МАҚОЛА

АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОАНИНГ ВАСИЛА ТЎҒРИСИДАГИ ҚАРАШЛАРИ

Сохта салафийлар (Улар олимлар орасида ғайри муқаллид деб ҳам аталади) бир неча масалаларда мусулмонларни адашган, фосиқ ва ҳатто кофирга чиқаришга урунадилар. Улар жумласига васила масаласи ҳам киради. Қайд этиш лозимки, сохта салафийларнинг тавассул борасидаги тор қарашлари Қуръон ва суннага зид бўлиш билан бир қатрода аҳли сунна ва жамоа уламоларининг қарашларига мос келмайди.

Васила луғатда “яқинлашиш”, “даража”, “восита”, деган маъноларни англатади. Истилоҳда, мақсадга элтувчи ҳар қандай воситага “васила”, дейилади. “Тавассул” сўзи солиҳ амаллар билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш ва Аллоҳ таолога яқинлашиш маъноларида ишлатилади.

Васила қилиш Қуръон, сунна, саҳобаларнинг амаллари билан ўз исботини топган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَابْتَغُوا إِلَيْهِ الْوَسِيلَةَ.

Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унга васила ахтарингиз”. (Моида сураси, 35-оят)

Бу ояти каримадаги тирик ёки вафот этган шахсларни ва солиҳ амалларни васила қилишни ўз ичига олади.

أُولَئِكَ الَّذِينَ يَدْعُونَ يَبْتَغُونَ إِلَى رَبِّهِمُ الْوَسِيلَةَ أَيُّهُمْ أَقْرَبُ وَيَرْجُونَ رَحْمَتَهُ وَيَخَافُونَ عَذَابَهُ إِنَّ عَذَابَ رَبِّكَ كَانَ مَحْذُورًا.

Ана ўша дуо қилаётганлари Роббиларига васила изларлар, қайсилари яқинроқ эканини (билмоқ учун). Унинг раҳматини орзу қилурлар ва азобидан қўрқурлар. Албатта, Роббингнинг азоби ҳазир бўлишга лойиқдир (Исро сураси, 57-оят).

Манбаларда василанинг қуйидаги кўринишлари келган:

  1. Аллоҳ таолонинг исми ва сифатларини васила қилиш. Бунга Қуръони каримнинг қуйидаги ояти далил бўлади:

وَلِلَّهِ الْأَسْمَاءُ الْحُسْنَى فَادْعُوهُ بِهَا وَذَرُوا الَّذِينَ يُلْحِدُونَ فِي أَسْمَائِهِ سَيُجْزَوْنَ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ.

Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Унга ўша (исм)лар ила дуо қилинг ва Унинг исмларидан оғадиганларни тек қўйинг. Яқинда қилган амалларига яраша жазоланурлар” (Аъроф сураси, 180-оят).

  1. Солиҳ амалларни васила қилиш. Василанинг бу кўриниши жоизлигига барча уммат иттифоқ қилган. Бу турдаги василани тавассулни ширк дейдиган сохта салафийлар ҳам қабул қиладилар. Унга Ибн Умар (р.а.)нинг Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилган машҳур ҳадиси кучли далил сифатида келтирилади. Унда айтилишича, уч нафар киши ёмғирдан сақланиш учун тоғдаги ғорга кириб оладилар ва тоғдан бир харсанг тош тушиб, чиқиш йўлини тўсиб қўяди. Шунда улар ғордан чиқиш учун қилган холис солиҳ амалларини васила қилиб, Яратганга дуо қиладилар. Натижада ғор оғзи очилиб, улар эркинликка чиқадилар. Бу ривоят солиҳ амалларни васила қилиш мумкин эканига инкор этиб бўлмайдиган далил ҳисобланади.
  2. Тирик солиҳ кишиларни васила қилиш. Василанинг яна бир кўриниши авлиёуллоҳлардан ҳожатларини сўрамай, балки уларга илтимос қилиб: “Бизни муродимиз ҳосил бўлиши учун ҳаққимизга дуо қилинг” дейшликдир.

