етишмаслигидир.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, агар ота-она ўша фарзандларини ёшлигиданоқ тарбияси билан машғул бўлиб, яратилаётган имконият ва шароитлардан унумли фойдаланса, таълим-тарбияни ўз вақтида берганда,   ёшларимиз шундай ёмон ҳолатларга тушиб, ёшликларини бадном қилмаган, балки ўз юртига муносиб, аждодларига ҳақиқий ворис бўлишар эдилар.

Ҳозирги ахборот дунёси бир-бири билан қоришиб кетган “глобаллашув” деб аталган давримизда фарзандларимизга яхшини ёмондан, оқни қорадан ажрата олишга ўргатиш, аввало ота-она ва мактабдаги устоз педагоглар олдида турган энг муҳим вазифадир.

 

Зиёвуддин МИРСОДИҚОВ,

Тошкент шаҳридаги “Бўта бува” жоме масжиди имом-хатиби

6345 марта ўқилди

Мақолалар

Top