МАҚОЛА

Экстремизм ва терроризмга қарши кураш борасида қабул қилинган халқаро ҳужжатларнинг аҳамияти

Тинчлик буюк неъмат, инсон ҳаётининг бирламчи шарти ҳисобланади. Чунки, осуда ҳаёт, яратувчанлик ва фаровонлик, умуман, барча эзгу мақсадларнинг рўёби, энг аввало, шу неъматга боғлиқ. Шунинг учун ҳам қадимдан барча халқлар тинчликни асраш учун моли-ю жони билан курашиб келганлар. Аммо воқелик тинчликни кўплаб мамлакатлар учун ҳали ҳануз орзу бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда. Ҳозирда мамлакатлар тинчлигига рахна солувчи омиллар турлича, давлатлар ўртасидаги низоли вазиятлар, фуқаролик урушлари, миллий ва этник низолар, табиий офатлар… Лекин бу омилларнинг ичида бугунги кунда энг хатарли ва ҳар қандай давлат тинчлиги, осойишталиги учун жиддий хавф солишга қодир бўлгани экстремизм ва терроризм эканини ҳар бир соғлом фикрли инсон тан олмоқда.


Экстремизм ва терроризм ҳозирги замонда энг хавфли ҳамда оқибатларини башорат қилиш қийин бўлган ҳодисага айланиб улгурди. Террорчилик актлари бегуноҳ инсонларнинг бевақт ҳаётдан кўз юмиши, жамият фаровонлигига хизмат қилувчи моддий ва маънавий бойликларнинг йўқ қилиниши, кишиларнинг тинч-осуда кундалик ҳаёт тарзини барбод бўлишига сабаб бўлмоқда. Айниқса, бугунги таҳликали ва мураккаб замонда дунё бўйлаб юз бераётган кескин вазиятлар ва ўзаро зиддиятлар, миллатлар ва динлар ўртасида турли можароларга сабаб бўлиши билан бирга дунёда ўрнатилган мавжуд тартиботларни ҳам изидан чиқармоқда. Шу билан бирга бугунги кунда эктремистик ва террорчилик ҳаракатларини содир этаётган бузғунчи гуруҳлар бирор бир давлат ёки минтақа билан чекланмай дунёнинг турли ҳудудларида ўзаро уюшган ҳолда фаолият юритаётгани кузатилмоқда. Бу эса, жаҳон мамлакатларининг экстремизм ва терроризмга қарши ҳамкорликда кураш олиб бориши ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш масаласини қатъий қилиб кун тартибига қўймоқда. Бу борада энг муҳим масалардан бири халқаро ҳамжамиятнинг барча аъзолари экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича келишувларга тўлиқ амал қилиб, белгиланган мажбуриятларни бажариш ҳисобаланади.


Республикамиз ҳам халқаро ҳамжамиятнинг тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида экстремизм ва терроризмга қарши қаратилган кўплаб халқаро шартномаларни ратификасия қилиб, улардаги мажбуриятларини изчил бажариб келмоқда. Шу билан бирга, мамлакатимиз халқаро минбарларда экстремизм ва терроризмга қарши ўз ташаббусларини илгари сураётганини ҳам алоҳида таъкидлаш зарур. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқида халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини бошқа омиллар билан бирга, жаҳолат ва муросасизлик ташкил этиши, шу муносабат билан одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифа эканини таъкидлаб, «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюсия қабул қилиш таклифини билдирган эди. Халқаро ҳамжамият бу таклифни бир овоздан маъқуллаб, БМТ томонидан “Маърифат ва диний бағрикенглик” тўғрисидаги резолюсия қабул қилинди. “Маърифат ва диний бағрикенглик” тўғрисидаги резолюсия жаҳонда экстремизм, терроризм муаммоси авж олиб, турли дин ва эътиқод вакилларига нисбатан тоқатсиз, муросасиз муносабатлар кузатилаётган бир вақтда глобал таҳдидларга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида маърифат, таълим-тарбия масаласини илгари сургани билан аҳамиятлидир.


Маълумки, БМТнинг терроризмни олдини олиш ва унга қарши курашга қаратилган 11 та Конвенция ва 2 та протоколи мавжуд бўлиб, Ўзбекистон уларнинг аксариятини ратификация қилган. Жумладан, 1971 йилги фуқаро авиациясининг хавфсизлигига таҳдид соладиган ноқонуний актларга қарши кураш; 1973 йилда қабул қилинган халқаро актлардан фойдаланувчи шахслар, шу жумладан, дипломатик агентларга қарши жиноятлар учун жазолаш ва уларни бартараф қилиш; 1979 йилдаги гаровга олиш харакатларига қарши кураш; 1999 йилдаги терроризмни молиялаштиришга қарши кураш каби бир қатор халқаро конвенциялар мамлакатимиз томонидан ратификация қилинган ҳамда уларда белгиланган мажбуриятларга амал қилиб келмоқда.


Олий Мажлис ратификасия қилган барча ҳужжтларни ҳукуматимиз томонидан ҳаётга татбиқ этиш, айниқса, Афғонистонда тинчликни таъминлаш борасида олиб бораётган тадбирлари халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этиб келинмоқда. Жумладан, БМТнинг Хавфсизлик кенгаши Аксилтеррор қўмитаси томонидан Ўзбекистоннинг сўнги йилларда терроризмга қарши курашдаги халқаро ҳамкорлиги юксак баҳоланади.