Бунда киши ўз ҳожатини Аллоҳ таолодан сўраб беришини муқарраб бандалардан илтимос қилади ва улар Аллоҳ таолодан уни муроди ҳосил бўлишини сўраб дуо қиладилар. Бундай қилиш суннат амал ҳисобланиб, Набий алайҳиссалом замоналаридан то ҳозирги кунгача барча мусулмонлар бир-бирларидан дуоларида эслашларини илтимос қиладилар. Мусулмонлар ўзаро бир-бирлари ҳаққига дуо қилишлари дурустлиги ҳақида ҳадисда шундай дейилган:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ عُمَرَ اسْتَأْذَنَ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم فِى الْعُمْرَةِ فَأَذِنَ لَهُ, فَقَالَ: يَا أخي لاَ تَنْسَنَا من دعائك. فقال عمر: هي أحب إلي من الدنيا.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан умрага изн сўрадилар. Бас, унга изн бериб: “Эй, биродарим! Дуоингда бизни эсдан чиқарма” дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “У дунё(даги нарсалар)дан яхшироқдир” деди” (ал-Муснадул жоме). Лекин, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор Пайғамбар қабрига бориб, улардан ҳақларига дуо қилишларини сўраганликлари ривоятларда мавжуд эмас. Саҳобий ва тобеинлар ҳам ўзаро бир-бирларининг ҳаққига дуо қилишни илтимос қилганлар. Лекин, улардан бирортаси муқарраб бандалар қабрига бориб, улардан ўзлари ҳаққига дуо қилишларини сўраганликлари собит эмас. Солиҳ инсонларни васила қилишга қуйидаги ҳадис далил бўлади:

عَنْ أَنَسٍ رضي الله عنه أَنَّ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ رضي الله عنه كَانَ إِذَا قَحَطُوا اسْتَسْقَى بِالْعَبَّاسِ بْنِ عَبْدِ الْمُطَّلِبِ فَقَالَ: اللَّهُمَّ إِنَّا كُنَّا نَتَوَسَّلُ إِلَيْكَ بِنَبِيِّنَا فَتَسْقِينَا وَإِنَّا نَتَوَسَّلُ إِلَيْكَ بِعَمِّ نَبِيِّنَا فَاسْقِنَا قَالَ فَيُسْقَوْنَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қаҳатчилик бўлганида Аббос ибн Абдулмутталиб ила истисқо қилди: “Эй бор Худоё! Албатта, биз Сенга Пайғамбаримиз ила тавассул қилар эдик. Сен бизни сероб қилар эдинг. Энди биз Сенга Пайғамбаримизнинг амакисини васила қиламиз. Бизни сероб қилгин”, деди. Яна: “Сероб қилинур эдилар”, деди”. (Бухорий ривоят қилган). Умар розияллоҳу анҳу Аббос розияллоҳу анҳуни васила қилганидан кейин “Аллоҳга қасам манашу Аллоҳга бўлган василадир” деганлар. (Ибн Абдул Бар. Ал-Истеоб).

عَنْ عُثْمَانَ بْنِ حُنَيْفٍ رضي الله عنه أَنَّ رَجُلًا ضَرِيرَ الْبَصَرِ أَتَى النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ ادْعُ اللَّهَ لِي أَنْ يُعَافِيَنِي فَقَالَ إِنْ شِئْتَ أَخَّرْتُ لَكَ وَهُوَ خَيْرٌ وَإِنْ شِئْتَ دَعَوْتُ فَقَالَ ادْعُهْ فَأَمَرَهُ أَنْ يَتَوَضَّأَ فَيُحْسِنَ وُضُوءَهُ وَيُصَلِّيَ رَكْعَتَيْنِ وَيَدْعُوَ بِهَذَا الدُّعَاءِ اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ وَأَتَوَجَّهُ إِلَيْكَ بِمُحَمَّدٍ نَبِيِّ الرَّحْمَةِ يَا مُحَمَّدُ إِنِّي قَدْ تَوَجَّهْتُ بِكَ إِلَى رَبِّي فِي حَاجَتِي هَذِهِ لِتُقْضَى اللَّهُمَّ شَفِّعْهُ فِيَّ.

Усмон ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Кўзи ожиз киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: Менга шифо бермоқлигида Аллоҳ таолога дуо қилинг деди. Шунда у зот: “Агар хоҳласанг кечиктираман ва мана шу (кўзингни ожизлигига сабр қилишинг) яхшидир. Агар хоҳласанг дуо қиламан дедилар. У киши: Дуо қилинг деди. Шунда у зот у кишини чиройли таҳорат олиб, икки ракъат намоз ўқиб, қуйидаги дуони қилишга амр қилдилар: “Аллоҳумма инний асъалука ва атаважжаҳу илайка би Муҳаммадин набийир роҳмати”. (У киши) Эй, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳожатим раво бўлиши учун Роббимга сизни васила қилиб юзланиб: “Эй, Аллоҳим мени ҳаққимдаги у (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг шафоатини қабул қилгин” (дедим) деди” (Ибн Можа ривояти).

Маъноси: Аллоҳим Ўзингга юзланиб, раҳмат пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиб сўрайман.

