МАҚОЛА

Миссионер ташкилотларнинг ғоявий мақсадлари ва уларнинг ўзаро хамкорлиги

«Бутун дунёни Инжил хабарлари руҳида тарбиялаш» шиори билан йўлга чиққан Америка ва инглиз ташвиқотчилари, айниқса, XX асрнинг сўнгги чорагидан бошлаб дунёга таъсир қилувчи янги дунё тартиботи ва минтақалашувини амалга ошириш учун ижтимоий ва сиёсий шароитлардан ҳам фойдаланишяпти. Ушбу ҳаракатлар дунёнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни бошдан кечираётган ёки АҚШ ҳамда ғарбий Оврупанинг ҳарбий ва маданий таъсири остида бўлган ўлкаларда кўпроқ амалга оширилмокда. Шу тариқа Ўрта Шарқ ўлкалари билан бир қаторда Болқонда, Кавказ ўлкаларида, Ўрта Осиёда, Туркияда миссионерлик ҳаракатлари кучаймокда. Насроний миссионерлиги манбаи «Янги аҳдl»-дир. У ўзини замонга мослаб, шу услубларини муттасил янгиламоқда. Ғарб ўлкаларида муайян бош черков ёки мустақил миссионер гуруҳларга боғлиқ миссионерлик таълим-тарбия муассасалари изланишлар олиб боришяпти. Янги-янги миссионерларни етиштиряпти. Уюшган таълим услубига қўшимча миссионер шахслар ва гурухлар кўринишида тарқоқ таълим ҳам йўлга қўйилган.
Ҳозирги кунда миссионерлар ва прозелитлар қуйидагича услубларни кенг ишга солишяпти;
1. Маданиятга мослашиш услуби. Ҳозир миссионерликда маданиятга мослашиш (contextualisation) услуби жуда оммавийдир. Миссионерлар Оврупа ва Жанубий Америка сингари насронийлик анъанаси ҳоким бўлган минтақаларда эмас, бутун дунёда маҳаллий анъана ва одатларга мослашиш фикрини бу услубга асос қилиб олишяпти. Тажрибали миссионер Чарлз Эгал шахсан ўзи қўллаган «маданиятга мослашув» услубининг аҳамияти шундаки, бу шакдда насронийликка қизиқиб Исломдан насронийликка кирган кишилар Ислом маданияти билан муносабатларини узишмайди ва ўз жамиятларида насроний миссиясининг вакили бўлиб, янада фаол иш олиб боришади. «Натижада бошқа динга кирган киши ўз жамиятида қолади ва Инжилни янада кенгроқ ёйишга имкон топади.
Муҳими бу услуб «насронийликни қабул қилиш — ғарблик бўлиш» тарзидаги қарашни ҳам йўққа чиқаради». Католик протестант черкови атрофларида кенг қўлланилган «маданиятга мослашув» услуби икки асосни амалга оширишни мақсад қилади. Булардан биринчиси миссионерликнинг насроний жамиятлар ижтимоий-сиёсий кучларга қилган ва уларнинг ҳукмронлик майдонини кенгайтиришга хизмат қилган ҳолда насроний бўлмаган жамиятларда вужудга келган ишончни ўзгартиришдир. Бу услуб насронийликнинг маҳаллий маданият ва анъаналарга мослаштирилиши ва насроний эътиқод ва урф-одатларида маҳалий қадрият ва хусусиятлар биринчи жабҳага чиқарилиши, учинчи дунё мамлакатларида бутун дунё миқёсида черков фаолиятини маҳаллий ўлкаларга ёйиш ва дунёнинг ҳар тарафида черковлар ташкил этишдир.
«Маданиятга мослашув» услуби насроний ҳаёт тарзининг маҳаллий анъаналарга мослашувини тақозо этади. Мусулмон жамиятларида миссионерлар мусулмонларга хос дин тили ва истилоҳларини қўллашга қаттиқ эътибор беришади. «Аллоҳ», «расул», «набий», «ваҳий», «оят», «масжид», «Инжил» каби атамалар ва «ҳазрат», «шариф», «машааллоҳ», «иншааллоҳ» сингари диний ифодалар насроний матнларига олинади ва насроний анъанасининг тарғиб-ташвиқида кенг қўлланилади. Мусулмонлар орасида миссионерлик қиларкан, дуода, ваъзда Қуръондан ва Ислом маданиятидан баъзи кўчирмалар қўлланилади.Чарлз Эгал мусулмонлар орасида жуда аҳамиятли саналган Фотиҳа сурасини дуо мақсадида ўқиш мумкинлигини айтади. Рўза сингари баъзи исломий ибодатларнинг, чегараланган ҳолда бўлса ҳам бажарилиши (одамлар ишончини қозониш учун рўза тутиши — тарж.) ҳақида ҳозир баҳс кетяпти.
Яна, мусулмонлар орасида насронийликка оид ваъз ва дуолар жума куни қилинади ва ибодатлар асносида, агар мусиқага ўрин берилса, черков мусиқаси ўрнига маҳаллий мусиқалар чалинади. Бундан ташқари, мусулмонларнинг қаршилигига учрамаслик мақсадида насронийлашган янги вакилларнинг чўқинтирилишини бир муддатга кечиктира олиш, бунинг ўрнига рамзий маросим қилиш мумкинлиги маълум қилинмоқда.