Ўзбекистоннинг экстремизм ва терроризмга қарши курашишдаги иштироки минтақавий ташкилотлардаги фаолиятида ҳам ёрқин намоён бўлмоқда. Жумладан Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Евроосиё иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби бир қатор минтақавий ташкилотлар доирасида қабул қилинган экстремизм ва терроризмга қарши курашга қаратилган шартномаларни бажаришда фаол қатнашиб келмоқда. Хусусан, ШҲТ доирасидаги Аксилтеррор марказининг Тошкент шаҳрида жойлаштирилиши ҳам республикамизнинг экстремизм ва терроризмга қарши курашдаги фаоллигининг эътирофи саналади. Зеро, Ўзбекистон Республикасининг эктремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича шартномаларда қатнашиши унинг ички ва ташқи сиёсатининг мантиқий давомидир.


Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятида “уч ёвуз куч”, яъни “террорчилик”, “айирмачилик” (сепаратизм) ва “экстремизм”га қарши курашда ҳамкорликни ривожлантириш алоҳида ўрин тутади. Ташкилотнинг экстремизм ва терроризмга қарши кураши доирасида республикамизнинг ҳарбий тузилмалари террорчи кучларга қарши ҳарбий-ўқув машқларида мунтазам иштирок этиб келмоқда.


Бундан ташқари, 2019 йилнинг 10-11 октябр кунлари Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида Туркманистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия Федерасияси, Тожикистон президентлари ва Арманистон бош вазири, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси Ижрочи котибияти иштирокида МДҲ давлатлари ўртасида 2020-2022 йилларда терроризм, экстремизм ва зўравонликнинг бошқа кўринишларига қарши курашиш бўйича ҳамкорлик дастури ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинди. 2019 йил сўнгида Европа иттифоқининг ташаббуси билан мамлакатимизда бўлиб ўтган «Жайрон» ҳарбий ўқув-машқларида эса террорчи кучларнинг ҳарбий таҳдидини талофатларсиз бартараф этиш бўйича машғулотлар ўтказилди. Хусусан, унда террорчиларнинг кимёвий ва биологик воситалардан фойдаланган ҳолда таҳдиди юзага келган тақдирда тинчликпарвар кучлар томонидан уларни қандай зарарсизлантириш масалалари бўйича томонлар ўзаро фикр алмашдилар.


Шунингдек, Ўзбекистон дунёнинг кўплаб давлатлари билан ҳам экстремизм ва терроризмга қарши икки томонлама биргаликда курашиш бўйича шартномаларга эга. Хусусан, республикамиз АҚШ, Россия, Хитой, араб-мусулмон давлатлари ва Марказий Осиё республикалари каби қатор мамлакатлар билан экстремизм ва терроризмга қарши курашда самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.


Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, БМТга аъзо давлатлар ўз миллий қонунчилигида экстремизм ва терроризм билан боғлиқ ҳолатларга нисбатан таъқиб қўйишлари талаб этилади. Бу ҳақида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2005 йил 14 центябрдаги Резолюсиясининг 1-бандида таъкидлаб ўтилган. Ушбу талабдан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон ҳам миллий қонунчилигида бир қатор норматив ҳужжатлар билан экстремизм ва терроризмнинг ҳуқуқбузарлик эканини таъкидлаб, бундай хатти-ҳаракатларга нисбатан жазо санкцияларини белгилаган. Хусусан, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”, “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарор ва Фармонлари қабул қилинди.

 

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга ошириб келинаётган Ўзбекистон Республикасини 2017–2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, терроризм, экстремизм ва ахборот таҳдидларига қарши курашиш муҳим вазифалар сифатида белгилиб қўйилган.
Республикамизда сўнги йилларда экстремизм ва терроризмга қарши маърифий йўл билан кураш олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўлда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, экстремистик оқимлар сафига адашиб кириб қолган, қўли қонга ботмаган ва қилган ишидан чин дилдан пушаймон бўлганларга нисабатан кечиримлилик сиёсатини олиб бориш, ёш авлодни турли бузғунчи оқимлар сафига кириб қолишларини олдини олиш бўйича мунтазам тарғибот ишларини олиб бориш долзарб вазифалар этиб белгиланган. Ўз навбатида, мамлакатизмининг экстремизм ва терроризмга қарши маърифий йўл билан кураш олиб бораётгани кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотлар ҳамда мустақил экспертлар томонидан юқори баҳоланмоқда.


Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда эктремизм ва терроризмга қарши курашда аҳолини, айниқса, ёш авлодни турли ёт оқимлар таъсириги тушиб қолишларига йўл қўймаслик, уларни интернет орқали тарғиб қилинаётган турли ғоявий ва ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш бўйича тадбирлар кўламини янада кенгайтириш, терроризм ва экстремизм ғояларига қарши йўналтирилган комплекс илмий тадқиқотлар ва китоблар тайёрлаш ва нашр этиш ҳамда бағрикенглик ғояси ва тинчликни мустаҳкамлаш масаласини илгари суриш орқали Ислом динининг асл мазмун-моҳияти юзасидан семинарлар ва конференциялар ташкил этиш, ушбу йўналишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини янада ошириш мақсадга мувофиқ. Шундагина юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва бағрикенглик муҳитини асраш ва уни келажак авлодаларга ҳам етказиш имконига эга бўламиз.

Махсудов Давронбек

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори

2344 марта ўқилди

Мақолалар

Top