МАҚОЛА

“Шаҳидлик” ниқобидаги қотиллик

Истиқлол шарофати билан юртимизда диний ва миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Диёримиз мусулмонларининг асрий орзу-умидлари рўёбга чиқа бошлади. Натижада, маьнавиятимиз тобора юксалиб боряпти. Мамлакатимиз моддий ва маънавий жиҳатдан кун сайин тараққий этаётир. Лекин, афсус, бу неъматлардан фойдаланиб, шукр ўрнига ношукрлик қиладиган, ғанимларимиз ноғарасига ўйнайдиган, ўз юртига тош отадиган набакорлар ҳам йўқ эмас. Айниқса, чет элларда бўлгани каби, бизнинг мамлакатимизда ҳам турли экстремистик, бузғунчи ақидапараст ва мутаассиб оқимларнинг ботил ақидаларига эргашиб залолатга кетган гумроҳлар ҳам борлиги кишини ранжитади. Эрта баҳорда ердан бодраб чиқадиган қўзиқориндек пайдо бўлиб, сўнг саробдек сўниб йўк бўлиб кетаётган янги-янги оқимларга бир назар ташласангиз, уларнинг илдизлари, асослари ва ғоялари узоқ тарихдаги хорижийлар, муржиийлар, шиа ва мўътазила каби бузғунчи тоифалар билан ҳамоҳанг эканини тушунасиз.

Юртимизда диний билими ўта саёз, турли фитна-фасод қўзғайдиган фикрлар ва ғояларни содда халқ онгига сингдиришга уринадиган чаласавод кимсаларга эргашиб кетмасликлари учун ёшларни тўғри йўлга солиш ва ҳушёрликка чорлаш, айниқса, биз имом-хатибларнинг асосий бурчимиздир. Шаҳидлик масаласида. Ушбу сўз “ҳозир, гувоҳ, кўрган-билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларни ифодалайди. Шунингдек, «Шаҳид» Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири бўлиб, «гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади. “Шаҳид” сўзининг яна бир маъноси ўзга шахс томонидан ноҳақ ўлдирилган мусулмондир. Кишининг ўзини ўзи ўлдириши, гарчи нияти дин йўлида деб эълон этилса-да, “ўз жонига суиқасд қилиш» деб баҳоланади. Ўзини ўзи ўлдириш- бу ўз ҳаётини қасддан тўхтатишдир. Шариат нуқтаи назаридан бу ҳаракат қаттиқ қораланади, Парвардигор берган ҳаётга тажовуз қилиш даражасидаги гуноҳи кабира ҳисобланади. Аллоҳ таоло огоҳлантиради:

وَمَن يَقْتُلْ مُؤْمِناً مُّتَعَمِّداً فَجَزَآؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِداً فِيهَا وَغَضِبَ اللّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَاباً عَظِيماً

“Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким ўзини тоғдан ташлаб ўлдирса у жаҳаннам ўтида абадий доимий йиқилиб азобланади. Ким заҳар ичиб ўзига суиқаст қилса жаҳаннам ўтида қўлидаги заҳарни ичган ҳолда абадий азобланади Ким ўзини темир билан ўлдирса жаҳаннам ўтида темирни қорнига урган ҳолда абадий азобланади” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳозир баъзи гуруҳлар “ўзини ўлдириш” тушунчасини шаҳидлик билан қориштириб талқин қилишяпти. Шахснинг маълум мақсадлар йўлида ўзини ўзи ўлдириши “шаҳидлик амалиёти” деб Номланиши айни адашишдир. Ёвуз ниятли кучлар ўз ҳаракатларини оқлаш мақсадида келтирган барча далилларни Ислом уламолари қоралашган ва асоссиз деб топишган.

Раҳимов Учқун

 

2188 марта ўқилди

Мақолалар

Top