Бу ўриндаги “раҳмат пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиб сўрайман” жумласи шахсни васила қилиш жоизлигига далилдир. Муҳаддисларнинг энг улуғлари ҳисобланмиш ҳофизлар бу ҳадисни саҳиҳ деб таъкидлаганлар.

  1. Вафот этган солиҳ кишиларни васила қилиш. Бунга қуйидаги ҳадис ва ривоятлар далил бўлади:

عَنْ أَنَسِ بن مَالِكٍ قَالَ: لَمَّا مَاتَتْ فَاطِمَةُ بنتُ أَسَدِ بن هَاشِمٍ أُمُّ عَلِيِّ بن أَبِي طَالِبٍ دَخَلَ عَلَيْهَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَجَلَسَ عِنْدَ رَأْسِهَا فَقَالَ:رَحِمَكِ اللَّهُ يَا أُمِّي كُنْتِ أُمِّي بَعْدَ أُمِّي وتُشْبِعِينِي وتَعْرَيْنَ وتُكْسِينِي وتَمْنَعِينَ نَفْسَكِ طَيِّبًا وتُطْعِمِينِي تُرِيدِينَ بِذَلِكَ وَجْهَ اللَّهِ وَالدَّارَ الآخِرَةَ ثُمَّ أَمَرَ أَنْ تُغَسَّلَ ثَلاثًا فَلَمَّا بَلَغَ الْمَاءُ الَّذِي فِيهِ الْكَافُورُ سَكَبَهُ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِيَدِهِ ثُمَّ خَلَعَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَمِيصَهُ فَأَلْبَسَهَا إِيَّاهُ وَكَفَّنَهَا بِبُرْدٍ فَوْقَهُ ثُمَّ دَعَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أُسَامَةَ بن زَيْدٍ وَأَبَا أَيُّوبَ الأَنْصَارِيَّ وَعُمَرَ بن الْخَطَّابِ وَغُلامًا أَسْوَدَ يَحْفُرُونَ فَحَفَرُوا قَبْرَهَا فَلَمَّا بَلَغُوا اللَّحْدَ حَفَرَهُ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِيَدِهِ وَأَخْرَجَ تُرَابَهُ بِيَدِهِ فَلَمَّا فَرَغَ دَخَلَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: فَاضْطَجَعَ فِيهِ ثُمَّ قَالَ:اللَّهُ الَّذِي يُحْيِي وَيُمِيتُ وَهُوَ حَيٌّ لا يَمُوتُ اغْفِرْ لأُمِّي فَاطِمَةَ بنتِ أَسَدٍ ولَقِّنْهَا حُجَّتَها وَوَسِّعْ عَلَيْهَا مُدْخَلَهَا بِحَقِّ نَبِيِّكَ وَالأَنْبِيَاءِ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِي فَإِنَّكَ أَرْحَمُ الرَّاحِمِينَ وَكَبَّرَ عَلَيْهَا أَرْبَعًا وأَدْخَلُوها اللَّحْدَ هُوَ وَالْعَبَّاسُ وَأَبُو بَكْرٍ الصِّدِّيقُ رَضِيَ اللَّهُ تَعَالَى عَنْهُمْ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Али ибн Абу Толибнинг оналари Фотима бинт Асад ибн Ҳошим вафот этганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига кириб бош томонига ўтириб: “Эй, Она Аллоҳ сизга раҳм қилсин. Сиз онамдан кейин она эдингиз. Аллоҳ таоло ризоси ва охират ҳовлисини истаб мени тўйдирар, киймай кийинтирар, ўзингизни лаззатлардан тийиб, мени таомлантирар эдингиз. Сўнг, уч марта ювинтиришга амр қилдилар. Кофур қўшилган сув етиб келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қўллари билан уни қуйдилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз кўйлакларини ечиб, уни унга кийдирдилар ва устидаги бурдаларини унга кафан қилдилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усома ибн Зайд ва Абу Айюб Ансорий, Умар ибн Хаттоб ва қора қулни қабр кавлашга чақирдилар ва улар унинг қабрини ковладилар. Лаҳадга етиб келганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўз қўллари билан ковлаб, ўзлари тупроғини чиқардилар. Фориғ бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб, унда ётиб кўрдилар. Сўнг У зот: “Аллоҳ таоло тирилтириб, вафот эттиради. У тирик ва вафот этмайдиган зотдир. Фотима бинти Асад розияллоҳу анҳо онамизни Набийингни ва мендан олдинги пайғамбарларни ҳаққи ила мағфират қилгин, ҳужжатини талқин қилдиргин, кирадиган жойини кенг қилгин. Бас, сен энг меҳрибон зотсан” деб, тўрт маротаба такбир айтдилар. У (Пайғамбаримиз), Аббос, Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу таоло анҳулар лаҳадга у(аёл)ни киргаздилар” (Муъжамут Табароний). Бу ҳадиснинг ровийлари ичида Ровҳ ибн Салоҳдан бошқа барча ровийлар шак-шубҳасиз сиқа (энг ишончли шахс) ҳисобланади. Ровҳ ибн Салоҳ тўғрисида Ҳоким сиқатун маъмунун (ишончли, сиқа) деб айтган. Ибн Ҳиббон уни сиқалар сафида зикр қилган. Бу ҳадис тавассул бобида тириклар билан вафот этганлар орасида фарқ йўқ эканига далилдир. Шунингдек у ҳадис Пайғамбар алайҳиссаломларни жоҳ(ҳурмат)ларини васила қилишга далилдир.