Ҳолбуки, чўқинтириш бир динга кириш (инсияси) маросими сифатида насронийлар учун ғоятда аҳамиятлидир. «Черков», «роҳиб» ва «nana» каби бевосита насронийликка оид атамалар ўрнига мусулмон жамиятларида «масжид», «ўқитувчи», «тарбиячи», «устоз» ва «етакчи» атамалари қўлланяпти. Дин пешволарига нисбатан эса «пастор» ва «жамоат оқсоқоли» каби унвонлар қўлланилади. Баъзи миссионерлар янги насронийлашган, бироқ эски эътиқод ва қадриятларидан ҳануз воз кечмаган кишиларни жомеларга бориб келишларига ҳам «рухсат» беришади. Насроний бўлмаган халклар миссионерларнинг маданиятга мослашув йўлидаги хатти-ҳаракатларини ҳақли равишда иккиюзламачилик ва сохтакорлик дея баҳолашмокда.
2. Мулоқот-миссия услуби. Миссионерлар фақат бир-бирини таниш ва тушунишга асосланган содда мулоқотни қабул қилишмайди. Бир-бирларининг маданиятларини ва эътиқодларини бойитиш мақсадини кўзлаган суҳбатни ҳам улар оклашмайди. Уларнинг асл мақсади — қаршисидаги кишини насронийлаштиришдир. Уларнинг фикрича, мулоқот баҳслашишни эмас, “қутқариш”ни кўзлаши керак. «Нажот-кутулиш»га эришиш эса ўз-ўзидан бўла қолмайди. Бунинг учун қаршисидаги инсонлар билан жозибали муҳитни юзага келтирадиган суҳбат қуриш лозим бўлади.
3. Ижтимоий тадбирлар услуби. Миссионерлик ишларида қулай муҳитни вужудга келтириш учун ижтимоий тадбирларга алоҳида эътибор қаратилади. Миссионерлар насроний таълимотини бошқа инсонларга етказишда учта муҳим унсурга катта аҳамият беришади:
а) вазиятни яхши аниклаш;
б) нозик ёндашув;
в) мақсадлар тайинли бўлиши.
Мазкур унсурларнинг амалга ошиши учун фаолият йўналтирилган халклар билан ижобий муносабатлар ўрнатилиши муҳимдир. Бунинг учун аввало ўртоклик ва дўстлик муҳити юзага келтирилади.
«Ўртоқлик евангелизми» деб номланган услуб «яхши муҳитни шакллантириш»га асосланган. Масалан, бу борада кафеларда, ёшлар давраларида, тунги клубларда, савдо ва спорт марказларида, маданият ва ижтимоий ёрдам жамғармалари сингари жойларда кишилар билан дўстлик ўрнатишга, дўстлар орттиришга ҳаракат қилинади.
Дунёнинг турли бурчакларида миссионер ташкилотлар ташкил этган лагер ва саёҳатларда олдиндан аниқланиб, танланган кишилар фаол иш юритадилар. Ўртоқлик евангелизмидан мақсад — одамларга бошқа асл мақсадни очиқ билдирмай, улар билан уйғун дўстлик асосларини юзага келтириш, уларни чўчитмай, яхши суҳбатдош сифатида тинглаш, маданий савиялари билан ижтимоий ва маданий илдизларини, ишончи ва маданий қадриятларга ҳурмат савияларию муаммоларини аниқлаш, шундан кейингина қулай шароитда уларга насроний таълимотини етказишдир. Ўртоқликни шакллантиришда миссионер ташкилотлар турли муассасаларни восита сифатида қўллашлари ҳам кўрилмоқда. Оддий ижтимоий хизмат кўрсатувчи муассасалар, маданият уйлари, тил ўргатиш курслари, дўстлик уйлари, баъзи туризм ҳамда маслаҳат бюролари кабилар миссионерларнинг маҳаллий халқ билан ўртоклик муносабатларини йўлга қўйишида жуда қулай келади. Миссионерлар айниқса сўнгги йилларда чет ўлкаларга турли хизмат соҳалари ишчилари ёки мутахассислари кўринишида (тўғрироғи, ниқобида – тарж.) киришмокда.
Миссионерлар шифокор, ўқитувчи, техник, ижтимоий ёрдам вакили, туризмчи ва бошқа ниқобларда турли минтақаларга келиб жойлашишяпти ва айниқса иқтисодий-ижтимоий томондан орқада қолган ўлкаларда халққа кўрсатган хизматлари орқасида миссионерлик фаолиятларига мос шарт-шароитларни яратишяпти.
4. Черковни маҳаллийлаштириш услуби. Черковларни махаллийлаштиришда йиғилган жамоа сонига қараб икки турдаги муассаса ташкил этилади. Мос ижтимоий ва сиёсий шарт-шароит юзага келиб, жамоа сони етарли миқдорга чиқса, расмий насроний ташкилоти очилади. Бундай жамоа маҳаллий урф-одатларга уйғун иш олиб боради. Ижтимоий-сиёсий шароит етилмаса ва ҳали мўлжалдаги жамоа йиғилмаган бўлса, «уй черковлари» шаклидаги жамоалар ташкил этилади. Бу уйлар оддий аҳоли уйлари бўлиб, озгина безатилади холос. Миссионер бундай уйларда янги мухлислар, янги насронийлаштирилган шахсларни маълум вақтларда тўплаб, дуо қилади, таълим беради. Одатдаги черков биноларига нисбатан уй черковлари диққатни унчалик жалб қилмайди.

