МАҚОЛА

Ҳанафий мазҳаби ва ҳанафийликнинг афзалликлари Абу Ҳанифанинг  ҳаётлари 
 
Ҳанафийлик мазҳабининг асосчиси Нўъмон ибн Собит раҳматуллоҳи алайҳ – Абу Ҳанифа куняси ва Имоми Аъзам лақаби билан шуҳрат қозонган зот бўлиб, мил. 699 йилда Кўфада таваллуд топган. 
Бу зот тобеинлардан бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суҳбатида бўлган Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Абу Авф, Абу Амома, ибн Аббос каби саҳобаи киромлар билан учрашиб, мулоқотда бўлган. 
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ислом илмлари ривож топган даврда яшаган. Эҳтимол шу сабаб ҳам ёшлигидан бошлабоқ илм таҳсил қилишга киришгандир. Унинг учун ўз даврининг энг кўзга кўринган уламоларидан дарс олиш ва илмий мунозаралар олиб боришга имконияти мавжуд эди. Айни пайтда касб эгаси бўлиб, ипакчилик билан шуғулланган. 
Бу зотнинг шахсий фазилати, ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган манбаларда илмига амал қилувчи олим, парҳезкор обид, тақводор зоҳид, Аллоҳга доимий илтижо қилувчи камтарин банда сифатида таърифланган. Зеро, диний фаолиятда фақат илмнинг ўзи кифоя қилмайди: илм билан бирга тақво ва Аллоҳга доимий боғлиқ бўлиш зарур. У зотнинг вафотидан сўнг ғассоллик қилган Ҳасан ибн Аммора ювишни тамомлаб, кафанлаб қўйилган жасадига қараб: "Аллоҳ сизни раҳмат қилсин, мағфират айласин. Ўттиз йилдан бери рўзасиз юрмадингиз. Қирқ йил ёнбошингиз кўрпа кўрмади. Сиздан кейин келганларни чарчатдингиз. Қориларни шарманда қилдингиз", – деган экан.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг илм ва тақвода тенгсиз эканлигини ўз замонаси ва ундан кейинги давр уламолари томонидан самимий эътироф этилган. Жумладан, Имом Шофеий:“Фуқаҳоларнинг барчаси фиқҳ борасида Абу Ҳанифага муҳтождирлар”, – деган бўлсалар, Имом Молик у зот билан бир қанча илмий баҳслардан сўнг: “Албатта, у буюк фақиҳдир”, – деган экан.
Дарҳақиқат, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ буюк фақиҳ бўлган. Дастлаб калом илми билан шуғулланиб, мутакаллим сифатида ушбу соҳада катта иқтидор ва юксак малакага эга бўлган бўлса-да бу йўлдан кўра фиқҳ илми ва унга тегишли бўлган фанларни ўзлаштириш орқали одамларга хизмат қилиш ва уларнинг ҳаётий муаммоларини ечим топиб бериш йўлини маъқул кўрган. У зот ҳали бирор шахс амалга оширмаган ислом ҳуқушунослиги йўналиши бўйича янгича усулни жорий қилган. Яъни турли масалаларни ечишда Қуръон ва Суннадан сўнг қиёс ва раъйни асосий мезон сифатида танлади. 
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг бу ижтиҳодий йўналиши моҳиятини яхши тушуниб етмаган, далилларни фақат зоҳирий томонига қараб, ички маъноларни чуқур англамаган баъзи кимсалар шошқалоқликка йўл қўйган. Ваҳоланки, у киши томонидан истеҳсон ва урфнинг ҳукмлар ишлаб чиқишда далил сифатида амалиётга жорий қилиши кўпчиликни лол қолдирган ҳамда тутган йўлини барча машҳур уламолар томонидан юксак баҳоланган эди. 
“Кашфуз-зунун” муаллифи Ҳожи Халифа ҳанафийлик ҳақида қуйидаги фикрни билдиради: “Тўрт мазҳаб ичида биринчи ўринда турадиган ва ҳақиқатга яқин бўлгани, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ асос солган мазҳабдир. Негаки, ушбу мазҳаб бошқаларидан иттифоққа асослангани, устуворлиги, олий истеъдод маҳсули бўлганлиги, назарияларинининг кучлилиги ва илмул-аҳком соҳасида тўғри фикрлар юритилганлиги ва бошқа хусусиятлари билан ажралиб туради”.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирди, Имом Шофеий устози бўлган қозилар-қозиси Имом Абу Юсуф шундай дейди: “Ҳадис ва ундаги фиқҳга оид нуқталарни изоҳлаб беришда устозим Абу Ҳанифадан кўра олимроқ одамни кўрмаганман”.