Молик раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади:

“Умар розияллоҳу анҳу замоналарида инсонларга қаҳатчилик етиб, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам равзалари олдига келиб: “Эй, Аллоҳнинг расули Аллоҳ таолодан умматингизга сув сўрасангиз. Чунки, улар ҳалокатга дучор бўлишди” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушида унинг ҳузурига келиб: “Умарнинг ҳузурига бор, мен томондан саломимни етказ, сизларга сув берилар экан, деб яна унга: “Пухта бўлгин, пухта бўлгин” деб айтгин” дедилар. Киши Умар розияллоҳу анҳуга хабарни етказди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу йиғлади, сўнг: “Эй, Роббим! Ожиз қолгунимча кучимни аямайман” деди”.

Бу ривоятни ибн Абу Шайба саҳиҳ санад билан келтирган (Фатҳул борий). Ривоят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин у зотни васила қилиш жоиз эмас дейдиганларга қарши очиқ далилдир.

Усмон ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Бир киши бир ҳожати билан Усмон ибн Аффон ҳузурига келар, у зот эса унга ҳам ҳожатига ҳам эътибор қаратмас эди. У Ибн Ҳунайфга йўлиқиб ҳолатини шикоят қилди. Шунда Усмон ибн Ҳунайф унга: “Таҳорат қил ва икки ракъат намоз ўқиб: “Аллоҳумма инни асъалука ва атаважжаҳу илайка бинабийина Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллам набийир роҳмати. Я Муҳҳамд инни атаважжаҳу бика ила Робби фатуқзо лий ҳожатий (Аллоҳим Сенга набийинг, раҳмат пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни васила қилиб юзланаман ва сўрайман. Эй, Муҳаммад алайҳиссалом сиз ила Роббимга юзланиб ҳожатимни раво қилишини сўрайман)” деб ҳожатингни зикр қил ва тушликдан кейин унинг ҳузурига бор. Мен ҳам сен билан бирга бораман, деди. Киши кетди ва унинг айтганларини қилди. Сўнг Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу эшиги олдига келди ва дарвозабон уни олдига олиб кирди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу уни ўзи билан бирга гилам устига ўтқазди ва: “Нима ҳожатинг бор” деди. У ҳожатини айтди, Ҳазрати Усмон унинг ҳожатини раво қилиб: “Нега шу вақтгача ҳожатингни менга айтмадинг? Нима ҳожатинг бўлса менга айтавергин” деди. У киши унинг ҳузуридан чиқиб Усмон ибн Ҳунайфга рўбарў бўлди ва: “Аллоҳ сени яхши мукофат билан мукофатласин. Ҳожатимни Усмон розияллоҳу анҳуга айтмагунингча у менга эътибор қилмаётган эди. Шунда Усмон ибн Ҳунайф: “Аллоҳга қасамки, мен у билан гаплашганим йўқ. Лекин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ҳозир бўлдим ва бир кўзи ожиз киши у зотнинг ҳузурларига келиб, кўрмай қолганлигини шикоят қилди. Шунда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Сабр қилгин” дедилар. У: “Эй, Аллоҳнинг расули! Мени етаклаб юргувчим йўқ, қийналиб кетдим” деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таҳорат оладиган жойга бориб таҳорат олиб, икки ракъат намоз ўқи, сўнг бу дуолар билан дуо қил” дедилар. Ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳу: “Аллоҳга қасамки, ажралмай, гапимиз узоққа чўзилмай туриб, бояги киши олдимизга кириб келди. У аввал ҳеч кўзи ожиз бўлмагандек эди” деди” (Муъжамул кабир).