Миссионерлар бундай жойларда яхшироқ ниқобланишади, яхшироқ фаолият юритишади. Уй черковлари аҳоли яшайдиган масканларда сотиб олинган ёки ижарага олинган ҳовли ёхуд кўп қаватли уйлардир. Бу уйлар фаол миссионерлар бошчилигида маҳаллий халқ ичидан топилган ўртоқлар ва мухлисларни ўзига оғдириш учун жуда қўл келади.
Ташқаридан қараганнинг диққатини жалб қилмайдиган бу уйларда келажакда қуриладиган расмий черковларга замин тайёрланади. Черковни маҳаллийлаштиришда насронийлаш-тирилаётган маҳаллий халқ орасидан фаол миссионерлик ва раҳбарлик сифатига эга бўлганларни тарбиялаш муҳим саналади.
5. Ижтимой-сиёсий вазиятлардан фойдаланиш услуби. Миссионерлик ҳаракатларида айрим минтақаларда юзага келган вазиятларга катта аҳамият берилади. Ҳозирги кунда аввало АҚШ ва бошқа ғарб давлатлари миссионерларга сиёсий кўмак беришяпти. Дунёда содир бўлаётган халқаро воқеа-ҳодисалар, турли ўлкаларга қарши сиёсий ва ҳарбий ҳаракатлар миссионерлар учун ақл бовар қилмас қулай фурсатларни туҳфа этмоқда. Бу ҳолнинг машҳур мисолини 11 сентябр вокеаларидан сўнг АҚШ ва иттифоқдошларининг Ўрта Шарққа сиёсий ва ҳарбий ҳаракатларида кўриш мумкин. Демократия ва тинчлик ўрнатиш ниқоби остида кирган ғарб давлатлари Ўрта Шарққа оқиб кирган минглаб миссионерлар учун ҳимоя қалқони бўлишди. 11 сентябр воқеалари миссионерлик ҳаракатлари учун том маънода бурилиш нуқтаси бўлди. Бу воқеалардан сўнг деярли бутун дунё бўйлаб Ислом анархия, террор дини, дея «тарғиб» этилди. Ким қилгани номаълум террор ва зўровонликлар бутун мусулмонларга, уларнинг эътиқодларига ва ҳатто муқаддас Қуръони каримга нисбат берилди.

Мадаминов Умрбек

989 марта ўқилди

Мақолалар

Top