МАҚОЛА

Ислом шариатига таҳдид соладиган хатар

Бугунги кунда мусулмон оламида Ислом ниқоби остидаги ақидапарастлик гуруҳларидан ташқари яна бир таҳдиднинг янги қатлами намоён бўлдики, у ҳам бўлса мазҳабcизликка чақирувчилар тоифасидир.

Ҳаракат тарафдорларининг даъвосича, Исломда унга эътиқод қилувчи шахс учун суннийликдаги тўрт ёки фиқҳий мазҳабнинг бирига эргашишлик шарт қилинмаган. Агар мусулмон шахс бирор шаръий масалада улардан бирига эргашса, у кўр-кўрона тақлид қилгани учун хатокор ва динидан ажралган шахслар каби адашади.

Мазкур тоифага кирувчи шахслар Исломга амал қилишнинг асосида фақатгина Китоб (Қуръон) ва Сунна туриши лозимлигини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, бу икки манба хатолардан холи. Аммо фиқҳий мазҳабларга эргашиш эса Китоб ва Сунна таълимотидан кўра, кўпроқ шахсларнинг ижтиҳодфикрларига тақлид қилиниши билан тавсифланади. Бу эса хатога йўл қўйиш ва нуқсонлардан холи бўлишни тўлиқ кафолатлай олмайди.

Қолаверса, Исломдаги фиқҳий мазҳаблар ҳижрий III асрдан сўнг пайдо бўлганлиги эътиборидан, бидъат ишлардан саналиб, Сунна таълимотига кўра ҳар бир динга киритилган янгилик шубҳасиз залолатга маҳкумдир. Саҳобаи-киром розияллоҳу анҳумнинг барчаси ҳам Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларигагина мурожаат қилганлар. Улар бирор-бир масалада Қуръон ва Суннадан далил тополмай қолгандагина ижтиҳодга қўл урганлар. Бу эса, асосий эътибор қаратиладиган ва эргашиладиган ҳолат. Шунинг учун ҳам мазҳаб тутиш ёки бирор-бир мужтаҳид имомга тақлид қилиш Аллоҳни қўйиб уларни Робб қилиб олишдир деб иддао қилишади.

Ўзларини Ислом динининг фидойилари деб эълон қилаётган мазкур тоифадаги шахслар Қуръон ва Сунна турганда фиқҳий мазҳабларга эргашиш айнан мусулмонлар ўртасида ихтилофга замин бўлиши ва бу Ислом бирлигига раҳна туғдиришини жар солмоқдалар.

Аслидачи?! Аслида, мазҳабсизлик даъвосини ёйишнинг ўзи ихтилоф манбаи бўлиб, Ислом дини, хусусан, мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканига шубҳа йўқ. Улар ўзларини бирор бир мазҳабга амал қилмасликларини даъво қиладилару, аслида намоз ва бошқа ибодатларда тўрт мазҳаб имомларидан бирига эргашадилар. Бундан бошқа иложлари ҳам йўқ. Негаки, ижтиҳод қилишга ҳар ким ҳам қодир бўла олмайди. Чунки бу ишни қилиш учун шаръий далиллардан ҳукмларни чиқариб олишга етарли даражада илмий ва ақлий қувват лозим бўлади. Лекин бир икки масалани чуқур ўрганмай туриб, ихтилоф чиқаришга усталар, масалан: “Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида бўлмаган, биз уларга эмас Аллоҳ ва Расулига эргашамиз”, – деган даъвони қиладилар. Бу ўта калтафаҳмлик ва жоҳиллик, хусусан, ғаразгўйликдан бошқа нарса эмас.

Ислом уммати илмий салоҳият жиҳатидан икки тоифага бўлинади: биринчиси –мужтаҳид, иккинчиси – муқаллидлардир.

Киши мужтаҳид деб эътибор қилиниши учун қуйидаги илмларни тўлиқ эгаллаган бўлиши шарт:

  1. Қуръон ва тафсир илмлари.
  2. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари илми.
  3. Салафларнинг қавллари, ижмоъ ва ихтилофлари илми.
  4. Усулул фиқҳ илми.
  5. Луғат илми.
  6. Қиёс илми.

Муқаллид бу – мужтаҳид бўлмаган шахс бўлиб, мужтаҳид имомларнинг бирига эргашиши лозим. Чунки у ҳукм чиқаришдаги далилларни топиш ёки аниқлашга қодир эмас. Демак, муқаллид агар Қуръон ва Суннага амал қилмоқчи бўлса, уларни билган кишилар, яъни мужтаҳидларга эргашиш, яъни тақлидга ўзўзидан мажбур бўлади.

