МАҚОЛА

ИСЛОМ ЯХШИЛИККА ЧАҚИРАДИ – ТЕРРОРГА ЭМАС

Қуръон ота-боболарга, бошлиқларга ва йўл-бошчиларга кўр-кўрона тақлид килишдан қайтариш билан бирга, фақат бир тарафлама фикрлашдан ҳам қайтаради ва бирор нарса қилмоқчи бўлса, ўша нарсанинг яхшисини танлаб олишга чақиради. Чунки, кўпгина кишилар бирор нарсани бир марта эшитса ёки ўқиса, шунга ишониб кетаверадилар. Лекин ўша нарсани чуқурроқ ўйлаб, яхши тарафини танлаш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу ҳақиқатга Қуръон бундан 15 аср аввал чақирган:

“Улар гапни эшитиб, энг гўзалига эргашадиганлардир. Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилганлардир. Ана ўшалар, ҳа, ўшалар ақл эгаларидир” (Зумар сураси, 18-оят).

Мана шу оятда Аллоҳ таоло мусулмонларни барча гапларни эшитиб, тушуниб, сўнгра яхшиларига эргашишга буюради. Аллоҳ шундай қилган инсонни  «ҳидоятга эришганлар» ва «ўткир ақл эгалари» деб атайди.

Шу билан бирга, Ислом яхшиликни таърифлаб ҳам беради ва унга амал қилишга чақиради. Одатда, одамлар яхшилик матлуб эканлиги ҳақида ихтилоф қилмайдилар. Яхшилик нима эканлиги ҳақида ихтилоф қиладилар. Ҳар ким ўзининг йўлини яхши деб тушунади. Яхшилик маъносига ўзича таърифлар келтиради, чегаралар қўяди, белгилар белгилайди. Ислом динида яхшилик – Аллоҳ яхши деган нарсалардир. Уларнинг нима эканини Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 177-оятида ояти каримасида тўлиқ таърифлаб берган:

«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтириш ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мис кинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга бериш, намозни қоим қилиш ва закот беришдир. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчилар, ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир».

Ояти каримада кўриниб турибдики, яхшилик маълум бир ҳаракат ёки гап-сўзларни ўзича қилиш ва айтиш билан бўлиб қолмаслигини таъкидламокда

Имон келтириш яхшиликнинг боши ва асосидир. Бусиз, яъни имонсиз ҳеч қандай яхшилик бўлиши мумкин эмас. Асл имони бор инсон бузғунчилик, террорчилик, фитнакорликга ружу қилмайди.  Чунки, кимнинг Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, Пайғамбарларга имони йўқ бўлса, ундан яхшилик чиқмайди. Чиқса ҳам, доимий бўлмайди.

Мусулмонларнинг бой-бадавлатлари молларидан маълум миқдорини эхтиёжмандларига молиявий ибодат сифатида берадилар. Бу амал мол эгасига Аллоҳ томонидан фарз қилинган. Шу фарз-ни адо этадиган одам яхшилик қилувчидир.

Аҳдига вафодорлик мусулмонликнинг, имоннинг кўзга кўринган белгиларидан бўлиб, Қуръони каримда қайта-қайта такрорлангандир. Ким аҳдига вафо қилса, Аллоҳ таърифлаган яхшиликдан насибадор бўлган бўлади.

Сабрлилик ҳам имонли, мусулмон кишиларнинг алоҳида олий ва зарурий сифатларидан ҳисобланади. У ҳакда аввалги оятлар тафсирида батафсил сўз юритилди. Демак, турли қийин ҳолатларда сабр қилувчилар Аллоҳ таърифлаган яхшилик соҳибларидан бўлар экан.

Баҳодир БОТИРОВ,
Чуст тумани “Охун бобо” жоме
масжиди имом-хатиби

3616 марта ўқилди

Мақолалар

Top