Бу ривоят Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни вафотидан кейин васила қилиш мумкинлигига далилдир. Саҳобалардан ҳеч бирлари буни инкор қилмаганлар. Бу ҳадисни Табароний саҳиҳ деб айтган. Абу Ҳасан Ҳайсамий “Муъжаму-з-завоид”да уни саҳиҳлигини таъкидлаган.

Хатиб Бағдодий ўзининг тарих китобларининг муқаддимасида саҳиҳ санад билан имом Шофиий Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳини васила қилганлигини ривоят қилган.

Фахриддин Розий, Саъдуддин Тафтазоний, Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳлар каби эътиқод масалаларида энг буюк имомлар ҳам пайғамбарлар ва солиҳ инсонларни ҳаётлик чоғларида ҳам ва вафот этганларидан кейин ҳам васила қилиш жоиз эканини баён қилганлар.

  1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларидан аввал васила қилинишлари.

وَلَمَّا جَاءَهُمْ كِتَابٌ مِنْ عِنْدِ اللَّهِ مُصَدِّقٌ لِمَا مَعَهُمْ وَكَانُوا مِنْ قَبْلُ يَسْتَفْتِحُونَ عَلَى الَّذِينَ كَفَرُوا.

Уларга Аллоҳнинг ҳузуридан ўзларидаги нарсани тасдиқловчи китоб келганда, ва ҳолбуки, кофирларга қарши (ундан) ёрдам кутардилар” (Бақара сураси, 89-оят).

Машҳур муфассир аллома Олусий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оятни Бани Қурайза ва Бани Назир қабилалари ҳақида нозил қилинган, деганлар. Чунки, улар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан аввал Авс ва Хазраж қабилалари устидан ғалаба қозониш учун Пайғамбаримизни васила қилиб дуо қилар эдилар. Улар Тавротни очиб Пайғамбаримизни зикри қаерда келган бўлса, ўша жойларга қўлларини қўйиб қуйидаги дуони ўқир эдилар:

اللهم انا نسئلك بحق نبيك الذي وعدتنا ان تبعثه في آخر الزمان ان تنصرنا اليوم على عدونا فينصرون

Аллоҳим охири замонда юборишни бизга ваъда қилган пайғамбаринг ҳаққи ила бугун душманларимиз устидан ғалаба қозонишимизни сўраймиз (деб дуо қилар эдилар). Шунда, улар ғалаба қозонар эдилар” (Тафсиру руҳу-л-маъоний).

Пайғамбаримиз туғилишларидан олдин Одам алайҳиссалом томонидан васила қилинишлари қуйидаги ривоятда акс этган:

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам алайҳиссаломдан (суратан) хато иш содир бўлган эди. У зот: “Эй, Роббим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиб, мени мағфират қилишингни сўрайман деди. Шунда Аллоҳ таоло: Эй, Одам Муҳаммадни қандай танидинг, ҳали уни яратмаган бўлсам деди. У зот: Эй, Роббим ядинг билан мени яратиб, руҳингдан менга пуфлаганингда, бошимни кўтардим ва Арш устинида Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур расулуллоҳ деган ёзувни ёзилганини кўрдим. Бас, билдимки, Сен Ўзингни исмингга махлуқотингдан суйганингни қўшасан. Шунда Аллоҳ таоло: Тўғри сўзладинг эй, одам. Албатта, у махлуқотларимнинг энг маҳуби. Уни ҳаққи ила дуо қилгин, сени мағфират қиламан. Агар Муҳаммад бўлмаганида, сени яратмаган бўлар эдим деди (Мустадраку Ҳоким). Ушбу ривоят Пайғамбаримизни тавалудларидан олдин ҳам васила қилиш жоиз эканлигига далолат қилади. Ушбу ҳадис борасида муҳаддислар орасида тортишув мавжуд. Баъзилар, уни заиф деса, баъзилар саҳиҳ деганлар. Ҳадисни қуйидаги ибора билан келтирилгани саҳиҳ эмас:

لو لاك لما خلقت الافلاك

“Агар сен бўлмаганингда фалакни яратмаган бўлар эдим”. Лекин, шу маънодаги турли иборалар билан келган ҳадисларни уламоларимиз саҳиҳлигини исбот қилганлар. Аллома Субкий раҳматуллоҳи алайҳ “Шифоус сиқом” китобларида Одам алайҳиссаломнинг Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зоти муборакларини васила қилганликларини саҳиҳ деб айтган ва لو لا محمد ما خلقت آدم ولو لاه ما خلقت الجنة والنار (Муҳаммад алайҳиссалом бўлмаганида Одамни яратмаган бўлар эдим ва у бўлмаса жаннатни ҳам дўзахни ҳам яратмаган бўлар эдим) ҳадисини келтириб саҳиҳ деб айтган.

