МАҚОЛА

Экстремизм – эзгуликлар кушандаси

Ҳушёрлик – давр талаби

Кейинги йилларда, афсуски, экстремизм чуқур илдиз отаётган мудҳиш иллат сифатида дунё ҳамжамиятини ташвишга солмоқда. Жаҳоннинг турли бурчакларида экстремистик ўчоқлар ва ташкилотлар пайдо бўлиб, мутаассиб аъзолари томонидан ақл бовар қилмас жиноятлар содир этилмоқда.

Экстремистларнинг асосий мақсади бирор-бир давлатда ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариб, амалдаги тузумни ўзгартириш, ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаш, миллий, ирқий, этник ва диний адоват қўзғатиш, маънавиятини емириш, моддий бойликларини талаш, қурол-яроғ ва наркотиклар савдосини кучайтиришдир.

“Экстремизм” тушунчаси Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда қайта-қайта келган “ғулув”, “туғён”, “ҳаддан ошиш” каби сўзлар билан ҳамоҳанг бўлиб, динимиз таълимотида уларнинг барчаси қаттиқ қораланган. Масалан, Қуръони каримда Аллоҳ таоло бандаларини ғулувдан қайтариб, бундай огоҳлантиради: «Эй аҳли китоблар! (Исони илоҳийлаштириб) динингизда ҳаддан ошиб кетмангиз! Аллоҳ (шаъни)га эса фақат ҳақ (гап)ни айтингиз!..» (Нисо сураси, 171-оят). Бошқа ояти карима­да: “Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!” (Моида сураси, 77-оят), деб амр қилинган.

Муқаддас динимизда яккаю ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга буюрилиб, бирдамликка чақирилади. Динда ғулувга кетиш, ҳаддан ошиш ихтилофга, гуруҳбозликка, ақиданинг бузилишига олиб келади. Тарихда пайдо бўлган равофиз, хавориж, мўътазила ва бошқа тоифаларнинг юзага келиши, асосан, динда ғулувга кетишнинг оқибатидир. Ғулув машаққат бўлгани боис одамлар тўғри йўлдан озиб, диндан нафратланиб, безиб қоладилар. Охир-оқибат шариатда буюрилган амалларни бажаришдан қониқиш ҳосил қилмай, ўзўзига машаққат туғдирадиган янги бидъат амалларни ўйлаб топиши ва динни машаққатдан иборат қилиб кўрсатишга сабаб бўладилар. Бу эса Ислом динининг мўътадиллик ва енгилликка чақирувчи, машаққат ва қийинчиликларни бартараф этишга асосланган таълимотларига зиддир. Зеро, енгиллик бериш Исломнинг асосий шиорларидан биридир.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Осонлаштиринг, асло қийинлаштирманг. Башорат беринг, ҳеч ҳам нафратлантирманг”, дейилган.

Ислом дини фасодга қарши курашиб, ошкора ва ботиний фитналардан қайтарган. Аъроф сурасининг 56-оятида: «Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз!» деб амр этилган.

Муфассирлар ушбу оят тафсирида “арз”, яъни “ер” сўзи, араб қоидаларига кўра, алифлом билан келгани учун муайян бир жойга – Мадина шаҳрига далолат қилади, дейишади. Шунда оятнинг мазмуни: “Мадина шаҳри ислоҳ қилинганидан кейин у ерда фасод ишларни қилманг”, бўлади. Мадина – Ер юзидаги кичкина шаҳар. Мана шу жойда ҳам фасод қилмасликка буюриляпти. Модомики, кичик шаҳарда фасодга чек қўйилмас экан, худди учқун бутун бошли ўрмоннинг кулини кўкка совурганидек, фасод ишлар – экстремизм, терроризм ҳам Ер юзини вайрон қилади.

