МАҚОЛА

Мусулмонлар орасида низо ва уруш чиқариш ҳаромдир

Муқаддас динимизда тинчликка ва кишиларнинг осойишталигига раҳна соладиган барча ишлар бузғунчилик-фасод ишлардан саналади. Қуръони Каримнинг Бақара сураси 205-оятида “Ва ҳолбуки, Аллоҳ фасодни хуш кўрмас” дейилган.

Террорчилик ва ақидапарастлик бегуноҳ одамларнинг қони тўкилишига олиб келади. Муқаддас Ислом динимизда бундай ишлар қатъий ман этилиб, Қуръонда “Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади” (Моида, 32) дея қатъий қораланган.

Бугунги бузғунчи оқимларнинг асосий дастак қилиб ушлаган нарсаси шуки, улар шариат амалларини тўла-тўкис бажармаган бошқа мусулмонларга нисбатан «қозиликни» даъво қилиб, «мунофиқ» ва «муртад» деб ҳукм чиқаришдан тап тортмайдилар. Ҳадисда, «Кимки мўмин кишини «кофирсан» деб ҳақоратласа, гўёки унинг қонини тўкканчалик гуноҳ қилган бўлади», дейилади. Яъни, ҳеч бир одамга мусулмон инсонни «кофир», деб ҳукм чиқариш ҳуқуқи берилмаган.

Ҳанафийлик мазҳаби асосчиси Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ушбу масалада қуйидаги қатъий хулосани берганлар: «Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи у кабира гуноҳ бўлса ҳам, башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса».

Юрти ва миллатига хиёнат қилишлик, бегуноҳ одамларнинг қонини тўкиш оғир гуноҳ бўлиб, бундай кимсалар илоҳий омонатга амал қилмаган бўлади. Бақара сураси, 191-оятда “Фитна қатл этишдан ёмонроқдир”, «Нисо» сураси, 59-оятида эса “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг”, деган кўрсатма мавжудлигини инобатга олсак, Ислом шариатида итоатсизлик қаттиқ жазога лойиқ ҳисобланишини англаш мумкин.

Бир нарса аниқки, биз мусулмонларга ҳеч қачон бўлиниш, талашиб-тортишиш фойда бермаган, фойда бермайди ҳам. Зеро Аллоҳ таоло ўзининг каломида: “Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг”,(Оли Имрон, 103-оят ) деб марҳамат қилган. Талашиб тортишиш, фирқаларга бўлиниш туфайли ғайридинларга кулги бўлиш, мусулмонларнинг куч-қувватлари йўқ бўлиши юзага келади.

Дунё мусулмонларининг 92,5 % ини «Аҳли суннат вал-жамоат» ташкил этади. Иккита ақидавий (Ашъарий ва Мотуридий) мазҳаб асосидаги тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаб (Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг Ҳанафий, Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг Моликий, Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳнинг Шофеъий, Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг Ҳанбалий мазҳаблари)га амал қилувчи мусулмонлар «Аҳли суннат вал-жамоат»дир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматим залолат узра жам бўлмайди», — деганлар. Демак, ўша янги пайдо бўлган бир тутам фирқалар дунё мусулмонларининг деярли барчасига хилоф иш тутмоқдалар. Шу ўринда пул ишлаб келиш илинжида Хорижга кетаётган баъзи ёшларимиз диний-экстремистик оқимларга қўшилиб қолаётганини таъкидлаш лозим. Айрим ёшлар чет мамлакатларда мутаассибларнинг таъсирида “жиҳодий жамоа” тузиб, оила, маҳалла ва юртга хиёнат йўлига ўтган ҳолатлари кузатилмоқда. Шунинг учун, ёшларимиз қаерда ва нима билан шуғулланиб пул топаётганини назорат қилишимиз, маҳаллада ҳушёр бўлишимиз, керак бўлса, тергаб туришимиз лозим.

Биз ёшларимиз онги ва руҳиятини заҳарли мафкуралардан қатъият билан ҳимоя қилсак, ҳар қандай ғаразгўй кучлар мамлакат мустақиллиги ва унинг порлоқ келажагига раҳна сола олмайди. Бу, жамиятимиз, шу юрт, шу Ватанни муқаддас деб билган ҳар бир фуқаро олдида турган асосий вазифадир.

 

Аминов Ҳамдам

Янгиариқ тумани Муҳаммад саид масжиди имом-хатиби

3034 марта ўқилди

Мақолалар

Top