Имоми Раббоний “Мактубот” асарининг 44 мактубида لو لاه لما خلق الله الخلق ولما اظهر الربوبية (У бўлмаганида Аллоҳ таоло махлуқотларни яратмаган ва рубубиятни зоҳир қилмаган бўлар эди) деган ҳадис остидаلو لاه لما خلقت الدنيا ولو لاك لما خلقت الجنة (У бўлмаганида дунёни яратмаган ва сен бўлмаганингда жаннатни яратмаган бўлар эдим),لو لاه لما خلقتك خطابا لآدم ولا خلقت سماء ولا ارضا (Одам алайҳиссаломга хитоб қилиб, у бўлмаганида сени яратмаган бўлар эдим ва осмонни, ерни яратмаган бўлар эдим), لو لا محمد ما خلقتك (Муҳаммад бўлмаганида сени яратмаган бўлар эдим),لو لا محمد ما خلقت آدم ولو لاه ما خلقت الجنة والنار (Муҳаммад алайҳиссалом бўлмаганида одамни яратмаган бўлар эдим ва у бўлмаса жаннатни ҳам дўзахни ҳам яратмаган бўлар эдим) ривоятларини келтирган.

Баъзилар Одам алайҳиссаломнинг васила қилгани ҳақида келган ҳадисни лағв ва ботил деб айтганлар. Агар улар имом Ҳокимнинг тасҳиҳ (саҳиҳлигини исбот қилганлик)ларидан хабардор бўлганларида бундай даъвони қилмас эдилар ва санаддаги ровийлардан бири Абдурроҳман ибн Зайднинг заифлиги туфайли ҳадисни бекорга чиқара олмас эдилар. Чунки, ундаги заифлик ҳадисни ботилга чиқарадиган даражада эмас.

Аллома Субкий: “Ҳижрий еттинчи асргача ҳеч ким тавассулни ман қилишга журъат қилган эмас. Хатто баъзи муфассирлар Нуҳ ва Иброҳим алайҳиссаломларни васила қилганликларини ҳам айтиб ўтганлар” деган.

  1. Феълий васила. Бунга қуйидаги ривоят далил сифатида келтирилади:

Абул Жавзодан ривоят қилинади:

Мадинада қаттиқ қурғоқчилик бўлди. Бас, у(мадиналик)лар Оиша розияллоҳу анҳога шикоят қилдилар. Шунда у (Оиша онамиз)Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларига қаранглар ва ундан осмонга туйиник қилинглар. У билан осмон орасида шифт қолмасин» дедилар. Бас, шундай қилдилар ва ёмғир шу даражада ёғдики, ўтлар ўсиб, туялар семирди ҳатто ёғлари отилиб чиқди ва фатқ йили деб номланди» (Доримий ривояти).

Ҳадисда келган “туйник очиш” ҳол тилида “тавассул” дейлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак жисмлари ётган жой ҳам муборак деб билинади. Табаррук жойларга Аллоҳ таолонинг раҳмати, файзи ёғилиб туради.

Аллоҳ таолонинг “وَاتَّخذُوا من مقَام إِبْرَاهِيم مُصَلَّى” (Иброҳим алайҳиссалом мақомини намозгоҳ тутинг) оятининг тафсирида Тафсири мазҳарийнинг соҳиби: “Эътибор аҳли бу ояти каримадан Аллоҳнинг дўстларидан қайси бир шахс бирор жойда маълум бир муддат истиқомат қилса, у ерга осмондан Аллоҳнинг баракаси ва сакинаси ёғилади, қалблар Аллоҳ таолога мойил бўлади. У жойда яхшилик қилиш билан ажр зиёда, гуноҳ ишларни эса азоби зиёда бўлишини истинбот қилганлар” деган. Саҳобийлардан бири Пайғамбаримизни уйида намоз ўқиб беришга чақиришлари ҳам шунга далилдир. Баъзи бир махсус жойларни ҳурмати бор эканлигига ҳадислар бисёрдир.

أَنَسُ بْنُ مَالِكٍ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ …ثُمَّ قَالَ انْزِلْ فَصَلِّ فَنَزَلْتُ فَصَلَّيْتُ فَقَالَ أَتَدْرِي أَيْنَ صَلَّيْتَ صَلَّيْتَ بِبَيْتِ لَحْمٍ حَيْثُ وُلِدَ عِيسَى عَلَيْهِ السَّلاَمُ ….

