МАҚОЛА

ТИНЧЛИКНИ САҚЛАШ – ИСЛОМГА ХОС

Бугунги кунда дунёнинг айрим етакчи давлатлари “тинчлик учун” шиори остида амалга ошираётган зўравонлик, қўпорувчилик ва босқинчиликка асосланган баъзи ҳатти-ҳаракатлари тинчликка олиб бормаслиги аниқ бўлиб бормоқда. Аксинча, тинчликка уруш ва низоларга барҳам бериш орқали эришилади. Давлатлар ва халқлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг умумэътироф этилган умуминсоний қоидалар асосида ташкил этилиши тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашнинг энг тўғри ва самарали йўли ҳисобланади.

Аммо турли зиддиятларни келтириб чиқариш ва шу йўл билан ўз мақсадларига эришишни кўзлайдиган кучлар борлигини ҳам ёддан чиқармаслик лозим. Шундай кучлар бор экан, низоли вазиятларни сунъий равишда вужудга келтиришга қаратилган ҳаракатлар ҳам тўхтамайди. Бу ҳар бир ақли расо кишидан доимо огоҳлик ва хушёрликни, содир бўлаётган ҳодисаларга зийрак кўз билан қарашни талаб этади.

Тинчликка раҳна солиш, жамият равнақи ва халқ фаровонлигига зиён етказиш, тоифаларга бўлиниб ўзаро низолашишнинг қораланиши ҳам исломнинг тинчлик ҳақидаги таълимотининг асосини ташкил этади. Хусусан, Қуръони карим “Ҳужурот” сурасининг 9-оятидаги ўзаро низоларни ярашиш, келишиш йўли билан ҳал этиш, жамиятдаги тинчликка таҳдид қилишда, тажовузкорлик ва зўравонликда давом этадиганларга нисбатан қатъий ва тезкор чоралар кўриш зарурлиги қайд қилинганини таъкидлаш муҳимдир.

Қуръони каримдаги “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!” (Моида,2), деган оят ҳам юқоридаги мулоҳазанинг ўринли эканини кўрсатади.

Халқ орасида фитна қўзғатиш, тўҳмат ва иғво тарқатиш йўлидаги уринишлар тинчлик ва хотиржамликни издан чиқарувчи ҳодисалардан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бундай ҳаракатлар исломнинг моҳиятига мутлақо зид экани Қуръони карим “Бақара” сурасининг 191-оятидаги “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир”, деган кўрсатма ҳамда “Нур” сурасининг 11-21-оятларида миш-миш тарқатганлар учун бу дунё ва охиратда тайинланган жазолар ҳақида хабар берилиб, унга ишонганлар ҳам қаттиқ маломат қилингани ҳақидаги қайдлар юқоридаги фикрларнинг тўғри эканини тасдиқлайди.

Тинчликни сақлаш учун ҳар бир киши масъул, уни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш учун ҳар ким ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Хусусан, ҳалол меҳнат билан сифатли ва мўл ҳосил етиштирган деҳқон, одамлар ёки юкларни қоидаларга амал қилган ҳолда бешикаст, эсон-омон ўз манзилига етказиш оддий ҳайдовчининг барқарорлик ва осуда ҳаётни мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси экани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Жумладан, Қуръони каримда: “Агар мўмин бўлсангиз (билиб қўйингизки), Аллоҳнинг (ҳалол касбдан) қолдиргани сизлар учун яхшидир. Мен эса, сизларга (бойликларингизга) қўриқчи эмасман”(Ҳуд, 86), дея қайд этилган.

Бу оят билан ҳалол меҳнат, пешона тери билан орттирилган бойликнинг баракали бўлиши ҳақида баён этилмоқда. Шу билан бирга, хоҳ моддий, хоҳ маънавий бойлик бўлсин унинг қўриқчиси – ҳалол касб, ҳалол меҳнат экани таъкидланмоқда. Демак, ўз касби ва бурчига виждонан ёндашув тинчлик ва барқарорликни таъминлашнинг зарурий шарти ҳисобланади.

Қўшнилар ўртасида ўзаро ҳурмат, самимият ва дўстлик осойишта ҳаёт, юрт тинчлигини таъминлашнинг асосидир. Зеро, қўшнилар ўртасидаги ўзаро меҳр-оқибат маҳалладаги аҳилликка, ўз навбатида, бу юрт тинчлигига замин яратади. Шунинг учун ҳам, исломда қўшничилик муносабатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бу ҳақда Қуръони карим “Нисо” сурасининг 36-оятида шундай дейилади: “Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю, бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”.

Ҳадисларда ҳам “Қўшниси унинг ёмонликларидан омонда бўлмаган киши жаннатга кирмайди”, деб таъкидланади. Демак, инсон қўшнилари билан тинч-тотув ва ўзаро меҳр оқибат билан ҳаёт кечириши, унинг икки дунё саодатига эришишига сабаб бўлади.

Юқоридаги каби даъватлар айрим ҳудудларда нотинчлик, беқарорлик, хунрезлик ва худкушликлар ҳукм сураётган ҳозирги даврда мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталикни таъминлаш ўз-ўзидан бўлмаётганини англашга, ўзаро янада иноқ ва аҳил бўлиб яшашга ундайди.

Огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш тинчликни таъминлаш, турли хил кўнгилсизлик ва хавфу хатарларни олдини олишнинг зарурий шарти ҳисобланади. Зеро, ғофиллик ва бепарволик турли нохушликликларга замин яратади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло тафаккур қилмайдиган, ўзининг ким эканини англаб етмайдиган, бугуннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси ҳақида қайғурмайдиган, бепарво ва беғам кимсаларни “Аъроф” сурасининг 179-оятида: “… Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”, деб таърифлайди.

Ислом оламининг эътиборли уламолари томонидан мўътабар манбалар асосида берилаётган раддияларни тан олмаётган турли йўналиш ва фирқаларнинг аъзолари ҳам юқоридаги оятда келтирилган кимсаларга қиёслаш мумкин.

Тинчликни улуғ неъмат деб эълон қилган динимизда бу йўлда нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган.

Ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мусулмон киши шуки унинг тилидан ва қўлидан мусулмонлар озор чекмайдилар!”, деб марҳамат қилганлар. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, сўз, яъни тилдан етадиган зарардан аввал зикр этилиши, қўл билан бошқаларнинг фақат бу дунёси – саломатлиги, оиласи, мулкига зарар етказиш мумкинлигига, тил билан инсонларни турли бузғунчи ғояларга тарғиб қилиш, кишиларни тўғри йўлдан чалғитиш орқали икки дунёсини барбод этиш мумкин экани таъкидланмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги кунда айрим фирқа ва тоифаларнинг мусулмонман, деб турган халқнинг ичида парокандалик, оиласида зиддиятларни келтириб чиқаришга қаратилган урунишлар исломнинг асл моҳиятига бутунлай зиддир.

Демак, бундай ҳаракатларга қарши курашиш, жаҳолатга қарши маърифатни қўйиш ҳам тинчликни мустаҳкамлашга қўшилган муносиб ҳисса ҳисобланади.

Юқоридагиларнинг замирида шуни англаш лозим бўладики, Ислом дини нафақат фирқаларга бўлиниш ва жамиятдаги ҳамжиҳатлик ва барқарорлик, тинчлик ва хотиржамликни издан чиқариб, ўзаро тушунмовчилик, адоват ва низоларни келтириб чиқаришга, балки унга замин яратилишига ҳам қарши экани аён бўлади.

 

Маъруфхон Алоходжаев,
“Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом хатиби

2047 марта ўқилди

Мақолалар

Top