МАҚОЛА

ТЕРРОРИЗМ, ЭКСТРЕМИЗМ – ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ

 

Ислом таьлимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ ва қатъий қоралайди. Аллоҳ таоло ояти каримада: «Эй иймон келтирганлар! Агар бир фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар», деб марҳамат қилади (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кишига гуноҳ учун эшитган ҳар нарсасини гапирмоқнинг ўзи кифоя қилади», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Бугун кундалик ҳаётимизда авж олаётган фисқу фасодлар, гина-кудуратлар, адоватлар, зиддият ва тафриқалар шу икки буюк кўрсатмага, Набийимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқоридаги васиятларига риоя қилмаганимиз оқибатида келиб чиқяпти.

Аллоҳ таоло дуч келган хабарни суриштирмай тарқатишнинг оғир оқибатидан огоҳлантириб турибди, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар эшитган гапини айтаверган одам гуноҳкор бўлиб қолишини айтиб турибдилар.

Ислом кишиларни тинчлик ва барқарорликка, ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатликка даъват этади. Бироқ ундан ғаразли мақсадларни амалга ошириш йўлида фойдаланиш ҳоллари ҳам авж олиб бораётганини афсус билан қайд этиш лозим. Бу жараённинг энг хатарли жиҳати баъзи тоифаларнинг дин ниқоби остида динга сиёсий сиёсий тус бериб, ҳокимиятга интилиш, диндан одамлар орасига нифоқ солиш, қўпорувчилик ишларини амалга ошириш ва ғаразли манфаатларни рўёбга чиқаришда фойдаланишга уринишларда намоён бўлмоқда.

Бугунги кунда терроризм, диний экстремизм бутун дунёга хавф солаётган, инсониятнинг тинч ва осуда яшаши учун тўсқинлик қилаётган жиддий муаммолардан биридир. Айни пайтда сайёрамиздаги ҳеч бир мамлакат, ҳеч бир халқ унинг офатларидан ҳимояланмаган, десак асло муболаға бўлмайди.

Ҳозирда Афғонистон, Сурия, Яман, Покистон, Фаластин, Ироқ ва Африканинг бир қанча мамлакатларида содир этилаётган хунрезликлар, ўша юртларда истиқомат қилаётган инсонлар, айниқса, мурғак болаларнинг бошига тушаётган ғам-андуҳлар барча-барчамизни жиддий ташвишга солмоқда.

Экстремизм ҳар қандай бошқача фикрлашни инкор этади, ўзининг мафкуравий ва диний қарашларини қўпол равишда мажбурлаб қабул эттиришга ҳаракат қилади. Экстремистлар ўз тарафдорларидан уларнинг ҳар бир буйруқларини сўзсиз бажаришни, уларга кўр-кўрона ишонишни талаб қиладилар.

Очиқдан очиқ экстремистик руҳдаги қарашларнинг ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан ўта зарарли ва хавфли эканлиги шундаки, у диний бағрикенгликка зид ҳолда турли динга эътиқод қилувчи халқлар ўртасида муросасизлик ва адоват уруғни сепишга хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда, бу каби ғаразли кимсалар ўз манфаати йўлида эндигина ҳаётни таниётган ёшларни тўғри йўлдан адаштириб, уларнинг маънавиятига зарба беришга ҳаракат қиладилар.

Шундай экан шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги глобаллашув жараёнида эртанги кунимизнинг эгалари бўлган ёшларимизнинг маънавий иммунитети ҳар қачонгиданда юксакроқ бўлишини замоннинг ўзи тақозо этмоқда. Дунёнинг айрим ҳудудларида содир бўлаётган хунрезликлар масаланинг нечоғлик жиддийлигидан далолатдир.

Шукрки, бугун юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Униб-ўсиб келаётган ёшларимизни мана шундай фаровон кунларимизнинг қадрига етишга, тинчликни кўз қорачиғидай асраб-авайлашга ўргатишимиз зарур. Айниқса, ота-оналар фарзандларининг юриш-туриши, улар руҳиятида кузатилаётган салбий ўзгаришларга бепарво бўлмаслиги шарт. Акс ҳолда эртага жуда кеч бўлиши мумкин.

Саҳобиддин САТИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент шаҳар вакиллиги Ахборот таҳлил бўлими бошлиғи

1392 марта ўқилди

Мақолалар

Top