Ислом ҳуқуқшунослигининг забардаст вакили, доктор Абу Заҳранинг таъкидлашича: “Абу Ҳанифанинг ижтиҳоди ва ҳадисларни ўрганишдаги тутган йўли, у яшаган муҳитда кўп қиёс қилишга ва унинг тақазосига қараб қисмларга бўлинган. Илм доирасининг кенглиги туфайли кўз ўнгида содир бўлаётган масалаларнигина баҳс қилиш билан чегараланиб қолмай, балки келажакда воқеъ бўлиши мумкин бўлган ва ҳатто кутилаётган масалаларни ҳам назаридан четда қолдирган эмас”.
Қадимда ва бугунги кунда ҳам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга қилинган таъналардан бири у зотни ҳадис илмида қолоқликда айблашликдир. Буни у зотнинг бор-йўғи 17 та ҳадис ривоят қилганлиги билан изоҳлашади. Бу, албатта, ҳанафийлик таълимотидан чуқур хабар топмаган кимсалар томонидан айтилган. Ваҳоланки, Абу Ҳанифа ёлғиз ўзлари ривоят қилган ҳадислар сони 215 та, бошқалар билан шерикликда ривоят қилган ҳадислари сони эса жуда ҳам кўп бўлган. Дейлик, у зотнинг “Муснад” номли китобидаги намоз бобининг ўзида 108 та ҳадис келтирилган.
Шунингдек, баъзи кимсалар Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи қиёсни заиф ҳадисдан устун қўйган,  дейишади. Уламолар бу масалани ҳам ўрганиб чиқиб, имоми Аъзам заиф ҳадисни қиёсдан устун қўяди, деган хулосага келган. Бунга мисоллар ҳам келтирганлар: “Намозда қаҳқаҳа билан кулса таҳорат кетиши заиф бўлса ҳам, Абу Ҳанифа уни қиёсдан устун қўйиб қабул қилган”. 
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мухолифларига раддия бериб, шариатнинг асосий манбаларидан ҳукм чиқариш бўйича ўз услубларини қуйидагича баён қилган: “Кимки, бизни Қуръон ва ҳадис таълимотларидан қиёсни устун қўяди деб айбласа, Аллоҳга қасамки, у ёлғончи ва туҳматчидир. Қуръон ва ҳадис турган жойда ким ҳам қиёсга эҳтиёж сезади?! Биз қиёслаш услубини ўта зарур бўлгандагина татбиқ этамиз. Бирор масала учун Қуръон ва ҳадисда далил топа олмаганимиздагина, уни бошқа далилу–ҳужжати бор масала билан қиёслаймиз. Биринчи навбатда далил ва ҳужжатни Қуръондан, сўнгра ҳадисдан излаймиз ва улардан топа олмаган тақдримиздагина, саҳобалар сўзларига мурожаат қиламиз. Саҳобалар ҳам мазкур масалада ҳамфикр бўлмаган тақдирларидагина, маънонинг ойдинлашиши учун икки масаланинг умумий иллатини топиб, бир ҳукмни иккинчи ҳукмга қиёс қиламиз”.
Кези келганда яна бир мулоҳазани таъкидлаб ўтиш лозим. Баъзилар Абу Ҳанифани раъй, яъни фикрий фиқҳнинг асосчиси дейишади ва ҳадисни кўп ишлатган имомларга қарши қўйишади: гўё бошқа имомлар ҳадисдан ҳукм чиқаришгану, у зот эса ўз фикрларига суянган. Аслида, бу ҳам хато фикр. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ умуман бошқа шароитда, яъни Мадинада – ҳадис илмининг марказида яшаб ижод қилганлиги ҳамда у зотнинг ҳар бир фиқҳий масала айтганларида, унга қўшиб ҳадисдан далилини келтирганликлари билан Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ яшаган шароит ва унга туртки бўлган кўплаб омилларни таққослаб бўлмайди. Имом Аъзам ўзлари ажам бўлганлар, асосан, араб бўлмаган  халқлар билан яшаганлар, балки шунга ўхшаш бошқа омиллар ҳам туртки бўлганки, у киши фиқҳий ҳукмни айтишда ўз сўзлари билан ифодалагану, ортидан унга далил бўлган ҳадисни шароитдан келиб чиқиб зикр қилмаган бўлса эҳтимол. Буни ҳанафий мазҳабига оид фиқҳий китобларни мутоала қилган ҳар бир киши дарҳол англаб етади. Хусусан, ҳанафий уламоси Али Қорининг “Мухтасари виқоя” номли асарига ёзилган “Ниқоя” номли шарҳни ўқиган киши ҳанафий мазҳабида айтилган ҳар бир масаланинг оят ва ҳадисдан далили бор эканлигига тўла ишонч ҳосил қилади.
Давоми бор...
 
Бухоро шахар “Хўжа Таббанд” жомеъ
масжиди имом хатиби Ашуров Азизбек
1593 марта ўқилди

Мақолалар

Top