Ҳозирги кунда айрим давлатларда ғулувга кетган, қўли қонга ботган бир қанча экстремистик гуруҳлар фаолият олиб бораётгани сир эмас. Ғарб мамлакатларининг баъзи оммавий ахборот воситалари ушбу экстремистик гуруҳларнинг қўпорувчилик ҳаракатларини Ислом дини билан боғлашга уринмоқдалар. Ваҳоланки, Ислом дини экстремизмни, терроризмни қаттиқ қоралайди, лаънатлайди. Динимиз экстремизмга қарши курашни ўн беш аср олдин бошлаган. Исломнинг мўътадил дин экани унинг ҳар қандай экстремизмга, хунрезликка қаршилигининг яққол исботидир.

Турли экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган кимсаларнинг гумроҳлиги шундаки, кўр кўрни қоронғида топибди деганидай, улар фақат ўзларига ўхшаш кишиларнинг гапларига ишонишади. Самимий насиҳат қилиб, тўғри йўлни кўрсатган олимлар у ёқда турсин, баъзан айримлари ота-онаси, акасини ҳам тан олмайди. Булар ҳақида Қуръони каримда: «Парвардигорининг оятлари билан насиҳат қилингани­дан сўнг, улардан юз ўгирган кимсадан кўра ким ҳам золимроқдир?! Албатта, Биз (ундай) жиноятчилардан (дунё ва охиратда) интиқом олувчидирмиз» (Сажда сураси, 22-оят), деб марҳамат қилинган.

Шукрки, бағрикенг юртда яшаяпмиз. Мамлакатимизда шонли саналар, байрамлар муносабати билан адашиб турли экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолиб, озодликдан маҳрум этилган, айни пайтда қил­мишига чин пушаймон бўлиб, бутунлай тузалиш йўлига ўтган фуқароларни афв этиш тўғрисида муҳтарам Президентимизнинг фармонлари эълон қилиняпти.

Ибн Аббос розияллоҳу ан­ҳумо муаззам Каъба деворига суяниб бундай деганлар: “Эй Каъба! Аллоҳнинг наздида ҳурматинг баланд. Лекин агар сени етти марта бузиб вайрон қилганимда ҳам бир мусулмонга озор берганимчалик ёмон иш қилмаган бўлар эдим”.

Видолашув ҳажида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, қонингиз, молингиз ва обрўйингиз бир-биринизга худди бугунги кундай, шу шаҳардай ва шу ойдай ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти), деб огоҳлантирганлар. .

Ибн Ҳажар Асқалоний ушбу ҳадис шарҳида: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни қадри, улуғлиги, азизлиги, ҳурмати аён бўлган нарсалар: Қурбон ҳайити, Макка шаҳри ва муҳаррам ойи каби ўзаро молларини, жонларини ва обрўларни ҳурмат қилишга даъват қилдилар”, деб таъкидлайди. .

Имом Шотибий “Муваффақот” китобида ёзишича, барча самовий динлар каби Ислом ҳам беш нарсани – нафс, жон, мол, ақл ва нас­лу насабни ҳимоясига олган. Экстремист ва уларнинг ҳо­мийлари эса гуруҳлар шу нарсаларнинг ҳаммасига қарши уруш эълон қилиб, ақидани ҳам, иқтисодни ҳам, жамиятдаги ижтимоий муносабатларни, тинчлик-тотувлик, ҳам­жиҳатликни ҳам бузиш пайида бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, биз ёшларнинг онгу шуурини ҳар қандай зарарли мафкуралардан, ғоялардан ҳимоя қила олсак, одамларга бугунги тинч ва осуда ҳаётнинг қадрига етишни ўртага олсак, дунёнинг айрим минтақаларида кузатилаётган урушлар, қонли тўқнашувлар, вайронагарчиликлар, дин ниқоби остида содир этилаётган ваҳшиёна ҳаракатлардан огоҳ эта олсак, динимизни, юртимизни турли бузғунчи кучлар адоватидан сақлаган бўламиз. Зеро, зарарни даф этиш фойдани жалб қилишдан муқаддамдир.

 

Азизхўжа ИНОЯТОВ,

Бухоро вилоятидаги «Чор-Бакр» жоме масжиди имом-хатиби

3162 марта ўқилди

Мақолалар

Top