МАҚОЛА

Фарзандларимизни ёт ғоялардан асрайлик!

Фарзанд қалби мисоли қордек оппоқ дастурхон. Покиза лавҳа. Унга нимани ёзсангиз, шу бир умрга қолади. Ҳадиси шарифга кўра “Ҳар бир гўдак имон фитратида дунёга келади”. Ёруғ дунёни биринчи марта кўраётган чақалоқдан жаннат ҳиди келади. У покиза имон ифори оғушида ҳаётини бошлайди.

Кейинги ҳаёти ота-она тарбиясига боғлиқ. Ота-она унга қай эътиқод, қайси дунёқарашни сингдирса, ўша бўйича вояга етади. Биз ўзимиз имонимиз мусаффолигини сақласак, дунёга бўлган муносабатимизни, эътиқодимизни тўғри қилиб олсак, авлоду зурриётларимиз ҳам бизга эргашади.

Машҳур ривоятга кўра, ҳакимлардан бирига олти ойлик чақалоқни қандай тарбиялаш бўйича маслаҳат қилган одамга донишманд: “Тарбияда олти ой кечикибсиз”, дея танбеҳ берган экан. Фарзанд туғилмасидан илгари бошланадиган тарбия қайси? Бу албатта ҳалоллик. Ҳалол луқма билан вояга етган боладан ёмонлик чиқмайди. Шунинг учун ҳам буюк алломаларнинг ота-оналари сўрамай тановул қилинган бир тишлам олманинг эгасидан розилик сўраганлар. 

Тижоратларига бир чақа шубҳа аралаштирмаганлар. Мевалари ғарқ пишган боғ ичида хизмат қилиб, унинг эгасининг рухсатисиз мевасидан татиб ҳам кўрмаганлар. Бобораҳим Машрабга ўхшаш гўдаклар эса ерда ётган узум донасини сўрамай егани учун она қорнида волидасига хитоб қилганлар: “Онажон агар узум эгасини рози қилмасангиз, мен дунёга келмагайман” дея. Халқ орасида она қорнида овози келган гўдаклар, ўғил туғилса, унга Машраб дея ном қўйилиши шундан.

Оила жамиятнинг энг кичик бўлаги. Оилада саодат, фаровонлик бўлиши учун унда адолатни таъминлаш керак. Бу авлодларимизни ёт ғоялардан асраш борасидаги энг муҳим тамойилдир. Ёшларга дунё адолат мезонига қурилганини, инсоннинг нияти ва аъмолига қараб унга саодат кулиб боқишини сингдиришимиз керак. 

Бунинг учун у оилавий адолат муҳитида ўсиши керак. Ишламай ётган акани кўрган ука меҳнат қилгиси келмайди. Баъзи оилалар бор: ҳамма нарсанинг зўри эркатой ўғилга, қизларга эса ундан қолгани ҳам бўлаверади. Бола ёшлигидан адолатсизликни, зулмни ҳис қилдими? Бу жуда оғир масала. Қуш уясида кўрганини қилади. 

У оиласида жабрга учради. Энди бутун дунё боланинг кўзига зулмат бўлиб кўрина бошлайди. Дунё жабр-зулмга тўла, деган қараш ёт оқимларнинг асосий ғояларидан бири. Демак, меҳрни, тарбияни, таълимни, меҳнатни, мукофотни, ўрни келганда танбеҳни болалар ўртасида тенг тақсимлаш керак. Тенглик, адолат, ҳуррият, инсоф туйғулари оила муҳитида камол топади.  

Олим Шайх Али Саллобий ҳафизаҳуллоҳ ҳақиқий мусулмон билан радикал мусулмоннинг фарқини ажойиб тушунтиб берибдилар:

Биринчидан, имони бут мусулмон ўз имони билан машғул бўлади. Радикал мусулмон бировларнинг имони билан машғул бўлади.

Иккинчидан, чинакам мусулмон ўзини ва бошқаларни жаннатга кириши учун ҳаракат қилади. Радикал мусулмон бошқаларни дўзахий эканини исботлашга ҳаракат қилади.

Учинчидан, ҳақиқий мусулмон кишиларнинг хато ва тойилишларини кечириш учун узр қидиради. Радикал мусулмон эса инсонларни жазолаш ва уларни гапириб юриш учун уларнинг хатолари, айблари ва тойилишларини қидириб юради.

Шу билан бир қаторда адолатли бўлиш, фарзандларимизга дунё адолат мезонига қурилган, деган ҳақиқатни сингдиришимиз керак.  

Инсон қанчалик инсофли, диёнатли, имонли, виждонли, ҳусни хулқ бўлса, у икки дунё саодатига эришади. Кимки бир зарра яхшилик қилса, оқибатини кўради. Зарра ёмонлик қилса, унинг ҳам оқибатини кўради.

Зеро, инсон ўзи жаннатни қанчалик яхши кўрса, бошқаларнинг ҳам жаннатий бўлишини шундай хоҳлаши керак. Комил инсон бутун инсониятга хайрихоҳ бўлади.  

Яна бир ҳақиқат шуки, оила муҳитида кечиримли бўлиш хислати шаклланиши керак. Ота-она ғазаби авжида пайтида ҳам боласига меҳр кўрсата олса, баъзида танбеҳ билан, баъзида ширин сўз билан тарбия олган фарзанд бошқаларни ҳам кечиришни билади. Ўзгалар хатосини кечириш, барчага кечиримли бўлиш бағрикенглик дейилади. Болаларимизнинг бағриларини кенг қилайлик. Шунда улар дунёда роҳат билан яшайдилар. Охиратда саодатга эришадилар.  

Саидафзал Саиджалолов,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси

1950 марта ўқилди

Мақолалар

Top