Ҳозирги даврда Абу Ҳанифа, Шофеий, Молик ва Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳимга ўхшаш мужтаҳидлар йўқлигига ҳамма уламолар иттифоқ қилганлар. Мужтаҳидлик даъвосини қилган ёки қилаётган ёхуд фалончи мужтаҳид деб айтаётган аҳли илм йўқ. Бундай бўлиши жуда ҳам қийин. Аммо мазҳаб ичида ва янги пайдо бўлган масалаларни ҳал қилиш ёки янги фатволарда ижтиҳодлар содир бўлиб турибди.

Бугунги кунимиздаги ҳар бир мусулмон якка тартибдаги ижтиҳод билан шуғулланиши керак, деган ҳам гап мутлақо асоссиздир. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Ким динда тақлид йўқ деса, Аллоҳ ва Унинг Расули олдида фосиқдир. Унинг сўзи Сунна ва салафи солиҳлар қарашларини рад қилишдир”.

Мужтаҳид Абдуллоҳ ибн Ваҳб айтадилар: “Мен 360 та уламони учратдим. Агар имом Молик ва Имом Лайс бўлмаганда уларнинг илмларида адашиб кетардим”. Имом Моликнинг шогирди бўлган, моликия мазҳабининг мужтаҳиди ибн Ваҳб бу сўзлари билан айтмоқчики, ҳадисларни тушуниш ва унга эргашишда имом Молик тушунча бермаганда адашар экан. Яна у айтади: “Ҳадис илмлари, агар фиқҳ илми бўлмаса, адаштиради”.

Мазҳабдан юз ўгириш салафи солиҳ йўлидан юз ўгириш бўлиб, шубҳасиз адашишга олиб боради. Шунинг учун ҳам замонамизнинг машҳур алломаларидан доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Мазҳабсизлик Ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир”, – деган.

Шу ўринда мазҳабсизликни даъво қилаётганларнинг айтаётган сўзларига ҳужжат келтира олмаслиги ва қилаётган даъволарининг асоссиз эканлигига доктор Муҳаммад Саййид Рамазон Бутий ва мазҳабсизлик даъвоси тарғиботчиси Носируддин Албоний иккиси ўртасида кечган баҳснинг баъзи қирраларини келтириш билан бу мавзуни якунлаймиз.

– Сиз Аллоҳнинг ҳукмларини англашда қандай услубни қўллайсиз? Уларни Қуръон ва Суннадан оласизми ёки мужтаҳид имомларданми?

– Мен имомларнинг фикрларини ва уларнинг ҳужжатларини кўриб чиқаман-да, сўнг Қуръон ва Суннага энг яқин бўлган фикрга суянаман.

– Жуда яхши .Айтинг-чи, ҳар бир мусулмон имомларнинг ҳужжатларини кўриб чиқиб, сўнг улардан Қуръон ва Суннага кўпроқ мос келадиганига эргашиши шартми?

– Ҳа.

– Бундан чиқди ҳамма одамлар ҳам худди мазҳаб имомлари каби ижтиҳод даражасига эга экан-да. Бунинг устига уларнинг салоҳияти яна ҳам юқорироқ, яна ҳам етук экан. Ахир буюк-буюк имомларнинг фикрларини баҳолайдиган ёки ушбу фикрлар ҳақида Қуръон ва Сунна мезони асосида ҳукм чиқара оладиган одам имомлардан ҳам илмлироқ бўлади-да! Хўп, Сиз Қуръонни етти қироатнинг қайсинисида қироат қиласиз?

– “Ҳафс” қироати билан.

– Ҳар доим шу қироат билан ўқийсизми ёки ҳар куни ҳар хил қироат биланми?

– Йўқ, мен ҳар доим фақат “Ҳафс” кироати билан ўқийман.

– Хўш, нима учун сиз буни ўзингиз учун вожиб қилиб олдингиз? Ахир Аллоҳ таоло сизга Қуръонни фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилингандек ўқишни буюрган-ку?

– Чунки мен бошқа қироатларни ўргана олмаганман. Менга фақат шу қироатда ўқиш осон.

– Фиқҳни Шофеий мазҳаби бўйича ўрганган бир киши сиз бошқа қироатларни ўргана олмаганингизга ўхшаб, бошқа мазҳабларни ўргана олмаган. Унга дин аҳкомларини фақат шу имомдан ўрганиш осон бўлган. Агар сиз у барча имомларнинг ижтиҳодини ўрганиб, ҳукмларни уларнинг ҳаммасидан олиши шарт десангиз, у ҳолда ўзингиз ҳам барча қироатларни ўрганишингиз лозим бўлади-ку! Агар ўзингизни қобилиятим йўқ деб оқлайдиган бўлсангиз, унда ўша муқаллидни ҳам оқлашингиз керак бўлади.

