МАҚОЛА

Шаҳидлик ниқобидаги хунрезлик

Ислом дини асослари бўлмиш Қуръони карим оятлари ва Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида инсон ҳаётига тажовуз этиш, ўзини ўзи ўлдириш қатъиян ман этилади. Ҳаёт Аллоҳ таоло томонидан инсонга топширилган имконият ва масъулиятдир.

Аллоҳ таоло “Зорият” сурасида инсон ва жинларни: “Жин ва инсонларни фақатгина Ўзимга ибодат қилишлари учун яратдим”, дея марҳамат қилган. Ушбу оят инсоннинг яратилиш сабаби уни яратган Роббга ибодат қилиши эканини кўрсатмоқда. Аммо баъзи адашган жиҳодчилар Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни шу даражада бузиб талқин қиладиларки, уларни тинглаган киши инсон гўё “шаҳидлик” учун яратилган экан, деган фикрга келади.

Ислом таълимотида дини, жони, моли, оила аҳли ҳимояси йўлида ўлдирилган кишини шаҳид дейилади. Ҳадисларда бирор фалокат туфайли вафот этган киши ҳам шаҳид ҳукмида бўлиши баён этилган. Ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Шаҳидлар – Аллоҳ йўлида қатл қилинган кишидан ташқари ҳам еттитадир. Вабо, қорин оғриғи, сувга ғарқ бўлиш, девор остида қолиш, зотилжам (ўпка яллиғланиши), куйиш ва туғруқдан (ёки ичидаги ҳомиласи билан) вафот этганларни санаб ўтдилар” (Имом Молик Жобир ибн Атикдан ривоят қилган).

Молини босқинчи ва қароқчидан ҳимоя қилиб, ўлдирилган киши ҳам охират шаҳидларидан саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким молини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир”– деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ёнғинда ўлган киши ҳам шаҳидлардан ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидларни санаган бир ҳадисларида: “Ёнғин(да ўлган) шаҳиддир”, деганлар (Имом Молик ривояти).

Шунингдек, дини, жони, аҳли-оиласи ҳимоясида ўлдирилган киши ҳам шаҳид саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким молини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир, ким қонини (жонини) ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир, ким динини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир, ким аҳлини ҳимоя қили ўлдирилса, у шаҳиддир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳозирда баъзи адашган оқимлар “шаҳидлик” тушунчасини жуда тор доирада тушунтирмоқчи бўлишади. Улар бу иборани ўз манфаатларига буриб, гўёки киши фақат урушда ўлса, шаҳид бўлади, дейдилар. Ваҳоланки, уларнинг қилиб турган бу ишлари жиҳод эмас, балки катта фитна экани аниқ. Фитнага аралашиб ўлган одам қандай қилиб шаҳид бўлсин?! Тинч-тотув яшаб турган мусулмон давлатда фитна чиқариб, уруш чиқарилса, бу жиҳод бўладими, унда ўлган инсон асло шаҳид бўлмайди.

Бу ҳақда Сурияда яшаган, ўша худудларда содир бўлаётган воқеалардан хабардор бўлган раббоний олим Муҳаммад Саид Рамазон Бутий урушнинг илк кунидаёқ Суриядаги тартибсизликлар асло шаръий жиҳод эмаслигини, у ерда урушда ўлаётганлар шаҳид эмаслигини айтиб бутун дунёга жар солган эдилар.

Шайх Бутий ўз маърузаларида жумладан шундай деган эдилар: “Эй инсонлар, эй ёшлар! Ҳозир Сурияда бўлаётган ҳодисалар ташқарида тузилган режа асосида амалга оширилмоқда. Биз бу режа тузаётганларнинг кимлигини ҳам, улар бу режалари билан қандай мақсадларни кўзлаганларини ҳам билмаймиз. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким номаълум байроқ остида жанг қилса ва бу йўлда ўлдирилса бас у жоҳилият ўлимини топибди”, деб айтганлар. Яъни, кимки номаълум байроқ остида, уни кимнинг қўлида эканини, унинг мақсади қандайлигини билмаган ҳолда жанг қилса ва бу йўлда ўлса у жоҳилиятда ўлгандек бўлади”.

Бугунги кунда эътибор қилсак, Сурия бўйлаб ҳукумат армияси, мўътадил мусулмонлар, радикал кайфиятдаги “жиҳодчилар”, курд кўнгилли аскарлари, ғарбпараст гуруҳлар ва бундан ташқари адашган оқим вакиллари ўртасида аёвсиз уруш олиб борилмоқда. Маълумотларга қараганда, бундай қарама-қарши гуруҳларнинг сони юздан ортиқ. Улар орасида ўзаро иттифоқ тузганлари ва умуман, ўз ҳолича кураш олиб бораётганлари ҳам кўп. Ҳар қандай соғлом фикрли инсон ҳеч қачон динини, жонини ва энг муҳими охиратини бу каби хатарларга қўймайди.

Бундай фитналар урчиган даврда мусулмон инсон ҳушёр бўлиши, ўзини четга олишга буюрилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Албатта, келажакда кўп фитналар бўлади. У вақтда (жим) ўтирувчи тик турувчидан яхши, тик турувчи (фитнага қараб) юрувчидан яхши, юрувчи югурувчидан яхшидир. Ким фитнани кузатиб турса, фитна уни ўзига жалб қилади. Демак, ким бошпана ёки паноҳ бўладиган жой топса, ўшани лозим тутсин!” (Имом Бухорий ривояти).

Террорчи ташкилотлар етакчиларининг тарғиботларини эшитиб юрган айрим ёшлар, афсуски, ундай кимсаларнинг гапларига алданиб қолмоқда. Айниқса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар назарда тутилган оятларни ўзларига тўғридан-тўғри татбиқ этиб, оятдан кўзланган асл маънони ўзгартирмоқда.

Бундай бузғунчи тоифалар ҳозирга қадар дуч келаётган инқирозлар ва мағлубиятларини яшириш учун “Аҳдга вафо қиладиган вақт келди”, “Шаҳид бўладиган давр келди”, “Энди биз ғалаба қозанамиз” каби сохта шиорларни такрорлашдан нарига ўтмаяпти. Чунки, айни дамларда уларга ғаразли мақсадларга эришиш учун “тирик қалқон” жуда ҳам зарур. Шўрпешона алданганлар эса уларга ҳокимиятни эгаллагунча керак, кейин улардан воз кечади, юз ўгиради.

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам айласин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

1125 марта ўқилди

Мақолалар

Top