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“…сўнг (Жаброил алайҳиссалом): “Тушинг, намоз ўқинг” деди. Тушиб намоз ўқидим. Шунда (Жаброил алайҳиссалом): “Қаерда намоз ўқиганлигингизни биласизми? Байтул лаҳм, Исо алайҳиссалом туғилган жойда намоз ўқидингиз” деди” дедилар. (Канзу-л-уммол).

  1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларини васила қилиш. Пайғамбаримизнинг кийимларини васила қилиш қадимда одат бўлган. Бу ҳақда қуйидаги ҳадисда шундай дейилган:

فَأَخْرَجَتْ إِلَيَّ جُبَّةَ طَيَالِسَةٍ كِسْرَوَانِيَّةٍ لَهَا لِبْنَةُ دِيبَاجٍ وَفَرْجَيْهَا مَكْفُوفَيْنِ بِالدِّيبَاجِ فَقَالَتْ هَذِهِ كَانَتْ عِنْدَ عَائِشَةَ حَتَّى قُبِضَتْ فَلَمَّا قُبِضَتْ قَبَضْتُهَا وَكَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَلْبَسُهَا فَنَحْنُ نَغْسِلُهَا لِلْمَرْضَى يُسْتَشْفَى بِهَا.

Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳо кисровий таёлисий ёқаси ва икки чекасига ипак қопланган бир жуббани чиқарди ва: “Бу Оиша розияллоҳу анҳо вафот топгунича унинг ҳузурида эди. Вафот топгач уни олдим. Буни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кияр эдилар. Биз уни шифо сўраган касалларга ювиб (сувини) берамиз” деди” (Мушкотул масобиҳ, либос китоби, Муслим ривояти).

  1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини васила қилиш.

عَنْ عُثْمَانَ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَوْهَبٍ قَالَ أَرْسَلَنِي أَهْلِي إِلَى أُمِّ سَلَمَةَ زَوْجِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِقَدَحٍ مِنْ مَاءٍ وَقَبَضَ إِسْرَائِيلُ ثَلَاثَ أَصَابِعَ مِنْ قُصَّةٍ فِيهِ شَعَرٌ مِنْ شَعَرِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَكَانَ إِذَا أَصَابَ الْإِنْسَانَ عَيْنٌ أَوْ شَيْءٌ بَعَثَ إِلَيْهَا مِخْضَبَهُ فَاطَّلَعْتُ فِي الْجُلْجُلِ فَرَأَيْتُ شَعَرَاتٍ حُمْرًا.

Усмон ибн Абдуллоҳ ибн Мавҳабдан ривоят қилинади:

Аҳлим мени бир қадаҳ сув билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари Умми Салама онамиз ҳузурига юборди ва Исроил уч бармоғи билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соч толаларидан бир неча толаси солинган идишни ушлади. Қачон бирор инсонга кўз ёки шунга ўхшаш бирор нарса тегса, бўёқ идишини у (Умму Салама розияллоҳу анҳо)нинг ҳузурига жўнатар эди. Мен у (Расулуллоҳнинг соч толалари солинган) идишга назар солиб, бир неча қизил соч толаларини кўрдим”(Имом Бухорий ривояти).

Баъзи сохта салафий (ғайри муқаллид) ғоясига мансуб шахслар: “Фақат Аллоҳ таолонинг исми ва сифатларини, солиҳ амалларни ҳамда тирик солиҳ кишиларни васила қилиш мумкин”, деб таъкидлаб: “Эй Аллоҳим, мен Сендан пайғамбарингнинг ҳаққи ҳурмати билан фалон-фалон нарсани сўрайман”, ёки “Вафот этиб кетган фалон кишининг дуосини восита қилиб сўрайман”, ёки “Азиз-авлиёларни васила қилиб сўрайман”, дейиш мумкин эмас дейдилар. Бу таълимотдаги инсонлар насслардан ўзларига керак қисмини олиб, қолганига кўз юмадилар.

Баъзилар яхши амалларни васила қилса бўлади, лекин шахсларни эмас дейдилар. Ва яна баъзилар тирик шахсларни васила қилишни жоиз санаб, вафот этганларни васила қилишдан қайтарадилар.

Билингки, василада дуо муқарраб бандаларга эмас, балки бевосита Аллоҳ таолонинг Ўзига қилинади. Шундай экан дунё ҳаётида яшаб турган кишини васила қилиш жоиз экан, ўтиб кетган муқарраб бандаларни ҳам васила қилиш жоиз.

Шу ўринда, василада қай тарзда дуо қилишнинг кўринишини келтириб ўтиш ўринлидир.

