МАҚОЛА

Жиноятчиликнинг юқори поғонасида турганлар

ТАРАҚҚИЁТГА ТАЗЙИҚ БЎЛАЁТГАН ТАҲДИДЛАР

Дунёда шундай ҳудудлар борки, ўғрилик, гиёҳвандлик,  қотиллик каби жиноятлар содир этилиши меъёр даражасидан ортиб кетган. Кўчалардаги ўқ овозлари, ноҳақ одам ўлдирилиши ва  маҳаллий аҳоли учун оддий ҳолатга айланган.  

Дунёнинг энг криминал ҳудудлар асосан Лотин Америкаси,  Африка ва Яқин Шарқ минтақаларида жойлашган. Узоқ муддатли ҳарбий қарама-қаршиликлар, ҳокимият учун ички курашлар, террорчилик хавфининг ошиши, гиёҳванд моддалар савдоси ва бошқа жиноятлар жиноий тўдаларни шаклланишига асос бўлган. Бу эса ўз навбатида мазкур давлатларнинг иқтисодий тараққиётга эришишига тўсқинлик қилади.  

Шаҳар ва мамлакатларга оид маълумотлар асосидаги рейтингларни эълон қилиб борадиган “Numbeo”портали дунёнинг энг криминал давлатлари рейтингини эълон қилди.  

ВЕНЕСУЭЛА – жиноятчилик даражаси юқорилиги бўйича етакчилик мамлакат ҳисобланади. 30 миллионга яқин аҳоли яшайдиган ушбу ҳудудда қотиллик деярли ҳар куни содир этилади. Мамлакат мунтазам равишда полиция назоратига олинган бўлса-да, шавқатсиз тўдалар шаҳар кўчаларида шиддатли жангларни бошлаганларида улар ўз масъулиятидан деярли кечади. Ҳар 100 минг аҳолига ўртача 120-200 та қотиллик нисбати тўғри келади. 1998 йилда мамлакатда содир этилган қотилликлар сони 4500 та бўлиб, 2010 йилга келиб бу кўрсатгич 20 мингга етгани мамлакатда  йил сайин криминал ҳаёт ривожланиб бораётганини кўрсатади.    

ПАПУА-ЯНГИ ГВИНЕЯ – дунёдаги ишсизлик даражаси юқори бўлган мамлакат (аҳолисининг 4/1 қисми ишсиз) ҳисобланади. Жиноятчилик кўрсатгичи 2020 йил ҳолатига кўра 80 фоизни ташкил этган. Мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган қонунлар мавжуд бўлса-да, улар ижроси таъминланмаган. Мамлакат табиий ресурсларга бой бўлса-да, аҳолининг асосий қисми қашшоқликда яшайди, дейилади БМТ баёнотида.  

 ЖАНУБИЙ АФРИКА РЕСПУБЛИКАСИ – жиноятлар кўрсатгичи ушбу ҳудудда 1980 йиллардан бошлаб ошди. 2000 йиллар бошида   кримиинал тизим авж олди. Жиноятчиликнинг доимий ўсиб бориши ҳудудда уюшга жиноятчиларнинг кўпайишига сабаб бўлиб, демографик ўзгаришларга, мамлакат адлия тизимига салбий таъсирини кўрсатди. Ҳудудда талончилик, зўравонлик ва қотиллик кенг тарқалган бўлиб, республика бўйлаб кунлик қотиллик сони 50 тадан ошади.  

МЕКСИКА – жиноятчилик даражаси юқори бўлган давлатлар рейтингининг кейинги ўрнини эгаллаган. Мамлакатнинг энг криминал туман Сьюдад-Хуарес  айнан АҚШ билан чегара ҳудудида жойлашган. 2009 йилда бу туман қотилликлар бўйича дунёда биринчи ўринга чиққан. Гиёҳванд савдоси ўчоғига айланган ҳудудда бир неча йиллар аввал автоматдан отилган ўқлар ва жиноий тўдалар  шовқини тинчликни бузган бўлса, ҳозирда эса жиноятчилар анча тинч ҳаракатланмоқда. Ўтган йилларда жиноят оламида “Эл чапо” номи билан танилган мексикалик жиноятчи Хоакин Гусман АҚШга экстрадиция қилинган. Бунга сабаб Мексика қамоқхоналаридаги хавфсизлик тизими ишончсиз эканлиги бўлди.  

СУРИЯ –  2011 йил давлат тўнтарилиши бошлангунга қадар сайёҳлар учун хавфсиз мамлакат ҳисобланган.  Ҳукумат ва президент бошқарувига қарши норозилик ҳаракатларида мамлакатнинг бир қисми “Ислом давлати” терор гуруҳи томонидан вайронага айлантирилган. Бугунги кунда мамлакатнинг катта қисми террор гуруҳларидан холи қилинган бўлса-да, тўлиқ бехавотир деб бўлмайди.  

“Syrian Observatory for Human Rights” ташкилоти ҳисоботига кўра, мамлакатда 2011 йил бошланган нотинчликлар оқибатида 100 мингдан ортиқ  аҳоли ҳалок бўлган. Минглаб одамлар ўз юртини ташлаб кетган. 2018 йил Сурия тарихида энг кўп аҳоли қурбон бўлган. 2012 йилдан буён мамлакатда ҳар ой 5 мингтадан ортиқ одам ҳалок бўлмоқда.  

“Numbeo” порталининг жиноятчилик, қотиллик энг авж олган нотинч мамлакатлари рўйхатининг кейинги поғоналаридан Ироқ, Ливия, Бразилия, Эрон, Россия, Буюк Британия каби номдор мамлакатлар ўрин олган.  

Маълумот ўрнида, ушбу рўйхатда 137 та мамлакат киритилган бўлиб, Ўзбекистон 101-ўринда, қўшни давлатлар – Қозоғистон 40-ўринда,  Қирғизистон – 30-ўринда, Афғонистон эса 4-ўринда қайд этилган.

 

Зуҳра МИРЗАБОЕВА, ЎзА

1122 марта ўқилди

Мақолалар

Top