МАҚОЛА

Такфир масаласи

Бу ибора арабча “куфр” сўзи ўзагидан олинган. Луғатда “инкор қилиш”, “ёпиш”, “каффо­рат бериш” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса мўмин кишини асоссиз сабаблар билан кофирга чиқариш демакдир.

Қуръонда “куфр” сўзи бир неча ўринларда кел­ган. Бир жойда кофирликни билдирса, бошқа жойда ношукрликни ифода этади. Аллоҳ таоло киши изти­рорий ҳолатда, яъни мажбурланган пайтда “куфр” сўзини айтиб қўйса, уни азобламаслигини ҳам баён қилган. Бу борада Савбондан (розияллоҳу анҳу) Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менинг ум­матимнинг хато қилган, эсдан чиқарган ва мажбур­ланган ҳолатда қилган ишидан қалам кўтарилди”, деган машҳур ҳадис ривоят қилинади.

Имом Бухорий “Саҳиҳ”идаги бир боб “Жоҳилият ишларидан бўлиб, куфр саналмайдиган гуноҳлар боби” деб номлангани ҳам мусулмон инсон гуноҳ содир этиш билан Исломдан чиқмаслигига ишора қилади. Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, катта (кабира) гуноҳ содир этган мўмин киши қилган иши­ни ҳалол санамас экан, кофир бўлмайди. Шунингдек, тўрт мазҳаб уламолари иттифоқига кўра, катта гуноҳ содир этган шахс дўзахда ҳам абадий қолмайди.

Мусулмонни кофир санашдан келиб чиқадиган хатарлар боис Қуръон ва Суннада бировларни ко­фирга чиқаришдан қайтарилади. Аллоҳ таоло бун­дай дейди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِذَا ضَرَبْتُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَتَبَيَّنُوا وَلَا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلَامَ لَسْتَ مُؤْمِنًا تَبْتَغُونَ عَرَضَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا فَعِنْدَ اللَّهِ مَغَانِمُ كَثِيرَةٌ كَذَلِكَ كُنْتُمْ مِنْ قَبْلُ فَمَنَّ اللَّهُ عَلَيْكُمْ فَتَبَيَّنُوا إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرًا

«Эй имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда аниқ иш тутингиз! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) киши­га бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингиз, (сўнгра) сизларга Аллоҳ неъмат ато этди. Бас, аниқлаб иш тутин­гиз! Албатта, Аллоҳ (барча) ишларингиздан ха­бардордир» (Нисо, 94). Бир неча саҳобалар Мадина ташқарисига чиққанларида бир гуруҳ мушрикларга дуч келадилар. Саҳобалардан қўрқиб тарқаб кетишганда, Мирдос исмли мушрик қолиб, уларга салом беради ва Имон калимасини айтади. Шунга қарамай, уни ўлдириб, нарсаларини ўлжа қилиб келтирган Зайд (ёки Миқдод)ни Расул алайҳиссалом қаттиқ койийдилар.

Оятда мушриклар ичида ҳам пинҳона имон келтирган, лекин уни ошкор қилишга қулай фурсат топа олмай юрганлар ҳам бўлган. Мўмин эканини изҳор қилган пайтда кофирликда айбламаслик зарурлиги таъкидланмоқда.

Ҳадиси шарифларда ҳам ўзга шахсни куфрга чиқаришдан огоҳлантирилади. Жумладан, Имом Бухорий Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: «Агар киши биродарига “Эй кофир”, деса, у (сўз) иккисидан бирига қайтади». Абу Заррдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бун­дай деганлар: “Ҳеч бир киши бошқа кишини фосиқ, кофир, деб айбламасин. Агар у киши бундай бўлмаса, айтган гапи ўзига қайтиб келади”. Жумҳур калом ва фиқҳ уламолари иттифоқига кўра, қибла аҳли бўлган мусулмонни кофирга чиқармаслик керак. Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) қибла аҳлларидан би­рор кишини кофирга ҳукм қилмаганлар.

Бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмонга қони, обрўси ва моли ҳурматли бўлиши лозим. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) видо ҳажидаайтган ушбу гаплари буни тасдиқлайди: “Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз ўзларингиз учун худди шу кунингиз, шу ойингиз ва шу шаҳрингиз каби муҳаррамдир. Шу ерда ҳозир бўлган киши ҳозир бўлмаганларга ет­казсин”.

Халифа Али (розияллоҳу анҳу) даврида пайдо бўлган хорижийлар фирқаси такфир тушунчасини ўзларига эргашмаганларга нисбатан қўллаган. Улар олдин ҳазрат Алининг (розияллоҳу анҳу) ашаддий тарафдорлари эдилар. “Сиффийн” жангидан сўнг ўн икки минглик қўшин билан ажралиб чиқиб, ҳазрат Алига ва Муовияга қарши баробар кураш бошлашган.

Хорижийлар қурол ишлатиш билан ўз эътиқодини ёйиш ва ҳокимиятга эришишни мақсад қилишади. Улар мусулмонларни ўлдиришни ҳалол са­нашган. “Жамал воқеаси” иштирокчилари, Усмон, Али, Муовия, Амр ибн Ос, Абу Мусо каби саҳобаларни ҳам куфрда айблашади. Катта гуноҳ қилган ки­шини кофирга чиқариб, уларнинг авлоди, моли ва жонини ўзларига ҳалол санашган. Хорижийларнинг такфир тушунчаси орқали минглаб мусулмонлар, жумладан, ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) ҳаётига ҳам тажовуз қилинган.

Ислом уламолари хорижийларнинг катта гуноҳга оид даъволарини таҳлил этиб, уларнинг гаплари исломий тушунчалардан жуда йироқ эканини таъ­кидлашади. Ислом тарихида хорижийлар қўллаган услуб бугун ҳам жиҳодий жамоалар мафкурасида да­вом эттириляпти. Улар ўзларига эргашмаган шахслар ва тузумларни кофирликда айблашади. 2005 йил июл ойида Оммон (Иордания) шаҳрида Ислом ола­ми етакчи уламолари қабул қилган фатвода: “Тўрт сунний мазҳабга эътиқод қилувчиларнинг барчаси мусулмон ҳисобланади. Уларни имонсизликда айблаш, жонига, номусига ва мулкига қасд қилиш жоиз эмас”, деб эълон қилинган.

Шайх Юсуф Қарзовий мусулмонни кофирга чиқариш ҳақидаги саволга бундай жавоб беради: “Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад (алайҳиссалом) Унинг Расули эканига қалби билан тасдиқлаган ҳолда гувоҳлик берса, мусулмондир. Унга тўлалигича мусулмонларга қилинадиган муомала қилиниши лозим”.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси

Усмонова Хуршида

1803 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top