“Эй, Аллоҳим! Сени даргоҳингга тақдим қилиб васила қилишга арзийдиган бирор амал менда мавжуд эмас. Ҳа, албатта фалончи менинг наздимда Сенинг муқарраб бандаларингдандир. Мен уни яхши кўраман ва у билан узвий алоқам бор. Аллоҳим! Ушбу алоқани мустаҳкам қилиб, менинг уларга бўлган муҳаббатим туфайли дуоимни қабул қилгин”. Бу аслида дуо қилувчи билан Аллоҳ таолонинг муқарраб бандаси ўртасидаги алоқани васила қилишдир. Ушбу василада ўзини паст тутиш, бандаликни ҳис қилиш ва ўзи томонидан қилинган амалларни Аллоҳ таолога тақдим қилиб, васила қилишга лойиқ деб билмаслик бор. Ҳар қандай ҳолатда, бу тарзда васила қилиш жоиз ва жумҳур уламолардан нақл қилинган ҳамда амал қилиб келинаётган ишлардандир.

Васила ҳақида сўз кетганда қайд этиш лозимки, василасиз Аллоҳ таоло дуоларни ижобат қилмайди, деб эътиқод қилмаслик даркор. Шунингдек, Пайғамбар алайҳиссаломлар ҳамда авлиёларни васила қилиб қилинган дуони қабул қилиш Аллоҳга лозим бўлиб қолади, деган эътиқодда ҳам бўлмаслик керак. Балки, муқарраб бандаларни васила қилиб дуо қилинса, ижобатига умид зиёдароқ бўлади, деб эътиқод қилиш лозимдир.

Шундай экан, тавассул қилувчиларни ўйламай-нетмай мушрикка чиқариш оқил инсоннинг иши эмас. Боз устига бу айбловчининг имонига ҳам путур етишига олиб келиши мумкин.

Баъзилар василани: “Биз оми халқнинг илтижоси Аллоҳ таолога етиб бормайди. Шунинг учун ўз истак ва хоҳишларимизни муқарраб бандаларга ҳавола қилиб, сўрайдиган нарсаларимизни улардан сўрашимиз керак”, деб тушунишади. Шу сабаб улар ўз ҳожатларини Аллоҳнинг дўстларидан сўрайдилар. Ўз муродини авлиё ва қабрда ётган шахслардан сўровчи кишилар: “Буюк шахслар Аллоҳ таоло уларга берган инъом билан бизнинг хоҳишларимизни раво қилишга қодир” деб хаёл қиладилар. Бундай кишилар юртимиздан яшаб ўтган буюк шахслар, жумладан “Имом Бухорий”, “Имом Мотуридий”, “Занги ота” кабиларни мақбараларига бориб, зиёрат қилиш одоби билан уларни зиёрат қилиш ва ҳақларига дуо қилиш ўрнига, ўзларига улардан фарзанд, бахт-саодат сўрайдилар. Бу ғирт жаҳолат ва ётган буюк шахсларни илоҳийлаштиришдир. Шу боис бирор бир банда ўзи ёки бошқалар учун бирор нарса сўрамоқчи бўлса, Аллоҳ таолонинг ўзидан сўраши лозим. Фалончилар Аллоҳнинг ноиби сўрайдиган нарсамни улардан сўрасам ишим осон битади, деб жоҳилона ўйламасликлари лозим. Қуръони каримда махлуққа дуо қилиб, ундан ҳожатини сўрашни залолат дейилган:

وَمَنْ أَضَلُّ مِمَّنْ يَدْعُو مِنْ دُونِ اللَّهِ مَنْ لَا يَسْتَجِيبُ لَهُ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ وَهُمْ عَنْ دُعَائِهِمْ غَافِلُونَ

Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигича дуосини мустажоб қилолмайдиганларга илтижо этадиганлардан ҳам адашганроқлар борми?! Ҳолбуки, У(бут)лар уларнинг дуосидан ғофилдирлар” (Аҳқоф 5 оят).

Муқарраб бандалардан ўз ҳожатини сўраб дуо қилиш энг ёмон иш эканлиги Қуръони каримда баён қилинмоқда.

Ким Пайғамбаримизни васила қилишда у зотнинг умматлари қандай иш тутганликларини билмоқчи бўлса, Абу Абдуллоҳ Нуъмон Муҳаммад ибн Мусо Тилимсонийнинг “Мисбоҳуз залом фил мустағисийна бихайрил анам” номли китобига ва Зоҳид Кавсарийнинг “Мақолоту Кавсарий” асарига мурожаат қилсин. Валлоҳу аълам.

АБУ МУҲАММАД АМИН

1231 марта ўқилди

Мақолалар

Top