МАҚОЛА

Эътиқодда адашмаслик, икки дунё саодатига эриштиради

Алҳамду лиллаҳи робил аъламин, вассолату вассаламу ъала хойри ҳолқиҳи ва ъала алиҳий ва асҳабиҳи ажмаъин.

Бугунги кунда, аҳоли орасида “Кимнингдир фарзанди бузғунчи тоифаларга қўшилиб, Сурияга кетиб, у ерда жангларда вафот этибди, ота-онаси фарзандининг адашган тоифаларга қўшилиб қолганлигидан маҳаллада, ёру-дўстлари орасида бош кўтара олмай, фарзанд доғида бу дунёни тарк этибди” деган гапларни эшитиб юрагинг эзилади.

Уларга қараб, “Эй ғофил банда, сенга нима етмаган эди, Аллоҳнинг розилигини олиш учун бошқа тинч одамларни ўлдириш мумкин эмас-ку, Сенинг юртингда дин соҳасида барча шароитлар мавжуд-ку, Сен илм олиб, яхши амалларни қилиб, ота-онанг, ёру дўстларинг, қариндош уруғларинг, энг аввало Она Ватанинг учун фойдали ишлар қилсанг бўлмасмиди?!

Минг афсус, сен ёш ниҳол вақтингда зараркунанда қуртларнинг таъсирига тушиб, ўзингни ва ота-онангни оғир аҳволга солдинг”.

Ахир Аллоҳ инсонга ҳаёт деб аталмиш улуғ неъматни синов учун бир маротаба беради-ку, Сен, бу синовда нега адашдинг?!,

Энди қиёмат куни сен ўзинг ўлдирган ўша юртдаги бегуноҳ мусулмон инсонлар, юрти вайронага айланган, етим қолган норасидалар, бева қолган муслималар, фарзанд доғига учраган ота ва оналар, тинчлиги ва ҳаловати бузилган бошқа мўминларнинг олдида, энг асосийси сени яратиб, сенга улуғ неъматларни берган Аллоҳ таоло олдида нима деб жавоб берасан?!.

Ваҳоланки, Аллоҳ ўзининг муқаддас китобида, Бас, “... ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!”. (Бақара, 195) деб айтиб қўйганку.

Шунингдек, бир қатор дунёдаги ва юртимиздаги олимлар, диний уламмолар ва олимлар адашган кимсаларни тўғри йўлга даъват қилиб, бир неча китоблар ёзишган, ҳозир ҳам ёзишмоқда.

Бироқ, экстремистик оқимга кирган кимсаларнинг гумроҳлиги шундаки, улар фақат ўзларига ўхшаган кишиларнинг гапига қулоқ солади. Марифий суҳбатларга келмай, келса ҳам бефарқ муносабатда бўлади. Унга чин дилдан, самимий насиҳат қилиб, тўғри йўлни кўрсатган олимнинг гапига кўнмайдилар.

Шу сабабли, булар ҳақида Қуръони каримда шундай дейилган: “Парвардигорининг оятлари билан насиҳат қилинганидан сўнг, улардан юз ўгирган кимсадан кўра ким ҳам золимроқдир?! Албатта, Биз (ундай) жиноятчилардан (дунё ва охиратда) интиқом олувчидирмиз”. (Сажда, 22).

Аллоҳ бу каби тоифаларнинг фитнасидан ўзи асрасин, юртимиздаги тинч ва осуда ҳаётни сақланиши, ҳалқимизни фаровон кун кечиришига хизмат қилишга барчамиз масъулмиз. Зеро, Қуръони каримда Аллоҳ “Фитна-қатл этишдан ҳам ёмонроқдир”. (Бақара, 191). деб бежиз айтмаган.

Муҳаммадхон Нуриддинов

2408 марта ўқилди

Мақолалар

Top