– Айтайлик, диний аҳкомларни бажаришни энди бошлаган, ҳали Ислом илмларидан ҳеч нарса олиб улгурмаган ўспирин бола Парвардигорнинг “Машриқу мағриб Аллоҳникидир, қаёққа қарасангиз Аллоҳнинг юзи бор. Албатта, Аллоҳ кенг қамровли, билувчи зотдир(Бақара, 115) оятини ўқиди. У бу оятни “Мусулмон одам намозида юзини хоҳлаган томонга буриши мумкин экан, оятнинг маъноси буни аниқ кўрсатиб турибди” деб тушунди. Бола тўрт буюк имомлар намозда юзни фақат Каъба томонга буриш керак деб иттифоқ қилишганини, уларда бу ҳақда далиллар борлигини эшитган экан, лекин ўша ҳужжатларни ўрганмаган. Хўш, у намозга турганида нима қилади? Ўзида бор ҳужжатга эргашадими ёки иттифоқ бўлиб, бунга тескари ҳукм чиқарган имомларгами?

– У ўз эътиқодига эргашиши лозим!!!

– У масалан, машриққа қараб намоз ўқиса, намози дуруст бўладими?

– Ҳа. Чунки у ўз шахсий эътиқодига эргашиши лозим!

– Агар шахсий эътиқоди унга қўшнининг аёли билан зино қилиш, хамр ичиш, қўшнисининг молини ноҳақ тортиб олишда ҳеч қандай гуноҳ йўқ, деб ишонтирадиган бўлса-чи? Унинг “шахсий эътиқоди” бўлганлиги учун Аллоҳ таоло унга бу нарсаларни ҳалол қиладими?

У бироз сукут қилиб, сўнг деди:

– Нима бўлганда ҳам, сиз мендан сўраган ушбу ҳолат воқеликдан узоқ ва ҳаётда юз бериши мумкин эмас.

– Бу хаёл эмас, аксинча, бундай нарсалар ва бундан ҳам ажабланарли ҳодисалар ҳаётда тез-тез учраб турибди! Ислом, Қуръон ва Сунна ҳақида илмга эга бўлмаган ўспирин тасодифан ушбу оятни эшитиб ёки ўқиб қолиб, ундаги зоҳирий маънога қараса, ҳар қандай араб тушунадиган нарсани тушунади: намозхон юзини истаган тарафга бурса ҳам “гуноҳ йўқ” экан! Ваҳоланки, у ҳамманинг бошқа томонга эмас, айнан Каъбага қараб намоз ўқишини кўриб турибди. Яъни мусулмонлар орасида Исломдан ҳеч нарса билмайдиган одамлар бор экан, бундай бўлиши табиий ва ҳар қачон юз бериши мумкин. Қисқаси, бу ҳолат хоҳ воқелик бўлсин, хоҳ хаёлий, сиз бу ҳақда чиқарган ҳукм хаёлий эмас эди. Сиз шахсий фикрни ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳукм чиқариш учун асос бўлади, деб ҳисобладингиз.

– Текшириб кўриши керак. Ахир у бирорта ҳадис ёки бошқа оятни ўқимаганми?

– Унда мана бу саволимга жавоб беринг. Бир кишининг фарзанди бор. Бола касал бўлди, дейлик, шамоллаб қолди. Шаҳардаги ҳамма табиблар уни текшириб, унга фалон дорини бериш керак дейишди. Улар боланинг отасига унга пенициллин уколидан эҳтиёт бўлишни уқтириб, бу боланинг ўлимига олиб келади, деб айтишди. Бироқ боланинг отаси пенициллин шамоллашда ёрдам беради деб тиббий журналларда ўқиган эди. У бу масалада ўзининг билимларига асосланиб, табибларнинг маслаҳатини рад этади, чунки уларнинг ҳужжат-далилларини билмайди. У шахсий фикрига суяниб, боласига пенициллин укол қилдиради. Натижада бола Аллоҳнинг ҳузурига йўл олади. Ўша отани маҳкамага тортиш керакми? Бу ерда унинг гуноҳи борми?

У бироз ўйланиб турди ва жавоб берди:

– Булар бошқа-бошқа масалалар.

– Аксинча, булар айни бир хил масалалар. Худди бояги ўспирин олимларнинг иттифоқ қилган фикрларини эшитгани каби ота ҳам барча табибларнинг фикрларини эшитди. Лекин у фақат тиббий журналда ўқиган маълумотига таянди, худди бояги ўспирин Аллоҳнинг Китобидан ўқиган битта матнига таянгани каби. Иккаласи ҳам ўз шахсий фикрини қўллади!

 

Сардор САИДОВ,

Қарши тумани "Сарой" масжиди имоми

894 марта ўқилди

Мақолалар

Top