МАҚОЛА

Ҳизбут-таҳрирга раддиялар (1-қисм)

МЎЪТАЗИЛАЛАРНИНГ ИЗДОШЛАРИ

Ўтган асримизнинг ярмида Тақиюддин Набaҳоний (1909-1977) номли шахс тарафдан таъсис этилган “Ҳизбут-тахрир” оқими вакиллари юртимиздаги диний эркинликлардан унумли фойдаланиб қолиш илинжида охирги вақтларда ғимирлаб қолишганга ўхшайди. Куни кеча “Даракчи” интернет нашрида худди шу тоифага аъзо бир оиланинг қонун олдида жавоб бераётганлари тўғрисида мақола ўқиб қолдим.

Мақолани ўқигач халқимизга бу оқим тўғрисида кўпроқ ва кенгроқ маълумотлар зарур деган хулосага келдим. Веб сайтимизда оқимга доир маълумотлар, баъзи қарашларига илмий раддиялар бўлсада, яна бу мавзуни кўпроқ ёритиш лозимлигини тушуниб етдим. Шу нуқтаи назардан, Аллоҳдан тавфиқ сўраган ҳолда “Ҳизбут-тахрир” оқимининг диёнати бузуқ, ақидаси нотўғри эканлиги ҳақида давомий мақолалар бериб боришга жазм қилдим. Токи одамлар бу оқимнинг асл башарасни таниб билиб олсинлар. Тарғиботчиларига дуч келганда муносиб жавоб бера олсинлар.

“Ҳизбут-тахрир” оқими баъзи ақидавий ғояларида Ислом тарихида дастлабки адашган оқим – мўътазилийларга издош саналади. Уларнинг оқсоқоли Тақиюддин Набҳоний “Исломий шахсият” номли асарида ёзади:

«وهذه الأفعال ـ أي أفعال الإنسان ـ لا دخل لها بالقضاء ولا دخل للقضاء بها، لأن الإنسان هو الذي قام بها بإرادته واختياره، وعلى ذلك فإن الأفعال الاختيارية لا تدخل تحت القضاء»

«Бу феълларнинг (яъни инсоннинг қилаётган ҳатти-ҳаракатлари, амаллари, ишлари ва ҳоказо) Аллоҳнинг қазо ва қадарига алоқаси йўқ. Чунки инсон барча амалларини ўз ихтиёри ва хоҳиши билан яратади. Шунга кўра, ихтиёрий феълларимиз Аллоҳнинг қазоси ичига кирмайди».

Худди ўша китобнинг яна бир саҳифасида:

«فتعليق المثوبة أو العقوبة بالهدى والضلال يدل على أن الهداية والضلال هما من فعل الإنسان وليسا من الله»

«Савоб ва иқобни ҳидоят ва залолатга боғлашлик шуни англатадики, ҳидоят ва залолат аслида инсоннинг ўзига боғлиқ ўз феълидир. Аллоҳдан эмас».

Тақиюддин Набҳоний бу фикрини “Ислом низоми” номли асарида ҳам сиздириб ўтган. У бу билан нима демоқчи? Инсоният феълини ўзи яратади, Аллоҳ яратмайди демоқчи! Бу ғоя аслида Ҳасан ал-Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг оқ бўлган талабаси Восил ибн Ато асос солган мўътазилийларга тегишли бўлиб, у Китоб, Суннат ва соғлом мантиққа ҳам очиқча тескаридир! Аллоҳ таоло айтади:

وخلَقَ كلَّ شىءٍ فقدَّرَه تقديرًا

«У….ҳар бир нарсани ўлчов ила ўлчаб яратган Зотдир». (Фурқон сураси, 2-оят).

Яна Қуръонда шундай дейилади:

واللهُ خلقكم وما تعملون

«Аллоҳ таоло сизларни ҳам, қиладиган амалларингизни ҳам яратган». (Ас-соффат сураси, 96-оят).

Яъни: Аллоҳ таоло жамики коинотдаги нарсаларни, уларнинг ўзини ҳам қиладиган ишларини ҳам, феъл-амалларини ҳам аниқ ўлчов — тақдирга мос тарзда яратган. Оятларда келган “شيء” (нарса) сўзи коинотда мавжуд бўлган жамики жонзотлар, жисмлар ва уларнинг ҳаракат ва суканатларини, ихтиёрий бўлсин ё изтиробий бўлсин, фарқи йўқ ҳамма амалларини қамраб олади. Шундай экан, Фурқон сурасидаги “شيء” (нарса) сўзи амал ва ҳаракатларимизга ҳам тегишли бўлади.

Мантиқан олиб қаралса жонзотлар тарафдан содир этиладига ихтиёр ҳатти-ҳаракатлар беихтиёр қилинган ишларга нисбатан кўпроқни ташкил қилади. Агар ҳизбчилар эътиқодига кўра, жонзотлар, инсонми ҳайвонми нима бўлганда ҳам ихтиёрий амалларини ўзлари яратиб, ихтиёридан ташқари ишларни Аллоҳ яратган деб фараз қилсак, ер юзида инсонлар яратган нарсалар Аллоҳникидан кўпайиб кетадику?!

Демак, маълум бўладики, Набаҳонийнинг инсон феъл ва амаллари борасида илгари сурган фикри китоб ва суннатга, аҳли суннат ва жамоат ғояларига очиқча тескари ва раддир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло ҳидоят ва залолат масаласида шундай дейди:

فمن يهدي من أضلَّ اللهُ

«Аллоҳ залолатга солган кимсани ким ҳам ҳидоятга сола оларди?!». (Рум сураси, 29-оят).

Ва яна:

إنَّك لا تهدي من أحببْتَ ولكنَّ اللهَ يهدي من يشآءُ

«Албатта, сиз ўзингиз севган кишини ҳидоят қила олмассиз. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоят қилур». (Қосос сураси, 56-оят).

Бу ояти карималарда очиқ баён қилинмоқдаки, ҳидоят ва залолат банданинг ўз ихтиёри билан амалга ошадиган нарсалар эмас. Аксинча Аллоҳ хоҳлаган кимсаси қалбида залолат, ҳохлаган кимсаси қалбида ҳидоят феълини яратади.

Ҳизб оқсоқолининг бу масаладаги фикри қуйидаги оятга ҳам мухолиф:

ونُقلّبُ أفئِدتَهم وأبصارَهُم

«Ва қалблари ва кўзларини буриб қўярмиз…». (Анъом сураси, 110-оят).

Бу ояти карима шуни англатадики, инсоннинг қалбий феъллари ва ташқи аъзолари билан содир этган ишлари ҳаммаси аслида Аллоҳ таоло тарафдан яратилади.

Шундай экан, ҳизбчилардан кимдир сизни тарғиб этса, ўз тарафларига оғдириб олишга уринса, сафларига моддий ё маънавий кўмакни рўкач қилиб қўшиб олишга уринса, унга алданиб юрманг. Бинобарин ҳизбнинг йўли боши берк кўча тарафгадир. Ҳизбчилар тавба қилмаса қиёмат куни қаттиқ қийналиб қолишлари аниқ. Аллоҳ барчамизни тўғри йўлдан тойдирмасин!

Ботиржон қори

1361 марта ўқилди

Мақолалар

Top